1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Сафар одоблари

08:56 / 28.12.2024 2331 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаётда инсон учун одоб ва маданият асосий масала ҳисобланади. Улар билан хулқ гўзал, амал зийнатли бўлади. Кечасию кундузи содир қилинадиган турли-туман яхши амаллар натижасида жамият аъзолари ўртасида тотувлик, иттифоқ пайдо бўлади. Шунинг учун Ислом шариати инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасида одоб ва ахлоқ борасида раҳнамолик қилади. Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳар бир яхшиликка муваффақ қилувчи ва ёрдам сўралувчи Зотдир.

Қуйида сафар одоблари ва унга оид баъзи масалаларни зикр этиб ўтамиз.

1. Сафар олдидан истихора қилиш.Ислом

2. Гуноҳ-маъсиятлардан тавба қилиш.

3. Имкон қадар қарзларини тўлаш ёки шу ишга вакил тайинлаш, омонатларни эгаларига топшириш каби ишлар билан зиммасидаги бошқаларнинг ҳақини ҳалоллаб олиш.

4. Аҳли аёлини нафақа билан таъминлаш.

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ сафар қилувчи сафарга чиқишдан олдин баъзи вазифаларни адо этиши лозимлигини айтиб ўтганлар:

а) Аҳли аёлини нафақа билан таъминлаш;

б) Ўзида бирон кишининг омонати ёки қарзи бўлса, уни адо этиш;

в) Бирор ишга масъул бўлса, ишидаги жорий интизомга риоя қилиш;

г) Сафар харажатлари ҳалолдан бўлиши.

5. Ота-онасини ёки итоат этиши вожиб бўлган кишиларни рози қилиш.

6. Жума куни завол вақтидан олдин сафарга чиқиш.

7. Солиҳ ҳамроҳ танлаш.

Шерик танлаш сафарнинг муҳим жиҳатларидан бўлиб, танланган ҳамроҳ тақводор, яхши фикрли, тоат ва ибодатда кўмакчи бўлиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳтиёт юзасидан тунда ёлғиз сафар қилишдан қайтарганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар ёлғизликда нималар борлигини мен билганчалик билганларида, бирорта отлиқ кечаси ёлғиз юрмас эди», деганлар» (Бухорий ривояти).

Абу Бурда ибн Абу Мусо отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Солиҳ суҳбатдош билан ёмон суҳбатдош мушк соҳиби билан темирчининг дам ургичига ўхшайди. Мушк соҳибидан қуруқ қайтмайсан – ё уни (мушкни) сотиб оласан, ё ҳидини туясан. Темирчининг дам ургичи эса баданингни ёки кийимингни куйдиради ёхуд ундан нохуш ҳид туясан» (Бухорий ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳамроҳларнинг энг яхшиси тўрт киши бўлишидир», дедилар» (Доримий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг наздида ҳамроҳларнинг энг яхшиси – ҳамроҳига яхши бўлганидир. Аллоҳнинг наздида қўшниларнинг энг яхшиси – қўшнисига яхши бўлганидир», дедилар» (Термизий ривояти).

8. Биродарларига сафарга кетаётганини билдириб, уларнинг хайрли дуоларини олиш.

9. Имкони бўлса, сафарга пайшанба куни чиқиш.

10. Ҳаж сафари учун ажратилган молнинг ҳалол бўлишига, шубҳадан холи бўлишига қаттиқ эътибор бериш.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар:

«Мусофирнинг зоди роҳиласи (сафарга сарфлайдиган харажатлари) ҳалол, покиза бўлиши, сафар мобайнида (ён-атрофдагиларга) ширинсуханлиги, ҳамсафарларига хушмуомалалиги, еб-ичиш ва харажатларда қўлидан келганича уларга ёрдам бериши улуғ инсон эканининг аломатидир».

11. Сафарга тонг саҳарда чиқиш.

12. Сафар олдидан икки ракъат намоз ўқиш.

13. Садақа қилиш.

14. Сафар анжомларини олиш.

15. Ҳамроҳлардан бирини бошлиқ қилиб сайлаш.

Ҳадиси шарифда сафардаги шериклар тажрибали, омонатдор, фаҳм-фаросатли, солиҳ кишини бошлиқ қилиб сайлаб, унга итоат этишга буюрилганлар.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сафар қилувчилар уч киши бўлса, албатта бирларини бошлиқ қилиб олсинлар», деганлар» (Абу Довуд ривояти).

16. Қариндош, дўст-биродарлари билан видолашиш.

17. Сафар дуоларини ўқиш.

Сафар олдидан, сафар асносида, сафардан қайтганда ўқиладиган дуо ва зикрлар ҳадиси шарифларда келган. Аллоҳ насиб этса, кейинги сонларда ўша дуолардан баъзиларини зикр қиламиз.

Абдуманнон Абдуллоҳ

«Ҳилол» журнали 5(62) сон

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тирикларнинг дуо ва садақаларидан марҳумларга манфаат бор.Шарҳ Аҳли суннат ва жамоа марҳумлар тириклардан икки йўл билан манфаат олишларига, иттифоқ давоми...

6874 10:30 / 14.08.2018
Куфа бозорини айланган ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бир сотувчининг олдида тўхтадилар Бу зирҳ совутни кимдан ва қаердан олдингиз дедилар. Бу менга давоми...

3914 04:13 / 10.02.2024
Ислом кўрсатмалариҲар бир инсон яхши яшашни хоҳлайди. Камбағаллик ва қашшоқлик мукаммал ва давомий ибодат қилишга ҳалақит қилади. Чунки очлик ва етишмовчилик давоми...

7547 12:02 / 11.08.2017
Мусулмонларнинг асосий қоидаларидан бири шу билим олиш жинсидан қатъи назар ҳар бир мусулмоннинг бурчи. Ўзининг 14 асрлик тарихи давомида Ислом ҳеч қачон илмга давоми...

3874 14:10 / 19.04.2018
Аудиолар

231989 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150502 09:35 / 11.08.2021