1447 йил 24 жумадул аввал | 2025 йил 15 ноябрь, шанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Ижтиҳоднинг босқичлари

13:52 / 20 июль 631 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги кундаги ижтиҳод қилишга журъат қилаётганлар эса «Ижтиҳодга ҳамма ҳам муяссар бўлаверади», деб юришибди. Ҳатто баъзи оми кишилар ҳам «Уламоларга эҳтиёжимиз йўқ», деб юришибди. «Сен Қуръон ва Суннатни ўзинг ўқиб, ўзингга ҳукм чиқариб олишинг керак», дейишяпти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минглаб саҳобалар ичидан танлаб, тарбиялаган йигирмата ҳам чиқмайдиган зотлар қаерда-ю, дуч келган илмсиз кишининг Қуръон ва Суннатга бевосита мурожаат қилиши қаерда?!

Демак, мутлақ мужтаҳидлар усулул-фиқҳ ёрдамида Қуръон ва Суннатдан қоидалар чиқаришган. Бу қоидалар тўрт аср давомида ишлаб чиқилгач, мазҳаб ичида ижтиҳод қилиш босқичи бошланган. Мазҳаб ичида ижтиҳод қилиш – юқоридаги қоидалар асосида масалалар чиқаришдир. Ислом умматининг тарихи мобайнида ижтиҳод бир босқичдан иккинчи босқичга ўтганининг сабаби шудир.

Тахриж ҳақида аввал ҳам айтган эдик. Тахриж – қоидалар асосида масалаларни чиқаришдир. Буни мутлақ мужтаҳид ҳам, ундан кейин келган уламолар ҳам қила олади. Айни пайтда бу ягона илмий ва саҳиҳ йўл бўлиб, Аҳли сунна уламолари замонлар оша шу ишнинг устида бўлишган. Улар юзага келган янги ҳукмларни билишда мутлақ мужтаҳид ишлаб чиққан қоидаларга мурожаат қилишган, Қуръон ва Суннатга тўғридан-тўғри мурожаат қилишмаган, чунки уларгача Қуръон ва Суннатдан чиқариб олинган қоидалар мукаммал кўриниш касб этиб бўлган. Бу қоидалар керакмас, дейишга ҳеч қандай сабаб йўқ эди. Қоидаларнинг ҳаммаси ишлаб чиқилган, энди фақат ўша қоидаларга мурожаат қилиш қолган эди, холос. Бу ҳолат фақат диний илмлар, хусусан, фиқҳ илми доирасидагина эмас, балки дунёдаги барча илмлар доирасида ҳам шундай эди.

Қоидалардан иборат улкан бир мажмуага асос солинган бўлиб, бошқа барча нарсалар мана шу қоидалар устига бино қилинар эди. Шариат илмлари танг аҳволга келиб қолди, бугунги кунда барча томонидан таслим бўлинган, эътироф қилинган илмлар ҳам оғир аҳволда қолди. Шундай экан, ушбу маълумотга ишонсак ва у қалбимиздан чуқур ўрин олса, барча мусулмонлар орасида, жумладан, мазкур мусулмон жамоалар орасида ҳам бу ишонч тарқалса; барча биргаликда аввал асл қоидаларни билиб, шундан кейингина қоидалар асосида ҳукм чиқариш учун шариат илмларини ўрганишга юзланса; тўрт мазҳабдан бирининг фиқҳини ўрганишга юзланса, – чунки тўрт мазҳабнинг ҳар бири ўз қоидаларини ишлаб чиққан, – исломий жамоаларнинг барчаси бор кучини мазҳабларни ўрганишга, сўнг ишини мазҳаб асосида олиб бориш ва ҳукмларни мазҳабдан олишга сарфласа, бу ҳаракатларнинг самараси жуда гўзал ва мукаммал бўлар эди. Натижада бугунги катта-катта муаммолар ва чалғитишлар ўрнида улкан ва муҳим ўзгаришлар юз берган бўлар эди.

Демак, билишимиз керак бўлган муҳим маълумот шу эканки, ижтиҳоднинг ягона, бирдан-бир йўли – қоидалар асосида бўлиши экан. Ижтиҳод ниҳоясига етишини тасаввур қилиш мумкин эмас. Ҳар замоннинг ўз мужтаҳидлари чиқиши мумкин, фақат улар қиладиган ижтиҳод мазҳаб ичидаги ижтиҳод бўлади.

Тарихимизда ижтиҳоднинг босқичлари учта, асл моҳияти эътиборидан эса иккита эканини билдик:

Биринчи – Қуръон ва Суннатдан қоидалар келтириб чиқариш, яъни мутлақ ижтиҳод;

Иккинчи – мутлақ мужтаҳид томонидан мазкур қоидалар асосида ҳукмлар чиқарилиши.

Учинчи – қоидалар асосида мазҳаб доирасидаги ижтиҳод, яъни ҳукмлар чиқариш.

Асл моҳияти эътиборидан қараганда:

Биринчи – Қуръон ва Суннатдан қоидалар келтириб чиқариш, яъни мутлақ ижтиҳод; мутлақ мужтаҳид томонидан мазкур қоидалар асосида ҳукмлар чиқариш.

Иккинчи – қоидалар асосида мазҳаб доирасидаги ижтиҳод, яъни ҳукмлар чиқариш.

Ижтиҳоднинг шундан бошқа кўриниши йўқ. Демак, ижтиҳод – Қуръон ва Суннатдан қоидалар чиқариб, ҳукмларни шу қоидалар асосида бино қилиш ёки шу қоидалар асосида ҳукмларни чиқариш экан. Ушбу икки босқич ўртасида унисини ҳам, бунисини ҳам қилган зотлар бўлишган.

Юқорида айтиб ўтилган мутлақ мужтаҳидлар табақаси яшаган дастлабки икки юз йилликни «Қуръон ва Суннатдан мутлақ ижтиҳод қилиш босқичи» деб атаймиз. Кейинги учинчи ва тўртинчи юз йилликни «Нисбат ижтиҳоди», яъни «мазҳабга нисбат бериш босқичи» деб номлаймиз. Ушбу иккинчи босқичдаги зотлар қоидалар асосида ҳукмларни ишлаб чиққанлар. Шунингдек, улар Қуръон ва Суннатдан ҳам қоидалар ишлаб чиқишган, аммо бу жуда оз бўлиб, уч ёки беш фоиз (юздан уч ёки юздан беш миқдорда) бўлган. Учинчи босқич эса тўртинчи юз йилликдан кейин Қиёматга қадар давом этадиган босқич бўлиб, «Қоидалар асосида ҳукм чиқариш босқичи»дир.

Демак, ижтиҳод аслида икки хил экан: мутлақ ижтиҳод ва мазҳаб ичидаги ижтиҳод. Бироқ амалий воқеликда уч хил, яъни мутлақ ижтиҳод, нисбат ижтиҳоди ва мазҳаб ичидаги ижтиҳод бўлар экан.

Нисбат ижтиҳоди – ҳукм чиқаришда асл қоидаларга таяниш бўлиб, учинчи ва тўртинчи аср уламолари қилган ишнинг тўқсон беш ёки тўқсон фоизидир. Бу ишларнинг қолган уч, тўрт ёки беш фоизи эса Қуръон ва Суннатга мурожаат қилиб, қоидалар ишлаб чиқиш босқичини тўлдириб қўйишдан иборат бўлган. Тўртинчи асрдан кейин эса барча иш мазҳаб доирасидаги ижтиҳодга айланган. Шунинг учун ижтиҳод босқичи учта – мутлақ, нисбий ва мазҳаб доирасидаги ижтиҳодга ажратиляпти. Мазҳаб доирасидаги ижтиҳоднинг ҳам бир нечта табақалари бор.

Энди мужтаҳидларнинг вазифаларига қайтайлик. Юқорида мужтаҳидларнинг бешта вазифаси борлигини айтиб ўтган эдик.

1. Истинбот, яъни қоидаларни ишлаб чиқиш.

2. Тахриж, яъни қоидалар асосида масалаларни чиқариш (қоидага асосланмай туриб масалани чиқаришнинг ҳеч бир имкони йўқ, чунки масала бевосита Қуръон ва Суннатдан олинмайди. Тўғри, умуман олганда, Қуръон ва Суннатдан олинади, аммо бу борада бирор қоидага асосланилади).

3. Таржиҳ.

4. Тамйиз.

5. Тақрир.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одамлар орасида, жамоат намозларида баъзи бировларнинг имомнинг орқасида туриб сураи фотиҳа ўқиётганини кўрамиз. Имомга иқтидо қилган одам қироат қиладими давоми...

6855 16:15 / 28.03.2017
.Саҳобалар ҳақида гумон қилган одам, яъни саҳобалар суннатга амал қилмаган, деб гумон қилган одам динида шак қилган бўлади,. Ким саҳобаларга суннатга амал қилмади, давоми...

493 14:32 / 05 октябрь
Диннинг Жаброил алайҳиссалом ҳадисида зикр қилинган асосий уч қисмига биноан, унинг ҳукмларининг ҳам учга бўлиниши собит ҳақиқатдир.1. Мўминмусулмон банданинг давоми...

5472 20:23 / 24.04.2018
Ривоятларда келишича, Кўфада Алий ибн Абу Толиб ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо билан бирга Бадрда қатнашган 70 та саҳобий яшаган, улардан ташқари яна 1500 та саҳоба давоми...

996 10:45 / 01 июнь