Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ислом ҳуқуқи минг йилдан ортиқ муддат мобайнида Осиё, Африка ва Европани қамраб олган улкан ҳудудда барпо этилган кўплаб цивилизациялар ривожига самарали улуш қўшди. Ғарб цивилизациясининг тагзаминида Ислом фиқҳи ва мусулмон олимларнинг мероси ҳайратланарли даражада салмоқли ўрин тутиши ҳақида сўз кетганда, бунга негадир ҳаммадан кўп араблар ажабланадилар. Аслида бу мавзуга араблар эмас, бошқа халқлар ажабланиши керак эди...
Африкадаги Мавритания давлати мустақил бўлган кезларда мамлакатда суд-ҳуқуқ ишларини юритадиган, замонавий ҳуқуқ соҳасини ўқиб-ўрганадиган кадрларга эҳтиёж туғилган. Ўша пайтларда Мавританияда университетлар бўлмагани сабабли керакли мутахассисларни тайёрлаш мақсадида талабалар чет давлатларга, хусусан, Тунисдаги Зайтуна университетига ўқишга юборилган. Ана шу лойиҳа бўйича ўқишга жўнатилган ёшлардан бири – шайх Муҳаммад Солим ибн Абдулвадуд моликий мазҳабининг кўзга кўринган замондош фақиҳларидандир. У кишининг отаси ва бобоси ҳам олим даражасига етишган. Қисқаси, шайх Муҳаммад Солим Зайтуна университетида замонавий маданий-сиёсий қонун бўйича таълим олиб юрган кезларида у кишининг отаси ўғлининг ўқув жараёнлари ва дарслар қандай кечаётгани билан қизиққанида. Шайх отасига: «Мухтасари Халил»ни француз тилида ўқияпман, деб жавоб беради.
«Мухтасари Халил» бу моликий мазҳабидаги фиқҳий рисола бўлиб, университетда уни битириш босқичидаги талабалар ўқиб-ўрганадилар. Ким шу китобни тугатса, моликий мазҳабида фақиҳ бўлиб етишган ҳисобланади.
Бир неча йил олдин бу маълумот ҳақида эшитганимда жуда қизиқиб кетдим. Чунки шайх жиддий одам эди ва юқоридаги жавоб ҳам шунчаки ҳазил қилиб айтиладиган гап эмасди. Ўшанда «Улар замонавий қонунларни ўрганаётган бўлишса, «Мухтасари Халил»нинг бунга нима алоқаси бор?!» деган фикр хаёлимдан кетмасди. Кейинроқ таниқли француз тарихчиси Густав Лебоннинг китобида қизиқ бир маълумотга дуч келдим: «Наполеон Мисрда бўлганида бир китобни қўлга киритган ва Франция қонунчилигини ўша китоб асосига қурган. Китобнинг номи «Шарҳи Дирдир ало Мухтасари Халил», яъни «Мухтасари Халил»га Дирдир ёзган шарҳ» деб ёзади Лебон.
Ўзим ҳуқуқшунос бўлмасам-да, мазкур маълумотлар мени қизиқтириб қўйгани учун замонавий француз қонунчилиги тарихини ўргана бошладим. Қарасам, бу замонавий қонунлар «Лё Код дё Наполеон», яъни Наполеон Қонуни деб аталар экан. Французлар қонун ҳақида гапиришганда унга «Наполеон фармонига асосан ишлаб чиқилган, яъни император ҳаёт бахш этган Қонун» деб тавсиф беришади. Умуман олганда, Наполеон бутун борлиғи билан ҳарбий соҳанинг вакили бўлгани сабаб унинг яхлит қонунчилик тизимини ижод этишда бош-қош бўлиши ғайриоддий кўринади. Аммо...
Гап шундаки, XVIII аср охирларигача Францияда ягона ҳуқуқ тизими мавжуд бўлмаган. Айтайлик, Жанубнинг ўз қонуни, Парижнинг ўз қонуни ва ҳоказо урф-одатлар асосида шаклланган бир қанча қонунлар амалда қўлланган. Шу боис, мамлакатда қонунчиликни бутун давлат миқёсида ягона тизим шаклига солиш эҳтиёжи туғилган. Зеро, Наполеон барча инсонлар бўйсунадиган ягона Қонун жорий этилмагунча Франция ривожлана олмаслигини тушунар эди. Шу сабаб у Биринчи Консул бўлиб ишлаган даврида қонуншунослар олдига Ягона Қонун яратиш вазифасини қўйган.
Аммо Франция қонунларига таъриф ва тавсиф берадиганлар негадир моликий фиқҳи, Ислом фиқҳи деган нарсалар ҳақида мутлақо сўз очмайдилар. Унинг манбалари ҳақида гапирсалар, Париж урфи, Жанубий Франция урфи, дашт ҳудудларининг урфи, шаҳар урфи ва оз-моз Рим ҳуқуқини эсга оладилар, Ислом фиқҳи тўғрисида лом-мим демайдилар.
Келинг, энди Ислом фиқҳи ва француз ҳуқуқи орасидаги мутаносибликларни мисоллар ёрдамида кўриб чиқамиз.
Ўхшашлик ҳақида гапирар эканмиз, бу нарса Ибодат фиқҳидан ташқарида эканини айтиб ўтишимиз керак. Чунки улар бутунлай бошқа бир қавм, бинобарин, бизнинг ҳажимиз ва уларнинг ҳаж қилишини, намозимиз ва уларнинг намоз ўқишини солиштириб кўришимиз мумкин эмас. Биз айтаётган ўхшашлик битимлар, суд ишлари, гувоҳлик каби масалаларда кўринади. Улар Франция қонунига таъриф берар эканлар, уни «Шахслар, моддий ва маънавий нарсалар ўртасидаги алоқаларни тартибга солувчи ҳужжат» деб таништирадилар.
Аввало, шуни айтиш керакки, тушуниш осон бўлиши учун имкон қадар содда мисолларни танлашга ҳаракат қилдик.
Биринчи мисол. Моликий фиқҳида «мафқуд» деган атама бор. У йўқолган, дом-дараксиз кетган шахсни англатади. Унинг тирикми ёки ўлик экани номаълум. Тўғри, фиқҳда Ислом ерида йўқолган, кофирлар ерида йўқолган, фитна замонида йўқолган, тинчлик замонида йўқолган дея кишиларнинг ҳолатлари бўйича алоҳида-алоҳида баҳс қилинади. Буларга чуқур кирмаймиз. Биз ҳолатни Ислом ерида, тинчлик замонида йўқолган киши мисолида кўрамиз. Моликий мазҳаби фиқҳига кўра, йўқолган кишининг хотини мазкур ҳолатни қозига маълум қилади. Қози аёлга эрини тўрт йил кутишни буюради. Тўрт йил ўтгандан кейин йўқолган одам топилмаса, қози аёлга эри ўлган аёлдек идда сақлашни буюради.
Франция жорий қонунининг 105-моддасида бундай дейилади: «Шахснинг яшаш ҳудудида мавжудлиги ниҳоясига етса-ю, тўрт йил ўтгандан кейин ҳам топилмаса, унинг яқинлари судьяга мурожаат қилишлари мумкин...»
Бу ерда беш йил, ўн йил ёки бир йил эмас, айнан тўрт йил муддатнинг белгиланиши унинг қайси манбадан олинганига ишора қиляпти.
Иккинчи мисол васийлик мавзуси бўйича: моликий мазҳаби фақиҳи Ибн Абу Зайд Қайравоний шундай дейди: «Агар меросхўрлар ёки уларнинг баъзилари васийнинг устидан қозига шикоят қилсалар, токи унинг хиёнати ёки заифлиги аниқланмагунича қози уни васийликдан четлатмайди». Яъни фақатгина мазкур икки ҳолат васийдан васийлик ҳуқуқи олиб қўйилишига асос бўла олади.
Франция қонуни бу борада нима дейишини кўринг: «Хатти-ҳаракатларида хиёнат ва заифлик аниқланган кишининг васийлик қилишига йўл қўйилмайди, агар васий бўлиб турган бўлса, ундан васийлик ҳуқуқи олиб қўйилади».
Айнан ўша гап! Моликий хиёнат ва заифликни тилга олганди, бу ерда ҳам хиёнат ва заифлик санаб ўтиляпти.
Яна бир мисол. Балоғатга етган, лекин руҳий касалликка чалинган киши мол-мулкини зое қилиб юбормаслиги учун шариатда чора белгиланган. Жиннилиги сабабли у «ҳажр» қилинади, яъни унинг муомала лаёқати чеклаб қўйилади. Фақиҳлар «гарчи унинг жиннилиги узилиб турса ҳам» деб алоҳида таъкидлаганлар. Яъни у баъзан эс-ҳуши жойида бўлиб, баъзан ақли жойида бўлмайдиган ҳолатда бўлса ҳам ҳажр қилинаверади.
Франция қонуни эса бундай дейди: «Вояга етган шахс руҳий носоғлом, ғазабдан ўзини тутолмай қўйган, жазава ҳолатига тушган бўлса, «ҳажр» қилинмоғи шарт. Гарчи юқоридаги ҳолатлар тўхтаб қолса ҳам бу чеклов давом этиши лозим».
Бу ҳам айни юқоридаги гапнинг такрори! Яъни ақлдан озишда узилиш бўлса ҳам, деб буни қайд қилиб ўтишган.
Энди «ория» масаласини кўриб чиқамиз. Ория нима ўзи? Бир киши бировга нарсасини бериб туради. Уни олган одам фойдаланади, лекин эгалик қилолмайди. Нарсани бутун сақлаб, эгасига топширади. Мен бировга машина ёки кийимни бериб турсам, ундан манфаат олиб, кейин менга ушбу буюмимни қайтариб беради. Лекин шундай ашёлар борки, улардан шунчаки фойдаланиб бўлмайди, ишлатилса, албатта, тугатилади. Масалан, ейиш учун таом. Ундан фойдаланиб, кейин бутун ҳолатда қайтариб бериш имконсиз. Қисқаси, ишлатиб йўқ қилинадиган буюмлар ория муомаласининг объекти бўлолмайди. Гарчи икки ўртада «ория қилиб бердим», яъни ишлатишга бердим деса ҳам у қарзга ўтиб кетади.
Франция қонунида бу қандай акс этган? «Йўқ қилмасдан фойдаланиш мумкин бўлмаган пул, дон, ичимликлар каби нарсаларни олиб ишлатган шахс айнан шундай ашёнинг ўрнини қоплаб беришга мажбурланади».
Маккалик илм пешвоси, моликий мазҳаби фақиҳи Хаттоб шундай дейди: «Икки кишининг ўртасида бир девор бўлиб, у қулаб тушса, иккисидан бири деворни тикламоқчи бўлса, иккинчиси ҳам деворни тиклашга буюрилади ва мажбурланади ҳам!»
Франция қонуни бу борада шундай дейди: «Ҳар қандай шахс ўзининг қишлоқ ва маҳалладаги қўшнисини икки хонадон ўртасида девор қуришга ёки уни тузатишга мажбурлаши мумкин».
Яна айни ўша гап!
Имом Молик ўз асарида «Ким ўз деворида қўшнисига зиён берадиган дарча ёки эшик очса, бу иши тақиқланади» деган. Яъни қўшни томонга қаратилган тешик ва тирқишлар ёптирилади.
Франция қонунида эса: «Икки қўшнининг бири иккинчисининг розилигисиз ҳеч қанақасига ўз деворидан дарча оча олмайди, чунки у қўшниникига қараб қолади» деган модда бор.
Нақадар ўхшашлик!
Қизиғи, мерос масаласида ҳам шундай. Бизда мерос масаласи ўзгача: бир тоифа фарз улушини олади, фалончига учдан бир, фалончига ярим ҳисса ва ҳоказо... Бошқа бир тоифа асаба улушини олади, буларнинг фарздан улуши йўқ. Фарз эгалари ўз улушларини олганидан кейин бирон нарса қолса, ўша қолган ҳамма нарса асабаларга тегишли бўлади. Агар фарздан кейин ҳеч нарса қолмаса, буларнинг улуши соқит бўлади. Баъзан ҳамма меросхўрлар ўз улушларини олиб бўлганидан кейин ҳам бир қисм мол-давлат ортиб қолади. Уни нима қилмоқ керак? Бу борада фақиҳлар турли ечимларни таклиф қилганлар. Масалан, ҳанбалийларда меросхўр бўлмаган қариндош-уруғларга бериш ечими қўлланади. Амма, хола ва меросдан улуши бўлмаган бошқа қариндошларга тарқатилади. Моликийларда бу ўринда бошқа ечим бор: ортиб қолган мол Байтулмолга топширилади.
Франция қонунида бу борада нима дейилганига аҳамият беринг: «Меросхўрлар ва васият қилинувчилар ўз ҳақларини тўлиқ олиб бўлганидан кейин ёхуд меросхўр мавжуд бўлмаган тақдирда қолган мол-мулк давлатники бўлади».
Бу каби мисоллар жуда кўп. Мажбурлаш, васиятлар, эр-хотин ўртасидаги муносабатлар ва ҳоказо масалалар...
Француз тарихчилари Густав Лебон ва Виси Дио ўз асарларида Наполеон моликий мазҳабига оид «Шарҳи Дирдир ало мухтасари Халил»ни ўзи билан Францияга олиб келганини қайд қилиб ўтганлар. Бу тарихий факт. Айни шу китоб Франция қонунчилигида муҳим ўрин тутган.
Шу ўринда савол туғилади: Наполеон Мисрда бўлган. У ерда шофеъийлар ҳам, ҳанафий ва моликийлар ҳам бор эди. Нима учун у айнан моликий фиқҳига оид китобни танлаб олди?
Ўйлашимча, бунинг боиси шуки, Европа таниган энг дастлабки фиқҳ бу моликий мазҳабининг фиқҳи эди. Европаликлар билан ёнма-ён кун кечирган, Европа билан ҳамнафас яшаган фиқҳ шу мазҳабнинг фиқҳи бўлган. Маълумингизким, Андалус диёри ҳижратнинг 200-йилида деярли тўлиқ моликий мазҳабига ўтиб бўлган эди. Даставвал, у ерда Авзоъийнинг мазҳаби ҳам бўлган, кейин Ҳанафий мазҳаби кирган ва ниҳоят, Зиёд ибн Абдураҳмон исмли, «Шабтўн» лақаби билан танилган олим Андалусга кириб боради. Шу олим орқали моликий мазҳаби Пиреней яриморолига ёйилиб, бошқа мазҳаблар йўқолиб боради. Учинчи ҳижрий асрнинг бошига келиб, Андалус давлати тўлиғича моликий мазҳабига ўтиб бўлади. Барча муаммо ва низолар шу мазҳаб фиқҳи асосида тартибга солинади.
«Саҳиҳи Муслим» асарининг шарҳлари жуда кўп. Улар орасида «Тафсири Уббий ало Саҳиҳи Муслим» номли китоб катта ҳажми ва батафсил шарҳлари билан алоҳида ўрин тутади. Моликий мазҳабидаги Уббий исмли олим ҳадисларни шарҳлаш асносида турли тафсилотларга, муаммоларнинг икир-чикирларига чуқур кириб кетавергани ва ҳадислардаги фиқҳий масалаларни ҳар сафар тармоқларга бўлиб-бўлиб, бирма-бир баён қилишга аҳамият берганидан баъзан уни ўқиган одам зерикиб ҳам қолади. Нима деб ўйлайсиз, шунчалик тафсилот ва икир-чикирларга киришнинг нима кераги бор?
Сабаби – ўша масалаларнинг ечимлари қонун ҳисобланган. Давлат миқёсида шу қонун асосида ҳукм юритилган. Фақиҳ ҳукм чиқарадиган бўлса, шу қонунга мурожаат қилган, қонуннинг моддалари эса ана шу матнлардан иборат бўлган. Уларда барча ҳақ-ҳуқуқлар аниқ-тиниқ баён қилинган. Ҳолбуки атрофдаги бошқа халқлар бир-бирлари билан келишолмай қирпичоқ бўлиб яшаганлар.
Ана энди Наполеон нима учун Ягона Қонунни тузишга жидду жаҳд қилгани ва Ислом фиқҳини асос қилиб олганини тушунишга уриниб кўринг. Наполеон қачон ҳокимиятга келган? Француз инқилобидан кейин келган. Ўша даврдаги талотўпларни кўз олдингизга келтиринг. Луис XVIнинг тахтдан ағдарилиши, унинг ва хотинининг қатл этилиши, француз партияларининг майдонга чиқиши, Париж Коммунаси... Робеспьер, Донто, Ками де Муланинг ҳалок бўлиши... Инқилобнинг бошида турганларнинг ҳаммалари ҳарбий-сиёсий ўйинлар қурбони бўлиши... Кейин «Директория» бошқарув тизими келиб, тўртта мудир ҳокимиятни бошқариши... Шундан сўнг Наполеон келиб, ҳаммаларини ағдариб ташлаб, аввал ўзини «Директорий», сўнг «Биринчи Консул» деб атайди, ундан кейин умрбод Консул деб эълон қилади ва ниҳоят Императорга айланади.
У қудратли бир юртга масъул бўлди. Зеро, ўша пайтда Франциянинг ери ҳозирги ҳудудидан бир неча баробар катта бўлган. Ўшанда Италиянинг салмоқли қисми, Испаниянинг талайгина ерлари Францияники эди. Уларни қандай бошқариш керак? Низо-ихтилофлар чиқса, қандай ҳал қилмоқ керак? Барча қонуншуносларни жалб қилиб, қонун ишлаб чиқиш вазифаси уларга топширилса, то улар қонунни ижод қилиб, тортишувлар бости-бости бўлгунича қанча вақт кетади? Шундай вазиятда қаршингизда тап-тайёр ҳуқуқ манбаси турган бўлса, унда ҳамма нарса аниқ-тиниқ, тартибли баён қилинган бўлса, уни эътибордан соқит қилармидингиз? Йўқ албатта. Наполеон ҳам ҳар қандай ақлли одамнинг ишини қилган: тайёр нарсани уларнинг олдига қўйиб, мана, шундан фойдаланинглар, деган. Улар олиб фойдаландилар-у, лекин олганларини тан олмадилар. Ҳанузгача тан олмайдилар.
Эътиборлиси, кейинроқ Европанинг бошқа давлатлари Франция қонунчилигидан андоза олиб ўз миллий қонунларини ижод қилганлар.
Аммо ғарбликларнинг инсофли зиёлилари бу ҳақиқатни тан оладилар. Улардан бири келиб чиқиши италиялик бўлган америкалик файласуф, Массачусетс технология институтида табиий фанлар тарихидан дарс берувчи Жоржо ди Сантилани. У шундай дейди: «Араб қонунчилигининг қизиқ тарафи, унда тижорат масалалари ҳам батафсил ёритилган. Шу қонунчилик бизларга масъулияти чекланган ширкат тузиш ғоясини берган».
Машҳур инглиз шарқшуноси Ҳерберт Жорж Венз эса: «Европа халқаро савдо қонунчилиги борасида исломий бир шаҳардир!» дейди.
Аммо аксарият европаликлар учун гўё бу маълумотлар йўқдек. Ҳақиқатан улар Ислом ҳуқуқининг Ғарб қонунчилигига салмоқли таъсир этганини билмайдилар. Улар билмаганидан сўнг шарқликлар ҳам бундан бехабар қолганлар. Зеро, биз замонавий қонунчиликка оид билимларни улардан ўрганамиз. Хўш, улар нега буни билмайдилар?
Машҳур олмон шарқшуноси Зигрид Ҳунке «Аллоҳнинг қуёши Ғарбни эгаллаяпти» номли асарида бунга қуйидагича жавоб берган: «Нима учун европаликларнинг аксарияти бу нарсалардан бехабар, биласизми? Чунки улар тарихни саралаб-танлаб ўқийдилар».
Дарҳақиқат, Европа мактабларида тарих фани дастурлари мавзуларга бўлинган, сараланган ҳолатда тузилади. Қадимги дунё ва Эллин маданияти ва Рим империяси ҳақида озгина, Ўрта асрлардан олдинги давр ҳақида озгина ўқийдилар-да, кейин тўсатдан Франция инқилоби ва ундан кейинги ҳодисаларга ўтиб кетадилар ва охирги мавзуни кенг ёритилган ҳолда ўрганадилар. Хўп, ўртадаги саккиз аср қаёққа кетди? Тарих фани дастуридаги мана шу бўшлиқ кўп нарсани англатади. Айнан шу даврда Ислом ҳазораси гуллаб-яшнаган ва дунё халқлари учун илмий, ахлоқий, иқтисодий, ҳарбий, сиёсий соҳаларда намуна бўлиб келган.
Шу жиҳатдан биз таниқли француз тарихчиси Густав Лебондек бир кимсанинг не боисдан афсус-надоматлар қилиб, оҳ-воҳ чекаётганини тушунамиз. Унинг чидаб бўлмас надоматининг боиси мусулмонлар Францияни фатҳ этмаганларидир. Маълумки, мусулмонларнинг Европага юришлари Франциянинг Пуатье шаҳрида ўз ниҳоясига етган. Шу ерда Абдураҳмон Ғофиқий бошчилигидаги мусулмонлар қўшини француз қўшини билан тўқнашиб, мағлубиятга учраган. Оқибатда жуда кўп мусулмонлар шаҳид бўлган. Шунинг учун мусулмон тарихчилар уни «Балотуш шуҳадо» жанги деб атаганлар. Европаликлар эса бу жангни французлар қўшини қўмондони номи билан «Шарль Мартель тўқнашуви» ёки «Пуатье жанги» деб атайдилар ва бу кунни тарихдаги улуғ ғалабалардан бири сифатида ёд этадилар.
Лекин Густав Лебон бунга қўл силтаб, «Биз ҳеч нарса ютмадик!» деб афсусланади. «Қуртубада, Андалусда илм-фан гуллаб-яшнаган, кўчада дуч келган одам бемалол ёзиб, ўқиб, ўрни келса шеър ижод қилиб юрган кезларда Европа подшоҳлари ўз исмларини ёза олмас эдилар... Кошкийди, Испания мусулмонларни бу қадар ваҳшийларча ҳайдаб чиқармаганида, инквизиция ва бошқа фалон-фалон расво ишлар тарихда рўй бермаган бўларди», дейди у.
Учинчи Республиканинг энг йирик мутафаккирларидан бири – Анатоль Франс «Франция тарихидаги энг расво кун бу Пуатье жанги кунидир!» деб айтган.
Шу ўринда улардаги ҳар бир қонун меъёрлари айнан Ислом фиқҳига тегишли эмаслигини эслатиб ўтишим керак. Қонунлар уларга ўтганидан кейин катта ўзгаришларга учраган албатта. Лекин қонунларнинг аксари Наполеон жорий этган ҳолида қолган...
Хулоса шуки, бу фиқҳ инсониятга катта хизмат қилган.
Шунинг учун бошида тилга олганим Зайтуна университети шайхининг Ғарб қонунчилиги ҳақида айтган «Мухтасари Халилнинг французчаси» деган образли гапни яна бир такрорлаб сўзимни якунлайман.
Шарофиддин Латипов тайёрлади.
«Ҳилол» журнали 6(63)-сон