1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ота-онанинг вафотидан кейин уларга атаб садақаи жория қилиш

15:42 / 08 март 2002 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Садақаи жория» атамасини сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсак, маъноси «оқиб турувчи садақа»га тўғри келади. Бунда дунёдан ўтган шахсга атаб, савоби унга тегсин, дея қилинган хайрия ишлар – вақфлар кўзда тутилади.

Мисол учун, жамоатчилик фойдаси учун қурилган кўприк, чиқарилган сув, тузатилган йўл, қурилган масжид кабилар. Бунга ўхшаш жорий садақалардан одамлар фойда олиб турар эканлар, уларнинг савоби кимга аталган бўлса, ўшанга етиб туради.

عَنِ الْحَسَنِ: أَنَّ سَعْدَ بْنَ عُبَادَةَ قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنِّي كُنْتُ أَبَرُّ أُمِّي، وَأَنَّهَا مَاتَتْ، فَإِنْ تَصَدَّقْتُ عَنْهَا أَوْ أَعْتَقْتُ عَنْهَا أَيَنْفَعُهَا ذَلِكَ؟ قَالَ: «نَعَمْ»، قَالَ: فَمُرْنِي بِصَدَقَةٍ. قَالَ: «اسْقِ الْمَاءَ». قَالَ الْحُسَيْنُ: فَنَصَبَ سَعْدٌ سِقَايَتَيْنِ بِالْمَدِينَةِ. قَالَ الْحَسَنُ: فَرُبَّمَا سَقَيْتُ مِنْهُمَا وَأَنَا غُلَامٌ.

Ҳасандан ривоят қилинади:

«Саъд ибн Убода: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен онамга яхшилик қилар эдим. У вафот этди. Унинг номидан садақа қилсам ёки қул озод қилсам, ўша унга манфаат берадими?» деди.

У зот: «Ҳа», дедилар.

«Мени садақага амр қилинг», деди.

У зот: «Сув улаш», дедилар».

Ҳусайн айтади: «Шунда Саъд Мадинада иккита сувхона ўрнатди».

Ҳасан айтади: «Мен ёш бола пайтимда иккисидан сув ичганман».

Шарҳ: Машҳур саҳобий, мадиналик туб халқнинг намояндаларидан бўлган, ансорий саҳобаларнинг иккита раҳбарларидан бири бўлмиш Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен онамга яхшилик қилиб юрар эдим. Аммо энди у киши вафот этдилар. У кишининг номидан садақа қилсам ёки қул озод қилсам бўладими? Мана шу нарсалар онамга манфаат берадими?» деб сўради.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа, манфаат беради», дедилар.

Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу:

«Ундай бўлса, нимани садақа қилай? Бир нарсани садақа қилишимга буюринг», деган эдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сув улаш», яъни «Одамларга сув бергин», дедилар.

Ана шунда Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Мадинаи Мунавварада икки жойда одамларга Аллоҳнинг йўлида сув тутиб турадиган сиқоя ташкил қилиб, савобини оналарига бағишлаган эканлар.

Ровий Ҳасан: «Мен ёш бола пайтимда ана шу икки сувхонадан сув ичганман», демоқдалар. Яъни, ушбу сувхонадан ўтган-кетганларга бепул сув улашиб турилади. Пули Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан, лекин савоби онасига бағишланган бўлади.

Ана шу йўл билан – садақа қилиш, кўпчиликка манфаат етказиш, савобли ишларни қилиб, ота-онага бағишлаш билан ҳам фарзандлар вафот этиб кетган ота-оналарига яхшилик қилишлари мумкин экан.

«Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Эй Аллоҳнинг Расули, онам мен йўқлигимда вафот этди. У кишининг номидан садақа қилсам, у кишига манфаат берадими?» деб сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа», деб жавоб бердилар.

Шунда Саъд розияллоҳу анҳу:

«Сизни гувоҳ қиламанки, ҳосилдор боғим у кишининг номидан садақа», деди.

Бухорий Ибн Аббосдан ривоят қилган.

Ўтганларнинг номидан, савобини уларга бағишлаб қилинган садақаи жорияларнинг дастлабки намуналаридан бири – Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг оналарига атаб вақф қилган хурмо боғи ва чучук сувли қудуқлари бўлган. Мазкур боғ ва қудуқлардан инсонми, ҳайвонми, қушми ёки қурт-қумурсқами, фойда олса, ҳосил бўлган савоблар тўғридан-тўғри Саъд розияллоҳу анҳунинг оналарига бориб туради ва у кишининг ҳаётлик пайтларида қилган яхшиликларига қўшилиб туради.

Кейинчалик бу каби ишлар мусулмонлар ичида оммавий тус олди. Ўтган азизларига савобини атаб садақаи жория бўладиган ишларни қилиш мусулмон олами бўйлаб кенг тарқалди. Хайрия ишларининг деярли асосий қисми айнан ўтганларга атаб қилинган садақалардан бўладиган ҳолат юзага чиқди. Бундай хайрли ишларнинг жорий бўлишига Саъд розияллоҳу анҳуга ўхшаб ота-онасига вафодор фарзандлар, уларга вафотларидан кейин яхшилик қилиш, садақаи жория қилиш иштиёқида ёнган зурриётлар сабаб бўлдилар.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади .Аллоҳ таолонинг .Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат,, деган қавли ҳақида .Иккови ирода давоми...

1952 14:50 / 15.09.2024
Баъзи уламолар ахлоқни .ироданинг одати, деб таъриф қилишган. Яъни ирода ўзига бир нарсани одат қилиб олса, ўша нарса ахлоққа айланган бўлади. Мисол учун, кишининг давоми...

2615 14:30 / 18.01.2023
Амрадан ривоят қилинади.Оиша розияллоҳу анҳо чўрисига .Вафот этсам, озодсан,, деди. Сўнг Оиша бемор бўлиб қолди.Шунда акасининг ўғиллари асли суданлик табибдан давоми...

2465 18:30 / 20.04.2020
Билиббилмай қилган амали туфайли отаонасига оқ бўлиб қолган одам ўзидан бу гуноҳни кетказиши мумкин экан. Бу иш отаонанинг кечиримига сазовор бўлиш ила ҳосил давоми...

2006 15:12 / 10 январь
Аудиолар

210921 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130180 14:35 / 11.08.2021