1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳайратда қолдирган маълумотлар

11:00 / 17.05.2022 4006 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу ёки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу каби фақир бўлмаганлар. Аммо улардан афзал эдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳу ёки Билол розияллоҳу анҳу, Сумайя розияллоҳу анҳо, Ёсир розияллоҳу анҳу каби қийноққа солинмаганлар. Лекин улардан афзал эдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Талҳа розияллоҳу анҳу, Абу Убайда розияллоҳу анҳу, Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу каби ғазотларда баданлари жароҳатланмади, қўллари ёки оёқлари ишламай қолмади. Бироқ улардан афзал эдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу, Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу, Саъад ибн Муъоз розияллоҳу анҳу каби шаҳид этилмадилар. Аммо улардан афзал эди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг бошқа саҳобалардан бундай ўзиб кетишларининг сири нимада? Бу саволга Бакр ибн Абдуллоҳ ал Музаний роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бошқа саҳобалардан кўп намоз ўқиш ва кўп рўза тутиш ила ўзиб кетмадилар, балки қалблари ўрнашган нарса ила ўзиб кетдилар».

Ҳа, воқеамиз қаҳрамонини умматнинг пешқадами қилган нарса қалб амаллари эди. Шу қалб амаллари у зотни ҳеч бир орзу ва ҳиммат билан етиб бўлмайдиган мақомга олиб чиқди. Шу қалб амаллари туфайли у зотнинг иймонлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иймонларидан кейинги иймон мақомига кўтарилди.

Биз биламизки, иймон тил билан иқрор бўлиш ва қалб билан тасдиқлашдир. Биз турли солиҳ амалларни қилишга ҳаракат қилаверамиз, аммо шу амалларнинг мағзи, жавҳари бўлган нарсаларни унутиб қўямиз. Бу нарсалар қалбга тегишли ҳислардир.

Ҳар бир ибодатнинг ҳақиқати ва сурати бор. Намознинг сурати рукуъ, сажда, қиём, қироат ва бошқа рукнларидир. Намознинг ҳақиқати, мағзи эса хушуъ ва хузуъдир.

Рўзанинг сурати субҳдан то кун ботгунгача рўзани очувчи нарсалардан тийилишдир. Рўзанинг ҳақиқати ва мағзи эса тақводир.

Ҳажнинг сурати Сафо ва Марва орасида саъй қилиш, Каъбани тавоф қилиш, Арафотда туриш, Муздалифада тунаш, шайтонга тош отиш ва бошқа амаллардан иборат бўлса, ҳажнинг ҳақиқати ва мағзи Аллоҳнинг шиорларини улуғлашдир.

Дуонинг сурати қўлни кўтариш, қиблага юзланиш, муножот қилиш ва Аллоҳдан ҳожатларини сўраш бўлса, дуонинг ҳақиқати ва мағзи Аллоҳга муҳтожликдир.

Зикрнинг сурати тасбеҳ, таҳлил, такбир ва ҳамд айтиш бўлса, унинг ҳақиқати ва мағзи Холиқ таолони улуғлаш, Унга муҳаббат қилиш, Унинг азобидан қўрқиб, раҳматидан умидвор бўлишдир.

Шундай экан, тана аъзоларимиз билан бажариладиган амаллардан аввал қалб амалларига эътиборли бўлишимиз керак. Бир амалга киришишдан олдин ниятни тўғрилаб, кейин ўша амални ихлос ва тақво билан бажаришимиз лозим. Қиёмат куни сирларимиз ошкор бўлади, қалбларимиздаги яширин нарсаларимиз фош бўлади.

Агар дунё ютуқларига қадамлар билан юриб борилса, охират ютуқларига қалблар билан эришилади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:


وَلَا تُخْزِنِي يَوْمَ يُبْعَثُونَ



«Ва қайта тирилтириладиган Кунда мени шарманда қилмагин» (Шуаро сураси, 87-оят).

Қиёмат куни шарманда қилмагин.

يَوْمَ لَا يَنفَعُ مَالٌ وَلَا بَنُونَ


 «У Кунда на мол ва на ўғиллар манфаат бермас» (Шуаро сураси, 88-оят).

Ҳа, у Кунда иймон ва солиҳ амалдан бошқа ҳеч нарса фойда бермайди.

إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ

 «Ким Аллоҳ ҳузурига саломат қалб ила келса, мустасно» (Шуаро сураси, 89-оят).

وَأُزْلِفَتِ الْجَنَّةُ لِلْمُتَّقِينَ

«Ва жаннат тақводорларга яқинлаштирилди» (Шуаро сураси, 90-оят).

Яъни, жаннат бу дунёда иймону амали солиҳ билан, Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб ўтган тақводорларнинг кўзларига кўрсатиб қўйилди».

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда:

وَأُزْلِفَتِ الْجَنَّةُ لِلْمُتَّقِينَ غَيْرَ بَعِيدٍ

«Ва жаннат тақводорларга узоқ бўлмаган жойга яқинлаштирилди». (Қоф сураси, 31-оят).

Жаннат қиёмат куни тақводор бандаларга яқин келтирилиб, кўзларига кўрсатилишининг ўзи уларга бўлган катта башоратдир. Ушбу шарафга кимлар эришади ва қайси сифатлар етказади?

هَذَا مَا تُوعَدُونَ لِكُلِّ أَوَّابٍ حَفِيظٍ

مَنْ خَشِيَ الرَّحْمَن بِالْغَيْبِ وَجَاء بِقَلْبٍ مُّنِيبٍ

«Бу сизга ваъда қилинган нарсадир, ҳар бир сертавбага ва муҳофаза қилувчига,

«Роҳмандан ғойибона қўрққан ва қайтувчи қалб ила келган кимсага» (Қоф сураси, 32-33 оятлар).

Демак, қиёмат куни жаннат аҳлига жаннатни яқинлаштириб, олиб келинади ва:

«Бу сизга ваъда қилинган нарсадир…» – дейилади.

Яъни, «Бу дунёда ким иймон билан ибодат қилиб юрса, жаннатга киради», деб ваъда қилинган эди, ана ўша ваъда қилинган жаннат шу.

Ундан сўнг жаннат аҳлига қувонч устига қувонч бўлиши учун, жаннат кимларга ваъда қилингани алоҳида санаб чиқилади:

«…ҳар бир сертавбага ва муҳофаза қилувчига, Роҳмандан ғойибона қўрққан ва қайтувчи қалб ила келган кимсага».

«сертавба...»

Қилган гуноҳларига зудлик билан қайта-қайта тавба қилиб юрган шахслар. Тавбанинг аҳамиятини шундан билса ҳам бўлади.

«муҳофаза қилувчи...»

Оятда «муҳофаза қилувчи» деб қўйилганининг ўзи ғоят улкан маънони англатади. Нимани сақлаш керак бўлса, шуни сақловчилар ушбу маънонинг ичига киради. Жумладан, шариат чизиб қўйган чегарани сақловчи, Аллоҳга берган аҳду паймонини сақловчи ва ҳоказо. Бу ҳам жаннатийларнинг сифатларидан бири экан.

«Роҳмандан ғойибона қўрққан...»

Роҳман – Аллоҳнинг сифатларидан бири, ғойибона қўрқиш – Уни кўрмасдан қўрқишдир. Албатта, бу сифат жуда ҳам зарур бўлиб, Аллоҳ таолодан ғойибона қўрқмай туриб, жаннатга киришни хаёлга ҳам келтирмаслик керак.

«қайтувчи қалб ила келган...»

Аллоҳнинг ҳузурига қалби касал бўлмай келувчи. Қалбнинг саломатлиги энг муҳим сифатлардан экани ҳаммага маълум. Аллоҳ барчамизга қалб саломатлигини насиб этсин.

Аллоҳим, қалбларимизни Сенинг муҳаббатинг ила тўлдиргин ва ҳаётимизни тоат-ибодатингда ўтишини насиб этгин!

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилиб келгунларича Мадина шаҳри Ясриб деб аталар эди. Ясриб арабчада ёмонлик маъносини англатади. Шунинг учун давоми...

6314 19:36 / 21.04.2017
иккинчи мақола Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг Исломга киришлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни хурсанд бўлишларига, севинишларига сабаб давоми...

3257 11:00 / 26.01.2021
ndash Абдуллоҳ ибн Абу Қуҳофа ndash Абу Бакр Сиддиқ.ndash Умар ибн Хаттоб ndash алФоруқ, яъни, ҳақ билан ботилнинг орасини ажратувчи.ndash Алий ибн Абу Толиб ndash Абу Туроб, давоми...

15497 11:00 / 09.05.2022
Қаҳрамонимиз Ҳузайфа ибн алЯмон розияллоҳу анҳунинг бошқа саҳобалардан фарқли бир фазллари бор. У кишини баъзи уламоларимиз муҳожирлардан ҳисоблайдилар, давоми...

9917 20:15 / 21.04.2017