1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Закотни тарк қилувчига огоҳлантириш

05:00 / 14.01.2017 3426 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади: «Олтин ва кумушни тўплайдиган ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилмайдиганларга аламли азоб «башоратини» бергин. Улар жаҳаннам оташи ила қиздирилган ҳолда пешоналари ва ёнбошларига ва орқаларига босилади. «Мана шу тўпланган нарсаларингиз! Бас, ўзингиз тўплаган нарсангизни татиб кўринг!» (дейилади)» (Тавба: 34-35).

Шарҳ: Ушбу ояти карима нозил бўлган пайтларда кишилар орасида пул сифатида олтин ва кумуш ишлатилган. Маҳаллий бозорларда ҳам, халқаро савдо алоқаларида ҳам ҳисоб-китоб тилло ва кумуш билан бўлган.
«Мол тўплаш» тилло ва кумуш тўплаш билан бўлган.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада олтин ва кумушни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилмай тўплаганларга қаттиқ азоблар борлигини баён қилмоқда. Қиёмат куни ўша тўпланган олтин ва кумуш жаҳаннам оловида қиздирилиб, пешоналарига, ёнбошларига ва орқаларига босилиб азобланишлари айтилмоқда.
Ўшандоқ азоб берилиб турган бир вақтда фаришталар уларга дўқ қилиб:
«Мана шу тўплаган нарсаларингиз! Бас ўзингиз тўплаган нарсаларингизни татиб кўринг!» дейишлари уқдирилмоқда.
Ҳа, «ўзим бўлай» деб молга ҳирс қўйиш, Аллоҳ берган молу-дунёни Аллоҳнинг йўлида сарфламасдан босиб ётиш Исломда ана шундай қораланади.
Ушбу оятнинг маъносини тушунтиришда саҳобаи киромлар ичида машҳур бир ҳодиса ҳам бўлиб ўтган.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу бу оятни умуман тилла ва кумушни тўплаб бўлмайди, деб тушунганлар. Кўпчилик эса Закотини бергандан кейин Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилган бўлади, қолгани ушбу оятдаги маънода тўплашга кирмайди, демак гуноҳ бўлмайди, дейишган.
Лекин, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу қаттиқ туриб олганлар. Кўпчиликни танқид қилиб, қаттиқ гапларни айтаверганлар.
Шунда ўша вақтнинг халифаси ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу фитнанинг олдини олиш учун Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан Мадинаи Мунавварадан чиқиб туришни илтимос қилганлар.
Демак, бу оятда васф қилинаётган азоблар, молининг Закотини бермаган кишиларга тайёрлангандир. Ким тўплаган моли қиёмат куни қиздирилиб пешонасига, ёнбошига ва орқасига босилишини истамаса, вақтида Закотини бериш керак. Бўлмаса, охират азобидан қочиб қутила олмайди. Аллоҳ таоло ваъдасига хилоф қилмайдиган зот. Албатта, Закотни бермаганларни ушбу оятда зикр қилинса азоб ила азоблайди.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Закоти адо этилишига етган нарсанинг Закоти берилса, тўпланган эмас», дедилар». Абу Довуд, Ҳоким ва Молик ривоят қилишган.
Моликнинг лафзида: «Закоти адо этилган нарса тўпланган эмасдир», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф юқоридадаги оятни тафсир қилиб келмоқда. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу бу ҳадиси шарифни эшитмаганларидан оятни ўзларича тушунган чиқади. Закотни берса, қанча тўпласа ҳам гуноҳкор бўлмайди.

Абу Ҳурарйра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир тилло ёки кумуш соҳиби унинг ҳаққини адо этмас экан, албатта, қиёмат куни бўлганда унинг учун оловдан бўлган тахтачалар тайёрланади. Улар жаҳаннам оловида қиздирилади. Сўнгра уларни пешонасига, икки ёнбошига ва орқасига босилади. Совуб қолиши билан яна қайтадан қиздирилади. Миқдори эллик минг йил бўлган кунда то одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундоқ қилинади. Кейин йўлини билади. Ёки жаннатга, ёки дўзахга бўлади», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, туячи?» дейилди. У зот:
«Қайси бир туя соҳиби ҳам ундан ҳаққини бермаса, сувга борган куни уни соғиш ҳам ҳаққидандир, албатта, қачон қиёмат куни бўлса, уни у(туя)ларнинг олдига теп-текис, сип-силлиқ ерга ташлаб берилади. Уларнинг ҳаммаси битта бўталоғи ҳам қолмай тўлиқ бўлади. Уни туёқлари билан босадилар, оғизлари билан тишлайдилар. Унинг олдидан бири ўтса, бошқаси қайтиб келаверади. Миқдори эллик йил бўлган кунда, то одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундоқ қилинади. Кейин йўлини билади. Ёки жаннатга, ёки дўзахга бўлади», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, қорамол ва қўй-чи?» дейилди.
«Қайси бир қорамол ва қўй соҳиби ҳам ундан ҳаққини бермаса, албатта, қачон қиёмат куни бўлса, у аларнинг олдига теп-текис, сип-силлиқ ерга ташлаб берилади. Улардан бирортаси ҳам қолмайди. Уларни ичида шохи буралгани, шохсизи, шохи сингани бўлмайди. Уларнинг ҳаммаси шохи билан уни сузади ва туёғи билан тепкилайди. Унинг олдидан бири ўтса, бошқаси қайтиб келаверади. Миқдори эллик йил бўлган кунда, то одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундоқ қилинади. Кейин йўлини кўради. Ёки жаннатга, ёки дўзахга», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Закотни бермаган кишиларнинг ҳоли қиёмат куни қандоқ бўлиши жуда жонли қилиб васф қилинмоқда.
Қиёмат кунининг сифатларидан бири миқдори эллик минг йил бўлган кундир. Ўша куни одамларнинг ҳаммаси тўпланиб, уларнинг ҳисоб-китоби битиб, жаннатий ёки дўзахий эканлиги ҳақида ҳукми илоҳий чиққунча ҳозирги дунё кунлари билан санаганда ана шунча муддат ўтади.
Бу ҳадисдан олдин ўрганган икки ҳадисимиз бобнинг аввалида келтирилган ояти кариманинг мол тўплаш маъносининг тафсири эди.
Уч қисмли ушбу ҳадиси шарифнинг биринчи қисми эса ояти кариманинг Закотни бермаган шахснинг қандоқ азобланиши ҳақидаги бўлимининг тафсиридир.
Бу дунёда Закоти берилмаган олтин ва кумушлар қиёмат куни оловдан бўлган тахтачалар ҳолига келтирилиб, жаҳаннам оташида яна роса қиздирилиб, ўз эгасининг пешонасига, ёнбошларига ва орқасига босилар, унинг ўша аъзолари жизғинак қилиб куйдирилар экан. Агар у тахтачалар сал совуб қолса яна қайтадан қиздирилар экан ва янги шиддат билан босилар экан. Шу ҳолат бу дунёнинг ҳисоби билан ҳисобланганда эллик минг йил-маҳшар куни кун бўйи давом этар экан.
Сўнгра ҳукм чиқиб, мазкур Закотни бермаган одам қай томонга юриши ҳам белгили бўлар экан. Дўзахга бўлса, энди дўзахнинг азобини тортгани равона бўлар экан. Агар Аллоҳ раҳм қилиб, бошқа амаллари кўплиги учун жаннатга ҳукм қилса, миқдори эллик минг йил бўлган кундаги тортган азоб билан қутулиб қолар экан.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу баённи эшитганлар туясининг Закотини бермаганларнинг ҳоли нечук бўлишини сўрадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳолини ҳам батафсил баён қилиб бердилар.
Сўнгра саҳобаи киромлар қорамол ва қўй эгалари Закотни адо этмасалар қандоқ бўлишларини сўрадилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бунга ҳам батафсил жавоб бердилар.
Ушбу ҳадисда Закоти чиқарилиши фарз бўлган молу мулкнинг уч тоифаси бўйича Закотини адо этмаганларнинг ҳоли миқдори эллик минг йўл бўлган маҳшар кунида қандоқ бўлиши васф қилинди. Улар бутун халойиқнинг олдида шармандаи шармсор бўлиб, шунчалар азоб тортар эканлар.
Шунингдек, бошқа тоифадаги молу мулкнинг Закотини бермаганлар ҳам муносиб жазо тортишлари турган гап. Тўғри улар жаннатга киришлари мумкин. Лекин жаннатга киргунча шунча азобнинг нима ҳожати бор? Шу билан бирга жаннатга кирмасликлари хавфи устун. Шунинг учун бу дунёда ўз вақтида Закотни адо этиб юрган маъқул.
Ушбу ҳадисдан маҳшар куни жаннат ёки дўзахга киришдан олдин ҳам азоб бўлиши, бандалар қилган гуноҳларига қараб анвоий азоблар тортиб туришларини билиб оламиз. Аллоҳ ўша кунда шарманда қилмасин, юзимизни ёруғ қилсин!

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга Аллоҳ молу дунё берса-ю, у Закотини адо қилмаган бўлса, қиёмат куни у анга кўзонакли илон бўлиб кўринади. Унинг икки тиши чиқиб туради. У қиёмат куни бўйнидан бўғиб олади. Сўнги икки жағ суягидан тишлаб туриб:
«Мен сенинг молингман! Мен сенинг тўплаган хазинагман!» дейди», дедилар ва: «Аллоҳ уларга Ўз фазлидан берган нарсада бахиллик қилганларга, уни яхши, деб ҳисобламанглар. Йўқ! У улар учун ёмондир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила, албатта, бўғилурлар», оятини тиловот қилдилар». 
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Демак, Закотни адо қилмаганлар учун фақат бир хил азоб бўлмас, балки турлича азоблар бўлар экан. Ўша турлардан бири ушбу ҳадисда васф қилинмоқда.
Закотини бермаган одамларнинг қиёмат куни азобланиши ояти карималарда ҳам турлича ифода этилган экан.
Аллоҳ таолонинг Ўзи сақласин! Доимо Закотни ўз вақтида адо этиб юришимизни насиб этсин!
Ушбу зикр қилинган нарсалар Закотнинг фарзлигини тан олиб туриб, бермаган кишиларга Ислом дини томонидан белгиланган охират азобларидир.
Закотнинг фарзлигини инкор қилган шахс муртад сифатида нима қилиниши ҳақида аввал батафсил гапириб ўтган эдик.
Ислом дини Закотни бермаганлар учун фақат ухровий жазо белгилаш билан кифояланиб қолмаган. Балки, бу дунёда ҳам уларга қарши чоралар белгилаган. Бу дунёвий уқубатлар ҳам бир неча хил бўлади. Баъзилари Аллоҳ таоло томонидан бало-офотларни ёғдириш орқали бўлади.
Имом Табароний, ал-Ҳоким ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси бир қавм Закотни бермаса, албатта, Аллоҳ уларни қаҳатчиликка гирифтор қилади», деганлар.
Камбағалларнинг ҳаққини паймол қилган ҳар қандай жамият анашу офатга лойиқдир. Оч-наҳор юрган кишиларниг ҳаққини бермаган бойлар ўзлари ҳам қаҳатчиликка учраб, ноилож ҳолга тушишлари, оч-наҳор қолишлари лозим. Ҳозирги кунимизда баъзи юртларда очарчилик-қаҳатчилик бўлиб туриши бежиз эмас экан. Ўша юртларда бўлаётган қаҳатчилик бошқаларга ҳам ўрнак бўлиши керак.
Имом Ибн Можа, Байҳақий, ал-Баззор ва ал-Ҳокимлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Молларининг Закотини бермасалар, албатта, осмондан ёмғир ёғмас», деганлар.
Демак, баъзи юртларда бўлиб турган қурғоқчиликлар ҳам бежиз эмас. Бу ҳодисалар ҳам бева-бечора, камбағал-мискин ларнинг ҳаққини поймол қилган жамиятларда юзага келади.
Имом Бухорий, имом Шофеъий, имом Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси молга садақа-Закот аралашган бўлса, албатта, уни бузади», деганлар. Яъни, Закотини бермаса ҳам, бой бўла туриб Закот олиб молига қўшиб олса ҳам ўша Закот молнинг ҳаммасини ҳалок бўлишига олиб боради.
Тез-тез молу-мулки ҳалокатга учраётган кишиларни кўрганимизда бу иш бекорга бўлмаётганини ўйлаб, хулоса чиқаришимиз, ўзимизнинг молимиз нисобга етса, дарҳол Закотини чиқаришимиз керак.
Шу билан бирга Закотни бермовчиларга шариатимиз томонидан белгиланган жазо ҳам бор. Бу жазо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида ўз аксини топган.
Имом Насаий, имом Аҳмад, имом Абу Довуд ва бошқалар Муовия ибн Хайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким у(Закот)ни ажр тилаб берса, унга ажр бор. Ким уни ман қилса, албатта, биз ҳам унинг молининг ярмини оламиз. Бу Роббимизнинг азиматларидан бир азиматдир. Оли Муҳаммадга ундан бирор нарса ҳалол бўлмас», деганлар.
Ушбу ҳадиси шарифдан қуйидагилар тушунилади:
1. Мусулмон киши молининг Закотини ажру-савобдан умидвор бўлиб бериши керак.
2. Закотини бермаган одамнинг Закоти ва унга қўшимча равишда молининг ярми ҳам Исломий ҳукумат томонидан олиниб, Закотга ҳақдорларга тарқатилади.
3. Закот ёки у сабабли олинган мол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига ҳалол бўлмайди. Шунингдек, Закот олишга ҳаққи йўқ бой кишиларга ҳам ҳалол бўлмайди. Бу мол фақир-фуқаро, бечора камбағалларникидир.
Гоҳида бир-икки киши эмас, бутун бошли қавм, қабила ёки юрт Закотини бермай қўювчи бўлиши ҳам мумкин. Улардан Закотни куч билан олинишига қарши қурол кўтариб чиқишлари ҳам мумкин. У ҳолда қандай чора кўрилади? Бу масалани келаси ҳадис орқали ўрганамиз.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилиб, у зотдан кейин Абу Бакр халифа бўлганида араблардан ким кофир бўлса бўлди. Умар ибн Хаттоб Абу Бакрга: «Қандоқ қилиб одамларга қарши уруш қиласан? Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Токи одамлар «Лаа илаҳа иллаллоҳ» дегунларича уруш қилишга амр қилиндим. Ким уни айтса, шубҳасиз мендан молини ва жонини сақлаган бўлади. Магар ҳаққи билан бўлса, бундан мустасно. Унинг ҳисоби Аллоҳнинг Ўзига», деганларку?!» деди. Абу Бакр: «Аллоҳга қасамки, ким намоз билан Закотнинг орасини фарқласа унга қарши, албатта, уруш қиламан. Чунки Закот молнинг ҳаққидир. Аллоҳга қасамки, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бериб турган бир улоқни ман қилсалар ҳам. Анашу ман қилингани учун, албатта, уларга қарши уруш қиламан», деди. Умар:
«Алоҳга қасамки, бу Аллоҳ Абу Бакрнинг дилини урушга буриб қўйганидан бошқа нарса эмас эди. Мен унинг ҳақ эканини билдим», деди».
 
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилиб У зотдан кейин Абу Бакр халифа бўлганида араблардан ким кофир бўлса бўлди» деган жумлани бир оз шарҳ қилиш керак бўлади. Ўшанда диндан қайтиш бир неча хил бўлган;
Ҳақиқақтан, ўша вақтда баъзи араблар яна буту-санамларга ибодат қилишга, мушрикликка қайтганлар.
Мусайламатул Каззоб, Сажоҳ, Тулайҳа ал-Асадий каби сохта пайғамбарларга эргашганлари ҳам бўлди.
Учинчи бир турлари эса иймон-Исломнинг ҳамма шартларини бажариб туриб, фақат Закот беришдан бош тортдилар. Улар «биз Закотни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берар эдик. Энди, у вафот этди, Закот оладиган одам қолмади», дейишди.
Ҳозирги мавзуимизда бизга айни шулар керак. Ушбу ҳадисимизда ана шулар ҳақида сўз кетмоқда.
Баъзи қабилалар Закот беришдан бош тортишлари билан халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу уларга қарши уруш эълон қилдилар. Халифанинг бу ишига саҳобалардан ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қарши чиқдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ривоятда келтирилган:
«Токи одамлар «Лаа илаҳа иллаллоҳ» дегунларича уруш қилишга амр қилиндим. Ким уни айтса, шубҳҳасиз мендан молини ва жонини сақлаган бўлади», деган ҳадисларини далил қилиб келтирдилар.
«Қандоқ қилиб «Лаа илаҳа иллаллоҳ», деб турган одамларга қарши уруш қиласан?!» дедилар ҳазрати Умар халифа Абу Бакр розияллоҳу анҳуга.
Бунинг устига улар намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳаж қилиб ҳамда яна бошқа ибодат ва амалларни ҳам қилар эдилар, деймиз биз.
Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва бошқа барча саҳобаларнинг бунчалик қаттиқ туришлари бежиз эмас эди. Уларнинг бу борада жуда ҳам кучли далиллари бор эди:
1. Имом Бухорий ва имом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлар ҳаттоки, «Лаа илаҳа иллаллоҳ» ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтиргунларича, намозни қоим қилиб, Закотни бергунларича уларга қарши уруш қилишга амр қилиндим. Агар ўшани қилсалар, мендан қонларини сақлаган бўладилар. Магар Ислом ҳаққи ила бўлса бундан мустасно. Ҳисоблари эса Аллоҳнинг зиммасида», деганлар.
2. Имом Бухорий, имом Муслим ва имом Насаийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлар ҳаттоки «Лаа илаҳа иллаллоҳ» деб шаҳодат келтиргунларича ва менга ҳамда мен келтирган нарсага иймон келтиргунларича уларга қарши уруш қилишга амр қилиндим. Қачон шуни қилсалар, мендан қонлари ва молларини сақлаган бўладилар. Магар ҳаққи билан бўлса бундан мустасно. Ҳисоблари эса Аллоҳнинг зиммасида», деганлар.
3. «Магар ҳаққи билан бўлса бундан мустасно» дейилган жумла ҳазрати Умар далил қилиб келтираётган ҳадисда ҳам бор эди. Закот бермаганларнинг қони тўкилиши ҳақ эканлиги шунга кирар эди.
Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар дарҳол ўз фикрларидан қайтдилар ва кўпчиликнинг фикрига қўшилдилар.
4. Саҳобаларнинг ижмоъи - ҳаммалари бир фикрга келиб қарор қилишлари - жуда ҳам кучли ҳужжатдир.
Шундай қилиб, Ислом тарихида «Ридда урушлари» номли билан машҳур урушлар бошланди. Бу урушларда кўплаб мусулмонларнинг қони тўкилди. Ўша қон тўкилганларнинг баъзилари Закотини бермаганлари учун шу ҳолга тушдилар.
Чунки улар Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига исён қилган эдилар, бева-бечора, фақир-фуқаро ва мискин-камбағалларнинг ҳақларига хиёнат қилган эдилар.
Улар Аллоҳ таоло ўзларига берган неъматнинг шукрини қилмай, омонатга хиёнат қилган эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг қонини тўкиш жоиз кўрилди. Бунга уларнинг ўзлари осийлик тасарруфлари ила сабаб бўлдилар.
Иккинчи томондан чин мусулмон, Ислом умматининг гултожи бўлган кўплаб саҳобий ва тобеъинларнинг қонлари тўкилди. Аммо ҳақ йўлида, миллатнинг бева-бечоларлари, фақир - фуқаролари ҳаққини ҳимоя қилиш йўлида тўкилган қон бекор кетмайди, шон-шараф қони бўлади, деб ҳисобланди. Аллоҳнинг йўлида, ер юзида илоҳий адолатни ўрнатиш йўлида берилган жон ўлган ҳисобланмайди, деб ҳисоб қилинди.
Демак, Ислом Закотни беришдан бош тортган гуруҳларга қарши уруш қилиб бўлса ҳам уни олишга ҳаракат қилди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол Бир кишининг нисобга етадиган маблағи бўлса, лекин қарзи ҳам бўлса, закот берадимиЖавоб Қарзидан ортган моли нисобга етса, ундан закот чиқаради. Қарзлар давоми...

7938 13:58 / 13.06.2018
Закотrdquo сўзи луғатда .орттириш, поклаш, баракот, маъноларини англатади. Дарҳақиқат, закот берганнинг моли покланиб, барака киради. Шаръий истилоҳда моли нисобга давоми...

4866 05:00 / 16.01.2017
Халқимиз маънавий меросининг нодир намунаси .Алпомиш, достонида бойсунлик акаука бийлар Бойбўри билан Бойсарини бир тушунмовчилик билан юз кўрмас бўлиб давоми...

5325 05:00 / 16.01.2017
Қуйида закотга доир замонавий муаммолар бўйича илмий анжуманларнинг фатволаридан намуналар келтириб ўтамиз.1. .Ҳаром мол, ndashэгалик қилиш ёки фойдаланиш шариатда давоми...

4387 12:47 / 12.06.2018