1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Толиби илмга тотли насибалар

11:02 / 22 сентябрь 1683 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Харид қилган китобларим орасида мўъжаз рисола бор эди. Шайх Муҳаммад Салим қаламига мансуб «Раббоний олим ким?» номли ушбу асар диний илм мутахассисларию ўрганувчиларига қаратилган бўлса-да, барча мўмин-мусулмонлар улкан фойда олади деб ҳисоблайман. Чунки биз илм умматимиз! Илм талаб қилиш эркагу аёл зиммасига фарзлиги ҳадисларда баён қилинган. Юқорида айтган китобим мутолааси давомида ҳар битта мавзунинг қисқа хулосасини ўзимга эслатма ўлароқ белгилаб боргандим. Уларни сизга ҳам илинишни истадим. Фойдали, хайрли, баракали айласин!

Аллоҳ бир кишига яхшиликни ирода қилса, уни олим қилиб қўяди.

Бандалар сиз ҳақингизда яхши фикрда бўлсалару, улар айтган сифатлар сизда бўлмаслиги – Аллоҳ таоло сизда унинг тескарисини кўриши нақадар ёмон!

Олим бўлиш оддий иш эмас. У жуда улуғ амалдир. Аллоҳ кўрсатган фазл, лутф ва неъматдир.

Икки турдаги олим бўлади: раббоний олим ва беамал олим. Раббоний олим диндаги фақиҳ ва Набий ворисидир.

Пайғамбарларнинг сифатларига ҳам ворис бўлган олимлар инсонларнинг диний ҳолати ҳақида қайғуради, уларга яхшиликни тилашади, «нима қилса жаннатга эришади» деган ғамда бўлишади.

Динда фақиҳ ким эканини билиб олиш жуда муҳимдир. Фақиҳнинг биринчи аломати – дунёга тааллуқли барча нарсадан зуҳд қилишдир. Ўтган салафи солиҳлар бу дунёнинг муҳаббатидан узилган эдилар.

Фақиҳнинг иккинчи аломати – охиратга рағбатли бўлишидир. Диндаги фақиҳ ҳар бир лаҳзасини охират ташвиши билан ўтказади. Нима амал қилса ҳам, охиратдаги фойдасини ўйлаб қилади. «Улар орқали қандай қилиб Аллоҳга яқин бўла оламан», дея фикр қилади.

Диндаги фақиҳнинг учинчи аломати – диний масалаларда эътиборли, эҳтиёткор бўлади. Илми собит ва соғлом бўлиб, ҳаром ва ҳалолни билади, юмшоқлик чегарасини ва қатъиятнинг муҳимлигини, қай даражада амал қилишини яхши билади.

Илм амал қилиш учун ўрганилади. Камчилигимиз шуки, унга амал қилиш у ёқда турсин, олган илмимизни кўз-кўз қиламиз.

Нафл амалларни бажариш орқали Аллоҳ таолога қурбат ҳосил бўлади. Аллоҳ муҳофазасига олади ва дуолар ижобат бўлади.

Охиратга сафар узун, унга олиб борувчи йўл ёмонлик ҳамда шайтон ҳийласи билан тўла. Тўғри яшаш тарзини фақатгина тақводорлар яшаш тарзидан ўргана оламиз.

Аллоҳга муҳаббат билан нафсини ўлдириб тавозега эришган одам ўсиш ва юксалишдан бошқа нарсани кўрмайди.

Илм излашнинг роҳати ҳақида аллома Замахшарий раҳимаҳуллоҳ шундай деган: «Мен учун қоғозга ёзаётган қаламимнинг овози ошиқларнинг овозидан ширинроқдир».

Улуғларимиз суннат ва мустаҳабларга қаттиқ амал қилганлар. Суннатдаги кичик амалларга ҳам эътибор бериб, ҳар бир нарсани сўраб ўрганишга одатланганлар.

Илмнинг барча фазилат ва мезонлари унга амал қилган олимгагина фойда беради. Амалсиз илм вайронадир.

Илмига амал қилмайдиган олимлар динида собит бўлишни, зоҳидлик, эҳтиёткорлик ва тақвони тор маънода кўрадилар. «Ёмонларнинг ёмони – уламонинг энг қабиҳи».

Ислом дини ва мусулмонлар бошига тушган ҳар қандай кулфатда Аллоҳ таоло динни ҳамда мусулмон умматини ҳимоя қилиш учун диндаги фақиҳ, раббоний олим ва Набий ворисини тан олган.

Ҳақиқий илм пайғамбарлар томонидан олиб келингандир. Бу илм-фан, санъат ва ҳунарни қамраб олади. Уларнинг барчаси пайғамбарлар илмига тобедир.

Улуғлар ҳамда олимлар инсонлар орасидаги фаришта эдилар. Қум ичида жилоланувчи бундай жавҳарлар жуда ноёбдир.

Олимларга боғланиш Аллоҳ таолонинг буюк неъматидир. Бу орқали инсоннинг илмида нур пайдо бўлади ва турли балолардан омонда бўлади.

Улуғларнинг сўзлари ғафлатда ётган қалбларни уйғотади ва уларда янги куч-ғайрат ҳиссини пайдо қилади.

Биз учун энг муҳими раббоний олим бўлишга ва ўтган зоти шарифларга ўхшашга ҳаракат қилишимиздир.

Олимлар мусулмон умматининг кузатувчисидир. Кузатувчи бўлиш ўрнига, оддий халқ каби бўлиб қолиб, иллатни кўрса ҳам сукут сақлайдиган, ҳақ ва ботил, яхши ва ёмон, тўғри ва нотўғри ишнинг фарқига бормай қоладиган ҳолдан Аллоҳ асрасин!

Уламонинг шахсияти ва масъулиятининг кўринишлари:

– яхши хулқни зийнатловчи;

– илм эгаллашда илғор;

– зоҳирий ва ботиний илмларни юксалтирувчи;

– адашганларни тўғри йўлга солиб, илм ва яхши амалларга йўлловчи;

– иймондек қадрли хазинага чорлаб, зулматдагиларни нурга олиб чиқувчи;

– юқоридаги сифатдагилар билан ҳамкорлик қилиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатувчи.

Илмнинг асоси банданинг Аллоҳни таниши, яхшиликларини, ундан нима кутаётганини ҳамда қандай қилиб Аллоҳга итоатсизликдан сақланишини билишидир.

Ҳақиқий олимда уч хислат бўлади. Илмда пастда бўлганларни камситмайди, юқори бўлганларга ҳасад қилмайди ҳамда илми учун пул талаб қилмайди.

Жоҳилнинг уч аломати шуки, ўзини яхши деб билади, беҳуда гаплар билан машғул бўлади, билганларига амал қилмайди. Гарчи «олим» деб танилган бўлса ҳам.

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ шон-шуҳратга муҳаббат қўйган кишининг салбий жиҳатларини шундай баён қилган эканлар: ҳасадгўйлик, ношукурлик, одамларнинг айбини қидириш, бир киши мақталса, қалби билан ундан нафратланиш.

Олим илмининг улуғлигини ҳимоя қилса, диний мартабаси дунё матоҳини қўлга киритишига изн бермаса, мана шу олим ҳақиқий иззат ва ҳурматга лойиқдир.

Тажрибадан маълумки, гуноҳ қилиш илмнинг унутилишига сабаб бўлади.

Илмда инсонлардан устун бўлгандан кўра илмига амал қилган муҳимроқ.

Олим табиб, бойлик эса бемори. Олим бойлик йиғиш билан банд бўлса, бошқаларни қандай даволайди?

Киши қанчалик Аллоҳни танишда давом этса, шунча кўп инсонларнинг эътиборини қозонади.

Ҳар бир савол ва масалага ўз фикрини билдириш илмнинг кетишига сабабдир.

Илм талаб қилувчиларга:

Толиби илм доимо илмга оид бир масала ёки бошқа илмга оид ўй-тафаккур билан юриши керак. Илм ҳеч қачон тугамайди. У ё кўпаяди, ё камаяди.

Таълим муассасаси ва ундаги устозларга яқин бўлиш, қадрлаш ва муҳаббатга муҳаббат билан жавоб қайтариш керак.

Устозлар насиҳатидан фойда олиб, янги мақсадлар қўйиш, нуқсонларни ислоҳ этишда жидду жаҳд қилиш, гўзал фазилатлар билан намуна кўрсатиб яшаш керак.

Илмий шижоат шундай бўлсинки, биргина адабиётлар рўйхати учун минглаб саҳифани ўқиб чиқинг, битта ҳукмни аниқлаш мақсадида бир жузи етти юз саҳифалик ўн жуздан ортиқ асарни бир неча маротаба ўқишга ҳимматингиз етсин. Илм толиби ўсишни истаса, у китобларга, илмий муҳит ва илмий хулққа боғланиши керак.

 Илм ва ислоҳ учун ғайрат қилишда тақводор олим билан алоқа боғлаш, ўз ҳолати ҳақида сўзлаш ва уларнинг маслаҳатларига эргашиш зарур.

 Илмни амал билан жамлаган, йўли суннатга ва энг тўғри маслакка яқин бўлган улуғлар ва салафи солиҳлар йўлини қаттиқ ушлашда собитқадам бўлиш керак.

Киши ўзини, айниқса, мусулмон умматини ислоҳ қилиш учун доим интилиши керак.

Ҳазрати Аббос ўғлига шундай деган эканлар: «Илмни одамларга кўз-кўз қилиш, улар билан тортишиш ёки кибрланиш учун ўрганма».

Заруратсиз гаплар ва тортишувлардан узоқлашиш, ҳақиқатни гапириш ва яширмаслик керак.

Илм ўргатувчиларга:

Олимларнинг энг ёмони бўлишдан йироқ туринг, Аллоҳдан давомли мағфират сўранг ва уларнинг энг яхшиси бўлиш учун ҳамиша ҳаракат қилинг. Ўзингизни ислоҳ қилиш билан курашинг ва қалбингизда қўрқувни шакллантиринг. Ҳаётингизни қайта кўриб чиқинг. Ўзингизни олимларнинг энг яхшилари қаторига киритинг. Лудянви раҳимаҳуллоҳ: «Олимларнинг ёмони бўлишидан Аллоҳдан доим мағфират сўранг, чунки бизнинг замонамизда бундайлар кўпайиб бормоқда» деб айтганлар.

Олимлар ўзларининг ислоҳи ва Аллоҳ таолони рози қилиш ҳақида мунтазам қайғуриши керак.

 

Қамариддин Бекмуҳаммад

«Ҳилол» журнали 2(59) сон

 

Муаллиф
Қамариддин Бекмуҳаммад
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Карим шундайки Овозларимизни тартибга солиб қўйди .Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир, давоми...

2960 09:18 / 05.12.2023
Аллоҳ таоло марҳамат қилади .Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашмангки, сизни У Зотнинг йўлидан ажратурлар. Ушбуларни давоми...

2108 09:00 / 11.01.2023
Ислом кўрсатмалариҲар бир инсон яхши яшашни хоҳлайди. Камбағаллик ва қашшоқлик мукаммал ва давомий ибодат қилишга ҳалақит қилади. Чунки очлик ва етишмовчилик давоми...

6752 17:02 / 11.08.2017
Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган, уларга оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қиладиган ва Роббларига таваккул қиладиганларгина давоми...

4601 14:06 / 07.03.2018