1446 йил 1 шаввол | 2025 йил 30 март, якшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Мерос

Бобонинг ака-ука ва опа-сингиллар билан бирга бўлгандаги мероси

11:23 / 17 февраль 720 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саҳиҳ бобо ва фосид бобо

Бобонинг мероси борасидаги ихтилофлар

Бобонинг меросида жумҳурнинг мазҳаби

Қачон бобо учун муқосама афзалроқ бўлади?

Қачон бобо учун учдан бир афзалроқ бўлади?

Муқосама билан учдан бир тенг бўлган ҳолатлар

Иккинчи ҳолат (бобо, ака-укалар ва фарз эгаси)

Ота бир ва туғишган ака-укалар ва бобо

Акдария масаласи

Саҳиҳ бобо. Бу бобда «бобо» деганда саҳиҳ бобо назарда тутилади. Саҳиҳ бобо деб марҳумгача бўлган нисбатида аёл киши бўлмаган бобога айтилади. Мисол учун, отанинг отаси, унинг отаси, унинг ҳам бобоси ва ҳоказолар саҳиҳ бобо бўлади. Агар марҳумгача бўлган нисбатда аёл топилса, бу бобо фосид бобо дейилади. Мисол учун, онанинг отаси фосид бобо ҳисобланади, чунки у завул-арҳомлардандир. Шунингдек, отанинг онасининг отаси ҳам фосид бобо бўлади. Қачон эркаклар орасига аёл аралашса, бобо фосид бобога айланади. Агар эркаклар орасида аёл бўлмаса, бу бобо қайси даражагача юқориласа ҳам, саҳиҳ бобо бўлаверади. Мисол учун, отанинг отасининг отаси, отанинг отасининг отасининг отаси то Одам алайҳиссаломгача саҳиҳ бобо бўлаверади.

Бобонинг ака-укалар билан бирга бўлгандаги ҳукми. Cаҳиҳ бобо туғишган ака-укалар ёки ота бир ака-укалар билан бирга бўлгандаги ҳукми Қуръони Каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам ворид бўлмаган. Шу сабабли уларнинг иши тўғрисида аксар саҳобалар индамасликни маъқул кўришган. Уларнинг мероси тўғрисида қатъий ҳукм чиқаришдан қўрқишган.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деган: «Биздан энг қийин мушкулотингларни сўранглар, лекин бобо тўғрисида бизни тек қўйинглар, Аллоҳ уни биздан узоқ қилсин».

Умар розияллоҳу анҳу эса «Бобонинг тақсимига журъатлироғингиз – дўзахга журъатлироғингиздир», деган.

Алий розияллоҳу анҳу ҳам бу хусусда шундай айтган: «Кимнинг жаҳаннамга киргиси келаётган бўлса, бобо билан ака-укалар ўртасида ҳукм чиқарсин».

Саҳобалар бобо мероси тўғрисида қатъий ҳукмни чиқаришдан хавфсирашгани бежиз эмас, чунки Китоб ва Суннатда бобонинг ака-ука ва опа-сингиллар билан бирга бўлгандаги меросининг кайфияти тўғрисида очиқ-ойдин матн келмаган. Бу ишда ижтиҳод қилишга тўғри келади, ижтиҳод эса хатодан холи бўлмаслиги мумкин. Баъзан ҳақдорни ҳаққидан маҳрум қилиб қўйиш, баъзида эса ҳақдор бўлмаганга меросдан ҳақ ажратиб қўйиш ҳеч гап эмас. Шунинг учун баъзи саҳобалар бу ишдан сақланишган, ушбу бобо масаласида ўзларини четга олишган. Бу масала молиявий ҳақларга тегишли масаладир. Молиявий масалаларда аниқлик бўлмаса, кимгадир зулм етиб қолиши мумкин. Мерос масаласи хатарли бўлиб, бежизга Аллоҳ азза ва жалла бу масалага ҳеч кимни аралаштирмади. Бандаларга етиши мумкин бўлган зулм ва жабрнинг олдини олиб, уни Ўзи ҳал қилди.

Салафи солиҳларнинг қарашлари ва мужтаҳид имомларнинг мазҳаблари юзага чиққач, фикрлар шаръий далиллар асосида китоб ҳолига келтирилгач, ушбу мавзудаги хатар камайиб, йўқ ҳолига келди, деб ўйлайман. Энди инсон далилларни ўрганиб, улар ичидан энг кучлисига суяниши ва ҳар бир далилни етарлича ўрганиб, энг тўғри ва қувватли сўз билан фатво бериши мумкин бўлди. Биз мужтаҳид имомларнинг ушбу масала тўғрисидаги фикрларини қуйида баён қиламиз.

Имомларимизнинг бобо тўғрисидаги мазҳаби. Бобонинг ака-укалар билан бирга мероси тўғрисида мужтаҳид имомлар саҳобалар ихтилоф қилганларидек ихтилоф қилиб, икки гуруҳга бўлинишган.

Биринчи гуруҳ. Бу гуруҳдаги уламоларнинг наздида ака-укалар мутлақ ким бўлишидан қатъи назар (туғишган, ота бир, она бир, эркак ёки аёл бўлсин), барчалари бобо борлигида меросдан ҳажб бўлишади, чунки бобо катта дададир, ота йўқлигида ҳар қандай ҳолда ҳам ота ўрнида ҳисобланади. Юқорида «Асабалар ва уларнинг турлари» мавзусида зикр қилинган қоидага кўра, агар асаба бинафсиҳилар бир нечта бўлишса, бунувват (ўғиллик) жиҳати олдинга қўйилади. Сўнгра убувват (оталик) жиҳати, кейин ухувват (биродарлик) жиҳати, ундан сўнг умумат (амакилик) жиҳатига қаралади. Мерос ўзидан олдинги жиҳат тугамагунча бошқа жиҳатга кўчиб ўтмайди. Агар ота билан ўғил бўлса, бу ерда асаба ўғилдир. Агар ака билан амаки топилса, бунда асаба акадир. Худди шунингдек, ўзидан олдинги жиҳат тугамагунча кейинги жиҳат мерос олмайди. Убувват (оталик) жиҳати (бобо қанча юқориласа ҳам, шу жиҳатга киради) ухувват (биродарлик) жиҳатидан муқаддам турар экан, демак, бобо ака-укаларни мутлақ ҳажб қилади. Бу ҳол тамоман ота билан бирга ака-укалар қолган ҳолатига ўхшайди.

Бу – Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаби бўлиб, бу саҳобалардан Абу Бакр, Ибн Аббос, Ибн Умар розияллоҳу анҳум каби саҳобаларнинг сўзидир.

Иккинчи гуруҳ. Иккинчи гуруҳдаги мужтаҳид имомларнинг наздида туғишган ёки ота бир ака-ука, опа-сингиллар бобо билан бирга топилса, мерос олади. Бобо отага ўхшаб уларни меросдан ҳажб қила олмайди. Уларнинг далиллари қуйидагича: «Бобо ака-укалар билан бир хил даражададир. Уларнинг иккиси ҳам марҳумга ёлғиз ота орқали боғланмоқда. Бобо отанинг асли бўлса, ака-укалар фаръидир. Икки тарафнинг даражаси бир хил бўлгач, бир жиҳатга мерос бериб, иккинчи жиҳатни меросдан маҳрум қилишнинг нима маъноси бор!? Бу худди биз туғишган ака-укаларнинг баъзисига мерос бериб, баъзисини маҳрум қилганимиздек, бир томонни асоссиз олдинга суришга ўхшайди. Аслида уларнинг барчаси ака-укалар бўлиб, қариндошлик даражалари ҳам бирдир».

Бунга қўшимча қилиб яна шундай дейишади: «Ака-укаларнинг молга бўлган эҳтиёжлари бобонинг эҳтиёжидан кўра кучлироқдир, чунки бобо кексалик ва сўниш арафасида бўлиб, ака-укалар эса ўсиш ва ривожланиш давридадирлар. Агар бобо мероснинг барчасини олиб, сўнгра вафот этса, унинг мероси ўзининг фарзандларига қолади. Бу фарзандлар эса юқоридаги ака-укаларнинг амакиси ва аммаларидир. Шунга кўра ака-укалар ўз биродарларидан мерос ола олмай, амакилар меросхўр бўлиб қолмоқда. Ака-укаларга вафот этган биродарларидан фақат йиғлаш ва йўқотилган молга эса алам ва ўкиниш қолмоқда...»

Бу – уч имомнинг (Шофеъий, Ҳанбал ва Молик) мазҳабидир. Шу билан бирга, Абу Ҳанифанинг икки шогирдлари – Абу Юсуф ва имом Муҳаммаднинг сўзлари ҳам шудир. Саҳоба ва тобеъинлар жумҳури ҳам Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бошчилигида ушбу фикрни олға суришади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг мерос илмида бошқа саҳобалардан устун эканликларига гувоҳлик берганлар. Алий, Ибн Масъуд, Шаъбий, Мадина аҳли ва бошқалар ҳам шу фикрга келишган. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин!

Ушбу мазҳаб саҳиҳ ва кучлидир. Аксар мусулмон давлатларда шаръий маҳкамалар шу фикрни олишган, чунки у адолатга яқинроқ, далили кучлироқ ва оммага фойдалироқдир.

«Ислом шариатида мерос илми» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5163-рақамли ҳамда 2022 йил 27 сентябрдаги 03-07/7348-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Али Собуний
Таржимон
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мерос олувчи аёллар умумий саналганда еттита, тафсилоти билан санайдиган бўлсак, ўнтадир 1. Қиз 2. Она 3. Ўғилнинг қизи, қанча пастласа ҳам 4. Саҳиҳ момо, қанча давоми...

815 10:06 / 07.08.2024
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Сендан фатво сўрайдилар. Айт .Аллоҳ сизга калола ҳақида фатво беради бир одам ўлсаю, унинг давоми...

1637 14:00 / 29.04.2024
Олтидан бирни оладиган меросхўрлар етти тоифадир 1. Ота 2. Саҳиҳ бобо 3. Она 4. Ўғилнинг қизи 5. Ота бир опасингил 6. Саҳиҳ момо 7. Онанинг боласи она бир акаука ёки давоми...

1037 17:10 / 20.10.2024
Меросхўрлардан иккитаси тўртдан бирни олади 1. Эр. Агар эрнинг хотинида хоҳ унинг ўзидан, хоҳ бошқа эридан боласи бўлса ёки боласининг боласи бўлса қанча пастласа давоми...

1025 11:42 / 03.09.2024