1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Ҳанафий мазҳабидаги ҳукмларнинг қанчаси Абу Ҳанифага тегишли?

14:13 / 15.11.2024 1549 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳанифа бу фиқҳнинг қоидаларини жамлашда ўз замонидаги тобеъинлар ва улардан кейингилардан ҳам кўп меҳнат қилди. Шунинг учун ҳанафий мазҳабидаги энг катта одам бўлди, энг катта таъсир кўрсатган инсон бўлди. Ўтганлардан нақл қилиб, далиллар келтиргани учун, тартиблаб чиққани учун унинг номи билан айтиладиган бўлди. Мабодо Абу Ҳанифа дунёга келмаган тақдирда ҳам, бошқа бир одам Куфада Ибн Масъуд, Алий ва бошқаларнинг фиқҳини нақл қилган бўлар эди. Мазҳабимиз Юсуфий ёки Муҳаммадий мазҳаби деб ёки бошқа бир Фалончининг мазҳаби деб номланаверар эди. Хуллас, Абу Ҳанифа шу мазҳабга мансуб одамлардан биридир, бу мазҳабдаги бирламчи одам эмас.

Энди бир шахсга тақлид қилмаслигимизни исботловчи иккинчи бир далилни кўриб чиқайлик. Бу ҳам жуда муҳим гап. Гап шундаки, бу мазҳабда чиқарилган фатволарда Абу Ҳанифанинг эллик фоиз фиқҳига амал қилинмаган. Музораъа, мусоқот, ҳаж ва барча қозилик масалаларида Абу Ҳанифанинг сўзига фатво берилмаган. Агар биз бир шахсга тақлид қилганимизда, бир шахсга эргашганимизда, унинг бирорта айтган сўзидан чиқмаган бўлардик. Ваҳоланки, Абу Ҳанифа берган фатволарнинг ярмига амал қилинмаяпти. Демак, биз шахсга тақлид қилмаяпмиз.

Яна бир мисол. Ҳозирги кунда ҳанафий мазҳабидаги ҳукмларнинг қанчаси Абу Ҳанифага тегишли? Менимча, икки ёки уч фоиздан кўп эмас, чунки имом Аъзамдан кейин келган аксар уламолар унинг қавлларини тахриж қилишган (усулидан масалаларни келтириб чиқаришган). Натижада фиқҳий фатво китобларининг 90 фоизидан ошиғи тахриждан иборат бўлиб қолган.

«Абу Ҳанифанинг сўзидан тахриж қилинди», дегани нима ўзи? Бунинг маъноси шуки, мазҳабдаги ҳукмлар Абу Ҳанифанинг ўз сўзи эмас. Масалан, унинг шогирди имом Муҳаммад «Зоҳирур-ривоя» китобида Абу Ҳанифанинг сўзига биноан масалаларни чиқариб: «Абу Ҳанифанинг сўзига қиёсан…» дейди.

Ундан кейинги фатволарнинг ҳаммаси тахрижлардир.[1] Демак, «Абу Ҳанифа мазҳаби» дегани фахрий номдир. Биз бу улуғ олимнинг буюк хизматлари туфайли унинг номини ана шундай улуғлаймиз. Яна бир муҳим гапни айтиб ўтаман. Бу маълумотлардан мақсад ўқувчида илмий қараш ҳосил қилишдир. Шунда йўлингиз мустаҳкам бўлади, динни тушунишдаги йўлингиз кучли ва тўғри бўлади. Ташаддуд ва тараддуд мактаблари ва тарихдаги адашган тоифалар бу фикрдан узоқдадир. Биз Аҳли сунна сифатида бунга эътибор қаратамиз ва мана шу ғояни сақлаб қолишни истаймиз. Юқорида биз якка шахсларга эргашмаслигимиз ҳақида сўз юритиб:

– Абу Ҳанифа бу мазҳабнинг бир аъзоси эканига мисоллар келтирдик;

– Абу Ҳанифанинг сўзларидан кўпига фатво берилмаганини айтдик;

– Абу Ҳанифанинг бевосита ўзига тегишли масалалар ниҳоятда кам эканини айтиб ўтдик.

Энди бир савол бериб кўрайлик. Мазҳабда биз Абу Ҳанифанинг сўзига суянамизми ёки мазҳабдаги муражжиҳ (яъни ихтилофли масалаларнинг бири иккинчисидан устун эканини баён қилган) уламоларнинг сўзигами?

Жавоб: Мазҳабдаги муражжиҳ уламоларнинг сўзига.

Ибн Обидин «Росмул-муфтий»да мазҳаб ичидаги мужтаҳидларнинг гапини олишимиз керак, деб қарор қилган, яъни агар уламолар Абу Ҳанифанинг сўзини маъқуллашса, шуни оламиз. Агар бошқасини таржиҳ қилишса, шунга юрилади. Мана шулардан тезкор хулоса қилишимиз мумкинки, биз, яъни Аҳли сунна шахсга тақлид қилмаймиз, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқалар маъсум эмас. Ҳатто саҳоба ҳам хато қилиши мумкин, Абу Ҳанифа ҳам хато қилиши мумкин, ҳамма хато қилиши мумкин. Шундай экан, кучли йўл туриб, нега хато қилиш чегарасига кириш керак?

[1] Мужтаҳиднинг усули асосида ҳукм чиқариш (тарж.)

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ихтилоф илмида ички ва ташқи ихтилофлар мавжуд экан, бу фиқҳнинг мослашувчанлигини, ҳар қандай замон ва маконнинг талабига жавоб бера олишини, универсаллигини давоми...

1216 14:47 / 24 январь
Ҳозирги тадқиқотлардан маълум бўлишича, Ғарбу Шарқдаги барча қонунлар Ислом фиқҳига мурожаат қилар экан. Барчаси исломий фиқҳдан фойдаланади, ёрдам олади, чунки давоми...

1267 14:44 / 28.11.2024
Усулни усул қоидалари билан, ақоидни ақоид қоидалари билан, сийратни сийрат қоидалари билан текширинг. Ўша фан аҳли ишлаб чиққан шартлар билан кўриб чиқинг. Ҳатто давоми...

513 13:13 / 18 октябрь
Бу буюк имомнинг асл исмларини кўпчилик билмайди ҳам. Аммо ҳамма Имоми Аъзам, яъни улуғ имом, катта имом деб номлайди. Ҳақиқатда ҳам у киши бунга сазовор давоми...

6293 16:15 / 28.03.2017
Аудиолар

213552 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132759 14:35 / 11.08.2021