1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Исломнинг афзал дин эканлиги

06:16 / 21 август 1283 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Абу Довуд ва Насаийлар Амр Ибн Шуъайб розияллоҳу анҳудан, у ўз отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида хуннинг қиймати саккиз юз динор ёки саккиз минг дирҳам бўлиб, аҳли китобнинг хуни ўша кунларда мусулмонлар хунининг ярмига тенг эди. Шундай ҳолда кўп йиллар давом этиб келди. Ниҳоят Умар халифа бўлганидан кейин, у хутба қилиб:

«Билиб қўйинглар, туя қиммат бўлиб кетди», деди.

Сўнгра дияни олтин эгаларига минг динор, кумуш эгаларига ўн икки минг дирҳам, қора мол эгаларига икки юзта қорамол, қўй эгаларига икки мингта қўй ва кийим эгаларига икки юзта кийим этиб белгилади. Аҳли зиммаларнинг хунини кўтармай, ўз ҳолида қолдирди», деди».

Ушбу ривоятдан кўплаб фойда, қоида ва шаръий далилларни тушуниш услубларини ўрганиб оламиз:

Хуннинг қийматини бериш ҳам мумкинлиги.

Хуннинг қиймати юзта туянинг қиймати эканлиги. Чунки ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу динор ва дирҳамнинг миқдорини оширишга туянинг нархи қимматлашиб кетганлигини сабаб қилиб кўрсатдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида хуннинг қиймати олтин пул ила саккиз минг дирҳам бўлганлиги.

Аҳли китобнинг хуни мусулмон шахснинг хунининг ярмига тенг бўлиши.

Ўша вақтда пулнинг кучи туянинг нархи билан ўлчанганлиги (Албатта, Арабистон яримороли шароитида).

Ҳазрати Умарнинг пул қийматининг ўлчови бўлган туянинг нархи ошиб, пулнинг қадри пасайганлиги учун хуннинг қийматини зиёда қилганликлари.

Ҳазрати Умарнинг даврларида хуннинг қиймати олтин пул билан минг динор, кумуш пул билан ўн икки минг дирҳамга чиққанлиги.

Хуннинг қийматини Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида бўлмаган қийматлар билан ҳам белгилаш мумкинлиги. Мисол учун, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу хуннинг қийматини икки юз сидирға кийим-кечак деб белгилаганлар. Ўша вақтларда бирор нарсанинг қийматини кийим-бош билан берадиган томонлар ҳам бўлган, чунки уларнинг касби-корлари шу билан бўлган. Уларнинг бошқа мол-мулки бўлмаган. Бир сидирға кийим битта кўйлак ва бир иштондан иборат бўлган.

Бирор ҳукмни аниқ билиш учун у ҳақдаги барча оят ва ҳадисларни яхшилаб, атрофлича ўрганиб чиқиш зарур эканлиги.

Бу фикримизни ушбу хун тўлаш масаласи мисолида кўриб чиқайлик.

Ояти каримада хун тўлаш вожиблиги умумий тарзда айтилган, аммо нимадан қанча миқдорда тўлаш кераклиги айтилмаган. Бир ҳадисда хуннинг миқдори юзта туя эканлиги, бошқасида бир одамни қасддан ўлдирганда қандай сифатдаги туялар берилиши, учинчисида ноқасддан ўлдирганда қанча берилиши баён этилган. Тўртинчи бир ҳадисда хуннинг қиймати саккиз юз дирҳам миқдоридаги пул бўлиши ҳам мумкинлиги айтилган. Шу билан бирга, аҳли китобнинг хуни мусулмон хунининг ярмига тенглиги ҳам баён қилинган.

Бирортамиз Қуръонгагина амал қиламиз, ҳадис билан ишимиз йўқ, десак, хуннинг миқдорини аниқлай олмас эдик.

Агар биринчи ҳадисни ушлаб, хуннинг миқдори юзта туя экан, дейдиган бўлсак, қасддан ўлдирилган одам билан ноқасддан ўлдирилган одамнинг хунини тенг қилиб қўйган бўламиз.

Мабодо биринчи ва иккинчи ҳадиснигина ушлаб, хуннинг қиймати фақат туя билан ўлчанади, десак, туяси йўқ юртларда хун тўлаш ишини қийинлаштириб қўйган бўламиз.

Фақат ҳадисда келган лафзларни ушлаймиз, хун туя бўлмаса, динор ёки дирҳам билан тўланади, десак, яна қийинчилик туғилади. Чунки ҳамма ерда ҳам динор ва дирҳам топилавермайди.

Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўз даврларида «Ислом жамияти ҳудудлари кенгайиб, турли юртлар ва халқлар мусулмончиликка кирганидан кейин хун тўлаш учун қорамол, қўй, ҳаттоки кийим ҳам бўлаверади», деганлар.

Ҳазрати Умар ўзларининг бу ишлари билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига, яъни ҳадисларига хилоф иш қилмаганлар, балки айни суннатга амал қилганлар.

Шариатнинг ҳукми – қотилдан хун тўловини олиш. Тўлов мол-мулк бўладиган нарса бўлса, бўлди.

Агар ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам ҳозирги баъзи бир фикр доираси тор кишиларга ўхшаб, ҳадисдаги ҳар бир ҳарфга амал қиламан, деган даъво билан «Хун учун фақат туя, динор ва дирҳам бўлиши зарур», деб туриб олганларида, кўп жойларда хун тўлашнинг иложи бўлмай қолар эди.

Шариати исломиянинг ҳар замон ва ҳар маконга солиҳ бўлиши ҳам шунда. Яъни Исломнинг афзаллиги замон ва макон ўзгариши билан ўзгариб турадиган нарсаларда қатъий ҳукм чиқармай, мусулмонлар ижтиҳодига ҳавола қилиб қўйилганидадир.

Ушбу масалада ҳам хун бериш вожиблиги, унинг миқдори ўша вақтнинг пул қийматини белгиловчи мулк – туядан юз дона бериш билан бўлишини ва ниҳоят, хунга унинг қийматини ҳам бериш мумкинлиги баён қилинган. Қолган майда-чуйда ишлар ушбу қамров ичида замонга, маконга ва бошқа омилларга қараб, етук мутахассислар томонидан белгиланаверади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган ҳадисларнинг ҳаммаси ҳам доимий равишда, ҳар бир ҳарфигача татбиқ қилиш учун айтилмаган. Яъни баъзи ҳукмлар у зот алайҳиссаломдан бутун умматнинг охирзамон Пайғамбари сифатлари билан эмас, балки ўша вақтдаги раҳбар сифатларида, маълум макон ва замонга мос равишда ворид бўлган.

Ушбу маънони айнан ҳозирги ривоятларда кўриб турибмиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қотилнинг хун тўлаши вожиблиги ҳақида айтган гаплари у зотнинг барчанинг Пайғамбари ва доимий равишда ҳукм қилиш учун айтувчи сифатлари ила ворид бўлгандир. Бунга ҳамма одамлар, ҳамма макон ва замонда амал қилишлари вожиб.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хуннинг қийматини саккиз юз динор ёки саккиз минг дирҳам қилиб белгилаганликлари ўша даврдаги Ислом жамияти бошлиғи эканликларидан келиб чиққан. Ўша давр мусулмонлари бу ҳукмга амал қилишлари вожиб бўлган ва улар бу кўрсатмага оғишмай амал қилганлар ҳам.

Бироқ вақт ўтиши билан мазкур ҳукмнинг жавҳарига кўра, сирти ўзгариши мумкин. Зотан, ўша ҳукмнинг жавҳари ўликнинг эгаларига юзта туя қийматига яраша мол-мулк бериш эди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларига келиб, туя қиммат бўлиб кетиб, саккиз юз динор ёки саккиз минг дирҳамга юзта туя олиб бўлмайдиган бўлиб қолди. Балки мазкур маблағ саксон туянинг нархига тенг бўлиб қолди. Агар ҳадиснинг сиртига амал қилинса, унинг жавҳари – мағзига футур етиши мумкин.

Шунинг учун ҳам бундай масалаларни дақиқ жойларигача яхши англайдиган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу хуннинг қийматини оширдилар. Бу билан у киши ҳадиснинг сиртига хилоф қилган бўлиб кўринсалар ҳам, аслида ҳадиснинг жавҳарига амал қилганлар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Макка фатҳи Саъд ибн Абу Ваққос Макка фатҳи чоғида оғир хаста бўлиб қолдилар ва ушбу ривоятда зикр қилинган гаплар бўлиб ўтди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу давоми...

589 09:11 / 18 май
Узоқдан форс империясининг пойтахти кўринди. Мусулмонларнинг кўзлари Кисронинг оқ уйига тушди. Улар дарҳол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Менинг давоми...

1191 14:57 / 12 июнь
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар.Аллоҳ биз билан,6қисм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

4759 16:34 / 21.04.2017
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар ҚУРЪОННИНГ ЖАМЛАНИШИ 21қисмМуртадларга, сохта пайғамбарларга қарши давоми...

4864 16:51 / 20.04.2017