1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Қалб қашшоқлигидан қандай сақланамиз?

16:29 / 02 май 1447 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қашшоқлик ҳақида гап кетганда, кўпчиликнинг кўз олдига инсонларнинг моддий томондан оқсаши келади. Аммо қашшоқлик фақат моддият билан ўлчанмайди. Унинг шундай бир кўриниши борки, у инсонлар хаёлида гавдалантирган фақирликдан анча хавфли. Боиси, моддият билан ўлчанадиган қашшоқлик фоний оламда қай ҳолда ҳаёт кечиришимизни белгилаб берса, қалб қашшоқлиги боқий оламда қандай яшашимизни ифодалайди.

Маънан қашшоқ инсоннинг юраги уриб турса-да, қалби аллақачон ўлган бўлади. Бу инсон яратилиши сабабини англаб етмай, мақсадсиз умргузаронлик қилади. Дунё матоҳлари деб азият чекса ҳам, кўзёш тўкиб, танасига жароҳат етса-да, аслида буларнинг ҳеч бири унинг қалбига таъсир ўтказа олмайди. Руҳнинг ягона эҳтиёжи – Яратган билан қалбан алоқада бўлишдан маҳрум қилиш билан қалбга азият етади ва у қашшоқланиб ўлим сари юз тутади.

Аслида маънавий йўқотиш – ҳақиқий фақирлик, касодга учрашдир.

«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муфлис кимлигини биласизларми?» дедилар. «Бизнингча, муфлис – бирон дирҳами ҳам, ҳеч бир матоҳи ҳам йўқ одам», дейишди. У зот шундай дедилар: «Умматимдаги ҳақиқий муфлис шуки, у Қиёмат куни намоз, рўза ва закот билан келади, лекин кимнидир сўккан, кимнидир зинода айблаган, кимнингдир молини еган, кимнингдир қонини тўккан, кимнидир урган бўлади. Шунинг учун унинг яхшиликларидан ўшаларга олиб берилади. Агар зиммасидагиларни адо қилишдан аввал яхшиликлари тугаб қолса, уларнинг гуноҳларидан олиниб, бунга ортилади. Сўнгра у дўзахга отилади».

Муслим ривояти.

 

Юқоридаги ҳадис орқали Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқий қашшоқлик банданинг Қиёмат куни ҳеч вақосиз туриши эканини баён қилганлар. Аммо кўпчилик буни билса-да, танасини боқиб, руҳига керакли озиқани бермайди. Бу ҳолатда диққат марказида бўлган инсон танаси аслида ўткинчи, эътиборсиз қолдириладиган руҳ эса боқийлиги аччиқ ҳақиқатдир. Бирор ким вафот этса, яқинлари маҳзун бўлиб кўзёш тўкади. Бироқ тананинг ўлими ҳақиқий ўлим эмас. Руҳнинг жасаддан чиқиши фано оламидан бақо оламига рихлат қилишидир. Юраклар уриб, қўл-оёқлар ишлаб турган бўлса-да, орамизда аксар инсонларнинг қалби – уларга ҳаёт берган Роббисидан узоқлашгани учун ҳам аллақачон ўлган бўлади.

Қалбнинг қашшоқлашиши ва унинг ўлимига Аллоҳдан бўлак жамики нарсаларга муҳаббат қўйиш сабаб бўлади. Ер юзидаги бошқа махлуқотлар каби қалб ҳам ўзига хос тарзда, маълум мақсадда яратилган. Аммо мақсадсиз фойдаланилган ҳар нарса бошқа ишга ярамайди. Қалб ҳам фақатгина Аллоҳни таниш ва Уни севиш учун, У зот субҳанаҳу ва таолонинг нури билан тўлдириш учун яратилган. Қалбдан Аллоҳ эмас, бошқа махлуқотлар ўрин олса, бундай қалб қашшоқлик ва ўлимга юз тутади, уни кўтариб юрган инсон Охиратда фақирларнинг энг фақири бўлиб тирилтирилади.

Инсон қалби – мисоли дунё уммонидаги қайиқ. Денгиз суви қайиқ ичига сизиб кириши билан у уммон тубига ғарқ бўла бошлагани каби дунё матоҳлари билан тўлиб борган қалб ҳам озорлана-озорлана қашшоқлик сари юз тутади. Алалоқибат, Яратган назар соладиган – қалбимизни дунё эгаллаб олади. У ижтимоий тармоқлар, иш, пул, мансаб, ҳокимият, мода, турли хил диққатни чалғитувчи восита кабилар билан тўлади. Қалбни дунё матоҳлари эгаллаб олгач, у бир умр шу нарсаларнинг асирига айланади. Барча мулкларнинг эгасидан ўзга бир моликка боғланган қалб жамики қалбларнинг энг заифига айланади. Мана шу инсоннинг ўзига қилган ҳақиқий зулми бўлиб, чин маҳрумият, чин қашшоқликдир.

Ҳар бир инсон турли нарсаларга тобе бўлади. Баъзилар пулга меҳр қўйса, яна баъзилар мансабнинг, айримлар эса ўзи каби заиф бандаларнинг қулига айланади. Яна айримлар кўнглини Аллоҳга боғлаганини даъво қилса-да, амали бунинг зиддини сўзлайди.

Банда қалби нима билан банд эканини билмоғи учун бироз тафаккур қилишининг ўзигина кифоя. Дили оғриса, қаерга бош уриб боради? Қўрқинчли хаёллар гирдобида қолса, қаерга беркинади? Эҳтиёжи учун кимдан ёрдам сўрайди? Нимадан хавотирга тушади? Кечалари нима сабабдан бедор бўлади? Ким ва нима сабаб кўп йиғлайди? Энг кўп нима ҳақида ўйлайди? Намозларида нима хаёлини банд қилган? Кун келиб Аллоҳнинг ҳузурида туриш қўрқуви билан ҳеч кўзёш тўкканми? Ушбу саволларни ўзига бериб кўрган инсонларнинг аксари чин сўзласа, бутун нафси хаёли уни тарк этган яқин инсони, бой берган пули, эришолмаган ютуқларию ололмаган устамасида эканидалигини айтса, ажабмас...

Инсон нимани йўқотишдан бунчалар қўрқади? Турмуш ўртоғиними, пули ёки обрўсиними? Балки келишган қад-қоматинидир?

Шариат кийиниш ва одоб-ахлоқ меъёрларини белгилаб қўйган-у, аммо жамият ҳозирги кунда бунинг аксини талаб қилса, мусулмон қай бирини танлар эди? Банда учун гўзаллик ва муваффақиятни ким белгилаб беради? Ҳақ таоло Ўз Каломида рибо ҳаром эканидан огоҳлантирган бўлсаю, молиявий аҳвол шуни талаб қилса, инсон ҳеч шубҳа қилмай қай бирини танлайди? Бойлик ва қашшоқлик мезонини ким белгилаб беради?

Жавоб шуки, қалби нима билан тўлган бўлса, ўша нарсани танлайди. Фикру зикри ҳам энг кўп яхши кўрган нарсасида бўлади. Оқибатда инсоннинг ҳаёти издан чиқади. Яратувчи орбитасидан чиқиб, яралмишлар орбитаси – оғриқли ва беқарор орбитага кўра ҳаракатлана бошлайди. Бу оламда инсон ҳаётини махлуқотларнинг муносабатига кўра қуради. Бунда муваффақият ва муваффақиятсизлик, бойлик ва қашшоқликни заиф махлуқотлар – жамият белгилаб беради.

Аммо Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ўлчовнинг асли ҳақида умматларига: «Бойлик – мол-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигидадир» деб марҳамат қилганлар (Бухорий ривояти).

Дунё уммонида қайиқда сузиб юрган ҳеч ким ундан тушиб кетишни истамайди. Ҳолбуки, фоний олам саёҳатига чиққанлардан озчилиги танловларига кўра ушбу уммонга ғарқ бўлишади. Мусулмон учун қайиғи ичига дунё матоҳлари – денгиз сувларини киргизмаслик ниҳоятда мушкул. Кези келади, инсонни дунё матоҳлари маҳв этади. Қалбига сув мисол сизиб кириб уммон қаърига торта бошлайди. Шу лаҳзадан банда ўзини ғариб ҳис қилади. Гуноҳлари ва дунё муҳаббати исканжасида қалби тилка-пора бўлиб, чор-атрофини зулмат эгаллаб боради. Бироқ асл моҳият уммоннинг заррача ёруғлик тушмайдиган, қоронғулик билан чулғанган тубидадир.

Яъни зулмат инсоннинг ҳаёти – денгизчининг саёҳати ниҳоясига етганини англатмайди. Тун зулмати – тонгдан дарак. Юрак уриб турар экан, ҳали умид бор. Уммон туби унга ғарқ бўлган денгизчи учун умр сафарида бир тўхташ жойи – бекат вазифасини ўтайди. Шу манзилга етганда унинг олдида икки йўл туради: ё таслим бўлиб барига ўша ерда хотима ясаши ёки ўрнак ва ибрат жавоҳирларни териб, кучга тўлганча саёҳатини давом эттириши керак.

Банда синов ва қийинчиликларга учраганда Аллоҳга юзланиб, Унга қайтса, У Зот қулига куч ато этиб, уммон зулматини Ўз нури ила ёритади. У Зот ожизликни салоҳиятга, шахсий ривожланиш ва покланиш воситасига айлантиради. Ҳаётдаги туб ўзгаришлар биргина мағлубият орқасидан келади. Шу вазиятда ер каби хоксорлик билан Аллоҳга қайтиш лозим. Банда ўзининг нақадар ожизлиги ва Роббисининг қудрати чексиз эканини англасагина, тўғри йўлда бўлади. Чинакам адашган банда бу – ҳар нарсанинг сабабчиси ўлароқ ўзини кўрадиган инсондир. Ҳақиқий маҳрум эса Аллоҳга муҳтожликни ҳис қилмаган инсондир. Бунда банда ўз салоҳиятига таянади, қалби, вужуди, борлиқдаги барча нарсани яратувчиси Аллоҳ эканини унутади.

Тавба – умрнинг тўфонли тунларида қалб қайиғини дарз кетиши ва денгиз қаърига ғарқ бўлишидан сақлаб қола оладиган Зотга қайтишда, У Зотдан паноҳ сўрашда, тўғри йўлга тушиб олишда энг муҳим калит ҳисобланади. Уни қалбнинг сайқали, дейдилар. Гўзал жиҳати шундаки, сайқалланиш билан буюм тозаланиб қолмайди, балки кир ёки занг бўлишдан олдинги асл ҳолидан ҳам ёрқинроқ кўриниш касб этади. Худди шунингдек хато ва гуноҳларга мағфират сўраб Аллоҳга қайтган банданинг қалби ҳам аввалгидан-да покланади. Мағлубият ва йўқотишлардан Роббисига юкунган банда янада кучли бўлади. Ҳали юраклар уришдан тўхтамаган экан, тавба қилиб қолиш ва Аллоҳга қайтиш лозим. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: «(Менинг номимдан) айт: «Эй ўз жонларига жавр қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Зумар сураси, 53-оят).

Қалбини қашшоқлашишдан – маънавий қашшоқликдан сақлаб қолиш учун банда уни Аллоҳга боғлаши керак. Қалбни У Зотга бўлган муҳаббат нури ёритиб туриши керак. Аммо инсон ўзи танимаган кимсага кўнглини бера олмайди. Аввало ҳар бир банда Ҳақни танимоғи керак. Аммо инсон сўзлашмаган кимсасини танимайди. Банда Аллоҳ билан сўзлашиши, бор дарду ҳасратини Хожасига сўзлаши керак. Инсон эслаб турмайдиган кимсасини чин севмаган бўлади. Банда Роббисини тез-тез зикр қилиб туриши керак. Зеро, Аллоҳнинг зикри билан қалблар таскин топади. Демак, Аллоҳнинг зикри ва муҳаббати билан тўлдирилган қалб бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам қашшоқликдан омонда бўлади.

Хадича Алишерова таржимаси

«Ҳилол» журнали 10(55) сони

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Милодий 851 сана 9 апрелда учинчи ҳижрий асрнинг энг машҳур фақиҳларидан бўлган Ҳотам алАсомм вафот қилди. У жуда ҳам парҳезкор ва зоҳид инсон эди. .Асомм,, яъни .кар, давоми...

2022 11:03 / 02 январь
Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизгина эмас. Лекин яхшилик ndash Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган ва давоми...

7349 16:27 / 19.10.2017
Имом Тобароний, Ибн Асокир ва Байҳақийлар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар .Бир жория Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб .Хожам давоми...

3082 12:53 / 30 сентябрь
Яҳё ибн Холид Бармакий халифа Ҳорун арРашидга вазир эди. У олимлардан Суфён ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳга илм бериши ҳамда суннатни тарқатишидан чалғимаслиги учун ҳар давоми...

1648 12:00 / 16.01.2023