Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Инсон ўз ҳаёти давомида нималар билан шуғулланиб, вақтини нималарга сарфлайди? Эринмаган француз олимлари шуни ҳам ҳисоблаб чиқишибди. Уларнинг маълумотларига кўра, етмиш йил яшаган ўртача овруполик бутун умрининг 30 йилини оёқда тик туриб, 23 йилини ётиб, 17 йилини ўтириб (турмада эмас, бирор нарсада), 16 йилини юриб ўтказар экан. Яна у 8-9 йилни ишхонада ишлашга, 6-7 йилини овқатланишга, ишхонасининг узоқ-яқинлигига қараб 3-6 йилини транспортда юришга, 2 йилини суҳбатлашишга, 6 йилини телевизор кўришга, 560 кеча-кундузни овқат тайёрлашга, 945 кунни бетобликка, 305 кеча-кундузни турли анкеталар тўлғазишга, 250 кеча-кундузни китоб, газет, журнал ўқишга, 180 кеча-кундузни телефонда гаплашишга «қурбон қилиб» юборар экан. Яна бир қизиқ далил: кийинишга эркаклар – 117, аёллар – 531 кеча-кундуз сарфлашади. Аёллар 140 кеча-кундуз (сутка)ни навбатда туришга, эркаклар эса шунча вақтни соқол олишга ишлатишади. Ванна, душ қилишга эркаклар 117 сутка, аёллар эса 531 сутка вақт кетказишади. Яна овруполикларнинг 110 суткаси эр-хотинликка, 50 суткаси йиғлашга, 623 куни кулишга кетаркан. Шунақа қилиб, шоир айтганидай умринг тугаганини ҳам сезмай қоларкансан. Агар инсон етмиш йил умр кўрса, бу 25 минг кундан кўпроқ бўлади. Шундан 8000 куни – уйқуга, 1500 куни – овқатланишга, 1000 куни – транспортда юришга, 9000 куни иш ва ўқишга сарфланса, 900 кун меҳнат таътилига кетаркан. Булар-ку майли, чунки инсон дунё ҳаётидаги умрини яшаш учун ана шу эҳтиёжларга вақт сарфлашга мажбур. Мени бошқа бир нарса ўйлантиради. Аллоҳ таолонинг инсонни яратишдан асл муроди шу эдики, бандалар Унинг Ўзига ибодат қилишлари, Унинг амрларини адо этиб, розилигини топишлари керак эди. Бутун умрини деярли ўзининг манфаат ва ташвишларига харжлаб юборувчи инсон яратган Парвардигорининг буюрганларини бажаришга қанча вақт қолдираркину қаердан вақт топаркин? Айниқса ҳозирга келиб инсон вақтини совуришда исрофгарларнинг исрофгарига айланган бир шароитда бандалик қилишга фурсат топа олармикин? Бир китобда ушбу жумлаларни ўқиган эдим: «Фалак ва Ер тиним билмай айланар экан, инсонлар ҳолати ҳам енгиллик ва қийинчилик, бойлик ва камбағаллик, саломатлик ва хасталик, хурсандчилик ва маҳзунлик, машаққат ва роҳат орасида айланавера ди. Ушбулар оқил кишиларга бир дарс, қалби борларга панду насиҳат, кўзи очиқларга ибратдир. Аммо ақл эгалари тафаккурдан, қалб соҳиблари шуурдан, кўз эгалари ибрат назаридан маҳрум бўлсалар, улар учун кеча ва кундузнинг алмашинуви ҳеч қандай маъно касб этмайди». Ўтган вақт асло ортга қайтмайди, бир-бири билан алмашмайди ҳам. Агар бир ишни, юмушни режалаган бўлсангизу вақтида қила олмасангиз, демак бугунингизни бой бердингиз. Жуда кўп кексаларни кўрдик: «эссизгина умр-а, ёшлик йилларимни фойдали машғулотларга сарфламай, савобли, хайрли ишларни қилмай ўтказиб юборибман», деб афсус-нолага ғарқ бўлган. Жуда кўп инсонларни кўрдик: «қанийди умр бошқатдан берилганида манави хатоларимни, гуноҳларимни такрорламаган бўлар эдим», дея надомат оҳларига ўралашган. Айни пайтда жуда кўп ёшларни кўрдик: «ҳозир ёшман, вақт борида ўйнаб-кулиб қолай, ҳали олдинда қанча йиллар бор-ку», дея бепарволик булоқларидан сув ичиб юрган. Қанча инсонларни кўрдик: «ҳозир мол-дунё топиб олай, муҳташам уйлар қуриб олай, савобли ишларни нафақага чиққанда қиларман», дея ғафлат дарёсида сузган. Вақтининг қадрига етмаганлар, уни беҳуда совурганлар вақтнинг ёлланма қотилларидир. Дунёнинг бир еридаги кишилар ҳар бир дақиқасининг ҳисобини юритиб, дунё ҳаётида хайрли, эзгу ишларга кўпроқ улгуриб қолишга тиришиб ётган бир пайтда дунёнинг бошқа бир бурчагида кимлардир уни ҳавога совуриш, ҳар кунини қатл қилиш билан овора. Мол-дунёсини совурган одамни кечирса бўлар, аммо вақтини совурган кимсани асло кечириб бўлмас. Молини исроф қилган кишидан кўра бебаҳо вақтини исроф қилган киши жазога лойиқроқдир.
Онлайн «Ҳилол» журнали ҳижрий 1934 йил 9-сон.
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 4 мартдаги 03-07/1462-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.