Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
1. Нисобга етган бўлиши.
2. Тўлиқ мулк бўлиши.
3. Феълан ёки тақдиран ўсувчи мол бўлиши.
4. Ҳожати аслиядан ортиқча бўлиши.
5. Қарздан холи бўлиши.
6. Бир йил тўлган бўлиши керак.
1. Нисобга етиши.
Бир молдан закот бериш вожиб бўлиши учун у мол нисобга етган бўлиши керак. Оз миқдордаги молдан закот чиқарилмайди. Закот бойларга фарздир. Моли нисобга етмаган одам эса бой ҳисобланмайди.
Набий алайҳиссалом барча турдаги молнинг нисобини аниқ белгилаб берганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам тилланинг нисобини йигирма мисқол (85 грамм), кумушникини икки юз дирҳам (595 грамм) қилиб белгилаганлар. Ўша вақтларда ушбу миқдордаги пул бир оиланинг бир йиллик харажатларига бемалол етган. Ўша миқдордаги пулга эга бўлган киши бой ҳисобланган. Шариатимиз шундай одамга ортиқча пулининг бир қисмини муҳтож биродарларига закот тариқасида беришни амр қилган. Шунингдек, қирқта қўй ёки бешта туя ёхуд ўттизта қорамоли бор одам ҳам бой ҳисобланган ва мана шу молларидан закот бериши фарз қилинган.
Шу билан бирга, закот сабабли закот берувчининг ўз бойлик даражасидан тушиб қолмаслиги ҳам эътиборга олинган. Шунинг учун бешта туядан закотга битта туя эмас, балки битта қўй бериш буюрилган, чунки молнинг ўзини эмас, қийматини беришга ҳам рухсат бор. Ушбу белгилаб берилган миқдорларнинг ҳаммаси закот бериш учун мол нисобга етган бўлиши шартлигига далиллардир.
2. Тўлиқ мулк бўлиши.
Бир молда закот фарз бўлиши учун ўша мол ўз эгасига тўлиқ мулк бўлиши шарт. Яъни унга асл мулк бўлиши ва қўлида бўлиши шарт. Бунда мол ўз эгасининг қўлида бўлиши, унда бировнинг ҳеч қандай ҳаққи бўлмаслиги, молни ўз ихтиёри ила тасарруф қила олиши ва ҳосил бўлган фойдалар ўзига қайтадиган бўлиши керак.
Қуйида ушбу шартларнинг далилларини зикр қиламиз.
1. «Уларнинг молларидан садақа ол» ояти (Тавба сураси, 103-оят). Тўлиқ мулк бўлмагунча у бировга мол бўлмайди.
2. «Уларнинг мол-мулкларида маълум ҳақ бордир. Сўровчи ва бечоралар учундир» (Маориж сураси, 24-25-оятлар) ва бошқа бир қанча оятлар.
3. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳ уларга молларида закотни фарз қилди» деган ҳадиси шарифлари.
4. Ақлий далилга келадиган бўлсак, закот уни олувчига мулк қилиб берилиши керак. Ўзи тўлиқ молик (мулк эгаси) бўлмаган одам қандай қилиб бировга бир молни мулк қилиб бера олади? Демак, закот бериш учун закот берувчи молга тўлиқ эга бўлиши шарт.
Бир кишининг маълум миқдорда ортиқча молга эга бўлиши Аллоҳ таоло томонидан берилган катта неъматдир. Молга тўлиқ эга бўлиш ундан фойдаланиш, уни кўпайтириш имконларини беради. Бу жуда улуғ неъматдир. Бундай улуғ неъматга сазовор бўлган банда унинг шукрини қилиши керак. Унинг шукри эса закотини бериш билан бўлади.
«Мулкка тўлиқ эга бўлиш керак» деган ушбу шартдан тўла эга бўлмаган молдан закот бермаслик аён бўлади. Мисол учун, қўлида бўлмаган молдан закот бера олмайди. Айтайлик, бир одам мол сотиб олди, лекин у ҳали қўлига теккани йўқ. Унга ўша молнинг закотини бериш вожиб бўлмайди, чунки мол қўлига етиб келмай қолиши ҳам мумкин.
Адашиб қолган ҳайвон, йўқолиб қолган мол, давлат мусодара қилган мол-мулк, бирор жойга кўмиб (яшириб) қўйиб, қаерда экани эсдан чиқариб қўйилган мол кабилар «қўлда турмаган моллар» ҳисобланади ва улардан закот бериш фарз бўлмайди.
Ушбу шартга биноан, муайян эгаси бўлмаган моллардан ҳам закот чиқариш фарз бўлмайди. Масалан, ҳукумат ихтиёрида давлат мулки бўлиб турган мол-мулклар. Уларнинг аниқ эгаси йўқ, барчанинг мулки ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ўлжага тушган моллардан закот чиқарилмайди.
Шунингдек, вақф қилинган мулклардан ҳам закот чиқариш фарз эмас, чунки бунда ҳам аниқ бир молик (мулк эгаси) йўқ. Аммо вақф муайян шахс учун қилинган бўлса, ундан закот чиқарилади.
Ҳаром молдан закот чиқаришга рухсат йўқ.
Бировга қарзга берилган молнинг закоти ҳақида уламолар турли фикрлар айтишган. Улар аввало қарзни икки турга бўлишган:
а) қайтариб берилишидан умид бор қарз.
б) қайтариб берилишидан умид йўқ қарз.
Биринчи ҳолатда қарздор қарзини эътироф қилади, қарзни узишга имкони ҳам бор, умид ҳам бор. Бундай ҳолда қарз берган одам ўзидаги молдан унинг ҳам закотини чиқариб туради, дейишади баъзи уламолар.
Иккинчи ҳолатда қарздор қарзни эътироф қилмайди. Қарзини узишга имкони йўқ, умид қилиб ҳам бўлмайди. Бу ҳолда закот чиқарилмай туради. Ҳозирги кунда яна бир тоифа борки, бундайлар қарз олганини эътироф этади, ҳужжат ҳам бор, лекин қайтаришига умид йўқ. Бундай моллардан ҳам закот чиқарилмай туради.
«Мабодо қўлига моли қайтиб келиб қолса, нима бўлади?» деган саволга уламоларимиздан баъзилари «Ўтган йилларнинг ҳаммасини ҳисоблаб туриб, закотини бирдан чиқаради», дейишади. Бошқа бирлари эса: «Қарзни қайтариб олган йилнинг закотини берса, кифоя қилади», дейишган. Ҳанафий мазҳабида эса: «Ўтган муддат учун умуман закот чиқарилмайди. Қўлига қайтиб текканидан бошлаб ҳисоб қилинади», дейилади.
Баъзи юртларда ишчи-хизматчилар номига маълум миқдорда мол ўтказиб қўйиш, мукофотларини ҳам банк ҳисобларига ўтказиб қўйиш одатлари бор. Уларнинг бу маблағни хоҳлаган вақтда олиб, тасарруф қилиш ҳаққи бўлса, закот берилади. Агар номига ёзиб қўйилган-у, олиш имкони бўлмаса, қўлига теккунча закот бериши вожиб бўлмайди, чунки бу ҳолда жамғармаси қўлига тегмагунча тўлиқ молик (мулк эгаси) бўлмайди.
Душман эгаллаб олган мулкдан ҳам закот фарз бўлмайди.
Ҳамма учун очиқ бўлган ерда ўсган зироатда ҳам закот фарз эмас. Бировдан қарзга олинган молдан ҳам закот фарз бўлмайди. Бу молнинг закоти асл эгасига фарз бўлади. Қўлида бўлмаган молдан ҳам закот фарз бўлмайди. Мисол учун, аёл киши ўз маҳрини қўлига олмагунича, унга закот фарз бўлмайди.
Айтайлик, биров олган қарзини инкор қилди. Молнинг эгаси ҳужжат келтира олмади. Бир йилдан кейин эса ҳужжат топилди. Одамлар олдида иқрор бўлди. Шунда ҳам ўтган давр учун закот фарз бўлмайди.
Саҳрога кўмилган молни эгаси топа олмай қолса ҳам, закот фарз бўлмайди. Агар мол уйга кўмилган бўлса, закот фарз бўлади.
3. Феълан ёки тақдиран ўсувчи мол бўлиши.
Закот «ўсиб турувчи» молдан берилади. Бу жумлада молда бўлиши шарт қилинган сифатлардан бири, яъни ўша молнинг ўсувчи бўлиши кераклиги айтилмоқда. Молнинг ўсиши деганда унинг қийматга эга бўлиши, далада боқилиши ёки тижорат нияти билан олинган бўлиши назарда тутилади. Бу жумладаги «қиймат»дан пул бирлиги, қадимда тилла ва кумуш, ҳозирда қоғоз ва танга пуллар ирода қилинган. «Далада боқиш» деганда ҳайвонлар назарда тутилган бўлиб, бу шартдан эгаси ўзи ем бериб боқадиган, тижорат мақсадида боқилмаётган ҳайвонлардан закот берилмаслиги аён бўлади. «Тижорат мақсадида» дейилганда сотиш учун олиб қўйилган нарсалар кўзда тутилади.
Закот бериш фарз бўлиши учун мол ўсиб туриши ёки унинг ўсишига имкони бўлиши керак, яъни ўша молдан фойда кўпайиб туриши ёки фойда кўпайиш имкони бўлиши лозим.
Молнинг ўсиши деганда, масалан, ҳайвонларнинг туғилиши, семириши ёки муайян маҳсулотлар бериши назарда тутилади. Бошқа мол-мулкларнинг ўсиши эса тижорат ёки шунга ўхшаш йўллар билан фойда келтириши назарда тутилади. Ўсмайдиган молга закот фарз қилинса, молни закотнинг ўзи йўқ қилиб қўяди. Бундай ҳолда закот берувчига зарар бўлади. Ҳолбуки, «закот» сўзининг бир маъноси «ўсиш»дир.
Закотнинг ўсувчи моллардан олиниши кераклигига, бошқасидан олиб бўлмаслигига Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари далолат қилади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَيْسَ عَلَى الْمُسْلِمِ صَدَقَةٌ فِي عَبْدِهِ، وَلَا فِي فَرَسِهِ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга қулида ва отида садақа йўқ», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилган.
Қул ва от кишининг хизмати учун зарур бўлган нарсалардир. Улар мол сифатида қўшимча фойда келтирмайди. Шунинг учун шахсий эҳтиёжлар учун ишлатиладиган ҳар қандай молдан закот чиқариш фарз бўлмайди.
Тилла ва кумуш доимо ўсиб турадиган мол бўлгани учун уларнинг ҳар қандай ҳолатдагисидан ҳам закот берилади.
Зироат бойликлари табиий ўсишга боғлиқ бойликлардир.
Кон ва дафиналар ҳам худди шундай.
Тижорат моллари эса энг кўп ўсувчи моллар ҳисобланади. Пуллар хам шундай. Нарсаларнинг қиймати пул билан ўлчанади. Ҳозирги кунда бусиз мол кўпайтиришни умуман тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо баъзан шу пулнинг ўзи ўсмай, кўпаймай туриб қолиши ҳам мумкин. Масалан, бир кишининг нисобга етган миқдорда пули бор, дейлик, ишончли жойда турибди. Лекин йил давомида бир тийинга ҳам кўпаймади. Закот берадими-йўқми? Шубҳасиз, закот беради. Чунки ўша пул ўсишга имкони бор мол ҳисобланади. Унинг эгаси ўз қобилиятсизлиги туфайлигина пулини ўстириш имконини топмади. Аслида эса у одам пулини савдога ишлатиб ёки ишлаб чиқаришга қўйиб, ўзи ҳам фойда олиши, ўзгаларга, жамиятга ҳам фойда келтириши керак эди.
«Закот бериш учун мол ўсадиган бўлиши ёки ўсиш имкони бўлиши керак» деган қоидага биноан, миниш учун ишлатиладиган уловлар, яшаш учун зарур ҳовли-жойлар, уй-рўзғор асбоб-анжомлари, ҳунар учун зарур асбоб-ускуналардан закот чиқариш фарз эмас. Шунингдек, булар ижарага топширилса ҳам.
Яна қўлдан тортиб олинган ёки йўқолиб қолган мол, қайтиб келишига умид йўқ бўлган қарз кабилардан ҳам закот олинмайди, чунки бу ҳолларда молнинг ўсмай қолишига эгаси сабабчи эмас. Аммо ожизлик, уқувсизлик мол соҳиби томонидан бўлгани сабабли мол ўсмай турган бўлса, ундан закот олинаверади, чунки қўлида моли бўлган мўмин киши уни кўпайтиришга ҳаракат қилиши керак.
4. Ҳожати аслиядан ортиқ бўлиши.
Закот бобида «ҳожати аслия» нима эканини ҳанафий мазҳаби уламолари қуйидагича таърифлашади: «ҳожати аслия» – инсондан ҳалокатни феълан қайтарадиган, еб-ичиб, кийишга кетадиган нафақа, яшаш жойи, уруш анжомлари ёки ҳалокатни фаразан қайтарадиган нарсалар: қарз, ҳунар асбоблари, уй анжомлари, минишга улов, илм китоблари каби нарсалардир. Агар кишининг қўлида мазкур ҳожатларга сарфлаши керак бўлган пуллари бўлса, улар худди йўқдекдир. Бу худди ичишга эҳтиёж бор сувни йўқдек ҳисоблаб, таяммум қилиш жоиз бўлгани кабидир».
Ушбу таърифга назар соладиган бўлсак, фуқаҳоларимиз инсон ҳаётини қанчалар яхши ўрганганлари аён бўлади. Еб-ичиш, кийиниш учун имкони бўлмаса, инсон ҳалок бўлиши турган гап. Яшашга жойи бўлмаса ҳам, уруш бўлиб турганда ўзини ҳимоя қилиш анжоми бўлмаса ҳам инсоннинг ҳаёти хавф остида бўлади. Қарз ҳам ҳалокат. Қарз берувчи ҳукуматга арз қилса, уни қамаб қўйишлари мумкин. Бу ҳам ҳалокатнинг бир тури. Ҳунар асбоби бўлмаган одам ишлаши, ўзи ва оиласи учун нафақа топиши амри маҳол. Уйи, рўзғори учун керакли асбоб-анжом бўлмаса ҳам илож йўқ. Мингани улови бўлмаган одамнинг ишга бориши, тижорат қилиши ва бошқа ҳожатларини бажариши анча машаққатга айланади.
Закот солиқ бўлмаса-да, Ислом шариати унда ҳожати аслияни эътиборга олгани айни адолатдир. Ўзи ва қарамоғидаги одамларнинг яшаши учун зарур бўлиб турган нарсадан «Сенга даромад тушди», деб бир қисмини олиб, уни янада оғир аҳволга солиб қўйиш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Шунинг учун «Закоти олинадиган мол ҳожати аслиядан ортиқча бўлиши керак» деган шарт қўйилган.
Ҳожати аслиядан ортиқча бўлган молдан закот олишга ва ундан камидан олмасликка далиллар қуйидагилардир:
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ
«Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. «Ортиқчасини», деб айт», деган (219-оят).
Яъни ўз ҳожатидан ортиқча молларини нафақа қилсинлар. Ушбу ояти кариманинг тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Ўз аҳлингдан ортиб қолганини», деган эканлар.
«Мўминнинг нажоти» - муфассал закот китобидан