1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Бахилмисиз? Унда ушбу ҳикояни ўқинг!

17:00 / 08.07.2022 2902 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шаҳарларнинг бирида бой савдогар аёли билан яшар эди. У либос ва матолар бўйича савдо қилар, ўта кетган бахиллиги билан донг таратган эди. Кунлардан бир куни у товуқ сотиб олди ва аёлидан кечки таомга танаввул қилиш учун уни пишириб беришни сўради. Эр-хотин овқатланиб ўтиришганда эшик тақиллаб қолди. Савдогар эшикни очиб қараса, бир фақир очликдан қийналиб, таом сўрарди. Лекин тожир бечора мискинга таом беришдан бош тортиб, унга бақириб, қаттиқ сўзлар айтиб, эшикни қарс этиб ёпиб, фақирни мулзам қилди. Бечора фақир маҳзун ва оч ҳолатда қайтиб кетди. Тожир овқатини ейишни давом эттирар экан, хотини ундан сўради: «Нега фақир бир кимсани қувиб солдингиз? Унга товуқдан кичик бир бўлак беришингиз ёки ширин сўз айтишингиз мумкин эдику?»

Тожир эр хотинига бақириб: «Ўчир овозингни, бу билан сенинг ишинг бўлмасин», деди. Орадан бир неча кун ўтгач, тожир дўконига борган эди, қараса, дўкон ёняпти, олов дўкондаги ҳеч бир нарсани қолдирмай барчасининг кулини кўкка совурибди.

Тожир уйига қайтиб аёлига барча нарсасидан айрилганини айтди. Аёл эрининг ғазабини босишга, маҳзунлигини аритишга уринди. Лекин тожир аёлини қувиб солиб, уни боқа олмаслигини айтиб, у билан ажрашди. Оиланинг бузилганига бир неча ой ўтгач, Аллоҳ таоло аёлга покдомон, қўли очиқ, бошқаларга ёрдам беришга интиладиган турмуш ўртоқ насиб этди.

Эр-хотин бир куни кечқурун товуқ гўштини тановул қилиб ўтирсалар, эшик тақиллаб қолди. Солиҳа аёл ўрнидан туриб, эшикни очиб қараса, таомга муҳтож бўлган оч киши турарди. Аёл эрининг олдига бориб таом сўраётган тиланчи келганини айтди. Эри аёлга товуқнинг ярмини тиланчига олиб чиқиб беришни буюрди-да «Товуқнинг қолгани иккимизга ҳам етади», деди. Солиҳа аёл товуқни тиланчига бериб, кечки овқат тановулини давом эттириш учун эрининг ёнига келди. Аммо кўзидан шашқатор ёшлар оқарди. Эри ундан: «Нега йиғлаяпсан, азизам?», деб сўради.

Аёл шунда: «Таом сўраб келган тиланчи менинг аввалги эрим экан. Шунга йиғлаяпман», деб эрига аввалги эрининг бахил бўлганини, уйларига тимланчи таом сўраб келганда қилган ишларини гапириб берди. Бу гапларни эшитган янги эр жимгина қулоқ солиб табассум қиларди. Аёли гапини тугатгач, эри унга: «Азизам, агар ҳозир эшигимизни тақиллатган тиланчи сенинг аввалги эринг бўлса, ўшанда эшигингизни тақиллатган кимса мен эдим», деди.

Хулоса

Буни қаранг, Аллоҳнинг иродаси билан кунлар одамлар ўртасида айланиб туради. Бугун яхши, бой яшасангиз эртага ёмон ва фақир ҳолда яшашингиз мумкин. Бугун қўлингизда турган пул, эртага бошқа бировнинг қўлига ўтиши мумкин. Шундай экан, бойлигингиз билан катта кетманг. Одамларга бахиллик қилманг, имконингиз бўлса, қўлингиздаги молу-давлатни охиратингизга захира бўладиган ишларга сарфланг. Агар сарфламасангиз, бойликнинг шукрини адо қилмасангиз, Аллоҳ таоло уни сиздан олиб, бошқа бандасига беради.

Аллоҳ таоло барчамизни қўли очиқ, саховатли бой бандалардан қилсин, ҳалолдан топиб, ҳалолга сарф этишимизни насиб айлаб, ҳаммамизни бахилликдан сақласин!

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Хуршид Маъруф тайёрлади

 

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жоҳилият сўзи Қуръони каримда тўртта калимага қўшиб келтирилди.1. .Жоҳилият гумони, Оли Имрон сураси, 154оят.Умматнинг бузилиши қалблар бузилиши сабаблидир.2. давоми...

1754 16:00 / 07.07.2021
Яхши кўрган инсонингизни қадрлашингизнинг, унга ғамхўрлик қилишингизнинг энг афзал йўли mdash бу унга охирати учун фойдали бўлган китоб ҳадя қилишингиздир. Сиз давоми...

1569 09:00 / 25.01.2023
Иккита альпинист тоққа чиқаётган эди. Бир пайт олдиларидан баҳайбат айиқ чиқиб қолди. Улардан бири дарров ерга ўтириб, тоққа чиқиш учун мўлжалланган оёқ кийимини давоми...

1994 10:41 / 27.10.2021
Гоҳида инсон барвақтроқ пишади. У учун олдинлари муҳим бўлган нарсалар энди аҳамиятсиз бўлиб қолади. Гоҳида чиқарган қарорларимизга замон ўтиб пушаймон давоми...

4016 09:05 / 09.08.2021