1446 йил 23 жумадис сони | 2024 йил 25 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Закот ва садақа ҳалол бўлган ва бўлмаган кишилар (биринчи мақола)

03:09 / 04 апрель 3588 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

«Албатта, садақалар Аллоҳ томонидан фарз ўлароқ фақирларга, мискинларга, у(закот иши)да ишлайдиганларга, қалблари улфат қилинадиганларга, қуллар(ни озод қилиш)га, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлида ва йўқсил йўлчигагинадир. Аллоҳ ўта билувчи ва ўта ҳикматли Зотдир», деган («Тавба» сураси, 60-оят).

Шарҳ: Ушбу ояти каримада мусулмонларнинг молларидан чиқарилган закотни олишга кимлар ҳақдор эканлиги аниқ баён қилинмоқда. Шунга кўра, зикр қилинган саккиз тоифа закотга ҳақдор ҳисобланади. Уларга бирорта бошқа тоифани қўшиб ҳам бўлмайди, бу тоифалардан бирортасини камайтириб ҳам бўлмайди. Бу ишни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олгандир. Ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу ишга дахл қила олмаганлар ва қилмаганлар ҳам.

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан садақадан (улушни) сўраб келди. Бас, у зот:

«Албатта, Аллоҳ садақаларда Набийнинг ва бошқанинг ҳукмига рози бўлмади. Ҳаттоки у (закот) ҳақида Унинг Ўзи ҳукм қилди. Уни саккиз жузга бўлди. Агар сен ўша жузлардан бўлсанг, ҳақингни берамиз», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: «Агар сен ўша жузлардан бўлсанг…» дегани «Агар Аллоҳ зикр қилган саккиз жузда бўлмасанг, бермаймиз», деганидир.

Тафсилотга киришдан олдин «Аллоҳ нима учун закотни бўлишни Ўз зиммасига олди?» деган савол ҳақида ўйлаб кўрайлик.

Энди тўпланган закотни тақсимлашга келганда бу ишни Аллоҳ Ўз зиммасига олиб, у ҳақда Қуръонда баён қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам, бошқанинг ҳам дахли йўқ бўлиб турибди. Нима учун?

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, қачон, қаерда бўлсин, закотни жамлашда ихтилоф, келишмовчилик йўқ. Ҳамма чекига тушган улушни бераверади. Аммо тўпланган молни бўлиш мушкул масала. Ҳамма уруш-жанжал шу ерда чиқади. Ҳар ким ўзини мазлум сезади. Улуш тегмай қолганлар у ёқда турсин, улуш текканлар ҳам «менга оз тегди» дейишга ўтади.

Бошқаларни қўйиб туриб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларига назар солсак, у зот мол бўлганларида келиб, ёқаларидан олиб, «Аллоҳдан қўрқ! Адолат қилмадинг!» деганлар бўлган.

Шунинг учун ҳам закотни бўлишни Аллоҳ Ўз зиммасига олган. Энг адолатли тақсимлаш, энг тўғри бўлиш – шу! Бу бўлишдан ҳеч ким норози бўла олмайди. Чунки агар норози бўлса, у ноҳақ бўлади. Исён қилгани учун кофир бўлади. Мана, кўрдингизми, нима учун закот бўлишни Аллоҳ таолонинг Ўзи зиммасига олган!

Энди закотга ҳақдор мазкур саккиз тоифа ила ояти каримада келган тартибда танишамиз. Улар кимлар? Закот олишга қай тарзда ҳақдор бўладилар? Закотдан қанча оладилар? Шу ва шунга ўхшаш масалаларнинг ечимини топишга ҳаракат қиламиз.

Фақир ва мискинлар тоифаси

Бу икки тоифа бир-бирига жуда яқин, қоришиб кетган, ҳатто баъзи вақтларда уларни ажратиш ҳам мушкул. Шу боис уларни бир жойга жам қилдик.

Фиқҳ уламолари бу масалада турли гаплар айтиб, ҳукмлар чиқарганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамларнинг орасида айланиб юрса, бир луқма, икки луқма ёки бир хурмо, икки хурмо уни қайтарадиган киши мискин эмас. Балки мискин – ўзини беҳожат қиладиган бойлик топа олмаган, эътибор қаратиб, садақа қилинмайдиган, ўзи туриб бориб, одамлардан сўрамайдиган кишидир», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон киши ноилож ҳолда мискинликка учраб қолганида ҳам ўзини қандай тутиши лозимлигини баён қилмоқдалар.

Аслида мусулмон одам мискин, фақир-камбағал бўлиши керак эмас. Қўлидан келган барча ҳалол имкониятларни ишга солиб, ўзини ўзи таъминлаб, фаровон турмуш кечиришга интилиши лозим. Бу мусулмонга фарз. Аммо дунё бир хил турмайди, турли ҳодисалар рўй беради, инсон хоҳлаган нарса бўлавермайди. Ана шу сабабга кўра танг ҳолатга тушиб қолган мусулмон ҳам ўзини бардам тутиши керак. Одамлар унинг бу ҳолини билиб қолмаслиги лозим. Дарҳол бировлардан ёрдам, садақа сўрашга шошилиш яхши эмас. Ўзини ана шундай тутган одам мискин бўлади.

Аслида бошқа мусулмонлар уларни қидириб топишлари, закотга ҳақдор санаб, ҳақларини топширишлари лозим.

Одамлардан хиралик ила нарса сўраб юриш, бир-икки луқма учун ҳам тиланишдан қайтмаслик тиланчининг иши. Тиланчилик эса мусулмонликда қоралангандир. Тиланчи шу йўл билан ҳожатини чиқарса, мискин ўзи сўрамаса ҳам кишилар унинг ҳолидан хабардор бўлиб турадилар.

Ҳанафий мазҳаби таърифида мискин ҳеч нарсаси йўқ, фақир эса баъзи нарсалари бор-у, лекин моли шаръий нисобга етмаган одамдир. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, закот бериши вожиб бўлмаган одамдир.

Бир одамнинг маскани ва мол-мулки бўлса-ю, бироқ ундан келадиган даромад бу кишининг харажатини қоплай олмаса, бундай одам бой ҳисобланмай, закотга ҳақдор бўлиб тураверади. Қолаверса, ўзига етарли кийимлари, ҳайитда киядиган охорли кийимлари, ҳунар асбоблари, китоб­лари, аёлларида ўзига яраша тақинчоқлари бўлган киши ҳам бой ҳисобланмайди.

Бир одамнинг моли бўлса-ю, ундан фойдаланиш йўлида тўсиқ бўлиб, оғир аҳволда қолса, мискин-фақир саналиб, улар закотнинг мискин ва фақирларга ажратилган улушига ҳақдор ҳисобланадилар.

Закот олиши мумкин бўлмаган кишилар

1. Бой одам закотнинг мискин ва фақирларга ажратилган улушидан олиши мумкин эмас.

Ҳанафий мазҳаби бўйича бой икки хил бўлади:

Қайси турдаги молдан бўлса ҳам нисобга етган моли бор одам.

Закот чиқарилмайдиган моллардан ҳожатига етарли миқдорга эга бўлган одам.

Бошқа мазҳабларда «Ўзига кифоя қилгудек моли бор, муҳтожлиги йўқ бўлган одамнинг закот олиши ҳаром», дейилади.

Бунга қуйидаги ҳадисни далил ҳам қиладилар.

Қобийса ибн Мухориқ ас-Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир (пул) юкини зиммамга олдим-да, унда ёрдам сўраб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим. У зот:

«Токи бизга садақа келгунча туриб тур, ундан сенга ҳам беришни амр қилурмиз», дедилар. Сўнгра:

«Эй Қобийса, сўраш фақатгина уч ҳолатда ҳалол бўлади, холос.

Бир киши (пул) юкини зиммасига олган бўлса, унинг учун ўша нарсани топгунча сўраш ҳалол бўлади. Сўнгра ўзини тияди.

Бир кишига офат етиб, молини ҳалок қилса, унга яшашига етгудек (ёки яшашига кифоя қилгудек) сўраш ҳалол бўлади.

Бир кишига қаттиқ фақирлик етса-ю, унинг қавмидан ўткир ақлли уч киши «Фалончига қаттиқ фақирлик етди» деса, ўша одамга яшашига етгудек (ёки кифоя қилгудек) сўраш ҳалол бўлади.

Сўрашнинг булардан бошқаси эса, Эй Қобийса, ҳаромдир. Эгаси уни ҳаром ейди», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ҳадисда икки марта такрорланган «(пул) юкини зиммага олдим» деган иборани бир оз шарҳ қилишга тўғри келади. Бу маъно араб тилида «ҳаммола» дейилади. Икки уришиб қолган, пул маъносида келишолмай турган тарафни яраштириб юбориш учун бошқа бир киши томонидан: «Сизлар ярашинглар, пулни мен тўлайман», деб, пул тўлаш масъулиятини ўз бўйнига олишга «ҳаммола» дейилади.

Ушбу ривоят эгаси Қобийса ибн Мухориқ ас-Сақафий розияллоҳу анҳу ҳам шундай қилиб, зиммаларига пул юкини олганлар. Бу юкни адо этишда ёрдам сўраб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганлар. У зот закотга олинган моллардан келиб қолса, ёрдам беришни ваъда қилганлар. Шу билан бирга, шунга ўхшаш закот олишга, ёрдам сўраб келишга ҳақли бўлган яна икки тоифани ҳам айтиб берганлар.

Бирор офат етганлиги сабабли мол-мулки ҳалокатга учраган кишилар ҳам турмуш харажатларига яраша олсалар, ҳалол экан. Турли сабабларга кўра қаттиқ фақирликка учраган киши ҳам, уни танийдиган уч киши гувоҳлик берса, закот маблағидан олса бўлар экан.

Жумҳур уламолар бу ҳадисни келтириш билан ҳожати йўқ одам закот олмаслиги керак, демоқчи бўладилар. Бу билан «Моли нисобга етмаса, олса бўлаверади», деган Ҳанафийларга қарши далил келтирадилар. Аслида эса ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ.

Ҳанафийлар «Закотга биринчи навбатда энг муҳтожлар ҳақли», дейдилар. Агар улар бўлмаса ёки улардан ортиб қолса, моли нисобга етмаганлар ҳам олса бўлади. Лекин бойлар олиши мумкин эмаслигига шубҳа йўқ.

2. Касб қилишга қодир, соғлом кишига ҳам закот молидан олиш тўғри келмайди.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй иймон келтирганлар Сизга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан на олдисотди, на ошнаоғайничилик ва на шафоатчилик йўқ Кун келмасидан олдин инфоқ қилинг. Ва давоми...

7935 16:32 / 30.01.2018
Ийд намозларини ўқиш дуруст ва вожиб бўлиши учун жума намозининг шартлари унда ҳам топилиши лозимдир. Фақат иккита амалда жума намозидаги шартларга хилоф давоми...

4385 05:00 / 14.01.2017
Бизнинг диёрларимизга Аллоҳ турфа хил неъматлар ато этган баланд тоғлар, серсув дарёлар, бепоён қирадрлар, довдарахт, мевачева, турлитурли сабзавотлар... Бу давоми...

2367 12:00 / 03.05.2021
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким бир увқия қийматида моли бўлатуриб сўраса, хиралик қилган бўлади,, дедилар,. давоми...

5646 05:00 / 16.01.2017