1446 йил 24 шаввол | 2025 йил 22 апрель, сешанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Аллоҳнинг қиличларидан бири

14:19 / 13 март 2126 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг кўплаб қабила диндан қайтиб, муртад бўлди. Ислом жамияти катта хавф остида қолди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу муртадларга қарши уруш эълон қилди. Ана шунда Холид ибн Валид ўзини кўрсатадиган фурсат келди. Ўша вақтда мусулмонларнинг ичида Холид ибн Валидга тенг келадиган қўмондон йўқ эди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг муртадларга қарата ёзган узун мактубларида Холид ибн Валиднинг исмлари ҳам зикр қилинган эди.

Бану Ҳанифа элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида уларнинг ичида машҳур бузғунчи Мусайламатул Каззоб ҳам бор эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Икрима ибн Абу Жаҳл лашкарини ўша Нажд тарафдаги – Ямомадаги Мусайламатул Каззобга қарши юборди. Унинг ортидан мадад учун Шураҳбийл ибн Ҳасанани яна бир лашкар билан юборди.

Икрима Шураҳбийл ибн Ҳасанани кутиб турмасдан, ишни ўзи битирмоқчи бўлиб шошилди ва Мусайламанинг аскари билан тўқнашиб, енгилди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ундан аччиғи чиқди ва Икримани Мадинага қайтиб келмасдан, Яманга боришга, Ҳузайфа ва Аржафага қўшилишга амр қилди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Холид ибн Валидга одам юбориб, уни Мусайлама томон юришга буюрди. Унга муҳожир ва ансорлардан иборат катта лашкарни мадад учун юборди. Шураҳбийл ибн Ҳасанага ҳам одам юбориб, Холидни кутиб туришни айтди. Мусайламанинг қирқ минг кишилик лашкари бор эди. Улар Холиднинг келаётганини эшитиб, Ямоманинг четига қароргоҳ қилиб, одам тўплашди. Уларга жуда кўп одам қўшилди.

Холид ҳам яқинлашиб келар эди. Унинг лашкари олдида Шураҳбийл ибн Ҳасана борарди. Бану Ҳанифанинг аскаргоҳига бир кечалик йўл қолганида уларнинг Омирдан ўч олиб келаётган бир жангчи гуруҳини учратди. Бану Ҳанифанинг улуғларидан Мужоъа ибн Марора бу гуруҳнинг бошлиғи эди. Холид розияллоҳу анҳу уларнинг бошлиқларидан бошқа ҳаммани қатл этишга амр қилди.

Сўнгра Холид розияллоҳу анҳу бошлиқ лашкар бориб, муртадлар лашкари билан тўқнашди. Икки томон қаттиқ жанг қилди. Дастлаб муртадларнинг қўли баланд келди. Улар Холид розияллоҳу анҳунинг чодиригача етиб келишди ва унинг хотинини асир олмоқчи бўлишди. Мужоъа уларни бу ишдан қайтарди.

Жанг майдонидаги мағлубиятга қараб кетаётган ҳолат Холид ибн Валидни қаттиқ ташвишга солди. У киши отига миниб, яқин орадаги тепаликка чиқди ва жанг майдонига диққат билан разм солди. Бир зумда ҳамма нарса равшан бўлган эди. У киши даҳо қўмондон сифатида сир нимада эканини дарҳол англаб етди. Мусулмонлар қаттиқ зарбага учрашганидан сўнг масъулият ҳиссини йўқотиб қўйишган эди. Холид ибн Валид: «Ҳамма ўз тўпига ажрасин! Бугун қайси тўп нимага ярашини бир кўрайлик!» деб наъра тортди.

Бу чақириқдан кейин муҳожирлар ўз байроқлари остига, ансорийлар ўз байроқлари остига ва ҳар қабила ўз тўпига ажралди. Мужоҳидларда янгича руҳ пайдо бўлди. Барчанинг ғайратига ғайрат қўшилди. Мусулмонлар орасида тушкунликдан асар ҳам қолмаган эди. Ҳамма жон-жаҳди билан жангга киришиб кетди.

Холид ибн Валиднинг ўзлари эса ҳар замонда «Аллоҳу акбар!!!» дея такбир айтиб, жангчиларини қувватлаб турар эди.

Шундай қилиб, мусулмонлар муртадларни қиришни бошлашди ва Аллоҳ уларга Ўз сакинатини нозил қилди.

Бану ҳанифаликлар аччиқланиб, шиддат билан жанг қилишди. Холид розияллоҳу анҳу Мусайлама жангни бой бераётганини англаб етди ва уни яккама-якка олишувга чақирди. У олишувга чиқди, лекин иши оғирлашиб қолгани аниқ бўлгач, ўзи ҳам, одамлари ҳам қочишга тушди.

Холид розияллоҳу анҳу жангчиларига нидо қилган эди, улар бирдан ҳамла қилиб, муртадларни буткул мағлуб этишди. Холид ибн Валид муртадларнинг фитнаси таг-туби билан битмагунича уларга қарши тиним билмай жанг қилди. Ислом олами учун катта таҳдид бўлиб турган бу фитнани йўқ қилишда унинг алоҳида ўрни бордир.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ридда урушлари тамом бўлганидан сўнг Ислом омонлиги, адолати, фазилати, каромати ва нурини оламга ёйиш ҳаракатини бошлади.

У киши ўзининг Ямомада турган музаффар лашкарбошилари Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга мактубни ёзди ва муртад бўлганлардан бирортасини ҳам ўз лашкарига олмасликни амр қилди.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу бошлиқ ушбу лашкарнинг ўша пайтдаги дунёнинг энг катта икки империясининг бири бўлган Форс империясига қарашли Ироқ ерларини фатҳ қилиш учун юришлари билан Исломнинг шонли фатҳлар аҳди бошланди.

Холид ибн Валид Ироқдаги ишни Кисронинг барча волийларига мактуб жўнатишдан бошлади. Мактубнинг матни қуйидагича эди:

«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Холид ибн Валиддан Форс мирзобларига.

Ҳидоятга эргашганларга саломлар бўлсин!

Аммо баъд, барчангизни тирқиратган, мулкингизни тортиб олган ва ҳийлангизни заиф қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

Ким намозимизни ўқиса, қибламизга юз тутса ва сўйган жонлиқларимизни еса, ана ўша мусулмондир. Биздаги имтиёзлар унга ҳам бор ва биздаги масъулиятлар унга ҳам бор.

Сизларга мактубим етиб борганидан бошлаб менга гаровингизни юборинг ва ўзингизни менинг зиммамда деб эътиқод қилинг. Илло, Ундан ўзга илоҳи маъбуд йўқ Зот ила қасамки, устингизга ўлимни сиз ҳаётни яхши кўргандек яхши кўрадиган қавмни юборурман!»

Музаффар фотиҳ Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу ўз халифаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг кўрсатмасига амал қилиб, ишни ал-Убулла деган жойни фатҳ қилишдан бошлади. У аскарларига: «Деҳқонларга ёмонлик қилманглар. Уларни ўз ишларида омон қўйинглар. Фақат сизга қарши уруш қилсагина ўшаларга қарши уруш қилинглар», деган амр берди.

Деҳқонлар форсларнинг зулми остида яшаётган ерлик аҳоли эди. Бундан мусулмон фотиҳларнинг мазлум халқларни золимлар зулмидан озод қилиш учун уруш қилганликлари келиб чиқади.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг фотиҳ лашкарлари ал-Убулладан кейин ас-Сина, ал-Валжа ва Уллайс деган жойларда душман билан тўқнашиб, ғолиб келдилар. Кейин ал-Ҳайра, Анбор, Айнут-тамр, Давматул Жандал номли жойларни фатҳ қилинди.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг аскарлари ал-Ҳосийд, ал-Хунофис ва ал-Фирос номли ерларда ҳам рақибларни мағлуб этишди. «Аллоҳнинг қиличи» бошчилигида фатҳ қилинган юртлар сони ўттиздан ортиб кетди.

Мусулмонлар томонидан Форс ерларини фатҳ қилиш бошланганини эшитган румликлар катта аскар тўплашди. Уларнинг аскарларининг сони икки юз қирқ мингга етди.

Халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Шомни фатҳ қилиш учун юборган Абу Убайда Жарроҳ розияллоҳу анҳу ва Язид ибн Абу Суфён қўмондонлигидаги мусулмон лашкарлари билан румликларнинг катта сондаги қўшини Ярмук деган жойда бир-бирига қарама-қарши жойлашди. Ҳижрий 13-сананинг сафар, робиъул-аввал ва робиъус-соний ойларини ўша ерда ўтказишди.

Бу хабар Рум императорига етганида у вазир ва қўмондонларига мусулмонлар билан сулҳ тузишни маслаҳат берди. Аммо улар «Тангрига қасамки, Абу Бакрга отларини еримизга киритиш қандай бўлишини кўрсатиб қўямиз», деб туриб олишди ва икки юз қирқ минглик лашкарни жангга ҳозирлашди.

Амирлар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ёрдам сўрашди. У киши «Аллоҳга қасамки, уларнинг восвосларини Холид билан даволаб қўяман», деди ва Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни ўз лашкарининг ярмини олиб, Ироқдан Шомга ўтишга амр қилди.

Ироқдан Шомгача бўлган йўлда Холид ибн Валид Тадмур, Ҳавворийн, Маржи Роҳт ва Бусро каби бир қанча юртларни фатҳ қилди. Шомга етиб келганида ҳаммани бир қўмондонлик остида бирлаштиришни таклиф қилди. Кўпчилик у кишини амир қилиб сайлади.

Холид ибн Валид фурсатни бой бермай, дарҳол қўшинни бошдан-оёқ қайта низомга солди ва ҳаммага керакли вазифаларни бериб чиқди, жангчиларни алоҳида гуруҳларга бўлди. Ким ҳужум қилишини, ким ҳимояга ўтишини ҳам белгилади. Айнан румликлар қилиши мумкин бўлган ҳийлаларга жавоблар тайёрлади.

Мусулмон лашкарлар ичидаги янги мусулмонлар Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни бир оз ташвишга солар эди. Румликларнинг ҳайбати зўр эди. Янги мусулмонлардан битта ёки иккитаси жанг пайтида ҳалиги ҳайбатдан қўрқиб, орқага қочиб қолса, катта мусибатга сабаб бўлиши турган гап эди. Бу қочиш бутун лашкарнинг тумтарақай бўлишига сабаб бўлар эди.

Холид ибн Валид бу эҳтимолнинг ҳам олдини олди. Лашкарларни сафга тизиб бўлгач, муслима аёлларни чақирди ва уларнинг қўлларига қилич бериб: «Ким орқага қочса, аямай чопасизлар!» деди. Кейин мужоҳидларнинг ҳузурида сўз сўзлади, ҳамду санодан сўнг бундай деди:

«Албатта, бу кун Аллоҳнинг кунларидан биридир. Бу кунда фахр ва ҳаддан ошиш мумкин эмас.

Урушингизда ихлос қилинг. Амалингиз ила Аллоҳнинг розилигини ирода қилинг.

Келинглар, навбат билан амирлик қиламиз. Бугун биримиз амир бўламиз. Эртага бошқамиз. Индинга яна бошқамиз».

Жанг бошланишидан олдин румликларнинг бош қўмондони «Холид олдинга чиқсин, унга айтадиган бир-икки оғиз гапим бор», деди. Холид ибн Валид олдинга чиқди. Икковлари от устида туриб, икки лашкар орасидаги очиқ жойда учрашишди. Рум қўмондони Моҳон Холид ибн Валидга: «Биз сизларни юртингиздан бечоралик ва очлик бошлаб келганини билдик. Агар истасангиз, ҳар бирингизга ўн динордан пул, кийим ва таом бераман ва орқангизга қайтиб кетасиз. Келаси йили яна шунча нарса юбораман», деди.

Холид ибн Валиднинг бу беодобларча гаплардан жаҳли чиқса ҳам, тишини тишига қўйиб, чидаб турди ва гапга яраша жавоб қилиб: «Сен айтганингдек, бизни юртимиздан очлик бошлаб келгани йўқ», деди-да, учқур отининг жиловини силтаб, аскарлари сафига қайтди ва еру кўкни ларзага солиб: «Аллоҳу акбар!!!» деб наъра тортди.

Бу наърани эшитган мусулмонлар худди арслонлардек ўзларини душман устига отишди. Йигирма тўрт минг мусулмон икки юз қирқ минг кофирга қарши ҳаёт-мамот жангини бошлади. Жангда иштирок этган ҳар бир мусулмон бетакрор қаҳрамонлик намуналарини кўрсатди.

Жанг давомида Холид ибн Валид юзта аскари билан румликларнинг қирқ минг кишилик лашкари қаршисида қолди. Шунда у киши ўз шерикларига: «Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, румликларнинг сабри ҳам, кучи ҳам тугаганини кўриб турибсиз! Менимча, Аллоҳ сизга уларнинг кифтларини тутиб берса керак!» деди ва ўз арслонларини жангга бошлади. Иймон куфрдан устун келди.

Жанг орасидаги дам олиш пайтларидан бирида румлик қўмондонлардан Жаража исмли одам Холид ибн Валидни олишувга чақирди. Улар бир-бирларига рўпара бўлганларида румлик қўмондон Холид ибн Валидга: «Эй Холид! Ростини айт! Менга ёлғон гапирма! Ҳур киши ёлғон гапирмас! Аллоҳ набиййингизга осмондан қилич туширгани, у киши уни сенга бергани ва сен ўша қилични кимга қарши суғурсанг, енгишинг тўғрими?!» деди.

«Йўқ», дедилар Холид ибн Валид.

«Нима сабабдан «Аллоҳнинг қиличи» деган ном олгансан?» деди.

«Аллоҳ бизга Ўз Расулини юборди. Биздан баъзилар у кишини тасдиқлади, баъзилар ёлғончига чиқарди. Мен то Аллоҳ қалбимизни Исломга бургунича, Расули ила ҳидоятга солгунича ва у зотга байъат қилгунимизча у кишини ёлғончи қилганлардан эдим. Расул менга дуо қилдилар ва «Сен Аллоҳнинг қиличларидан бирисан», дедилар. Шундай қилиб, «Аллоҳнинг қиличи» деган номни олдим», деди Холид ибн Валид.

«Нимага чақирасизлар?» деди румлик.

«Аллоҳнинг тавҳидига ва Исломга», деди.

«Бугун Исломга кирган одамга сизларга бериладиган ажру савоб бериладими?» деди Жаража.

«Ҳа! Ундан ҳам афзали берилади», деди Холид ибн Валид

«Қандай қилиб? Ахир сизлар ундан олдин мусулмон бўлгансизлар-ку», деди у.

«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшадик. У зотнинг оят ва мўъжизаларини кўрдик. Биз кўрган нарсани кўрган ва биз эшитган нарсани эшитган киши осонлик билан мусулмон бўлмоғи шартдир. Аммо сиз – у зотни кўрмаган, гапларини эшитмаган ва ғайбдан иймон келтирганлар ниятингизда ва ичингизда Аллоҳга содиқ бўлсангиз, ажру савобингиз кўп бўлгай», деди Холид ибн Валид.

Шунда румлик қўмондон отини чоптириб, Холид ибн Валиднинг ёнига келди-да: «Эй Холид, менга Исломни ўргат», деди.

У мусулмон бўлди. Икки ракъат намоз ўқиди ва румликларга қарши жангга кириб, шаҳид бўлди.

Имом Ҳоким «Мустадрак» номли китобида қуйидагиларни келтирадилар:

«Холид ибн Валид Ярмук куни дўпписини йўқотиб қўйди ва: «Уни излаб топинглар», деди. Дўппини топа олмадилар. Яна изладилар. Охири уни топиб келдилар. Қарасалар, эскириб, титилиб кетган дўппи экан. Холид: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умра қилиб бўлиб, сочларини олдирдилар. Одамлар у зотнинг соч толаларини олишга шошилдилар. Мен улардан олдин пешона сочларини олволдим ва мана шу дўппига тикиб қўйдим. Шу билан қайси жангга кирсам, албатта, нусрат топдим», деди».

Тарихда Ярмук жанги номи ила машҳур бўлган, мусулмонларнинг тарихий ғалабаси билан якунланган ушбу жанг тугаши билан музаффар фотиҳларга уларнинг маҳбуб халифаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг вафоти ва ўрнига Умар розияллоҳу анҳу халифа этиб сайлангани ҳақидаги хабар келди.

Аслида хабар жангдан олдин келган эди. Унда Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг амирликдан бўшатилгани ва Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг амир бўлгани ҳақида ҳам гап бор эди. Лекин ҳал қилувчи жангдан олдин мусулмонларга машъум хабарни билдирмаслик учун Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу уни айтмаган эди.

Бу амрга биноан, Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу бош лашкарбошиликдан гуруҳ лашкарбошилигига туширилган эди. У киши ҳеч нарса бўлмагандек, фаолиятларини давом эттираверди.

Холид ибн Валид янги халифадан келган мактубни ўқиб бўлганидан кейин хабарчига ҳеч ким билан учрашмаслик, ҳеч кимга бирор нарсани айтмасликни тайинлади-да, жангни давом эттираверди. Жанг зафар билан тамом бўлганидан сўнг Холид ибн Валид Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг қаршисига бориб, оддий жангчи бош қўмондонга берадиган саломни берди. Аввалига Абу Убайда розияллоҳу анҳу Холид ибн Валиднинг бу ишини ҳазил деб ўйлади. Гап нимадалигини тушуниб етганидан сўнг эса Холид ибн Валиднинг икки кўзи орасидан ўпиб, тасанно айтди.

Ҳа, Холид ибн Валид урушдан ташқарида урушдагидан кўра катта қаҳрамонлик кўрсатган эди. Чексиз жасорат кўрсатиб, ўз жангчиларидан ўн марта кўп душманни енгган музаффар лашкарбоши ўз нафси устидан ҳам ғолиб чиққан эди. Халифанинг амрини сўзсиз амалга оширган эди.

Ҳазрат Умарнинг Холид ибн Валидга нисбатан ҳеч қандай эътирози йўқ эди. Бунинг устига, икковларининг қариндошлик алоқалари ҳам бор эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг онаси Хатама бинти Ҳошим ибн ал-Муғийра ал-Махзумия Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг амакисининг қизи эди.

Аммо Умар ибн Хаттоб Холид ибн Валиднинг жанг майдонларидаги кетма-кет зафари мусулмонларни фитнага солиб қўйишидан қўрққан эди. Холид ибн Валид ҳақида кишилар ўртасида турли афсоналар тарқала бошлаган эди. Ана шу ҳолатларни эътиборга олган ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Холид ибн Валидни бош қўмондонликдан бўшатган эди.

Мусулмонлар Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг амирлигида Шомни фатҳ этишда давом этишди. Холид ибн Валид ҳам ўша фатҳларда оддий лашкарбоши бўлиб қатнашди. Фотиҳлар Шомнинг марказий шаҳарларидан бўлмиш Дамашққа етиб боришди.

Дамашқликлар шаҳар дарвозаларини беркитиб, ҳимояга ўтдилар. Абу Убайда розияллоҳу анҳу бир томондан, Холид розияллоҳу анҳу бошқа томондан шаҳарни қамал қилишди. Қамал етмиш кун давом этди.

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг айғоқчилари шаҳарнинг патриархиникида тўй бўлгани, ҳамма аҳолининг маст-аласт ҳолда экани ҳақида хабар олиб келишди. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу дарҳол одамлари билан арқондан нарвон ясашди ва шаҳар қўрғонига сиртмоқ ташлаб, арқонга осилиб, девор устига чиқишди. Сўнг ичкарига тушиб, эшикларни очиб, «Аллоҳу акбар!» дея такбир айтдилар. Қолган фотиҳлар ҳам «Аллоҳу акбар!» садолари остида шаҳарга кириб боришди.

Бошидан ҳуши учган Дамашқ катталари сулҳ пайидан бўлиб қолдилар. Улар Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни топиб, сулҳ сўрашди. У киши рози бўлди.

Бу хабар Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга етгандан сўнг у киши ҳам одамлари билан жангни тўхтатди.

Шомнинг машҳур шаҳарларидан бири Ҳимсда Холид ибн Валид бетоб бўлиб, ётиб қолди. У киши умрининг охирлаб қолганини сезганида:

«Юздан ортиқ жангни кўрдим. Баданимда қилич зарбаси, найза учи ва камон ўқи тегмаган бирор қарич ҳам жой қолмади. Мана энди тўшагимда ўлмоқдаман. Қўрқоқларнинг кўзи уйқу кўрмасин! Менинг амалларим ичида «Лаа илааҳа иллаллоҳ»дан умидлироғи йўқ. Мен уни ўзимга қалқон қиламан», деди.

Холид ширк ва куфрга қарши қаттиқ турарди. У нафақат жасур қўмондон, балки турли фазилат ва ақл-заковат борасида ҳам етук эди. Фурсат топган заҳоти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бўларди. Мадинада у зоти шарифнинг атрофларида бўлган илму ирфон асҳоблари орасида Холиднинг ҳам бўлгани манбаларда қайд этилган. Уч-тўрт масала юзасидан фатво берганлиги ҳам ривоят қилинган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан буюк ҳурматлари ва муҳаббатлари бўлган Холид у зотнинг исмларига салавот қўшилмай айтилганда қаттиқ хафа бўларди.

Холид ибн Валид 21-ҳижрий санада Ҳимсда олтмиш ёшида вафот этди.

Унинг вафоти ҳақидаги хабар халифа ҳазрат Умар розияллоҳу анҳуга етганида у киши қаттиқ йиғлади ва: «Холидга ўхшаган одам энди бу дунёга келмайди. Аллоҳ Абу Сулаймонни раҳмат қилсин! Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсалар Холид учун ўзидаги нарсалардан яхшидир. У мақталиб яшаб, бахтиёр ўлди», деди.

Аллоҳ Холид ибн Валиддан рози бўлсин!

Мустафо Маҳмуд тайёрлади

«Ҳилол» журнали 9(66)-сон

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саъд ибн Абу Ваққос Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча жангларида ихлос билан қатнашдилар. Бадр жангида у киши махсус топшириқ бажарувчилар ичида давоми...

1728 16:29 / 23.01.2024
Имом Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар .Умар Шом томон сафарга чиқди. Токи у Сарғга етганида, унга Ажноднинг аҳли, яъни Абу Убайда давоми...

2220 14:26 / 18.07.2024
Саййидимиз Умар розияллоҳу анҳуга суиқасд қилинганда у кишига сут олиб келишди. Сутни ичган эдилар, ханжар урилган жойларидан сут оқиб чиқа бошлади. Шунда табиб у давоми...

3649 16:37 / 12.11.2021
Халифа Ҳишом ибн Абдулмалик байтуллоҳга ҳаж қилгани келди. У ҳарамга киргач деди Менга саҳобалардан бирор кишини чақирингларУнга .саҳобалар ўтиб кетган, дейишди. давоми...

3532 15:00 / 18.01.2022