1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Умар ва демократия

10:05 / 27.01.2025 1772 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик қилишлари Ислом демократиясининг юқори савиядаги, ёрқин кўриниши эди.

У кишининг ҳар бир ишни шуро мажлиси қарори билан қилганликларини аввал айтганмиз.

Шунингдек, у кишининг халқ оммасидан бир лаҳзага ҳам ажралмаганликлари, халқдан ортиқча еб-ичиб, киймаганликларига ҳам гувоҳ бўлдик. У кишининг даврларида қонун олдида ҳамма баробар бўлганлигини жонли мисоллар тимсолида кўрдик.

Хулоса қилиб айтсак, ўша даврда халқчиллик сиёсатининг қандай кўриниши бўлса, ҳаммаси олий даражада намоён бўлганлигини англаб турибмиз.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу катта мужтаҳид олим, ўткир ақлли сиёсатчи, тадбиркор ва забардаст жамият раҳбари бўлишлари билан бирга, яна бошқа кўп фазилатларга ҳам эга эдилар. Бу сифатлар ҳар кимда ҳам бўлавермайдиган, баъзиларда бўлса ҳам, мансабга мингач йўқолиб қоладиган сифатлардир. Ана шундай сифатлардан бири танқидни кўтара олиш ва хатони тан олиш сифатидир.

Ҳофиз Абу Яъло Шаъбийдан, у киши Масруқдан шундай ривоят қиладилар:

«Умар ибн Хаттоб халифалик даврида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарларига чиқиб:

«Эй одамлар! Аёлларнинг маҳрини жуда ошириб юбордингиз-ку! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари маҳрни тўрт юз дирҳамдан оширмас эдилар, ундан ҳам оз бўлар эди. Агар маҳрни зиёда қилиш Аллоҳга тақво ёки карамли иш бўлганида, улардан ўтиб кета олмас эдингиз. Ҳеч кимнинг бир аёлнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилганини билмайин!» деди-да, минбардан тушди.

Қурайшлик бир аёл унинг йўлига кўндаланг чиқди-да:

«Эй мўминларнинг амири, одамларни аёлларнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилишдан қайтардингми?» деди.

Умар: «Ҳа», деди.

Аёл: «Аллоҳнинг Қуръонда туширган ҳукмини эшитмаганмидинг?!» деди.

Умар: «У қандай ҳукм экан?» деб сўради.

Шунда аёл: «Аллоҳнинг «...ва уларнинг бирига ҳаддан зиёд маҳр берган бўлсангиз ҳам..!» деган оятини эшитмаганмисан?!» деди.

Умар: «Парвардигор, Ўзинг кечир! Одамлар Умардан кўра фақиҳроқдирлар», деди-да, қайтиб бориб, яна минбарга чиқиб:

«Эй одамлар, мен сизларга аёлларнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилмасликни амр қилган эдим. Энди ким ўз молидан қанча хоҳласа, бераверсин. Умар хато қилди. Аёл киши тўғри айтди», деди».

Ё Илоҳим! Бу қандай жасорат?!

Оддий бир аёл дунёни ларзага солиб, ўша пайт­нинг энг катта икки империясини қулатиб, юрган йўлида менман деган зўравонларни зир титратиб, ҳаммани ўз оғзига қаратиб турган забардаст халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг минбардан туриб айтган сўзини кўпчиликнинг олдида очиқдан-очиқ танқид қилса-я!

У аёлнинг юраги қандай юрак экан ўзи?!

У аёл бунчалик журъатни қаердан олган?!

У аёлга ўзига ўхшаганларининг ҳақларини ҳимоя қилишни ким ўргатган?

Ҳа, у аёлнинг юраги – исломий юрак!

У бунчалик журъатни Исломдан олган!

У аёлга ўзига ўхшаганларининг ҳақларини ҳимоя қилишни Ислом ўргатган!

Ё Илоҳим! Бу қандай жасорат?!

Дунёдаги энг кучли жамиятнинг энг кучли раҳбари дўсту душманнинг олдида оддий бир аёлнинг танқидини индамай эшитиб турса ва тан­қиддан сўнг кўпчиликнинг олдига, минбарга чиқиб, ўз хатосини тан олса, бу улкан жасорат эмасми?!

Бундай жасоратни ким содир эта олади?!

Дунёдаги энг кучли жамиятнинг энг кучли раҳбарининг дўсту душманнинг олдида оддий бир аёлнинг танқидини индамай туриб эшитиши Исломда жасорат эмас, ўз бурчини адо этиш деб аталади!

Дунёдаги энг кучли жамиятнинг энг кучли раҳбарининг оддий бир аёлнинг танқидидан сўнг минбарга чиқиб, кўпчиликнинг олдида ўз хатосини тан олиши жасорат эмас, ўзининг бандалигини тан олишидир!

Бундай жасоратни фақатгина Ислом таълимотларини ўзига тўлалигича сингдириб, тўлақонли исломий ҳаёт кечирадиган кишигина содир этиши ва буни оддий ҳол деб билиши мумкин!

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 14 сентябрдаги 0307/7030-сонли тавсияси билан чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар. Лекин у кишидаги соф табиат бир кун давоми...

3627 11:00 / 16.08.2023
Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ аввалда қароқчи, йўлтўсар эди. Битта, иккита мусофирни кўриб қолса уларни уриб, қўрқитиб молини олар эди.Унинг тавбасининг сабаби давоми...

3541 17:01 / 04.11.2021
Масруқ ибн Абдураҳмон тобеиннинг улуғларидан бўлиб, Ҳамадон шаҳрида дунёга келганлар, кунияси ndash Абу Оиша. Амирул мўминин Умар розияллоҳу анҳу Масруқ ибн давоми...

1773 09:00 / 23.03.2023
биринчи мақолаХолид ибн Валид розияллоҳу анҳу машҳур саҳобийлардан ва забардаст қўмондонлардан бўлиб, Қурайшнинг Бану Махзум уруғида таваллуд топдилар. давоми...

4760 11:00 / 25.01.2021
Аудиолар

230231 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148808 14:35 / 11.08.2021