1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Эр-хотинлик ҳуқуқлари

18:40 / 27.04.2019 9298 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Албатта, эр‑хотин орасидаги алоқа фақат жинсий алоқадан иборат эмас, балки кенг маънодаги инсоний алоқадир. Инсоний алоқалар ичида энг муқаддаси никоҳ алоқаси, эр-хотин орасидаги алоқа экани қадим-қадимдан маълум. Бу ҳақда Исломнинг асл манбаларида қайта-қайта таъкидлаб ўтилганлиги ҳам бежиз эмас.

Оилавий ҳаёт эр-хотин орасидаги шериклик ҳаётидир. Улар никоҳ орқали фақат жисмлари яқинлашиши билан кифояланмайдилар, балки уларнинг қалблари, ҳис-туйғулари, отифалари ва бутун вужудлари бирлашади. Бас, шундай экан, улар бир-бирлари билан доимий муомалада бўладилар ва албатта, ушбу муомалаларни чиройли тартибга солиш керак бўлади.

Никоҳ ўқилиб, тўй бўлиши билан, келин-куёв бир оилада яшашни бошлайдилар. Икки кишидан ташкил топган янги кичик жамият юзага келади. Бу жамиятдаги кишиларнинг алоқалари энг муқаддас инсоний алоқа эканини аввал ҳам айтиб ўтган эдик. Инсон қай ҳолатда яшамасин, ўзгалар билан муомала қилиши, алоқада бўлиши турган гап. Хўш, катта инсоний жамиятнинг ҳужайраси ҳисобланган бу оиладаги эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари қандай бўлмоғи керак?

Эр ким, унинг қандай мажбуриятлари бор?

Хотин ким, унинг мажбуриятлари қандай ва қанча?

Икковларининг оилавий ҳуқуқлари қандай?

Бир-бирларига муносабатлари қай тарзда бўлиши лозим?

Шариатимизда ушбу ва шунга ўхшаш саволларнинг барчасига жавоб берилган. Бошқаларга ўхшаб, «ўзингиз келишиб оласиз» ёки «икковингиз ҳам тенг ҳуқуқлисиз» деб, уруш-жанжал, келишмовчилик эшиги кенг очиб қўйилган эмас.

Ушбу алоқаларнинг мукаммал тартиби Ислом шариати тақдим қилган тизимдир. Аллоҳ таоло инсониятни эркак ва аёлдан иборат қилиб яратган. Эркакка эркаклик, аёлга аёллик хусусиятларини берган, икковлари қўшилиб, бир оилада яшашларини ирода қилган. Шу билан бирга, У Зот Ўз ша-риати орқали оиланинг ва унинг аъзоларининг мукаммал бахтининг кафолатини берувчи тизимни ҳам тақдим қилган. Бунда эркакка эркакликка мос, аёлга аёлликка мос вазифалар юклатилган. Уларнинг ҳар бирига ўзига хос оилавий мажбуриятлар юклатилиши билан бирга, ҳақ-ҳуқуқлар ҳам берилган.

Ҳар бир мусулмон эр ва аёл ушбу таълимотларни жону дили билан яхшилаб ўрганиши, қабул қилиши ва уларга ихлос билан амал қилиши ҳамда ўзи ва оиласи учун саодат манбаси эканини англаб етиши лозим. Шунда бошқалар учун одат бўлган оила ҳаёти улар учун ибодат даражасига кўтарилади. Мисол учун, эр «Аёлимнинг нафақаси шариат бўйича менга вожиб экан, шуни бажаришим керак» деб, ҳалол касб билан аёлига нафақа топиш учун ишлаб юрар экан, вожиб ибодатни адо этаётган киши сифатида ажр ва савоб олади. Шунингдек, аёл киши ҳам ўзининг аёллик бурчларини «шариатнинг амри» дея адо этар экан, ажр ва савобга эга бўлади.

Шу билан бирга, бу борада яхши билиб олиш лозим бўлган ўта муҳим масала бор. Ҳақ ёки бурч деганда, эр ёки аёл талаб қилган ҳақ ёки юклаган бурч англанмаслиги керак. Бу борада Ислом шариатида келган барча ҳақлар Аллоҳ таоло берган ҳақлардир ҳамда барча бурч ва мажбуриятлар Аллоҳ таоло юклаган бурч ва мажбуриятлардир.

Оила раҳбарлиги масаласи.

Ҳар бир жамиятда раҳбар бўлиши керак бўлганидек, оила деб номланган кичик жамиятда ҳам раҳбар бўлиши лозим. Бу масалани бошқалар қандай ечганига назар соладиган бўлсак, турли халқлар турлича муносабатда бўлганларини кўрамиз. Кўпчилик инсонлар оила раҳбари эркак бўлиши кераклигини таъкидлашган. Тарихда, озчилик бўлса ҳам, оилада аёл киши раҳбар бўлиши керак, деганлар бўлган. Бугунги кунимизда тенгҳуқуқлилик кўпроқ илгари сурилмоқда.

Исломда эса, оила раҳбарлиги, масъулият сифатида, айнан эркакка юклатилган. Бу, албатта, Аллоҳ таолонинг амри ила бўлган.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

ﭑﭒﭓﭔﭕﭖﭗﭘﭙﭚﭛ ﭜﭝﭞﭟ

«Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун, эркаклар аёлларга раҳбардирлар» (34оят).

Ҳар бир жамиятга раҳбар лозим. Раҳбари бўлмаган жамиятда тартиб-интизом, тинчлик-омонлик ва хайр-барака бўлмайди. Ислом таълимоти бўйича, оила энг муҳим жамият бўлиб, катта жамиятнинг асосий ғишти ҳисобланади. Fиштлари пишиқ иморат мустаҳкам бўлганидек, оилалари аҳил, мустаҳкам бўлган жамият ҳам бақувват бўлади. Шундай муҳим муассаса бўлган оиланинг раҳбари бўлмаслиги мумкин эмас. Нима учун Исломда оила раҳбарлиги эркакка берилган? Бу саволга ушбу ояти каримада шундай жавоб берилади:

«Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар».

Демак, оила раҳбарлиги бобида Аллоҳ таоло эркакни аёлдан афзал қилиб яратибди. Дарҳақиқат, эркак киши ўзининг жисмоний тузилиши, ички ва ташқи қиёфаси, асабий, руҳий нафсоний ва бошқа жиҳатларидан оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратилган. Бунинг устига, оилани қуриш ва уни тутиб туриш, бу йўлдаги барча сарф-харажатлар ҳам эркак киши зиммасида. У катта меҳнат эвазига топилган молу мулкининг беҳуда кетмаслиги лозимлигини ўйлайди, оилани мустаҳкам ҳолда тутиб туришнинг чора-тадбирларини кўришга мажбур бўлади.

Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Жумладан, эркак киши оила раҳбари бўлса ва у ўз раҳбарлигини шариатда кўрсатилгандек адо этса, бундай оилалар бахт-саодатга соҳиб бўлмоқда.

Афсуски, кўп одамлар ояти каримада кўзда тутилган раҳбарликни қаҳр, жабр ва зулм ўтказишнинг имкони деб тушунадилар. Аслида, бу раҳбарлик масъ улиятдир. Масъулият бўлганида ҳам, улкан масъулиятдир. Ушбу масъулиятга биноан, эркак киши оиланинг, жумладан, аёлга ҳомийликни, уни боқишни, муҳофаза қилишни адо этмоғи лозим.

Эркак айнан эркак бўлганлиги учун ҳам оила раҳбари қилинган. У оиланинг ҳимояси йўлида керак бўлса, ўзини қурбон ҳам қилади, эркакларга хос бўлган барча оғирликларни кўтаради, оилани нафақа билан таъминлайди, оила аъзоларига меҳр ва раҳм-шафқат кўрсатади. Уларга жабр-ситам ва зулм қилишга ҳаққи йўқ.

Таққослаш учун мисол келтириб ўтишга ижозат бергайсиз. Европада ҳам эркак оила раҳбари ҳисобланган. Унинг оила аъзолари устидаги ҳаққи шу даражага етганки, у раҳбар сифатида хотини ва болаларини сотиб юбориш ҳаққига ҳам эга бўлган. Англияда хотинини сотиш ҳаққи фақатгина 1805 йилда бекор қилинган. Аммо, инглизлар бу қонунга амал қилмай, хотинларини сотишни давом эттираверганлар. Масалан, 1931 йили бир инглиз ўз хотинини 500 фунтга сотган. Ушбу ва шунга ўхшаш ҳодисалар таъсири остида БМТ 1948 йили 14 декабрь куни инсон ҳуқуқлари баёнотини эълон қилди. Бу гаплар ҳаводан олингани йўқ, истаганлар В.Л.Дюрантнинг «Дунё тарихи» номли китобининг 21-бетига назар солиши мумкин.

Европада эркак билан тенг ишлаган аёл эркаклар оладиган иш ҳаққининг ярмини оларди. Аёл киши ўзи топган маблағни ўз ихтиёри билан сарфлаш ҳаққига эга эмас эди. Фақатгина 1942 йилга келиб, Францияда аёл эрининг ҳаққи аралашмаган молини ўзи ишлатиши мумкинлиги ҳақида қонун чиқди.

Шунинг учун ҳам ўша ерларда тенг ҳуқуқлилик ҳақида талаблар кучайди. Бу талаблар Америкага ҳам етиб боргандагина аёлга эркак оладиган иш ҳаққининг 57% ини олиш ҳаққи берилди.

Шундан кейин тенг ҳуқуқлилик ҳақидаги талаблар аёлнинг зиддига айланиб кетди. АҚШ конгресси давлат дастурига «Эркак ва аёл барча нарсада баробар» деган ўзгартириш киритишни талаб қилиб чиқди. Бунда миршаблик, аскарлик ва қамоқ каби масалаларда ҳам аёллар эркаклар билан тенг бўлиши кераклигини билган аёллар жамиятлари намойишлар уюштирганидан кейингина бу иш тўхтатилди.

Исломда эса, тенг ҳуқуқлилик керак бўлган жойда тенг ҳуқуқлилик жорий қилинган. Эркакка эркакларга мос ҳуқуқлар берилган ва мажбуриятлар юклатилган, аёлга аёлларга мос ҳуқуқлар берилган ва мажбуриятлар юклатилган.

Энди шариатнинг эр‑хотинлик ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақидаги таълимотлари билан қўлдан келганича танишиб чиқайлик.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эр зиммасидаги хотин учун вожиб нафақалар қуйидагиларТаом.Бунга озиқовқат, ичимлик ва таомга қўшиб ейиладиган сирка, ёғ ва шунга ўхшаш нарсалар ҳамда таом давоми...

8377 12:00 / 24.06.2019
islom.uz middot 68 ndash Фарзанд доимо отаонага ширин сўзларни айтиши вожибдир1Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Фарзанд ўз давоми...

2287 15:01 / 20.06.2020
У қиз айтади Тўй бўлишига бир ҳафта қолганида бувим бетоб бўлиб қолдилар. У кишини шифохонага ётқизишди. Мен у кишини кўргани бордим. Борсам бувам жонлантириш давоми...

4878 08:55 / 24.07.2021
.Никоҳ, деб аталган муқаддас алоқа фақат келин ва куёвнинг икковлари ўртасидаги робитадангина иборат эмас. Балки бу робита уларнинг ортида турган отаоналари, оила давоми...

2772 17:45 / 31.08.2019
Аудиолар

135348 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55598 14:35 / 11.08.2021