1446 йил 4 зулқаъда | 2025 йил 01 май, пайшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ажам юртлари ичига кириш

16:42 / 29 март 1169 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Форс империясининг мағлуб бўлиб, кучи қолмаганлигини кўриб, унинг ичкариларини ҳам фатҳ қилишга қарор қилдилар. Бу ишда у киши Аҳнаф ибн Қайснинг маслаҳатига амал қилдилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Басранинг волийси Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, Басрадан узоқ бўлмаган жойга лашкарлар билан чиқиб, амрни кутиб туришни айтдилар.

Сўнгра Саҳл ибн Адий розияллоҳу анҳу орқали ажам юртлари ичкарисига кириб борадиган амирларнинг байроқларини бериб юбордилар.

1. Аҳнаф ибн Қайс байроғи. Хуросонга боради.

2. Мушожеъ ибн Масъуд ас-Суламий байроғи. Ардашер, Хурра ва Сабурга боради.

3. Усмон ибн Абул Осс ас-Сақафий байроғи. Истахрга боради.

4. Сория ибн Зунайм байроғи. Фуса ва Даробжадга боради.

5. Саҳл ибн Адий байроғи. Кирмонга боради.

6. Осим ибн Амр Сижистонга боради.

7. Ҳакам ибн Амр ас-Саълабий Мукронга боради.

8. Букайр ибн Абдуллоҳ байроғи. Озарбайжонга боради.

9. Суроқа ибн Амр байроғи. Бобга боради.

Аҳнаф ибн Қайс Хуросон томон юрди. У Марв­да туриб, қолган-қутган форсларни мусулмонларга қарши қўзғаётган Форс империясининг енгилган подшоҳи Яздажирни кўзлаб борар эди. У ўз йўлида Ҳиротни фатҳ қилди. Сўнгра Марвишоҳжаҳон томон юрди.

Яздажир у шаҳардан чиқиб, Марвирўз томон йўл олди. У турк, сўғд ва чин подшоҳларига мактуб ёзиб, мадад сўради.

Аҳнаф ибн Қайс Марвишоҳжаҳонни олиб, унга одам қўйди. Сўнгра Марвирўз томон юрди. Яздажир у ердан ҳам чиқиб, Балхга бориб олди. Аҳнаф Марвирўзни ҳам олди. Шу ерда унга Куфа аҳлидан мадад келди. У уларни Балх томонга жўнатди. Улар бориб, Яздажир билан тўқнашдилар. У билан жанг қилиб, енгдилар. Яздажир дарёдан ўтиб кетди. Аҳнаф ва унинг одамлари бу жангда иштирок этмадилар. Улар у ерга жанг тамом бўлганидан сўнг етиб келдилар.

Аҳнаф Марвга қайтиб кетди. У ердан туриб, фатҳ тўғрисидаги хабарни, ўлжанинг бешдан бирини ва Яздажирнинг дарёдан ўтиб кетганлиги тўғрисидаги хабарни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга юборди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уни Яздажирни қувиб, ортидан дарё кечиб ўтишдан ман қилди.

Яздажир дарёдан ўтганидан сўнг унга Хоқон бошлиқ турклар ҳамда аҳли Фарғонадан ва Сўғддан мадад келди. Яздажир уларни етаклаб, дарёдан қайтиб ўтди ва туркларни Аҳнаф томонга, Марвирўзга юборди.

Яздажирнинг ўзи эса Марвишоҳжаҳон томон юрди. У шаҳарни қамал қилиб, ичидаги хазиналарни олдириб чиқди. Яздажир барча бойликларни олиб, Фарғона ёки Чин томон кетиш ниятида эди.

Аммо хуросонликлар: «Бизни анави қавмнинг олдига қайтариб олиб бор ва улар билан сулҳ туз. Улар вафодор ва дин аҳли эканлар. Бизга ўз юртимизда дини бор душман волийлик қилгани ўзга юртда дини йўқ ва биз вафосини билмайдиган душман бизга волийлик қилганидан кўра яхшироқ», дедилар.

У бунга кўнмади. Шунда ундан хазиналарни куч билан тортиб олдилар. Яздажир мусулмонларга қарши тура олмаган турк Хоқонига қўшилди.

Хуросонликлар эса Аҳнаф ибн Қайснинг олдига келиб, у билан сулҳ туздилар ва унга Кисронинг хазиналарини бердилар. Улар ўз юртларига қайтиб, мол-мулкларини олиб, Кисронинг вақтидагидан кўра яхши ҳолатга эришдилар. Хуросонликлар мусулмонларни яхши кўрдилар. Чунки улар ўзларининг ҳимоялари учун жуда ҳам оз нарса тўлар эдилар, холос. Шу билан уларнинг мол-мулки, жони ва обрўси худди мусулмоннинг мол-мулки, жони ва обрўсидек ҳимоя қилинар эди. Бунинг устига, уларнинг Аллоҳнинг зиммасида деб ҳисобланишини айтмайсизми?! Бундан сўнг улар учун мусулмонлар фойдасига насиҳат қилиш ва уларга душманлик қилмаслик қолади, холос. Агар ушбу шартларни бузсалар, ўзларига ёмон бўлади. Унинг мол-мулки, жони ва обрўси мусулмонлар зиммасидан тушади.

Кейин Аҳнаф ибн Қайс Балхга бориб, Куфа аҳлини ўша ерга жойлаштирди. Бу ишлар ҳақида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга мактуб ёзди. У киши эса ўз навбатида уни Хуросоннинг волийси этиб тайин этдилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоирлари бўлмиш бу саҳобий розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исмлари Ҳассон ибн Собит ибн Мунзир ибн Ҳаром ибн Умар ибн Зайд Манот давоми...

4804 19:37 / 21.04.2017
Жулайбиб розияллоҳу анҳу бадбашара, пакана ва камбағал киши эди. Бундай нуқсонларга эга йигитни қайси аёл яхши кўради. Ақалли бойлиги бўлганида ҳам давоми...

3983 10:49 / 30.05.2024
Бу йигит ёшлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва отаонага муҳаббат қўйишнинг олий намунасини кўрсатган. У Исломга кирганини эълон қилиш ва мусулмон давоми...

2010 13:32 / 13 апрель
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга убу нарса бериб турар эдилар. Мен эса .уни мендан фақирроққа беринг,, дер давоми...

2895 12:30 / 19.01.2022