1446 йил 16 жумадул аввал | 2024 йил 18 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Масжиди Набавийнинг ислоҳ қилиниши

13:48 / 08 август 989 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳижрий 17 йилда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини кенгайтириб ислоҳ қилдилар.

Бухорий ва Абу Довуд Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давр­ларида масжид хом ғиштдан бино қилинган, унинг шифти хурмо шохларидан, устунлари эса хурмо ёғочидан эди.

Абу Бакр унга ҳеч нарсани қўшмади. Умар унга қўшимча қилди. У масжидни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги асос устига қайтадан хом ғишт ва хурмо шохидан қурди. Устунларини яна хурмо ёғочидан қилди.

Сўнг Усмон уни ўзгартирди. Кўпгина қўшимчалар қилди. Деворларини нақшланган тош ва пишган ғиштдан қурди. Устунларини нақшланган тошдан, шифтини саж ёғочидан қилди».

Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларининг у зотнинг ўзлари ва уч халифалари даврларидаги васфини қисқача ифода қилиб бермоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида:

Масжид биноси хом ғиштдан, шифти хурмо шохидан, устунлари хурмо ёғочидан эди. Масжид қурилишида саҳобаларга бош бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шахсан иштирок этган эдилар.

Масжиднинг ҳажми ҳам кичик эди. Ёмғир ёғса, хурмо шохларидан қилинган шифтдан ўтиб, ерга тушар, сажда қилган одамнинг пешонасига лой ёпишар эди. Масжиднинг ерига ҳеч нарса тўшалмаган эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида у ана шундай содда ва кичик эди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврларида:

Масжиди Набавий бу даврда ўзгаришсиз қолди, чунки ҳазрати Абу Бакр оз муддат халифа бўлиб, сўнг вафот топдилар. Ўша оз муддат ҳам Ридда урушларига сарф бўлди. Бунинг устига, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу табиатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги нарсаларнинг ҳеч бирини ўзгартиришни хоҳламас эдилар. Шунингдек, у кишининг даврларида Масжиди Набавийга ўзгартириш қилишга эҳтиёж ҳам йўқ эди.

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврларида:

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўн ярим йил халифалик қилдилар. Табиийки, хом ғиштдан қилинган, шифти фақат хурмо шохи ила тўсилган масжид таъмирга муҳтож бўлиб қолди. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини айнан аввалги қурилиш ашёлари, яъни хом ғишт, хурмо шохи ва ёғочидан фойдаланиб, худди ўзига ўхшатиб қайта қурдилар. У киши масжиднинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги кўринишини йўқотмаслигига алоҳида эътибор бердилар.

Масжиди Набавийни кенгайтириш ишлари давомида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан ҳазрати Аббос розияллоҳу анҳунинг ўрталарида асрлар давомида барчага ўрнак бўладиган ҳодиса жараён этган. Бу асли инсоният тажрибасида ҳукумат билан фуқаролар ўртасида тез-тез содир бўлиб турадиган ҳодисадир. Буни Ислом жамияти, унинг забардаст бошлиғи қандай муолажа қилганини ўша ҳодисанинг гувоҳлари тилидан эшитайлик.

Абдурраззоқ Зайд ибн Асламдан ривоят қилади:

«Мадина масжидининг ёнида Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳунинг ҳовлиси бор эди. Умар розияллоҳу анҳу унга: «Уни менга сот», деди.

Умар уни масжидга қўшмоқчи эди. У уни сотишдан бош тортди. Умар унга: «Бўлмаса, уни менга ҳадя қил», деди. У бош тортди.

Сўнг Умар: «Бўлмаса, масжидни кенгайтириш учун уни ўзинг қўш», деди. У яна бош тортди. Шунда Умар унга: «Сен, булардан бирини танлашинг керак», деди. У бундан ҳам бош тортди. Умар: Мен билан ўзингнинг ўртамизга бир одам танла», деди. У Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуни танлади. Хусуматлашиб унинг олдига боришди. Убай Умарга: «Менимча, уни рози қилмасдан ҳовлисидан чиқара олмайсан», деди. Умар унга: «Айт-чи, сенинг бу ҳукминг Аллоҳнинг Китобида борми ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида?!» деди. Убай: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида», деди. Умар: «У нимадан иборат?» деди. Убай эса: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сулаймон ибн Довуд алайҳимоссалом Байтул мақдисни бино қилганида қайси деворни қурса, ўша йиқилиб тушаверди. Аллоҳ унга: «Бировнинг ҳаққига уни рози қилмагунингча бино қурма», деб ваҳий қилди», деганларини эшитганман», деди.

Шундан сўнг Умар ўша ерни тарк қилди. Ўшандан кейин Аббос розияллоҳу анҳу уни масжидни кенгайтиришга қўшди».

Дунёдаги икки Ҳарами шарифнинг бирини кенгайтирмоқчи бўлган, дунёни ларзага солиб турган раҳбарнинг ўзининг оддий бир қозиси чиқарган ҳукмига биноан, ўзининг оддий бир фуқароси хоҳишига қарши чиқа олмаганига нима дейсиз?

Агар Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Аббос розияллоҳу анҳунинг эмас, Умар розияллоҳу анҳунинг фойдасига ҳукм чиқарганларида ҳам, бу қисса дунёга ўрнак бўлишга арзиб, яна ортиб ҳам қолар эди. Энг муқаддас икки масжиднинг бирини кенгайтириш масаласида ўз фуқароси билан маҳкамалашиб юрган раҳбарни дунё кўз очиб кўрганми ўзи?!

Қозининг жамият режасига, халифага қарши ҳукм чиқариши эса мўъжизанинг қолгани ҳисобланади.

Маҳкамада раҳбарни ютиб туриб, кейин ўз хоҳишига қарши иш тутган Аббос розияллоҳу анҳунинг қилган иши ҳам қойил қоладиган ишдир.

Агар Аббос розияллоҳу анҳу: «Хўп бўлади, эй амирул мўъминин», десалар ҳам тарихга кириб қолар эдилар. Аммо у кишини раҳбарга қарши чиқишга шижоатлантирган нарса амалдаги Ислом адолатидир. Ана шу илоҳий мутлақ адолатга оғишмай амал қиладиган зот – Умари одилнинг борлигидир.

Абу Яъло Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Умар масжидни – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини ҳар жума куни хушбўй қилар эди».

«Ислом тарихи» китоби биринчи жуз

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бану Ҳанифа элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишди. Уларнинг орасида машҳур бузғунчи Мусайлима Каззоб ҳам бор эди. Бу нобакор давоми...

1381 17:20 / 08.11.2023
Тарихчиларимизнинг таъкидлашларича, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг қилган муҳим ва тарихий ишларидан бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи давоми...

811 15:44 / 09 октябрь
Кофирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни даъватларидан қайтариш учун яна бир уриниш қилиб кўришди. Улар у зотни молу дунё, мансаб ва бошқа нарсалар билан давоми...

2333 11:08 / 05.02.2020
Бани Ҳашиш қабиласининг раисларидан бири қўшнисининг ерини эгаллаб олади. Улар қозига шикоят қилиб боришади. Қози имом Шавконий роҳимаҳуллоҳ эди. Шавконий давоми...

3090 17:00 / 12.04.2022
Аудиолар

134684 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54990 14:35 / 11.08.2021