1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Пайғамбар шарафлаган хонадон эгаси (Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу)

09:00 / 27.11.2021 2321 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Холид ибн Зайд ибн Кулайб Ҳазражий Ансорий розияллоҳу анҳу Абу Айюб Ансорий номи билан машҳур бўлган мадиналик таниқли саҳобийлардан. Мадинанинг Ҳазраж қабиласидан, Бани Нажжор уруғидан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари Абдулмутталибнинг онаси ва Ҳошимнинг завжаси Салмо Хотун ҳам Бани Нажжордан бўлгани учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қариндошлиги бор. Ҳижратдан олдин иймонга келиб, Макка даврининг ўн иккинчи йили ҳаж мавсумида ҳамшаҳарлари билан Маккага келган ва иккинчи Ақоба байъатига қўшилган. Расули акрамнинг Мадинага ҳижратларида у зотнинг қариндош-уруғларини етти ой уйларида олиб турган. Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бошқа барча ғазотларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлди. Бутун умрини жангу жадалларда ўтказган, дўсти ҳазрати Алийнинг барча муҳорабаларида қатнашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 155 та ҳадис ривоят қилган, шундан ўн учтаси Имом Бухорий ва Муслим «Саҳиҳ»ларида зикр этилган. Шом халифаси Муовиянинг илк Истанбул муҳосарасига кўнгилли бўлиб қўшилган. Бир йилдан кейин, ҳижрий 50 (милодий 671) йили Истанбул фатҳига кетаётиб бетобланиб қолади ва ўша ерда вафот этди. Қабри Истанбулда, Айюб Султон мозорида.

Ислом шавкатини дунёга таратган бу улуғ саҳобанинг тўлиқ исми Абу Айюб Холид ибн Зайд ибн Кулайб розияллоҳу анҳу бўлиб, ўзи Бани Нажжор уруғидан ва ансорларга нисбат берилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида Аллоҳ таолонинг иродаси билан Пайғамбарга Абу Айюбнинг хонадонига қўниш буюрилган эди. Бу Абу Айюбнинг мартабасини осмон қадар юксалтириб, овозасини мағрибу машриққа таратди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар қуршовида қалблари соғинч, севги ва орзу-умидга тўлиб Мадинага кирарканлар, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни меҳмон қилишни хоҳлаб, туясининг жиловидан тутишга интилганлар кўп эди. Туя эса тўхтамас, тинмай илгарилаб борарди. Карвон Салим ибн Авф ўғилларининг уйи ёнига келганида улар туянинг жиловидан тутиб: «Эй Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам, бизникида қолинг. Биз кўпчиликмиз, кучимиз, қурол-аслаҳамиз бор», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туянинг жиловини тутганларга бундай дер эдилар: «Уни ўз эркига қўйинг! Унга амр қилинган!»

Карвон эса Бани Соида, Бани Ҳорис, Бани Ҳазрат, Бани Убай ибн Нажжор маҳаллаларидан ўтиб борарди. Барча қабила вакиллари туянинг жиловидан тутишар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз уйларида қўноқ бўлишларини, бундан хурсанд бўлишларини айтишар, баъзан тихирлик ҳам қилиб қўйишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса лабларида табассум билан уларга: «Туяни ўз эркига қўйинг, унга амр қилинган!» дер эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қадр-қимматли бўлиши учун қўноқ жойни тақдир ҳукмига ҳавола қилган эдилар. У жойда эса Аллоҳнинг сўзлари ва нурини бутун дунёга ёядиган масжид қурилиши лозим. Ёнида ичкариси дунё молидан, эҳтиёжидан холи бўлган, соддагина бир уй қад ростлаши керак эди. У ерда ҳаётнинг сўник руҳини ёритувчи, бутун кучини «Роббимиз Аллоҳ» дея иймон йўлига сарфловчи, яхшилик қилиб, иймонларига гард юқтирмайдиган, ёмонликдан сақланадиган бир умматга Ислом шуурини улашувчи бир пайғамбар яшаши лозим эди.

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу жойни тақдир измига топширган эдилар. Шу боис туянинг жилови бўш қўйилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам туяни на тўхтатдилар, на ҳайдадилар. Қалбларида ёлғиз Аллоҳга илтижо, тилларида эса ушбу дуо: «Аллоҳим! Мен учун танла ва тайинла!» Туя Молик ибн Нажжорнинг уйи олдида чўкди. Сўнгра туриб, у ерни айланди. Кейин яна аввалги жойига қайта чўкди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлиб, туяларидан тушдилар. Юзи қувончдан яшнаган бир мусулмон келиб, туянинг устидан юкини олди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни уйига таклиф қилди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом хайрли дуолар этиб, унга розилик билдирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туялари танлаган уйнинг бахтиёр соҳиби ким эди, биласизми? Бу саодатли инсон Малик ибн Нажжорнинг набираси Холид ибн Зайд (Абу Айюб Ансорий) эди.

Бу Абу Айюб розияллоҳу анҳу билан Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам илк учрашувлари эмас эди. Аввалги Мадина байъати – «Иккинчи таҳликали байъат» номи билан машҳур бўлган байъатни бериш учун Маккага бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўнг қўлларига ўнг қўлини қўйиб байъат берган етмиш саҳоба ичида Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Энди эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, бу шаҳарни диннинг пойтахти қилаётган эдилар. Абу Айюбнинг розияллоҳу анҳу уйи эса икки олам сарварига илк бошпана бўлаётган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун уйнинг биринчи қаватини танладилар. Аммо Абу Айюб иккинчи қаватдаги хонасига чиқа олмай, ҳаяжонлана бошлади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тепа жойда яшашини тасаввур ҳам қила олмасди. Шунинг учун у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иккинчи қаватда яшаш таклифини айтди. У зот бунга рози бўлдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом масжид ва унинг ёнида ўзлари учун бир ҳужра битгунгача ўша ерда истиқомат қилдилар.

Қурайшийлар турли қабилаларни Мадинадаги ҳижрат уйига қарши гиж-гижлаши баробарида Абу Айюб розияллоҳу анҳунинг жиҳоди ҳам бошланган эди. Мол-дунёси ва жонини Аллоҳга ҳамда Унинг Расулига фидо қилишга жазм айлаган қаҳрамон Бадрда, Уҳудда, Хандақ ва бошқа барча жангларда қатнашди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейинги қаттиқ жангларда ҳам иштирок этди.

Абу Айюб розияллоҳу анҳунинг бутун ҳаёти курашлар ичида ўтди; у қиличини бир четга қўйиб яшай олмаганди. Аммо буюк иймон соҳибининг ҳаёти сокин эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган бир ҳадисини ўзига шиор қилиб олган эди: «Намозингизни сўнгги намозим деган фикр билан ўқинг! Узр сўраладиган сўзлар айтманг! Инсонлар қўлидаги нарсаларга умид боғламанг». Шу боис у бемаъни сўз сўйламади. Нафсини ортиқча сийламади. Ҳаётини гўзал бир тарзда ўтказди. Унинг номи Ислом тарихида шарафларга бурканган ҳолда қиёматгача боқий қолди.

Валихон Азимбоев

«Ҳилол» журналининг 11(32) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ИФК ҲОДИСАСИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳаётларини ўрганар эканмиз, у кишининг ақлзаковатлари, илмлари, тадбиркорликлари, уддабуронликлари ва ҳар қандай давоми...

3198 19:28 / 21.04.2017
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ САҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларМуаллиф Аҳмад МУҲАММАД ТУРСУНИслом.уз сайтининг муҳтарам мухлислари давоми...

18444 21:21 / 21.04.2017
Имом Байҳақий ва Абдурраззоқ Қосим ибн Абу Баззадан ривоят қиладилар .Шомда мусулмон одам аҳли зиммадан бўлган бир кишини ўлдириб қўйди. Бу ҳақда Абу Убайда ибн давоми...

603 12:28 / 02 декабрь
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом шундай деганлар .Кийимларингиздан оқ ранглисини кийинглар, зеро, у давоми...

1979 11:00 / 10.05.2021