1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Никоҳнинг шаръий ҳукми

10:18 / 18 ноябрь 1050 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ رَزَقَهُ اللهُ امْرَأَةً صَالِحَةً فَقَدْ أَعَانَهُ عَلَى شَطْرِ دِينِهِ، فَلْيَتَّقِ اللهَ فِي الشَّطْرِ الْبَاقِي. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ وَالْحَاكِمُ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимни Аллоҳ солиҳа аёл билан ризқлантирган бўлса, батаҳқиқ, унга динининг ярмига ёрдам берибди. (Энди) иккинчи ярмида Аллоҳга тақво қилсин», – дедилар».

Тобароний ва Ҳоким ривоят қилганлар.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ تَزَوَّجَ فَقَدِ اسْتَكْمَلَ نِصْفَ الْإِيمَانِ فَلْيَتَّقِ اللهَ فِي النِّصْفِ الْبَاقِي. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким уйланса, батаҳқиқ, иймонининг ярмини мукаммал қилибди. Қолган ярмида Аллоҳга тақво қилсин», – дедилар».

Тобароний ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Ҳатто, зоҳирий мазҳабдагилар ўз одатларича тушуниб, мўътадил пайтда никоҳ фарз бўлади, дейишган. Лекин ҳамма далилларни яхшилаб ўрганиб чиққан уламолар жумҳури никоҳнинг шаръий ҳукми ҳақида қуйидагиларни айтганлар:

Никоҳ шариатга Қуръони Карим, суннати Набавия ва Ислом умматининг ижмоъи орқали кирган:

1. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир неча оятларида мўмин‑мусмонларни никоҳда бўлишга, уйланишга, оила қуришга амр этган. Ўша оятлардан баъзиларини юқорида ўрганиб ўтдик.

2. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг кўплаб ҳадиси шарифларида никоҳга тарғиб қилганлар.

Улардан баъзиларини ўргандик, қолганларини, иншааллоҳ, яна ўрганамиз.

3. Ислом уммати, уламолар жумҳури никоҳ зарур эканига доимо иттифоқ қилиб келишган.

Кишиларнинг турли ҳолатларига қараб, никоҳда бўлишлари ҳукми ҳам турлича бўлади.

1. Фарз-вожиб.

Агар бир инсон никоҳли бўлмаса, зинога боришига ишониб етса ва никоҳга кетадиган сарф-харажатга эга бўлгач, никоҳдаги шеригига зулм қилмасдан, ҳаққини адо этишига ишонса, бундай одамга никоҳ фарз-вожиб бўлади. Чунки мусулмон кишининг ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишдан тийилиши вожибдир.

Ислом шариатида «вожиб нарсани адо этиш учун керак бўлган нарсани қилиш ҳам вожибдир» деган қоида бор. Бу ерда ана шу қоидага амал қилинади.

Киши ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишга бормаслиги вожиб. Ўша вожибни қилиш учун никоҳ – уйланиш лозим. Демак, у одам учун уйланиш – оила қуриш вожиб бўлади.

2. Ҳаром.

Агар бир инсон никоҳланиб, ўзининг никоҳидаги шеригига зулм қилиши ва зарар етказишига ишониб етса, бундай одам учун оила қуриш ҳаром бўлади.

Бу ҳолатда Ислом шариатининг «ҳаромга олиб борувчи нарса ҳам ҳаромдир» деган қоидаси ишга тушади. Бировга зулм қилиш, зарар етказиш – ҳаром. Ўша зулм ва зарардан иборат ҳаром иш никоҳ туфайли содир бўлиши аниқ бўлганлиги учун, бу ҳолатда унга олиб борадиган йўл – никоҳ ҳам ҳаром бўлади.

3. Макруҳ.

Агар бир инсон никоҳланса, ўзининг никоҳдаги шериги – жуфти ҳалолига нисбатан зулм ва зарар келишидан қўрқса, аммо тўлиқ ишонмаса, бундай одам учун никоҳ макруҳдир.

4. Суннати муаккада.

Мўътадил инсон учун, зинодан қўрқмайдиган, оила қурса, жуфти ҳалолига зулм қилишдан, зарар етказишдан ҳам қўрқмайдиган киши учун оила қуриш суннати муаккададир.

Оят ва ҳадисларнинг кўпчилигида баён этилган, ҳукми айтилган ҳолат кишилар орасида оммавий суратда учрайдиган мана шу ҳолатдир.

Никоҳнинг, оилали бўлишнинг суннати муаккада эканига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйланганлари ва никоҳда бардавом бўлганлари, саҳобаи киромлар ва кейинги авлодларнинг уни маҳкам ушлаганлари далилдир. Ҳанафийлар: «Бу суннати муаккада вожибга тенг», дейдилар.

Ким бу ишни қилмаса, тарки суннат қилган ҳисобланади.

5. Мубоҳ.

Уйланишга рағбат қилдирувчи нарсалар ҳам, ундан ман қилувчи нарсалар ҳам бўлмаган ҳолда никоҳ мубоҳ бўлади.

Ушбу зикр қилинган нарсалардан никоҳ – оила қуриш динимиз тарғиб қилган ибодат эканини билиб олдик. Эрдир, аёлдир – ҳар бир мусулмон оила қуришдек масъулиятли ишдан четда тура олмайди. Аммо, бу ишга киришишдан олдин ҳар бир инсон оила нима эканини, у нима учун ва қайси асосда қурилишини яхши билиб олмоғи керак.

Ислом таълимотлари бўйича, оила қуйидаги асос ва мақсадларда қурилади:

1. Оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари, исломий одоблар билан ўзини зийнатлаш учун қурилади. Бу одоб ва ахлоқлар оиладан ташқарида бўлиши мумкин эмас. Мисол учун, меҳрибонлик, ҳалимлик, адолат ва ўзаро ёрдамни олиб кўрайлик. Аслида, оила олиймақом ахлоқ намуналарининг намоён бўлиши, мустаҳкамланиши учун асосий макон эмасми? Агар оила бўлмаса, бу нарсаларга кўнгилдагидек эришиб бўладими? Бошқа одоб ва ахлоқларни ҳам шунга таққослаш мумкин. Аллоҳ таолонинг оятига амал қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига эргашиб оила қурмоқдаман, деб ният қилган одам ҳақиқий ибодатни адо этган бўлади.

2. Оилавий ҳаётдан, эр‑хотинлик алоқасидан шарафли мақсадлар кўзда тутилиши керак. Оилага эру хотинга улуғ ва шарафли масъулиятларни юкловчи гўзал бир ҳайъат деб қараш лозим.

Эру хотин ўша масъулиятларни адо этиш учун ҳимматларини олий қилиб, осонлик ва қийинчилик, кенглик ва торлик вақтларида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилишлари керак. Ўз оилаларини мустаҳкам қилиб, олийжаноб фарзандлар етиштириб, уммат учун, ватан учун фойдалар келтиришга ҳаракат қилишлари керак. Бу эса, ўз навбатида ҳар ким ўзига юклатилган вазифаларни иймон асосида, виждонан адо этишини тақозо қилади.

3. Эру хотин орасидаги оилавий алоқа муҳаббат, тақдирлаш, ўзаро тушуниш асосида бўлиши керак.

Никоҳ алоқаси руҳий отифа – кўнгил алоқасидир. Бу алоқа абадий ва бардавом алоқадир. Шунинг учун ҳам бу алоқа муҳаббат, раҳм-шафқат асосида бўлиши лозим. Ҳар бир одам ана шу маъноларни ўзига сингдириб олган ҳолдагина оила қуришга ҳаракат бошлаши керак.

(Тамом)

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизнинг динимизда туғилган фарзанд қиз бўлса, қувончни бўрттириброқ қилиш тавсия этилади. Одатда, ўғил туғилганда хурсандчилик каттароқ бўлади. Аммо, шариатда давоми...

4062 12:14 / 14.12.2019
.Таълим, арабча .аллама, феълидан олинган масдар бўлиб, бир нарсанинг ҳақиқатини батафсил ва яхшилаб билдириш маъносини англатади. Илм эса бир нарсани воқеъликда давоми...

5596 19:50 / 14.04.2020
Отаонанинг фарзанддаги ҳақлари улуғ бўлганлигидан у уларнинг вафотларидан кейин ҳам давом этади. Бу ҳақларнинг бизларгача собит етиб келишига отаоналаридан давоми...

3029 11:00 / 19.11.2020
. . .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кимнинг учта қизи бўлса, уларнинг хархашалари, давоми...

4035 10:55 / 27.12.2019