1446 йил 10 зулқаъда | 2025 йил 07 май, чоршанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Рамазон шукуҳи ва Қадр кечасининг фазилати

16:00 / 08 март 1302 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз ҳикмати ила йилни ўн икки ойга тақсим қилди ҳамда уларнинг ичидан бир ойни танлаб, бошқаларидан афзал қилди. Бу Рамазон ойи бўлиб, унда бандаларига Ўзи учун рўза тутишни амр этди. Шундай экан, келинг, мазкур ойнинг фазилатлари, унда амалга ошириладиган амаллар ҳақида сўз юритамиз.

Аллоҳ бебош шайтонларни кишанлаб, бу ойни ердаги халифалари учун раҳмат, мағфират ва дўзахдан озод бўлиш фурсати қилиб қўйди. Бунинг устига, У Зот ҳикмати ила ушбу баракотли ой ичига қадри улкан кечани ҳам жойлади. Бу шундай кечаки, Ҳақ таоло унинг минг ойдан яхшироқ эканини Ўз Каломи билан собит қилди. Бутун бошли сурада шу кечани улуғлади ва номига кўра «Қадр» деб атади. Ушбу кечада Жаброил алайҳиссалом бошлиқ фаришталарни ер осмонига туширди ва тунни ихлос билан ибодатда бедор ўтказган бандаларига уларнинг саломлари ёғилиб туришини ҳам баён қилди. Ҳар ишида минг бир ҳикмати бўлган Зот Қадр кечасининг аниқ кунини зикр қилмади, бандаларидан буни сир тутди. Ўз навбатида, Яратганнинг ҳар тадбири ортида минг бир ҳикмат бор дейилиши, бир ишнинг мингдан бошқа ҳикмати йўқ дегани эмас. Яъни бу борада ишлатилган сўз маълум бир миқдорни билдирмай, унинг чексизлигига далолат қилади.

Уламоларнинг таъкидлашича, Қадрнинг қайси кечада экани илми инсонларга берилмагани сабабидан бири шуки, бандаларнинг ибодат билан машғул бўлишлари Аллоҳ таолога маҳбуб ишлардан, У зот бандалари муборак кунларнинг ҳар тунини «Зора Қадр кечасини топсам» дея умид билан ўтказишларини хоҳлади. Гарчи аниқ кечани пинҳон тутган бўлса-да, бандаларига барчадан раҳмли Зот Ўз Ҳабиби орқали Қадрни Рамазоннинг қайси фурсатларидан излашлари хабарини берди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ (кеча)ларида изланглар», дедилар (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).

Шу ва шундан бошқа ҳадисларга кўра, Ислом уммати Рамазоннинг охирги ўн кунлигида Қадр кечасининг фазлидан баҳраманд бўлиш мақсадида тунларни бедор ўтказиб келади.

 Қадр кечаси нега бундай номлангани моҳиятига бандаларнинг ақлу тафаккури тўла қамраб олишга ожизлик қилади. Шундай бўлса-да, муфассирлар ва луғат илми вакилларининг бу борадаги мулоҳазаларини келтириб ўтишни мақсадга мувофиқ, деб топдик. Ушбу сўз асли арабчадан ўзлашган бўлиб, Ҳижоз ўлкаларида «қадар», белгилаш, «тақдир» каби маъноларида ишлатилади. Она тилимизда эса «қадрли», «улуғ», «олий» каби маъноларни англатади.

Аллоҳ таоло Каломида «Унда фаришталар ва Руҳ Роббларининг изни билан барча ишлар учун тушади» (Қадр сураси, 4-оят) дея марҳамат қилган. Бундан тушуниш мумкинки, бу кечада бандаларнинг кейинги йилнинг шу кунигача – бир йиллик тақдирлари белгиланади! Шунингдек, ана шу тунда бандаларнинг ўтган йилдаги амаллари Роббига тақдим қилинади. қул ўзи қилган ишлари билан Хожасига юзлашади, Робби ҳузуридаги мақоми белгиланади. Шу жиҳати учун ҳам бу кеча «Қадр» дея номланган. Бошқача айтганда бу кечада инсоннинг қадри мезонга тортилади. Мана шу сабабли ҳам мўмин бандаларнинг қалбу вужудларини бу тунда хавф ва ражо эгаллаб олади.

Маълумки, барчанинг қадари олдиндан битиб қўйилган – Аллоҳ таоло Ўзи яратган ҳар бир мавжудотнинг ҳолидан ҳамиша хабардор. Шундай бўлса-да, қадарнинг жорий қилиниши ортида ҳам Аллоҳнинг минг бир илми яширин. Машойихларимиз шу илм уммонидан бир томчисидан баҳраманд бўлишга кўп интилишган. Бундан англанган ҳикмат шу бўлдики, моҳият инсоннинг асл яратилиш мақсадига бориб тақалди. Аллоҳ таоло Зориёт сурасида «Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим» (56-оят) дея марҳамат қилган. Эътиборлиси, кўпчилик ибодат тушунчасини мусулмонга буюрилган фарзларни бажариб қўйиш дея тушуниб қолган. Бироқ банда қилаётган ҳар иш, хоҳ одамлар билан муносабат бўлсин, хоҳ касб-кор, хоҳ фарзлар, буларнинг бари ибодатдир. Шарти шуки, банда ундан Аллоҳнинг ризосини кўзласин. Аслида, мусулмон киши ҳар ишни қалбини Аллоҳга боғлаган, Робби уни кузатиб турганини чуқур англаган ҳолда қилиши лозим. Бугунги замонимизда инсонларнинг, умумий муомалот нарида турсин, афсуски, фарз ибодатларида ҳам қалбларида Аллоҳнинг мулоҳазаси йўқолиб боряпти. Тан олиш лозим: баъзида шу қадар дунё ишларига ғарқ бўламизки, бомдоднинг икки ракъат фарзини ўқиб бўлгунимизча, хаёлимиз чала қолган ишлар, ҳал қилинажак муаммолар атрофида айланиб, қайтиб келади. Аслида фарзни бажариш – сурат, Аллоҳ наздида эътиборга олинадиган амаллар эса моҳиятдир. Роббимиз биз бандаларнинг ўттиз икки маротаба эгилиб туришимиз, ёки маълум бир соатларни шунчаки ҳеч нима тановул қилмай ўтказишимиз, ёки бўлмаса тил учида зикр қилиб қўйишимизни ирода қилмаган. У Зот субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримда бандаларига жонлиқ сўйишни амр қилиб, давомидан шундай деган: «Аллоҳга уларнинг гўшти ҳам, қони ҳам зинҳор етмас. Лекин У Зотга сиздан тақво етади» (Ҳаж сураси, 37-оят). Демак, қурбонлик бу амалнинг сурати, тақво эса амалнинг маъноси, моҳиятидир. Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Рамазон – фитратан унутувчи бўлган инсоннинг амални эмас, унинг моҳиятини тафаккур қилиши учун қулай фурсат экан. Банданинг ўзини ўзи сарҳисоб қилиши, яратилишидан кўзланган мақсадни эсга олиши ва бу йўлда бир йил давомида собит бўлдими-йўқми, барчасини чуқур ўйлаши унинг қадри ё ошадиган ёки тушадиган кечанинг ҳикматларидан биридир.

Аллоҳ таоло нафс билан ҳисоблашиш ойини бежизга саноқли кунлар қилмади. Бандаларига зарар берувчи шайтонларни занжирбанд қилиб, ўн бир ой давомида йўқолиб ёки камайиб бораётган ихлос ва тақволарини шу фурсатларда мустаҳкам қилиб олишларини ирода қилди. Қадр кечаси эса рўзада гуноҳлардан покланган баданлари ва ғафлат уйқусидан уйғониб, жонланган қалби билан юзланганларга кўп ажру савобларни ваъда қилди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Лайлатул Қадрни иймон ва савоб умидида қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», деганлар (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти). Шуни тушуниб етишимиз керакки, бу лаҳзалар инсоннинг эҳсон мартабасига кўтарилиши учун пиллапоядир. Бу мақом ҳақида машҳур Жаброил ҳадисида ҳам баён қилинган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эҳсон Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилишинг», дедилар (Муслим ривояти). Яъни қалбнинг мана шу мартабага эришиши учун Рамазон ва Қадр кечаси синов майдони вазифасини ўтайди. Ўтган гуноҳларидан фориғ бўлган кишининг қалби муборак кун ва тунлардан кейин ҳам огоҳликда давом этар экан, шундагина банданинг амалларига жон киради. Ўтганларнинг «Ҳар кечани Қадр бил» деган ҳикматлари бежизга бўлмай, инсон ҳар тун ўзини Роббига амалини тақдим қилаётган банда сифатида тутиши, дуои тазарруда ўтказиши кераклиги эътиборга олинган. Аллоҳнинг мулоҳазаси қалбга аста-секин ўрнашиб боргач, киши намоз ўқиса, хаёли чалғимайди. Каъбани тавоф қилаётиб, яқинларига сафардан қандай ҳадя олишни ўйламайди. Жаҳлини чиқарган инсонга ўзига кўрсатилган муомаладан ҳам ёмонроқ муносабат қилишни режалаштирмайди. Тижоратида адолат қилади. Амалларни моҳиятига етган ҳолда, ихлос ва тақво билан бажаради. Шу тариқа эҳсон мартабасига етган банда Аллоҳнинг уни яратишдан кўзлаган мақсади асосида яшашга эришади.

«Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиганлари бўлади», деганлар (Термизий ривояти). Демак, бундай улуғ мукофотларни қўлга киритиш учун юқорида айтилгани каби амалларни суратан адо этиб қолмай, унинг моҳиятига диққат қаратиш лозим.

 Шу ўринда инсон қиладиган амали моҳиятига кўра турлича ажр-савоб олишини айтиб ўтиш даркор. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз Роббиларидан ривоят қилиб айтадиларки: «Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қилмоқчи бўлсаю, унга амал қила олмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида баркамол бир яхшилик деб ёзиб қўяди. Агар уни қилмоқчи бўлиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади...» (Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоий ривояти). Аҳамият берган бўлсангиз, Аллоҳ таоло бу ўринда ҳам ажрга берадиган қийматни тайин қилмай, «...ва ундан ортиқ» дея баён қилди. Инсоннинг тасаввурига сиғадиган қилиб тушунтирилса, бир мусулмон киши бир яхшилиги эвазига ўн ёки етти юз ва ундан ортиқ савобни қўлга киритиши мумкин. Ҳаттоки, ўнта ажр ҳам банданинг ихлосига кўра ҳар хил қийматда берилади. Қийматнинг турлича бўлиши эса қалбдаги ихлосга боғлиқ. Ҳамманинг ихлоси ҳар хил бўлгани учун ҳам жаннатда юзта даража бор. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир даража осмон билан ер орасича» деб айтганлар (Термизий ривояти). Бу эса биров адо этган фарзи учун ўнта савобни қозонса, худди шуни холислик билан бажарган бошқа одам етти юз ва ундан ортиқ савобга эришиши мумкин деганидир.

Энди Рамазонда раҳмат-мағфиратлар ато қилинадиган мўмин бандалар сафидан жой олиш учун бу тунлар бажариладиган нафл амаллар кайфиятига тўхталсак. Таъкидлаш жоиз, ҳар бир мусулмон нафақат баракотли кечаларда, балки бошқа кунларда ҳам ҳар бир ишини шу тарзда бажариши лозим. Қуръон тиловатини ихтиёр қилган киши оятларни Аллоҳ таолонинг фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёки у зотнинг саҳобаларига эмас, балки бутун умматга, жумладан ўзига ҳам хитоби эканини доимо ёдида тутиши керак. Уламолар мусулмон ҳар гал «Эй иймон келтирганлар!» нидосига келганда, Робби унга ҳам сўзлаётганини англаган ҳолда тадаббур қилиши кераклигини айтишади. Яратганнинг Каломига қулоқ осиб, тафаккур қилинсагина, кейин у бандага Ўзининг сирларини тортиқ қилади. Инсон тадаббур қилсагина, Қуръоний ахлоқ унинг сийратида ўз аксини топиб боради. Тадаббур қилишни истаган инсон ёлғиз бўлгани мақсадга мувофиқ.

 Дарҳақиқат, уламолар мусулмон киши нафсини сарҳисоб қиладиган бўлса, Қадр кечасини якка ўзи ўтказиши, кўпроқ нафл намозлари билан машғул бўлиш кераклигини тавсия қилишади. Қиёмда, рукуъда, саждада турганда тилидан чиқаётган сўзнинг ҳам маъносини чуқур мулоҳаза қилиши даркор. Зеро, бу ҳолат намозга жон киритади, қотиб қолай деб турган қалбни ҳаракатга келтиради. Худди шунингдек, тасбеҳ ўгириб зикр қилаётган мусулмон имкон қадар Аллоҳнинг мулоҳазасини қилиб, маъносини тадаббур қилиш лозим.

Шуни унутмаслик керакки, Қадрга етдингизми, Аллоҳ сизга кўп фазлидан ато қилибди. Ўз Каломида «минг ойдан яхшироқ» дея баён қилган кечага соғ-саломат етдингизми, энди У Зот атаб қўйган яхшиликларни қўлга киритиш учун жидду жаҳд қилинг. Ояти каримада Қадрнинг қадри неча ойга тенглиги айтилмади: унинг неча ойдан афзаллиги Ўзига аён. Бироқ ноқис ақлимиз билан ўйлаб кўрсак, Қадр кечасининг бир сонияси йигирма уч соат ва ундан ортиқ, бир дақиқаси эса эллик уч кун ва ундан ортиқ фурсатга тенг экан. Мана шу кечанинг ҳар бир лаҳзасида ўндан етти юз ва ундан ортиқ миқдордаги ажр-савобларни қўлга киритиш имкони бор экан, Аллоҳ бу кечада барчамизни ихлос ва тақвога йўғрилган амалларни бажаришимизга муваффақ айлаб, фаришталарнинг саломидан баҳраманд бўладиган бандалари қаторида қилсин. Амийн!

Нодирбек Ёрбек

«Ҳилол» журнали 9(66)-сон

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар Рамазонда фаҳш ва одобсиз нарсаларни кўрсатадиган каналлардан четланиб, бомдод намози ва ундан олдинги саҳарликка куч йиғишни ният қилиб ухласак, таҳорат давоми...

2301 05:09 / 19.03.2024
.Эътикоф, сўзи .бир нарсани лозим тутиш, маъносини билдиради. Шариатда эса Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш ниятида масжидда ибодатни лозим тутишга айтилади. давоми...

1734 09:26 / 17.03.2024
Қадр кечасининг аломатлари тўғрисида келган ҳадисларни ўрганиб чиқиб, ушбу улуғ куннинг еттита улкан аломатларини уламоларимиз санаб ўтганлар. Қуйида шуларни давоми...

5697 05:00 / 07.04.2024
Рамазон раҳмат ойидир. Рамазонда Аллоҳ таолонинг раҳмати жўш уради. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда .Рамазон бўлганда раҳмат эшиклари очилади,, дейилган. давоми...

2694 09:00 / 09.04.2022