1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Бу зирҳ меники десам, нима дейсан?

09:13 / 10 февраль 3217 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Куфа бозорини айланган ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бир сотувчининг олдида тўхтадилар:
- Бу зирҳ (совут)ни кимдан ва қаердан олдингиз? - дедилар.
- Бу менга тегишли, сотиш учун олиб келдим.
- Аминмисан, ҳақиқатда сенинг зирҳингми?
- Албатта, аминман.
- Бу зирҳ меники десам, нима дейсан?
- Бунга ҳақинг йўқ, дейман. Ҳеч ким мендан молимни қандай топганимни, кимдан олганимни сўрамайди.


- Аммо у мол сенга оид бўлмаса, менинг сўрашrа ҳаққим бўлиши керак. Қолаверса, мен мўминлар амириман. Шубҳаланганимни суриштиришга ва текширишга ҳаққим бор.


-Мўминлар амири бўлсанг ҳам, совутни ноҳақ, зўравонлик билан қўлимдан ололмайсан. Ҳозир зирҳ менинг қўлимда. Англашимча, эндиги иш қозининг ҳузурига чиқмоқ ва у чиқарадиган ҳукмга рози бўлмоқдир.


- Яхши айтдинг. Марҳамат қил, бирга борайлик.
Совутни олиб, Шурайҳ қози ҳузурига кетишди.
Сотувчи мусулмон эмасди. Зиммат аҳлидан эди. У кишининг журъат билан: «Мўминларнинг амири бўлсанг-да, қўлимдаги зирҳни куч билан ололмайсан», дея олиши йиллар бўйи татбиқ этилиб келаётган адолатга ишончини англатмоқда эди. Ислом келтирган ва ҳазрат Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васалламдан бери давлат раҳбарлари татбиқ этиб келаётган адолат эди.


Давлатнинг бошқарув тамойили Исломга кирмаган ва «Аҳли зиммат» бўлган одамларга ҳам шундай ишонч берганди. Киши Исломни қабул қилмагани ҳолда мўминлар амири билан тенг шартлар остида муҳокама этилишига ишонмоқда эди.


Ҳазрат Алига келсак, мусулмон бўлмаган бир ватандошнинг ҳатто халифа билан даъволашадиган даражада маданий жасоратга эга бўлгани туфайли бахтиёрлик ҳис этардилар. Зирҳ ўзиники эканига шубҳаси йўқ. Ҳақ жойида қарор топади, зирҳ яна эгасига қайтарилади.


Ҳазрат Али даъво этган одам билан Шурайҳ ҳузурига қараб илгарилай бошладилар. Маҳкамага яқинлашгач, ҳалиги киши андишалана бошлади, улуғ раҳбар ғайримуслим киши билан муҳокама этилмоқ учун келади-ю даъвосидан шунчаки кечиб, қайтиб кетармиди, қозини ҳам унинг ўзи тайин этган бўлса?! Даъво бошланмасдан келадиган ҳолгa борган эдиямки, Шурайҳ иккисини ҳам ёнма-ён ўтирмоққа ишора этди.


- Даъвонгиз нима?! - деди
- Менинг бу одамга даъвойим бор, - дедилар ҳазрат Али.
- У ҳолда биринчи сўзлашга ҳақингиз бор. Марҳамат, мақсадингизни айтинг.


- Сиффин жанги учун йўлга чиққандик. Бир жойда дам олдик. У ердан жўнаётганимизда совутимни туяга юклаганимни биламан. Туни билан йўл юрдик, тонг отиб атроф ёришгач, туямнинг устида совутим йўқлигини кўрдим. Ҳали бозорда айланиб зирҳимни кўрдим ва танидим. Совут меники, бу одам топиб олган бўлса керак, дейман.


Шурайҳ сотувчига қаради.
- Энди сизни эшитайлик. Нима демоқчисиз? - деди.
- Нима дейишим мумкин. Зирҳ менинг қўлимда ва менга тегишли. Мен бу зирҳнинг менга оидлигини исботлашга мажбур эмасман.


- Севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Далил келтириш даъво қилаётганга тушади. Келтиролмаса даъво этилган ва инкор этган киши қасам ичади», дейдилар. Бу вазиятда зирҳ ростдан сизга оидлигига икки шоҳид келтиришингиз керак бўлади, - деди.


- Ўғлим Ҳасанни ва хизматчим Қамбарни гувоҳ сифатида олиб келишим мумкин.
Шурайҳ эътироз этди:
- Мўминлар амири! Лекин биз бу мақомда Ҳасаннинг гувоҳлигини қабул қилолмаймиз. Ўғлининг отага гувоҳ бўлолмаслигини сиз ҳам биласиз.


Ҳазрат Али сотувчига қарадилар:
- Менинг бошқа гувоҳим йўқ. Сенинг қасам ичишингни эса истамайман, энди эса ўша совутга соҳиб бўлишинг мумкин, - дедилар.


Қози билан ҳазрат Али oрасидаги қизиқарли мулоқотни ҳайрат билан кузатиб турган сотувчининг кўзлари ёшланди.


- Эй амиралмўминин! Сизнинг яна бир гувоҳингиз бор. У менман. Бу зирҳ менга тегишли эмаслигини ва уни йўлда топганимни эътироф этаман. Марҳамат, олинг, зирҳ ҳақиқатдан ҳам сизники, - деди ва Шурайҳга қаради: «Дунёдаги энг буюк давлат бошлиғи менинг ёнимда туриб, ҳакамнинг қаршисида муҳокама этилмоққа розидурлар. Ҳакам y зотни ҳақсиз санамоқда, ўғлининг шоҳидлигини қабул қилмаяпти. Давлат бошлиғи эса, ўзи ҳақли эканини кўра била туриб, ҳукмга бўйин эгмокда. Муҳтарам ҳакам, мен сизни бу ҳолга келтирган динингизга кирмоқ истайман. Илтимос, мусулмон бўлишим учун нима қилишим зарурлигини ўргатинг».


Сўнг ҳазрат Алига қаради:
- Сиздан узр сўрайман, мўминлар амири! - деди.
Ҳазрат Али жуда мамнун бўлдилар. Шурайҳнинг одиллиги, тўғри муносабати ва ўзининг ҳам ҳаққа бўйин эгиши бир кишига ҳидоят эшигини очди.


- Модомики, Исломни қабул этдинг, бу совут менинг сенга ҳадям бўлсин!
Сўнг Шурайҳга қарадилар:
- Адолатга содиқ қолишинг муборак бўлсин! Адолатга боғлиқ қолишинг билан сени табриклайман, - дедилар.
- Мен ҳам адолатга ҳурматингиз учун сизга ташаккур айтаман, мўминлар амири! Ҳазрат Али янги мусулмон билан ҳакамни қолдириб, ташқарига чикдилар.


Исломни қабул қилган бу одамни хаворижларга қарши Наҳравон жангида ҳазрат Али қўшини сафида жанг қилаётганини кишилар кўрдилар. У жасорат билан шаҳидлик етгунига қадар жанг қилди.


Muzaffar Husniddinov саҳифасидан олинди.

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 25 январь 03-07/400-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оч қолишдан қўрқиб Аллоҳнинг фарз рўзасини тутмайдиганлар, Аллоҳнинг кичик синовидан қўрқиб ваҳимага тушадиганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

3485 14:00 / 19.03.2022
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар Кишилар ўзаро муносабатда мулойим сўз, очиқ юзли бўлиши керак. Яхшига ҳам, ёмонга ҳам, бидъатчига ҳам, суннатга давоми...

1907 09:10 / 07 январь
Гуноҳ қилиб турган ҳолатингда Аллоҳ сенга неъматлар инъом этаётган бўлса, бундан ғурурланма Бу неъматларни яхшилиқдан нишона, деб хомтама ҳам бўлма Балки, бу давоми...

1995 17:00 / 21.02.2022
Аллоҳ таолодан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳийнинг уч тури ndash ҳадис, ҳадиси қудсий ва Қуръон орасидаги фарқни тушуниб етиш ниҳоятда аҳамиятли давоми...

2561 09:00 / 19.08.2023