1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида

12:57 / 23 июль 731 pdf Ўқиш режими + -

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Маълумки, 1937–1953 йилларда мустабид тузум томонидан 100 мингдан зиёд халқимиз вакиллари қатағон сиёсатининг қурбони бўлган. Бу юртдошларимизнинг 13 минг нафари отиб ташланган, минглаб кишилар ноҳақ қулоқ қилинган, сургунларга жўнатилган. Улар орасида атоқли давлат ва сиёсат арбоблари, илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлилар, диний уламолар, ҳарбий соҳа ва суд-ҳуқуқ тизими ходимлари, ишчи-деҳқонлар ва уларнинг оила аъзолари бўлган.

Ватанимизнинг миллий истиқлоли, халқимиз озодлиги учун курашиб, шу йўлда жонини фидо этган, сиёсий қатағон қурбонлари бўлган ота-боболаримизнинг ҳаёти ва фаолиятини атрофлича ўрганиш ва тадқиқ этиш, уларнинг номлари ва хотирасини абадийлаштириш бўйича кейинги йилларда юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2021–2024 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 1 минг 200 дан зиёд сиёсий қатағон қyрбонларининг номлари оқланганини алоҳида қайд этиш лозим.

Ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда мустақиллигимизни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тарихимизнинг номаълум саҳифаларини тиклаш ва илмий нуқтаи назардан чуқур ўрганиш, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида эътироф этиш, шу асосда юртдошларимиз, айниқса, ёш авлоднинг Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғусини, фуқаролик позициясини кучайтириш, уларни бугунги тинч, эркин ва озод ҳаётнинг қадрига етиш руҳида тарбиялаш мақсадида:

1. Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда – Республика комиссияси) 1-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

2. Қуйидагилар Республика комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

қатағон қyрбони бўлган шахсларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, уларни номма-ном аниқлаш, тарихий хизматлари ҳақидаги маълумотларни, архив ва музейлар, кутубхоналар ва турли фондларда сақланаётган ҳужжатларни тўплаш ва тадқиқ этиш, оммалаштириш учун ишчи гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш;

қатағон қурбонларининг авлодлари ва яқинлари, ўша давр воқеаларига гувоҳ бўлган инсонларнинг хотираларини ёзиб олиш, оилавий архив ва кутубхоналарда сақланаётган тарихий манбаларни, ноёб суратларни тўплаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш; 

Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, унинг ҳудудлардаги бўлимлари ҳамда Жадидлар мероси давлат музейининг мавзуга доир маълумотлар, ашёвий далил ва ҳужжатлар, бошқа тегишли экспонатлар билан мунтазам равишда бойитиб борилишини таъминлаш;

қатағон қилинган юртдошларимиз ҳақидаги тарихий ҳақиқатни тиклаш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида кўп жилдлик “Қатағон қурбонлари” китобини чоп этиш ҳамда уларнинг номларини Тошкент шаҳридаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасида барпо этиладиган рамзий китоб саҳифаларига киритиш ишларини давом эттириш;

чет элдаги турли фондлар, архив, музей, кутубхона ва бошқа илмий-маърифий муассасалар ҳамда тегишли мутахассислар билан ҳамкорлик ўрнатган ҳолда, мавзуга оид илмий экспедициялар ташкил этиш; 

ёш авлодни Ватанимиз озодлиги йўлида жонини фидо қилган буюк аждодларимиз хотирасига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг жасорати ва ибратли фаолиятини тарғиб этишга қаратилган маънавий-маърифий ишларни йўлга қўйиш.

Республика комиссиясининг ишчи органи этиб Мудофаа вазирлигининг умумий раҳбарлигида Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Фанлар академияси Тарих институти, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, Қуролли Кучлар академияси, Мудофаа ва ҳарбий хавфсизлик муаммоларини ўрганиш институти, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, “Шон-шараф” давлат музейи масъул ходимлари ва етакчи мутахассисларидан иборат гуруҳ белгилансин. 

3. Республика Маънавият ва маърифат маркази, Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейининг ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасини мамлакатимизда Сиёсий қатағонқурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Республика комиссияси Қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталигини муносиб даражада ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва уларнинг амалга оширилишини таъминласин. 

4. Қатағон қyрбонлари, жумладан, жадидлик ҳаракати намояндаларининг ибратли ҳаёти ва фаолиятини халқимиз, айниқса, ёшлар орасида янада кенг тарғиб этиш мақсадида:

“Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги халқимизнинг мустақилликка эришиш йўлидаги кўп асрлик мардона кураши, бу йўлда cиёсий қатағонга учраган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда уларнинг хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари, давра суҳбатлари, таълим муассасалари ва маҳаллаларда уч авлод учрашувларини ташкил этиб борсин;

Маданият вазирлиги давлат буюртмаси асосида спектакллар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратсин;

Ёшлар ишлари агентлиги аудиовизуал маҳсулотлар тайёрлаб, уларни интернет тармоғида оммалаштирсин, шунингдек, фойдаланувчилар ўртасида тyрли танлов, мусобақа ва акциялар ўтказсин;

Фанлар академияси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда Фанлар академияси Тарих институтининг “Jadidlar.uz” электрон платформасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ва платформани янги электрон адабиётлар, тарихий манбалар, жадид матбуоти намуналари ва аудиовизуал маҳсулотлар билан бойитиш чораларини кўрсин;

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги таълим ташкилотларида ўтказиладиган “Мустақиллик дарслари” доирасида қатағон қyрбонлари, жумладан, жадидлик ҳаракати намояндаларига бағишланган ўқув машғулотларини ташкил этсин;

Туризм қўмитаси қатағон қурбонларининг номлари билан боғлиқ музей ва объектларни сайёҳлик йўналишларига киритиш чора-тадбирларини кўрсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, “Нуроний” жамғармаси, “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди билан биргаликда Республика комиссиясининг қарори асосида:

қатағон қyрбонлари ва жадидлик ҳаракати вакиллари бўлган шахслар туғилиб ўсган, яшаган хонадонларни аниқласин ва уларда эсдалик лавҳаларини ўрнатсин; 

маҳаллаларда ва умумтаълим мактабларида тегишли тарзда “Қатағон қурбонлари хотираси бурчаклари”ни, стендлар ва бошқа кўргазмали воситаларни ташкил этсин.

Мазкур бандда белгиланган вазифалар маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

6. Қатағон қyрбонлари, жумладан, жадидлик ҳаракати намояндаларининг ҳаёти ва фаолияти, илмий-ижодий мероси, шунингдек, ўша даврдаги сиёсий-ижтимоий жараёнлар бўйича тадқиқотлар олиб боришмақсадида:

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мавзуга оид илмий тадқиқот ишларига давлат буюртмасининг танловлар асосида шакллантирилиши ҳамда илмий лойиҳаларнинг амалга оширилишини таъминласин;

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, “Ўзархив” агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Маданий мерос агентлиги, Фанлар академияси қатағон қyрбонлари ва жадидлик ҳаракати намояндаларининг илмий-ижодий фаолиятига тегишли нодир китоблар, қўлёзма асарлар, тарихий ҳужжатлар ва бошқа материалларни таъмирласин ҳамда рақамлаштирсин;

“Ўзархив” агентлиги Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда давлат архивларида сақланаётган қатағон қyрбонлари ва жадидлик ҳаракати намояндаларига оид муайян архив ҳужжатларини белгиланган тартибда махфийликдан чиқариш чораларини кўрсин;

вазирлик ва идоралар қатағон қyрбонлари ва жадидлик ҳаракати намояндаларининг номларини аниқлаш борасида изланишлар олиб бориш учун Республика комиссияси тавсиясига асосан, тегишли идоравий архивлардан фойдаланиш имкониятини яратсин;

Ташқи ишлар вазирлиги қатағон қyрбонларининг ҳаёти ва фаолиятига доир чет эллардаги мавжуд манбаларни излаб топиш ва ўрганишда хориждаги илмий-тадқиқот марказлари, нуфузли университет ва фондлар ҳамда соҳа мутахассислари билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатсин.

7. Маданий мерос агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда шахсий ва оилавий архивларда сақлаб келинаётган қатағон қyрбонлари фаолиятига бевосита дахлдор бўлган қўлёзма, китоб, сурат ва буюм шаклидаги тарихий-маданий ашёларнинг давлат музейлари фондларига қабул қилиб олинишини ташкил этсин.

8. Қатағон қyрбонлари хотираси давлат музейи Рақамли технологиялар вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва унинг ҳудудлардаги бўлимлари фондларини мунтазам бойитиб бориш, уларда янги экспозиция ва кўргазмалар ташкил этиш ҳамда бу борада замонавий рақамли технологиялар ва мультимедиа воситаларидан кенг фойдаланишни йўлга қўйсин.

9. Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратyра, Божхона қўмитаси ушбу қарор билан белгиланган вазифаларни бажаришда дахлдор вазирлик, идора ва ташкилотларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилишини таъминласин.

10. Адлия вазирлиги Бош прокуратyра, Давлат хавфсизлик хизмати, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Фанлар академияси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази билан биргаликда икки ой муддатда мустабид тузум даврида сиёсий қатағонга учраган шахсларни реабилитация қилиш тартибини назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритсин.

11. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги: 

2025 йилдан бошлаб қатағон қурбонлари ва жадидлик ҳаракати намояндаларига бағишланган тадбирларни ўтказиш, “Қатағон қурбонлари” хотира китобларини, китоб ва альбомлар, йўл кўрсаткичларини тайёрлаш, шунингдек, кўргазмалар ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда инобатга олсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейининг тузилмасини такомиллаштириш, жумладан, унинг таркибида мультимедиа, нашриёт ва матбаа бўлинмаларини ташкил этиш ҳамда музей ва унинг ҳудудий бўлимларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

12. Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимизнинг ҳаётива фаолиятини ўрганиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

13. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига қатағон қурбонларининг ҳаёти ва фаолияти, уларнинг илмий-ижодий меросининг моҳияти ва тарбиявий аҳамиятини тарғиб қилишга қаратилган тадбирларни кенг ёритиш, мавзуга оид телекўрсатув ва радиоэшиттиришларни мунтазам эфирга узатиш ҳамда матбуот нашрлари ва интернет саҳифаларида мақолалар эълон қилиб бориш тавсия этилсин.

14. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

15. Ушбу қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Манба
Uza.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фестивал 2019 йил 24 март куни Москвадаги Катта масжидrdquoда бўлиб ўтади. Тадбир Россия Фередацияси Мусулмонлар диний идораси, Россия Муфтийлар кенгаши, Москва давоми...

1928 07:30 / 01.03.2019
Туркиянинг шимолишарқидаги Ризе вилоятида Қуръони Каримни ёд олган юзлаб талабаларнинг битирув маросими бўлиб ўтди. Жами 571 нафар талабалар Қуръони Каримни ёд давоми...

1257 10:30 / 14.12.2021
Бугун, 20 январь куни Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Абу Сахийrdquo жомеъ масжиди янги имомхатиб намозхонларга таништирилди. Ушбу маросимда Ўзбекистон мусулмонлари давоми...

2007 14:30 / 20.01.2023
Макка ва Мадина ўртасидаги Ҳарамайн тезюрар темир йўл алоқаси шу ой охирида очилади. Ушбу хизмат 2020 йил март ойида коронавирус пандемияси сабабли тўхтатилган давоми...

1902 12:30 / 18.03.2021
Видеолар
Аудиолар

135079 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55357 14:35 / 11.08.2021