1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Ўрта уммат

17:23 / 17.08.2017 5387 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ана шундай қилиб, одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун сизларни ўрта уммат қилдик. Сен аввал юзланган қиблани орқасига қайтадиганлар ким-у, Расулга эргашувчилар ким эканини билишимиз учунгина қилганмиз. Бу, албатта, Аллоҳ ҳидоятга солганлардан бош­қаларга оғирдир. Аллоҳ иймонингизни зое қилмас. Албатта, Аллоҳ одамларга ўта шафқатлидир, ўта раҳмлидир.» (Бақара, 143)

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларни ўрта уммат қилганини эълон қилмоқда. Биз «ўрта» деб таржима қилган сўз араб тилида «васат» деб келган. Бу сўз «яхши», «ўрта», «марказ» ва «адолатли» деган маъноларни англатади. Кўпроқ «ўрта» маъносида ишлатилгани учун таржимага шу сўз ихтиёр қилинди. Ўртанинг яхши дейилаётганига боис шуки, четлар чет бўлгани учун ҳам ҳар хил таъсирларга кўп учрайди ва бузилиш эҳтимоли кўпроқ. Аммо ўрта бузилмай, яхши ҳолича қолади. «Ўрта»га адолат маъноси берилишининг сабаби эса ўрта атрофларга нисбатан бир хил туради, бирор томонга оғиб, адолатни бузмайди.

Оятдан «Худди сизлар ўзларингиз ўрта уммат бўлганингиз учун қиблаларингизни ҳам шундай қилдик» деган маъно келиб чиқади.

Ушбу ояти карима нозил бўлган пайтда одамлар билмаган маълумотлар ҳозирда аён бўлди. Яъни Қуръони Каримнинг баъзи оятларидаги маъноларни мулоҳаза қилган мусулмон жуғрофия олимлари илмий изланишлар олиб бориб, мусулмонларнинг қибласи бўлмиш Маккаи Мукаррама ер юзидаги қуруқликнинг маркази, ўртаси эканини аниқладилар. Орадан ўн тўрт аср ўтиб кашф этилган бу илмий ҳақиқат асосида қиблани аниқлайдиган асбоб ҳам яратилди. Демак, ояти карима «Сиз ўзингиз ўрта уммат бўлганингиз учун қиблангизни ҳам ўрта қибла қилдик» деган маънони беради.

«Ана шундай қилиб, одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун сизларни ўрта уммат қилдик».

Демак, Ислом умматининг ўрта уммат бўлишининг яна бир сабаби одамлар устидан гувоҳ этиб танланганида экан. Ислом уммати ўрта, яхши, адолатли уммат бўлгани учун бошқа умматларнинг яхши амалларига ўртада туриб, адолат ила гувоҳлик беради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом эса ўз умматларига гувоҳлик берадилар. Ушбу гувоҳлик қандай бўлишини тасаввур қилиш учун бир-икки ривоятлар билан танишамиз.

Абу Зуҳайр Сақафийдан Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

«Сизлар яхшиларингизни ва ёмонларингизни билиб олсангиз бўлади, – дедилар.

– Қандай қилиб, Аллоҳнинг Расули? – дейишди. У зот:

 Мақтов ёки ёмонлаш сўзлари билан. Сизлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларисиз, – дедилар».

Демак, адолатли, ҳақиқий, тақводор мусулмонларнинг гувоҳлиги бежиз эмас. Ундай сифатларга эга бўлган мусулмонлар «яхши» деган одамлар яхши бўладилар, «ёмон» деган одамлар ёмон бўладилар.

Ҳофиз ибн Мурдавайҳи ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом:

«Қиёмат куни мен умматим билан тепаликдан халойиққа қараб турамиз. Ҳар бир кимса биздан бўлишни орзу қилади. Қайси пайғамбарнинг уммати уни ёлғончига чиқарса, биз Роббининг фармонини адо этганига гувоҳлик берамиз», – деганлар.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтганлар:

«Қиёмат куни Нуҳ чақирилиб:

– Етказдингми? – деб сўралади. У:

Ҳа, – дейди. Сўнг унинг қавми чақирилади ва уларга:

– Сизга етказдими? – дейилади. Улар:

– Бизга огоҳлантирувчи ҳам, бирор киши ҳам келгани йўқ, – дейишади. Шунда Нуҳга:

Сенга ким гувоҳлик беради? – дейилади. У:

Муҳаммад ва унинг уммати, – дейди. «...ва шунингдек, сизни ўрта уммат қилдик...» деганининг маъноси шу. Ўрта – адолатли деганидир. Сизлар чақириласизлар ва унга етказганлиги ҳақида гувоҳлик берасизлар, сўнгра мен сизларга гувоҳлик бераман».

Уламоларимиз «ўрта уммат»нинг яна кўп ва улкан маънолар англатишини кенг ва батафсил баён қилганлар. Ислом уммати ҳақиқатда тўла маънода ўрта умматдир. «Ўрта» деганда «яхшилик ва афзаллик» деган маъно ҳам, «мўътадил ва адолатли» деган маъно ҳам ва, ниҳоят, ҳиссиётдаги ўрталик маъноси ҳам тушунилаверади.

Ислом уммати эътиқод ва тасаввурда ўрта, адолатли ва афзал уммат ҳисобланади. Бошқа баъзи умматларга (масалан, ийсавийларга) ўхшаб, руҳий тарафга оғиб кетмайди. Ёки яна бошқаларга (масалан, мусавийларга) ўхшаб, фақат моддий нарсаларгагина эътимод қўймайди. Балки инсон табиатига қараб, ҳам руҳий, ҳам моддий жиҳатга ўртача, адолатли ва энг афзал муносабатда бўлади.

Ислом уммати тафаккур ва ҳис-туйғу бобида ҳам ўрта, адолатли ва афзал умматдир. Билиб олган нарсасинигина маҳкам тутиб, ундан бошқа маърифат ва тажрибаларни рад қилиб юборадиганлардан эмас. Ёки, аксинча, дуч келганнинг ортидан эргашиб, тақлид қилиб ҳам кетавермайди. Балки мўътадиллик билан, ўз қоидаларига тўғри келган илмий изланиш ва тажриба орқали, бошқалар эришган ютуқларни ҳам эътироф этиб, улардан фойдаланади.

Ислом уммати тартиб-интизомда ҳам ўртача, адолатли ва афзал умматдир. Унда ҳаёт фақат ҳис-туйғу, виждон ва одоб-ахлоқ орқали тартиб-интизомга солинмайди. Балки инсоннинг маънавий тарбиясини кучайтириб, одоб-ахлоқ, тақво, ҳалоллик масалаларини онги, ақли ва виждонига сингдириш билан бирга, ҳукмни ҳам ишга солади. Чунки ҳамма ҳам фақат руҳий-виждоний йўл билан тузалиб қолмайди.

Ислом уммати алоқа ва боғланишларда ҳам ўрта, адолатли ва афзал умматдир. Худосизлар тузумидаги каби эмас, яъни жамият шахснинг ҳуқуқларини поймол қилмайди. Капиталистик тузумлар каби эмас, яъни шахс жамиятнинг ҳуқуқларини поймол қилмайди. Балки алоҳида шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва вазифалари бор, айни чоғда, жамиятнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари ва вазифалари бор.

Ислом уммати макон жиҳатидан ҳам ўрта уммат ҳисобланади. Унинг қибласи, бошқача айтганда, диний маркази ернинг киндигида жойлашган – шарқу ғарб, шимолу жанубнинг ўртасида.

Ислом уммати замон жиҳатидан ҳам ўрта уммат ҳисобланади. Аллоҳ таоло инсоният униб-ўсиб, болалик, ўсмирлик ва ёшлик даврларини бошидан ўтказганидан сўнг, вояга етганда Исломни юборган. Энди қариб, қиёмат қоим бўлгунча бу уммат ўрталик ҳолида унга гувоҳ бўлиб туради.

Ислом уммати ўрта умматлиги учун барча одамларга гувоҳлик беради ва уларнинг ўртасида адолат ўрнатади, ҳақни ботилдан ажратади. Бу умматга барча ишларда унинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом гувоҳлик берадилар.

 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.АлЖаббор, сифатининг маъноси олий қадар улуғ Зот, ҳузурида ҳамма ўзини хор тутадиган Зот демакдир. У зот камбағалларни беҳожат қилади, ҳар бир қийналганни давоми...

1296 15:32 / 29 май
Истиғфор астағфируллоҳ банда Роббисидан гуноҳларини кечиришини сўрашидир. У тавба ва енгил тортиш калитидир. Мўмин хавотирга тушган заҳот ихлос билан истиғфор давоми...

333828 20:05 / 26.09.2017
Ўйлаб кўринг, таҳоратдан олдин .бисмиллах, айтилса, унга қанча меҳнат, вақт сарф бўлади, қанча пул тўланади Лекин ушбу кичкинагина амал инсоннинг зоҳирию давоми...

859 15:54 / 15 октябрь
Бадиий адабиёт керакми деган савол илм керакми деган саволдек мантиқсиздир. Бадиий адабиёт инсон диди ва ҳиссиётларини чархлайди. Ақлини ўстиради. Бадиий давоми...

2385 09:00 / 16 февраль