1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Икки қўлни кўтариш ва такбирлар ҳақида

05:00 / 04.01.2017 7412 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозни такбир ила очганларини, такбир айтаётганларида икки қўлларини елкалари баробари қилаётганларини, қачон рукуъга такбир айтсалар, худди шундоқ қилишларини, қачон «самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», десалар ҳам шундоқ қилиб туриб, «Роббана’ лакал ҳамд», дейишларини, бошқа бир ривоятда: «Қачонки икки ракъатдан турсалар, икки қўлларини кўтарганларини ва буни сажда қилаётганларида ва саждадан тураётганларида қилмасликларини кўрдим».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Муслим ва Абу Довуднинг ривоятида:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон такбир айтсалар, қўлларини кўтарар эдилар. Сўнгра кийимларига ўраниб чап (қўллар)ини ўнг (қўллар)и билан ушлар эдилар», дейилган.

Шарҳ: «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» - Аллоҳ Унга ким ҳамд айтса, эшитади, дегани.

«Роббана’ лакал ҳамд» - Эй, Роббимиз, Сенга ҳамд бўлсин, дегани.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Намозни «Аллоҳу Акбар!» деб такбир билан очилиши.

2. Намозни бошлаган пайтида икки қўлни елка баробарида кўтариш кераклиги.

Ҳадиснинг зоҳиридан такбир айтиш билан икки қўлни кўтариш бир вақтда бўладиганга ўхшайди. Уламолар олдин қўлни кўтариб, кейин такбир айтади, дейишган. Шунингдек, ҳадиснинг зоҳиридан, қўлини елкаси баробар кўтаради, дегани аниқ бир нарсани билишни қийинлаштирганга ўхшайди.

Лекин Ҳанафий ва Моликий мазҳаби уламолари бош бармоғининг учини қулоқларининг юмшоқ жойига текказади, деганлар. Улар бу гапни ўзларидан чиқармаганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа ҳадисларидан далил олиб айтганлар.

Имом Муслим Воил ибн Ҳужрдан ривоят қилган ҳадисда у киши, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб қулоқлари билан бир сафга келтирганларини кўргани айтилган.

Имом Аҳмад, Исҳоқ ибн Роҳовайҳ, Дора Қутний ва Таҳовийлар Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, икки қўлларини бош бармоқларини қулоқлари баробарига кўтарар эдилар», дейилган.

Имом ал-Ҳоким ва Дора Қутнийлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни такбир айтиб, икки бош бармоқларини қулоқларига кўтарганларини кўрдим», дейилган.

3. Рукуъдан тураётиб, самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ, дейиш, кейин эса, «Роббана’ лакал ҳамд», дейиш.

4. Ушбу ривоятда келишича, намозни бошлашдаги такбирда, рукуъга кетишдаги такбирда, рукуъдан туришдаги такбирда ва икки ракъат ўқиб, биринчи ташаҳҳудга ўтиргандан кейин туришдаги такбирда икки қўл кўтарилади. Саждага кетишда ва саждадан туришда кўтарилмайди.

Шулардан эҳром такбири, яъни, намозга киришдаги биринчи такбирда юқорида васф қилинганидек қилиб икки қўлни кўтаришни ҳамма бир овоздан қабул қилган ва унга амал қилинади.

Рукуъга кетишдаги такбирда ва рукуъдан туришдаги такбирда икки қўлни кўтаришни Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари олган.

Биринчи ташаҳҳуддан туришдаги такбирда икки қўлни кўтаришни эса фақат Шофеъий мазҳаби олган.

Уларнинг далили ушбу ҳадис. Лекин Ҳанбалий мазҳаби учтадан иккитасини олиб, бирини қолдиргани қизиқ.

Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари фақат намозни бошлашдаги такбирдагина қўл кўтарилади бошқаларида кўтарилмайди, дейдилар.

Ҳанафий мазҳаб нима учун эҳром такбиридан бошқа жойдаги икки қўлни кўтаришни олмаганларини батафсил баён қиладилар.

Аввало Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабининг далиллари хабари воҳид, яъни, оз кишилар томонидан ривоят қилинади. Машҳур ёки мутавотир даражасига етиб кўпчилик кишилар томонидан ривоят қилинмаган. Намозга ўхшаш ҳар куни беш марта фарз бўлган, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минглаб, ўн минглаб одамларнинг олдида қайта-қайта ўқиган нарсада бу ҳол бўлиши мумкин эмас. Намозни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандоқ ўқиганлари ҳақидаги тўлиқ, мутавотир ва машҳур ҳадисларда эса такбири эҳромдан бошқа жойда икки қўлларини кўтарганлари ривоят қилинмаган. Шунинг ўзи рукуъда, икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадиснинг кучини қирқади.

Иккинчидан, Абу Довуд, Таҳовий ва Ибн Абу Шайбалар Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозни бошлашга такбир айтсалар, икки қўлларини қулоқларининг юмшоқ жойларигача кўтарар, сўнгра уни қайтармас эдилар», дейилган.

Учинчидан, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари далил қилиб келтираётган ҳадис насх бўлгани яъни, амалдан қолгани - ҳақида ривоятлар бор. Яъни, намоз янги жорий бўлган пайтда икки қўлни рукуъга кетишдан олдин ва ундан туришда кўтариш бўлган, аммо кейинроқ бўлмай қолган.

Буюк саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Зубайр бир кишининг намозда рукуъга кетаётганда ва ундан тураётганда икки қўлининг кўтараётганини кўриб қолиб, унга, бундоқ қилма, бу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдин қилиб, кейин тарк этган нарса, деганлар.

Таҳовий Мужоҳиддан қилган ривоятда:

«Мен Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг орқасидан намоз ўқиганман у киши биринчи такбирдан бошқа жойда икки қўлини кўтармас эди», деган.

Шунингдек, ҳазрати Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу ҳам ўзлари икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадис ривоят қилган бўлсалар ҳам намозда қўлларини кўтармас эканлар. Бу ҳам ўша амални насх бўлганини кўрсатади.

Ўтган салафи солиҳлар ҳам бу масалада иккига бўлинган эканлар. Ҳанафий ва Шофеъий мазҳаблари уларнинг исмларини ўз тарафдорлари рўйхатида келтиришади.

Уламолар илмий баҳс қилдилар, китобларига ёздилар, атбоълар амал қилдилар ва ҳаммалари ўтиб кетдилар. Ҳаммаси ҳам ижтиҳодига, ниятига қараб топадиганларини топдилар.

Лекин бугунги кунда бу масалани омма мусулмонлари фикрини чалғитиш, кишилар ўртасида хилоф, уруш-жанжал чиқариш учун дастак қилиб олишимизнинг нима кераги бор?

Намозда рукуъга кетаётиб икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадисни чала тушуниб олиб, ҳаммаёққа жар солиб ўтган азизларни қоралашга нима бор?

Ҳар ким ўз мазҳабига амал қилаверсин. Биров бировни қораламасин, ҳақорат қилмасин. Ҳанафий Шофеъийга осилмасин, Шофеъий Ҳанафийга. Балки, икки тараф тортишувга кетадиган вақт, куч-қувват ва бошқа имкониятларини бенамоз бўлиб юрган сон-саноқсиз одамларга намоз ўргатишга сарфласинлар.

Имом Муслим ва Абу Довудларнинг ривоятидан, такбир айтиб намозни бошлагандан кейин кийимни ўзига йиғиштириш ва чап қўлни ўнг қўл билан ушлаб туриш олинади.


Қабийса ибн Ҳалиб розияллоҳу анҳудан у отасидан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга имомлик қилар, чап(қўл)ларини ўнг(қўл)лари билан ушлаб олар эдилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Аввало ҳадиси шарифнинг ровийcи Қабийса ибн Ҳалиб розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Қабийса ибн Ҳалиб Толий ал-Куфий, улуғ тобеинлардан, ҳадисларини оталаридан ривоят қиладилар. Оталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатда бўлганлар.

Бу ҳадисларни Саммон ибн Ҳарбдан бошқа киши ривоят қилмаган.

Бу ҳадиси шариф ҳам намозда қўл боғлаб туришга далилдир.


Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

У киши:

«Суннат намозда кафтни кафт устига қилиб киндикнинг остига қўйиб туришдир», деди».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоят Ҳанафий мазҳабида татбиқ қилинган. Буни бошқа кўпчилик уламолар ҳам қўллаганлар.

Шофеъий мазҳабида киндикдан юқори қўйиш, Моликий мазҳабида қўлни боғламаслик жорий бўлган, уларнинг ҳам ўзларига яраша далиллари бор. Бу хилма-хиллик намозга футур етказмайди. Балки, бир неча ҳолда ҳам ўқиш мумкинлиги баъзи ҳолларда осонлик яратади.

Шу билан бирга, у ёки бу ривоятни қабул қилишда имомларнинг яшаб турган шароитлари ва шунга ўхшаш бошқа омиллар ҳам эътиборга олинган бўлиши мумкин.

Мисол учун, Ҳанафий уламолар намозда қўлни боғлаб киндик остига қўйиш ҳақидаги ривоятни қабул қилганлари ҳикматини, катта кишилар олдида туриш одоби шу, намозда Аллоҳнинг ҳузурида турилади, модомики, банданинг олдида шундоқ турилгандан кейин, Аллоҳнинг ҳузурида одоб билан туриш жуда ҳам зарур, дейдилар.

Уламоларимиз қўлни боғлаш ҳақидаги ҳадислар Моликий мазҳаби имомларига етиб бормаган ёки уларнинг шартларига тўғри келиб саҳиҳ бўлмаган бўлса керак, дейдилар.

Моликий мазҳаби уламолари эса мусулмон одам жон таслим қилганда икки қўлини ёнига қилиб, тобутга солиб Аллоҳнинг ҳузурига олиб борилади. Намоз ҳам Аллоҳга жон таслим қилишнинг бир туридир, шунинг учун қўлини ёнига қилиб, ўзини бутунлай Аллоҳга топшириб туриш керак, дейилади.


Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умарлар ҳар бир пасайишда ва кўтарилишида, туришида ва ўтиришида такбир айтар эдилар».

Бешовлари ривоят қилганлар. Лафз Термизийники.

Шарҳ: Намозда бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтаётганда айтиладиган такбирларни интиқол такбирлари, дейилади. Бу такбирларни ҳамма, суннат, деган. Фақат Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳи, вожиб, деганлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу ҳадисдан ҳар бир намознинг вақти алоҳида эканлиги умумий равишда айтиб ўтилмоқда. Бундан бир вақтда бир неча намозни ёки бир намознинг вақтида бошқасини ўқиб давоми...

12345 05:00 / 04.01.2017
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффорати давоми...

7296 05:00 / 04.01.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қачон имом, омин, деса, сизлар ҳам, омин, денглар. Чунки кимнинг омини давоми...

7269 05:00 / 04.01.2017
Бир йигит айтади .Менинг онам ёшлигимда барчага таом тайёрлар эдилар, аммо чой эса фақат намозхонлар учун эди. Онам .Ким намозини ўқиса, бир пиёла чой бераман, лекин давоми...

2479 15:00 / 06.12.2021