1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ноҳаванд жанги

15:27 / 31 июль 1724 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Форснинг подшоҳи Ноҳавандга катта куч тўплади. У форс империясига қарашли ҳамма жойлардан аскар тўплаб, ўз юришини Марв шаҳридан бошлади.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга бу ҳақда хабар берди. Шу билан бир вақтда Куфа аҳлидан бир гуруҳи Саъд розияллоҳу анҳуни адолатсизликда айблаб, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга шикоят қилдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу шикоятни текшириш учун ўз тафтишчиларининг энг машҳури Муҳаммад ибн Масламани юборди. Саъдни ўз ҳузурига келишга амр қилди. Саъд ўрнига бошқа одамни қўйиб, ўзи Мадинага йўл олди.

Текширишдан кейин Саъд розияллоҳу анҳунинг айбсиз эканликлари маълум бўлди. Аммо Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу орага келишмовчилик тушиб қолганлигини эътиборга олиб, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг ўринларига Куфага Нўъмон ибн Муқаррин ал-Музанийни амир этиб тайин қилдилар ва унга ушбу мактубни йўлладилар.

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умардан Нўъмон ибн Муқарринга.

Ассалому алайка. Албатта, мен сен учун Ўзидан ўзга илоҳу маъбуд йўқ бўлган Аллоҳга ҳамд айтаман.

Аммо баъд: Менга Ноҳаванд шаҳрида ажамлар сизларга қарши кўп жамоатларни жамлаганлиги хабари етиб келди. Қачон сенга менинг ушбу мактубим етиб борса, дарҳол Аллоҳнинг амри ила, Аллоҳнинг ёрдами ила, Аллоҳнинг насри ила ўзинг билан бўлган мусулмонлар билан юришни бошла. Уларни қийин йўлларга юргизма, яна озорланиб қолишмасин. Уларнинг ҳақларини ман қилма, яна ношукр бўлмасинлар. Уларни ботқоққа киритма. Мен учун бир мусулмон одам юз минг динордан маҳбуброқдир. Вассалому алайка».

Тарихий аҳамиятга эга бўлган бу ҳужжатни шарҳлаб ўтирмоқчи эмасмиз. Фақат унинг сўнгидаги ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг «Мен учун бир мусулмон одам юз минг динордан маҳбуброқдир», деган сўзларига эътиборингизни қаратмоқчимиз. Ўша вақтда динор олтин танга бўлган. Юз минг олтин танга ўша вақтда қанча кучга эга бўлганлигини англаб олиш ҳам қийин эмас. Ислом жамиятининг бошлиғи ўзининг оддий бир фуқаросини ана шунча маблағдан устун қўймоқда.

Лашкарлар тўпланганидан кейин Нўъмон розияллоҳу анҳу уч гуруҳни душмандан хабар олиб келиш учун юборди. Улардан иккиси хабарсиз қайтди. Учинчиси душманни кўриб, керакли хабарни олиб келди.

Нўъмон ўша вақтдаги ҳарбий тадбирлар бўйича олд, ўнг, чап ва орт томонларга қўмондонлар та­йинлади. У ўз лашкари билан Ноҳавандга етиб бориб, у ерда чодирлар қурдилар.

Жанг бошланди. Чоршанба, Пайшанба кунлари жанг бўлиб, Жума куни форслар хандақларига тушиб, беркиниб олдилар.

Мусулмонлар маслаҳат қилиб, Қаъқоъ ўз аскарлари билан душман устига бостириб бориб, кейин уларни алдаш учун ортга қочиши, душман қувиб чиққанда ҳамма бирдан ҳамла қилишига қарор қилдилар.

Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳу ўз одамлари билан топширилган вазифани аъло даражада бажардилар. Умрида мусулмонларнинг қочганини кўрмаган форслар ховлиқиб, уларни қувишга тушдилар. Нўъмон розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрадиган вақтгача лашкарларига жангга киришга амр бермай турди. Қуёш заволга кетиши билан у киши такбир айтди. Исломнинг музаффар фотиҳлари «Аллоҳу акбар!» садолари остида душман устига арслонлар каби ташландилар. Биринчилардан бўлиб, уларнинг амирлари Нўъмон розияллоҳу анҳу «Агар мен шаҳид бўлсам, ўрнимга Ҳузайфа амир бўлади», деб ёвга ҳамла қилди.

Тарих кўрмаган жанг бўлди. Қодисиядаги жанг ҳам бунчалик бўлмаган эди. Жанг давомида Нўъмон розияллоҳу анҳу шаҳид бўлди. Укаси Нуъайм унинг жасадини биров кўрмасин деб, беркитиб қўйиб, ўзи жангни давом эттирди. Байроқни Ҳузайфа олди. Жанг қоронғи тушгунича давом этди. Форслар гуриллаб ёниб турган ибодатхоналари томон қочар, мусулмонлар уларни қувиб борар эдилар.

Форсларнинг Моҳийн номли бошлиғи сулҳ сўради. Уларнинг талаби бўйича қуйидаги аҳднома ёзилди.

 

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ушбу Ҳузайфа ибн Ямоннинг Моҳдинор аҳлига берганидир. У уларга жонлари, моллари ва ерлари учун омонлик берди. Улар ўз миллатларида ўзгартирилмадилар. Улар билан шариатларининг ораси тўсилмайди. Модомики улар жизяни адо қилар эканлар, улар ҳимояда бўлурлар. Ҳар йили уларга волий бўлган шахсга ҳар бир балоғатга етганнинг молидан ва жонидан тоқатига қараб (олинади). Модомики, мусофирларни тўғри йўлга солсалар, йўлларни тузатсалар, ўз олдиларидан ўтган мусулмон аскарларни бир кечаю бир кундуз меҳмон қилсалар, вафо қилсалар ва насиҳат қилсалар. Агар алдасалар ва ўзгартирсалар, бизнинг зиммамизда улар учун ҳеч нарса йўқ.

Қаъқоъ ибн Амр, Нуъайм ибн Муқаррин ва Сувайд ибн Муқарринлар гувоҳ бўлдилар. 19-ҳижрий сананинг Муҳаррамида ёзилди».

Сўнгра мусулмонлар ўз жойларига қайтдилар. Наҳованд фатҳини мусулмонлар «Фатҳларнинг фатҳи» деб номладилар. Чунки ушбу фатҳдан ке­йин Форснинг иши умуман ўнгланмади.

Ҳазайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу Соиб ибн ал-Ақраъ розияллоҳу анҳуни хушхабарчи қилиб, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига йўллади. У Мадинага яқинлашиб келганида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу шаҳар ташқарисида хабар кутиб, безовта бўлиб юрар эдилар. У киши Соиб розияллоҳу анҳуни кўришлари билан:

«Ортингда не бор?» деди.

Соиб ибн ал-Ақраъ розияллоҳу анҳу:

«Яхшилик! Эй мўминларнинг амири, Аллоҳ сенга фатҳ берди! Улкан фатҳ! Нўъмон ибн Муқаррин шаҳид бўлди», деди. Умар:

«Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун!» дедилар-да, йиғлаб юбордилар. Йиғининг кучидан у кишининг икки куракларининг уст қисми кўтарилиб, туша бошлади. Буни кўрган Соиб:

«Эй мўминларнинг амири, ундан кейин мусибатга учраганларнинг ҳам юзини таниб бўлмади», деди. У киши:

«Улар заифҳол мусулмонлардир. Лекин уларни шаҳидлик ила мукаррам қилган Зот юзларини ҳам, насабларини ҳам билади. Уларга Умарнинг билишининг нима кераги бор», дедилар.

Ноҳавандда мусулмонлар қўлга киритган ўлжалар ичида икки идишда Кисронинг нафис жав­ҳарлари ҳам бор эди. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ўшаларни Соиб розияллоҳу анҳу орқали Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга юборган эди. Соиб уларни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга берган эди, «Уларни Байтулмолга қўйиб, лашкарингнинг олдига жўна», деди. У уловини миниб кетди. Умар унинг ортидан пойлоқчи юборди. У Соибни Куфадан қайтариб келди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уни кўриши билан:

«Сен чиққан кечаси мен уйқуга кетдим. Фаришталар мени ичида олов ёниб турган икки идиш томон, агар уларни мусулмонларга тақсимламасам, ўтини менга босмоқчи бўлиб, судрай бошладилар. Бу икки идишни ол-да, мусулмонларнинг ризқи учун сотиб юбор», дедилар.

Икки идишдаги жавоҳирлар Куфа бозорида сотилди ва тушган маблағ мусулмонларга сарф қилинди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У кишининг тўлиқ исмлари Саъд ибн Молик ибн Уҳайб ибн Абдуманноф ибн Зуҳра ибн Килоб ибн Муррадир. Саъд ибн Абу Ваққоснинг насаблари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи давоми...

1694 15:07 / 18.11.2023
Фазилатли хонадон қизиБу аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суҳбатларидан баҳраманд бўлиш шарафига эришган, икки дунё саодатини қўлга киритган, Аллоҳга давоми...

3152 19:29 / 21.04.2017
Холид ибн Зайд ибн Кулайб Ҳазражий Ансорий розияллоҳу анҳу Абу Айюб Ансорий номи билан машҳур бўлган мадиналик таниқли саҳобийлардан. Мадинанинг Ҳазраж давоми...

2322 09:00 / 27.11.2021
Жоғир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Саъд келаётган эди Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мана бу менинг тоғам. Бас, ким менга ўз тоғасини давоми...

27680 20:17 / 21.04.2017