1446 йил 27 шаввол | 2025 йил 25 апрель, жума
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Абу Ҳанифа ва ижтиҳод

13:44 / 17 март 589 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ баъзи масалаларда ўзидан олдингиларга тақлид қилганмилар ёки йўқми?

Бу саволга жавоб шуки, у зот нима деган бўлсалар, ўз ижтиҳодлари билан гапирганлар, аммо у зот айтган гапларни аввал ҳам бошқалар айтган. Мисол учун, у зотнинг гаплари Иброҳим Нахаъийнинг гаплари билан 84 фоиз бир хил чиқади. Лекин бу Нахаъийга тақлид қилдилар дегани эмас, шунчаки ижтиҳодлари Нахаъий роҳимаҳуллоҳникига мувофиқ келган бўлади. «Нега икковларининг ижтиҳоди бир хил чиқиб қолди, нега алоҳида гаплари йўқ?» десангиз, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ Нахаъий, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуларнинг мадрасасида ўсиб, тарбия топган, деймиз. Усулларидаги ўхшашликнинг сабаби ҳам шу. Демак, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ Қуръон ва ҳадисга биноан ўзлари ижтиҳод қилганлар, фатволаридаги ўхшашлик эса устозларидан таъсирланганлари туфайли бўлган. Ўзлари ўқиб-ўсган мадрасадан таъсирланишлари эса табиий ҳолат.

Энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларидан саҳобалар замонига ўтайлик. Маълумки, саҳобалар салафларнинг энг олий табақаси ҳисобланадилар. Биз бундан олдин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларидаги саҳобаларнинг ижтиҳоди, унинг қандай кўринишда бўлгани ҳақида гаплашдик. Энди эса бу ижтиҳод фақат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларига чекланиб қолмаганини, ундан кейин ҳам давом этганини исботлаймиз.

Тарихга назар солсак, саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Муоз розияллоҳу анҳунинг ҳадисига кўра иш тутганини, ҳукм чиқаришда аввал Қуръонга, Қуръондан топмасалар, Суннатга, Суннатдан ҳам топмасалар, ижтиҳодга таянганларини кўрамиз. Биз буни саҳобалардан қилинган кўплаб осорлардан топдик, ҳозир улардан биттасини эътиборингизга ҳавола этамиз. Шунда саҳобалар ҳукм чиқаришда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган услубга содиқ қолгани намоён бўлади:

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга ёзган мактублари: «Қуръон ва Суннатда келмаган, қалбингда хавотир туғдирган, сени ўйлантирган ишларни яхшилаб фаҳмлагин, ўхшаш нарсалар ва мисолларни билиб, ишларни шунга кўра қиёслагин». Демак, Умар розияллоҳу анҳу аввало Қуръон ва Суннатга кўра ҳукм чиқаришни, улардан топилмаса, ижтиҳод ва қиёсга ўтишни кўрсатма берганлар.

Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатиб берган мана шу усулга саҳобалар даврида ҳам амал қилинган, тўрт мазҳаб имомлари ҳам айнан шу манҳажни, шу йўлни тутганлар, бу қоидага ўзгариш киритмаганлар.

Саҳобалар ҳам ўз даврида ораларидаги энг илмли, энг салоҳиятли зотларга тақлид қилишган. Тарихда саҳобаларнинг энг билимли одам турганда, ундан пастроғининг фикрини олмаганига далолат қиладиган бир қанча далиллар бор. Ахир бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Менинг суннатимни ва мендан кейинги рошид халифаларнинг суннатини маҳкам тутинглар», деган ҳадислари очиқдан-очиқ далолат қилиб турибди-ку!

Бундан энг кучли, энг етук олимларга эргашинглар, деган хулоса келиб чиқади. Бу борада энг улуғ саҳобалар ким? Албатта, халифалар. Бу кимнинг кўрсатмаси? Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга бир масала рўбарў келса, «Мен Абу Бакр гапирган масалада янги гап айтишдан ҳаё қиламан», деганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳулардан ҳам шунга ўхшаш гаплар ривоят қилинган. Мен мана шу мисолларни айтиш билан кифояланаман.

Нима учун биз айнан имом Абу Ҳанифа, имом Шофеъий, имом Молик ва имом Аҳмадларнинг мазҳабига юрдик? Нега уларга тақлид қилдик? Чунки у замонда мужтаҳидлар кўп бўлган, лекин булар ўша даврнинг энг олий даражадаги уламоларидан, мужтаҳидларидан бўлишган. Аҳли сунна вал жамоа маслагида юрувчилар ҳар қандай ижтиҳодга ҳам эргашиб кетаверишмайди, балки энг олий, энг салоҳиятли, энг афзал ижтиҳодга эргашишга интилишади. Шунинг учун уларнинг Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ мазҳабига эргашганини кўрасиз.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли рухсати асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи алоҳида катта фиқҳий китоб таълиф қилмаганлар. Баъзи бир .алФиқҳул Акбар,, .алОлим вал Мутааллим,, Усмон алБаттийга ёзган рисола ва давоми...

2983 16:10 / 28.03.2017
.hellipҲақиқатни айтганда, динда иқтидо қилинадиган имомларнинг барчаси мустақийм ҳидоятдадирлар. Бир юртда улардан қай бирларининг мазҳаби тарқалган бўлса ва давоми...

5669 09:49 / 29.03.2017
Фиқҳни ўрганишndashбу Аҳли сунна манҳажини ёки динимизни ўрганишдир, дейилса, кишининг хаёлига .Ўзи дин нима учун керак,, .Нима учун унга бунчалик эътибор қаратамиз,, давоми...

1357 11:46 / 19.10.2024
.Фиқҳ, сўзи .фаҳмлаш,, .англаш, деган маънони билдиради. Бу ерда .фаҳм, сўзи жуда муҳим, чунки юқорида айтиб ўтганимиздек, Аҳли суннани бошқалардан ажратиб турган давоми...

800 16:50 / 14.12.2024