1447 йил 5 ражаб | 2025 йил 25 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Салафларга эргашишга ҳақли зотлар

13:16 / 23 март 1025 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги кунда мазҳабларга эргашишдан бош тортиб, энг олим, энг салоҳиятли уламоларга қулоқ тутиш ўрнига, янги чиққан «уламо»ларга эргашиб, шулар бизга Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқариб беришади, деб даъво қиладиганлар чиқяпти. Ҳолбуки, уларнинг бирортасида ҳам ижтиҳод қилиб, ҳукм чиқарадиган усули йўқ, яъни ҳеч бири ижтиҳод даражасига етмаган. Демак, бундан чиқди, улар саҳобаларга ҳам хилоф қилишади. Зеро, саҳобалар ораларидаги энг салоҳиятлиларга тақлид қилишарди. Яна булар, айниқса ташаддудчилар: «Биз салафлар юрган йўлдан юрамиз», деб даъво қилишади. Биз уларга айтамизки: «Бу гапингиз ёлғон, бу қуруқ шиорнинг ўзи, холос!» Улар бу ёлғонни ўзининг гапини тарқатиш, ўзининг гапларини безаш, қилмишларини яшириш учун тўқиб чиқаришган.

Уларнинг гапи ёлғонлигини қаердан биламиз? Улар тақлид қилаётган шахслар бугунги кунда тирик одамлар, баъзилари бир неча йил олдин вафот этган, қолганлари тирик, баъзилари интернетда чиқишлар қилиб туришади. Улар энг узоғи 15-20 йил олдин вафот этган одамларга тақлид қилишяпти. Биз уларга айтамизки, «Қандай қилиб салафларга эргашамиз, дейсизлар, ахир сизлар тақлид қилаётган одамлар тирик-ку? «Фалончи шайх ундай деди, бундай деди», деяпсизлар, уларнинг фатволарини татбиқ қиляпсизлар-ку? Бу уларга қарши биринчи ҳужжат.

Иккинчидан, сизлар эргашишни даъво қиладиган салафлар сон-саноқсиз саҳобалардан иборат. Тўғри, мужтаҳид саҳобалар йигирматадан ошмаган, деймиз. Тобеъинлар орасида эса мужтаҳидлар жуда кўп бўлган, чунки у пайтда муфтий ҳам, қози ҳам, муаллим ҳам мужтаҳид бўлган. Улардан кейинги табақаларда ҳам мужтаҳидлар кўп бўлган. Энди «Мен салафларга эргашаман», дейдиганларга савол: уларнинг айнан қай бирига эргашасиз? Ҳам саҳобалар, ҳам тобеъинлар, ҳам улардан кейинги имомларнинг ҳаммасига бир вақтнинг ўзида баравар эргашса бўладими? Йўқ, бунинг иложи йўқ. «Кимга эргашасиз?» десангиз, «Салафларга эргашамиз», деб туриб олишади. Бу ғирт ёлғон, алдов гап. «Салафларга эргашамиз», дейилишга энг ҳақли зотлар – Аҳли сунна вал жамоадир, тўрт фиқҳий мазҳаб соҳибларидир. Масалан, мен ҳанафий мазҳабидаман, салафларга эргашаман. Қайси салафларга эргашаман? Кўфа салафларига эргашаман. Кўфада 1500 та саҳобий яшаган, улардан 70 таси Бадрда иштирок этган саҳобалар эди. Ана шу зотларнинг гаплари, ижтиҳодлари қайта-қайта ўрганилиб, таҳрир қилиниб, «Ҳанафий мазҳаби» деган мазҳабга тўпланган.

Ёки мен «моликий мазҳабидаман» десам, демак, бундан келиб чиқадики, мен Мадина салафларига эргашаётган бўламан, уларнинг гаплари тадқиқ ва таҳрир қилиниб, натижада моликий мазҳабидаги мўътабар гапларга айланган. Демак, фиқҳий мазҳаблар ҳақиқатан ҳам бизларни салафларга, уларнинг мактабига эргашишга, тақлид қилишга олиб борар экан.

Лекин манави «Салафларга эргашамиз», деб даъво қилаётган кимсалар салафларнинг шунча гаплари ичидан ўзига ёққанини, ўзига тўғри келиб қолганини олаверишади. Масалан, салафлар, саҳобалар ижмоъ қилган масалалардан бири – таровеҳда йигирма ракъат намоз ўқиш. Уларга буни айтсангиз, «Йўқ, биз суннатни тарк қилмаймиз», дейишади. Демак, салафлар бу масалада адашган, хато қилган экан-да? Бошқа масалаларда ҳам худди шу аҳвол.

Мисол учун, ҳоиза аёлга Қуръонни ушлашни тақиқлаш, Қуръон қироатидан кейин «Содақоллоҳул азийм», дейиш масаласи. Улар буни бидъат дейишади. Лекин «Буни Усмон розияллоҳу анҳу айтганлар-ку» десангиз, «Бизга Усмоннинг гапи керакмас, биз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини оламиз», дейишади. Мазҳабни инкор қилувчилардан бири интернетга чиқиб, шундай сурбетликкача борган. Унга: «Таровеҳда 20 ракъат намоз ўқиймизми, йўқми?» деб савол берилган эди, у: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саккиз ракъат деганлар, Умар йигирма ракъат деган. Кимнинг гапини оласан?» деб жавоб берган.

Кўряпсизми, ҳатто саҳобанинг ҳам ҳурмати йўқ. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан шу саволни сўрашганда, у зот: «Умар розияллоҳу анҳу буни ўзларидан тўқиб чиқармаганлар. Бу гап Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидан олинган», деб жавоб берганлар.

Қаранг, мутлақ мужтаҳид бўлган зот масалани қандай тушуняпти-ю, мана бунга ўхшаганлар одамларни қандай адаштиряпти! Улар даъват қиладиган бошқа масалалар ҳам шундай. Мисол учун, тавассулни (васила қилишни) олайлик. Саҳобалар васила қилишган, бу ҳақда ҳадис ҳам ворид бўлган. Хўш, нега энди «Салафларга эргашаман», деб туриб, «Тавассул йўқ», дейсан? Демак, улар жар солаётган «Биз салафларга эргашамиз, салафларга тақлид қиламиз», деган даъво ўзининг бузуқ фикрини ёйиш учун дастак сифатида ишлатиладиган жимжимадор шиор, холос. Аслида эса салафларга эргашиш деган номга фақат Аҳли сунна вал жамоага эргашувчилар лойиқ. Мазҳаб соҳиблари фазилатли асрларда яшаб ўтгани, ўзлари ҳам салафлардан бўлгани сўзимизнинг исботидир. Уларнинг мазҳаби бевосита саҳобаларнинг, тобеъинларнинг таъсирида шаклланган, илмий услубда уларга ўтиб келган.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли рухсати асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Али р.а. ҳақларида икки тоифа ҳалок бўлди ҳаддан ташқари яхши кўрувчи ва ҳаддан ташқари ғазабланувчи,. Бу ҳақ ndash рост калималар Абу Ҳанифага Аллоҳ у кишини Ўз давоми...

4339 15:32 / 28.03.2017
МУРЖИЪИЙЛАРНИНГ ДАСТЛАБКИ ХИЗМАТЛАРИАбу Ҳанифа таълимоти ҳеч қаерда Эроннинг шимолишарқий ҳудудларидагидек Хуросон ва Мовароуннаҳр назарда тутилмоқда таҳр. ҳ. давоми...

5152 16:08 / 28.03.2017
Китоблардаги Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳга нисбатан айтилган таъналар қаердан пайдо бўлди Аввалги маълумотларимизда айтганимиздек, булар баъзи ақийдавий ёки давоми...

652 13:01 / 23 август
Ҳанафийлик мазҳаби уламолари мазкур мазҳаб фиқҳидаги китобларнинг даражаларини ривоят қуввати, келтирилган масалалар кучи ҳамда муаллифнинг илмий салоҳиятига давоми...

4764 16:11 / 28.03.2017
Видеолар

975 16:41 / 19 декабрь
Аудиолар

216579 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

135741 14:35 / 11.08.2021