1447 йил 16 жумадул аввал | 2025 йил 07 ноябрь, жума
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Бундан ортиқ ютуқ бўлиши мумкинми?

12:34 / 28 июнь 1197 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саҳобаи киромлар иймону Ислом, шариату тариқат, ахлоқу одоб ва шунга ўхшаш барча керакли нарсаларда ҳар бирлари биз учун муқтадо бўлган ажойиб инсонлар жамоасидир.

Ушбу мавзуга киришдан аввал «саҳоба» ва «фазл» сўзларининг маъноларини яхшилаб ўрганиб олишимиз лозим.

«Саҳоба» сўзи «саҳиба» ўзагидан олинган бўлиб, луғатда «суҳбатдош бўлмоқ» ва «соҳиб бўлмоқ» деган маъноларни англатади.

Истилоҳда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни мусулмонлик ҳолларида кўрган одамга саҳоба дейилади.

Мусулмон одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрса бўлди, суҳбатлашиб ўтирмаса ҳам саҳоба бўлаверади.

Уламолар бу масалада кўплаб батафсил баёнотлар, турли фикр-мулоҳазаларни келтирганлар. Лекин мазкур тортишувларнинг барчасининг натижаси юқоридаги таърифга бориб тақалади.

«Фазл» сўзи луғатда «зиёда», «ортиқлик», «устунлик» деган маъноларни англатади.

Шундан «Саҳобаларнинг фазли» иборасининг маъносини тушуниб олиш мумкин.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳазрати Жобир розияллоҳу анҳуга ва «Байъатир-Ризвон»да иштирок этган бошқа саҳобийларга қарата: «Сизлар ер юзидаги энг яхши одамсизлар», деганлар.

Шунга биноан, ҳар бир мусулмон мазкур бахтиёр шахсларни севиши, ҳурматлаши ва эъзозлаши лозимдир.

Аллоҳ таоло уларга «яқин фатҳ»ни мукофот қилиб берди. Ҳудайбиядан сўнг тезда бутун дунёни фатҳ қилиш бошланди. Икки ойдан кўп вақт ўтмай, биринчи, энг муҳим фатҳлардан бири – Хайбар фатҳи бўлди. Ундан кейин эса навбатдаги фатҳлар кетма-кет содир бўлаверди.

Мусулмонлар Ислом жамиятининг асл мағзини, жавҳарини ташкил этар эдилар. Улар уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисм пешқадам муҳожирлар эди.

«Биринчи пешқадам муҳожирлар».

Улар Маккаи Мукаррамада ҳеч ким иймонга келмаган пайтда иймонга келган, кофирларнинг озорларига чидаган, уларнинг зулмларига бардош берган улкан саҳобийлардир.

Уламолар: «Ушбу оятда «олий мақом эгалари» деб сифатланаётган муҳожирлар Бадр урушига қадар Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилган саҳобалардир», дейдилар. Чунки улар энг қийин вақтда иймонга келиб, энг қийин вақтда ҳижрат қилган шахслардир. Бадр урушида мусулмонлар ғолиб келиб, Ислом жамияти юзага чиқиб, ўз таянчига эга бўлганидан кейин ҳижрат қилиш ҳам осон бўлиб қолган.

Иккинчи қисм – «ансорийлар», яъни Мадина аҳлларидан биринчи бўлиб Исломга келган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Ақаба»да байъат қилган, дин қардошларини ўз юртлари – Мадинага таклиф этган, маккаликлар ҳижрат қилиб борганларида ўзлари емай, уларга едирган, ўзлари киймай, уларга кийдирган, уйларини, молу мулкларини бўлиб берган, дину диёнатлари учун молу жонларидан кечишга тайёр турган мадиналик пешқадам мусулмонлардир.

Учинчи қисм – «уларга яхшилик билан эргашганлар», яъни пешқадам муҳожир ва ансорийларга яхшилик билан эргашганлардир. Улар васф қилинмиш пешқадам муҳожир ва ансорийлардан кейин, мазкур машҳур воқеалардан кейин мусулмон бўлиб, худди пешқадам мусулмонлар каби ихлосли, ибодатли ва тақводор кишилар бўлганлар. Уларга фақат пешқадамлик, яъни энг қийин дамда сафда бўлмаганликлари етишмайди, холос. Аллоҳ ана шу уч тоифадаги мусулмонларнинг барчасидан «рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар».

Банда эришиши мумкин бўлган энг юқори мартаба Аллоҳнинг розилигидир. Зотан, ҳар бир банданинг олий мақсади ҳам мана шу. Банданинг Аллоҳдан розилиги Унинг қадарига ишониши, қазосидан яхшилик кутиши, неъматларига шукр қилиши, бало-офатларига сабр қилишидир.

Аллоҳ улардан рози эканлиги учун:

«Уларга остидан анҳорлар оқиб турган ‎жаннатларни… тайёрлаб ‎қўйди».

Улар мазкур жаннатга вақтинчаликка кирмаслар, балки «улар у (ер)ларда абадий мангу қолувчи ‎бўлган ‎ҳолларида‎».

Аллоҳ таоло улардан рози бўлмаганида, уларни бундай икромга сазовор қилмас эди.

«Ана ўша улкан ютуқдир».

Бундан ортиқ ютуқ бўлиши мумкинми?

Аллоҳ «Ҳашр» сурасида саҳобаи киромларни шундай мадҳ этади:

«Диёрларидан ва мол-мулкларидан жудо ‎қилинган, Аллоҳдан фазл ва розилик умид ‎‎қиладиган ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига ёрдам ‎берадиган фақир муҳожирларгадир. ‎Ана ўшалар ‎содиқлардир‎» (8-оят).

Муҳожирлар аслида маккалик кишилар бўлиб, дину иймон йўлида она юртларини, мол-мулкларини, қариндош-уруғларини ташлаб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганлар (кўчиб ўтганлар). Шу сабабли уларнинг кўпчилиги мискин, фақирга айланганлар.

Улар фақатгина Аллоҳ берадиган фазлни деб, Унинг розилигини топамиз, деб бу машаққатларга бўйин эгдилар. Қийин аҳволга қарамасдан, Аллоҳнинг ва Расулининг ишига қўлларидан келган барча ёрдамларини аямадилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уларни «Иймонларида содиқ кишилар» деб мақтамоқда.

Сўнгра Аллоҳ таоло Мадинаи Мунавваранинг туб аҳолисидан бўлган мусулмонлар, яъни ансор саҳобаи киромларни мадҳ этиб, қуйидаги оятни туширди:

«Улардан аввал бу диёрда ва иймонда қарор ‎тутганлар ўзларига ҳижрат қилиб келганларни ‎севарлар ва уларга берилган нарсаларга ‎қалбларида ҳасад қилмаслар. Ва гар ўзларининг ‎ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун ‎қўярлар. Ким ўз нафсининг зиқналигидан сақланса, ‎ана ўшалар ўзлари зафар топгувчилардир» (9-оят).

Мадиналик мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссаломга ва муҳожирларга ёрдам берганлари учун «ансорлар» деб номланганлар («ансор» сўзи ёрдам берувчилар деган маънони англатади). Ушбу оят ансорларнинг инсоният тарихидаги мисли кўрилмаган саховатларию одамгарчиликларини васф қилмоқда.

«Улардан аввал бу диёрда ва иймонда қарор ‎тутганлар‎».

Ансорлар Мадинада, яъни биринчи Ислом жамоаси ташкил топган диёрда муҳожирлар келгунга қадар ҳам яшаганлар ва Исломга, иймонга ихлос қўйганлар. Уларнинг ихлосу эътиқодлари бутун бўлгани учун Макка мушрикларидан азоб-уқубат чекаётган ўз диндошларини Ясрибга (Мадинага) кўчишга чорлаганлар.

Шу билан бирга, ансорлар ўз шаҳарларига кўчиб келган муҳожир биродарларига доимо яхши муомалада бўлганлар.

«Ўзларига ҳижрат қилиб келганларни ‎севарлар ва ‎уларга берилган нарсаларга ‎қалбларида ҳасад ‎қилмаслар. Ва гар ўзларининг ‎ҳожатлари бўлса ҳам, ‎‎(уларни) ўзларидан устун ‎қўярлар».

Агар Пайғамбар алайҳиссалом «файъу»дан, яъни  урушсиз қўлга тушган ўлжадан муҳожирларга бериб, ансорларга бермасалар ҳам, улар заррача гина қилмаганлар, ҳасад нималигини билмаганлар.

Ансорлар муҳожир биродарларини устун қўйиб, ўзларига жуда керак бўлиб турган нарсаларини, масалан, уйларининг ярмини, асбоб-анжомларини, мол-мулкларини ва бошқа ҳамма керакли нарсаларини уларга берганлар. Ҳатто муҳожирлар Расулуллоҳга:

«Ё Расулуллоҳ, буларга ўхшаганларни ҳеч кўрмаганмиз, оз бўлса, бизга берадилар, кўп бўлса, сероб қиладилар. Етарли маишатнинг кифоясини қилишяпти, фароғатга бизни шерик қилишяпти. Ажрнинг ҳаммасини булар эгаллаб олмасалар», дея арз қилганлар.

Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Йўғ-э, уларга ташаккур айтиб, ҳақларига дуо қилиб турсангиз, ундай бўлмайди, иншааллоҳ», деганлар.

Ансорийлар ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

«Пайғамбар алайҳиссалом ансорларни чақириб, уларга Баҳрайнни (шу номдаги ҳозирги диёрни) бермоқчи эканликларини айтганларида, ансорлар «Муҳожир биродарларимизга ҳам худди шунга ўхшаш жойни бермасангиз, бизга бунинг кераги йўқ», дедилар».

Аллоҳ таоло «ҳасадгўй эмаслар», деб ансорларни мадҳ этяпти. Аллоҳнинг бошқа бир бандага берган неъматига ҳасад қилмаслик ҳам улкан фазилат эканлигини билиб қўймоқ лозим. Ансорлар ана шундай улуғ фазилатга эга эдилар.

عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: خَيْرُ أُمَّتِي قَرْنِي ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ، قَالَ عِمْرَانُ: فَلَا أَدْرِي أَذَكَرَ بَعْدَ قَرْنِهِ قَرْنَيْنِ أَوْ ثَلَاثًا، ثُمَّ إِنَّ بَعْدَكُمْ قَوْمًا يَشْهَدُونَ وَلَا يُسْتَشْهَدُونَ، وَيَخُونُونَ وَلَا يُؤْتَمَنُونَ، وَيَنْذِرُونَ وَلَا يَفُونَ، وَيَظْهَرُ فِيهِمُ السِّمَنُ.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Умматимнинг энг яхшиси менинг асримдагилардир. Сўнгра улардан кейин келадиганлари. Сўнгра улардан кейин келадиганлари. (Имрон: «Билолмадим, у зот ўз асрларидан кейин икки асрни зикр қилдиларми ёки учни», деди.) Сўнгра сиздан кейин бир қавм бўлур. Гувоҳлик берурлар, улардан гувоҳлик сўралмас. Хиёнат қилурлар, уларга ишонилмас. Назр қилурлар, вафо қилмаслар. Ҳамда уларда семизлик зоҳир бўлур», дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат ўз умматларининг энг яхшиси, балки, инсоният тарихидаги барча умматларнинг энг яхшиси ҳақида хабар бермоқдалар. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари барча умматларнинг афзали эканлиги ҳаммага маълум ва машҳурдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматлари ичидан энг яхшиларини улар яшаган асрлар бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларга бўлиб, бирин-кетин зикр қилмоқдалар:

1. «Умматимнинг энг яхшиси менинг асримдагилардир».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аср­лари энг яхши аср, яъни «асри саодат» эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бинобарин, ўша асрда яшаб ўтган мусулмонлар, яъни саҳобаи киромлар нафақат мусулмон умматининг, балки барча умматларнинг энг яхшиси эканлигини ушбу ҳадисдан билиб олмоқдамиз. Саҳобаи киромлар ана шундай бахтга сазовор бўлганлар.

Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатдошлари бўлиш, у зотнинг муборак юзларини кўриш, сўзларини эшитиш, Қуръони Карим оятларининг нозил бўлиши ва бошқа кўплаб афзал ҳолатларнинг бевосита иштирокчилари бўлиш бахтига муяссар бўлганлар. Ушбу китоб ҳам бошқа кўплаб китоблар сингари, оз бўлса-да, ана шу ҳақиқатни ёритишга қаратилгандир.

2. «Сўнгра улардан кейин келадиганлари».

Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асрларидан кейинги аср мусулмонлари у зотнинг асрларидаги энг яхшилардан кейин, иккичи ўринда турадиган яхшилардир. Булар тобеъинлар асри мусулмонларидир. Қайси мусулмон саҳобалардан бирорталарини ҳаётда кўрган бўлса, у тобеъин ҳисобланади.

Ушбу ҳадиси шариф тобеъин розияллоҳу анҳумларнинг асри саҳобаи киромлар асридан кейинги аср эканлиги, уларнинг ўзлари эса саҳобаи киромлардан кейинги энг яхши мусулмонлар эканлигига далилдир.

3. «Сўнгра улардан кейин келадиганлари».

Бу учинчи асрдир. Бу асрда яшаган мусулмонлар тобеъинлардан кейин келган, саҳобаларни кўра олмаган мусулмонлар авлодидир. Улар «таба тобеъинлар» деб аталадилар. Ушбу учинчи аср ҳам, ундаги мусулмонлар авлоди ҳам соф Ислом таълимотлари асосида яшаган, ўзларида бузилишлар содир бўлмаган авлод эканликларига ушбу ҳадиси шариф далилдир.

«(Имрон «Билолмадим, у зот ўз асрларидан кейин икки асрни зикр қилдиларми ёки учни», деди.)»

Ҳадиси шарифнинг ровийси Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу шакка тушиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки асрни айтдиларми, уч асрни айтдиларми, англай олмаган экан. Омонат юзасидан ўзларининг эсларида борини ривоят қилган эканлар. Аммо бошқа ривоятлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уч асрни айтганларини таъкидлайди.

«Сўнгра сиздан кейин бир қавм бўлур».

Тўртинчи асрга келиб, энг яхши асрлар силсиласига футур етиш бошланар экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилигига гувоҳлик берган мазкур асрлардан кейин бошқача бир қавм пайдо бўлар экан. Ўша қавмнинг сифатларида қуйидаги қусурлар бор экан.

«Гувоҳлик берурлар, улардан гувоҳлик сўралмас».

Улар талаб қилинмаса ҳам, гувоҳлик беришга ҳаракат қилар эканлар. Бу эса тақво камлигининг аломатидир. Саҳобаи киромлар фақат талаб қилингандагина Аллоҳ таоло учун гувоҳлик берганлар. Гувоҳликни ўзларига, қариндошларига қарши бўлса ҳам, тўғри берганлар. Гувоҳлик сўралмаса ҳам, гувоҳликка борадиганлар ғаразгўй бўлишлари турган гап. Кейинги асрларда кишиларда тақво ҳисси қолмагани учун шундай бўлишини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиндан айтиб қўйган эканлар. Шундай бўлди ҳам.

«Хиёнат қилурлар, уларга ишонилмас».

Ўша яхшилигига Пайғамбар алайҳиссалом гувоҳлик берган уч асрдан кейин келадиган асрлардаги кишилар омонатга хиёнат қиладиган бўладилар. Улар хиёнаткор бўлганликлари туфайли уларга ҳеч ким ишонмай қўяди. Саҳобаи киромлар хиёнат нималигини билмаган жамоа бўлганлар. Шунинг учун ҳатто душманлар ҳам уларга ишониб, омонатларини қўйганлар. Афсуски, кейинги авлодларда бу олиймақом хислат йўқолди.

«Назр қилурлар, вафо қилмаслар».

Вафодорлик саҳобаи киромларнинг доимий хислатлари бўлган эди. Улар назрга ҳам, қасамга ҳам ва бошқа вафо қилиш лозим бўлган ҳар қандай нарсага тўлиқ вафо қилар эдилар. Кейинги авлодларда ушбу ажойиб хислатнинг ҳам йўқолганлиги бутун инсоният учун бахтсизликдир.

«Ҳамда уларда семизлик зоҳир бўлур», дедилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ке­йинги авлодларнинг тақводан узоқлашганлиги, бепарволиги, ҳавои нафсга, айшу ишратга берилганлиги ичларида семириш тарқалишига сабаб бўлганлигини ҳам таъкидлаб айтмоқдалар. Бу ҳам набавий мўъжизалардан бири. Ҳозирги кунда энг кўп ташвишга сабаб бўлаётган муаммолардан бири ортиқча семириб кетишдир.

Саҳобаи киромлар бунга ўхшаш нуқсонлардан холи эдилар. Улар ёлғон гувоҳлик нима, хиёнат нима, аҳдга вафосизлик нима ва ортиқча семизлик нима эканлигини мутлақо билмаганлар. Биз ҳам у зотлардан ўрнак олишимиз керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 14 сентябрдаги 0307/7030-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Асокир Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳудан ривоят қилади .Масжид томон юрдим. Сарпо кийиб олган бир қурайшлик одамни кўрдим ва .Буни сенга ким кийгизди, давоми...

2442 12:42 / 05 февраль
Аббод ибн Бишр розияллоҳу анҳуАббод ибн Бишр Ансорий розияллоҳу анҳу Мадинада Исломга биринчилардан бўлиб кирган таниқли саҳобалардан. Мусъайб ибн Умайрнинг давоми...

2947 10:00 / 05.03.2022
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳақларида сўз кетганида, у кишининг адолатлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишнинг ўзи қизиқ туюлади. Зеро, дунёда Умар ва адолат давоми...

1953 12:36 / 23.09.2024
Саъд ибн Абу Ваққос Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча жангларида ихлос билан қатнашдилар. Бадр жангида у киши махсус топшириқ бажарувчилар ичида давоми...

2071 16:29 / 23.01.2024