1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Туркиялик хаттотнинг Эрдўғон учун кўчирган мусҳаф нусхаси Тошкентда намойиш қилинди

18:11 / 24.10.2024 1468 pdf Ўқиш режими + -

Ўзбекистонда маданий мерос ҳафталиги доирасида  19 октябрь куни Истанбуллик машҳур  хаттот ва исломшунос Ҳусайн Кутлу ҳам юртимизга келди.

Ҳусайн Кутлу замонавий турк хаттотлик мактабининг энг таниқли вакилларидан бири. У 1949 йилда Туркиянинг Коня вилоятида туғилган. 1966-1967 йилларда Коня имом хатиблар мактабида, кейинчалик Истанбул университети Адабиёт факультетида таҳсил олди. Ўша пайтларда хаттотликка меҳр қўйди ва шу соҳанинг етук мутахассисига айланди. Истанбулдаги қатор масжидларда имомлик қилди. Шу билан бирга ўзининг хаттотлик мактабини яратиб,  ёшларга шу соҳа сирларини ўргатди. 
Айни пайтда Ҳусайн Кутлу Истанбул шаҳридаги ўзига қарашли бўлган Ислом цивилизацияси боғида истиқомат қилади. Бу боғни у шахсий ташаббуси ва Туркия Президенти Режеп  Таййип Эрдоғаннинг кўмагида яратган. Боғ тасаввуф ва тариқат йўналишида барпо этилган  бўлиб, рамзий ишораларни ўз ичига олади. Боғда ислом динининг муқаддасотларини тамсил этувчи дарахтлар экилган. Шунингдек, бу боғда шифобахш гиёҳлар етиштирилади. Фариддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» асарида номи зикр қилинган қушлар ҳам шу ерда сақланади.

Ҳусайн Кутлунинг энг катта ишларидан бири Қуръони Каримни 1500 йиллик хаттотлик  ва китобат санъати анъаналари асосида қайта кўчириб чиққанидир. Бу янги қўлёзма 10 та жилдни ўз ичига олади. Унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидан то 20 аср бошларига қадар давом этиб, келган китобат ва хаттотлик санъати намуналари, услуб ва безаклари киритилган. Жумладан, ушбу ўн жилдлик қўлёзмада Асри саодат (Пайғамбаримиз яшаган давр), умавийлар, аббосийлар, сомонийлар, қорахонийлар, салжуқийлар, ғазнавийлар, мамлуклар, усмонийлар, элхонийлар, темурийлар, сафавийлар, қожорлар, афшорлар, бобурийлар, шунингдек, Туркияда республика эълон қилинганидан кейинги йилларга оид хат намуналари  ва безакли нақшлар киритилган.
«Мазкур қўлёзма устида  60 дан ортиқ шогирдларим билан биргаликда 8 йил давомида иш олиб бордик», - дейди Ҳусайн Кутлу. - Қўлёма материалларини тўплаш учун мусулмон дунёсининг турли нуқталаридан хомашё тўпладик. Жумладан, қўлёзма қоғозига Самарқанд ва Бухородаги қадамжоларда ўсган дарахтлар пўстлоғидан ҳам фойдаланилган.  Қуръони Карим нусхасида олтин аралашмасидан тайёрланган зарҳал бўёқлар ҳам ишлатилган.

Мазкур Қуръони Карим нусхаси Туркия Президенти Режеп Тайип Эрдоғанга туҳфа қилинган. Китобнинг сўнгги саҳифаларида Президентга бағишланган мақтов ва дуолар араб алифбосида ҳуснихат билан ёзилган. Мазкур қўлёзманинг босма нусхалари Ҳусайн Кутлунинг махсус кутубхонасида кўпайтирилган ва сотувга чиқарилган.
Ҳусайн Кутлу маданий мерос ҳафталиги давомида бир қатор тадбирларда иштирок этди. Ўзбекистонлик хаттотлар билан учрашувлар, маҳорат дарслари ўтказди. Шунингдек, у ўзи ва шогирдлари томонидан тайёрланган «Истанбул мусҳафи»ни ҳам махсус кўргазмада намойиш қилди.

Манба: darakchi.uz

Мавзуга оид мақолалар
Бугун, 19 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ва Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий давоми...

2050 17:00 / 19.11.2021
Бугун, 2021 йил 11 ноябрь куни Қашқадарё вилояти Қарши туманида ХI асрда яшаб ўтган улуғ мутафаккир олим, Абу Муин Насафий мақбарасини зиёрат қилиш мақсадида бир давоми...

2025 12:04 / 11.11.2021
Саудия Арабистонининг Ҳаж ва Умра вазирлиги умра зиёратини такрорлаш ва аввалги умра тугаганидан кейин янги лицензия олиш имконияти бекор қилингани ҳамда давоми...

2634 07:30 / 06.01.2022
Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда сиёсатчилар, тадиқиқотчилар ва ташкилотнинг ходимлари иштирок этди, деб хабар беради IQNA. Динлар давоми...

2680 06:14 / 26.12.2018
Аудиолар

232117 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150628 09:35 / 11.08.2021