1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Одамларнинг маломатидан қўрқмай...

11:13 / 22 июль 1054 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Майда одам тоғда турганида ҳам майда кўринади, буюк одам чуқурда ҳам буюк кўринади» деган экан аҳли донишдан бири. Аксари олимларда бўлгани каби Шайх ҳазратларининг ҳам виқорлари, ҳайбатлари, бошқалардан илм ва салоҳиятда устунликларининг асари зоҳирларидан кўриниб турарди. У киши ғанимларнинг кирдикорларига эътибор бермас, одамлар маломатидан қўрқмас, бутун кучларини Аллоҳ динига хизмат қилишга сафарбар этардилар.


Аммо шунга қарамай, ҳасад ва кўролмасликка мубтало бўлган кимсалар Ҳазратга умр бўйи душманлик қилишди, йўлларига тўғаноқ бўлишга ва амалга ошираётган улкан ишларини тўсишга уринишди. Нима қилиб бўлса ҳам у кишига зарба беришга, дилларини оғритишга, камчилик-нуқсон топиб, бадном этишга уринишди. Аммо «Ит ҳурар, карвон ўтар» деганларидай, Ҳазрат буларга эътибор қилмай, аҳамият бермай йўлларида собитқадамлик билан давом этавердилар, мақсадларидан асло чекинмадилар, машаққат ва озорлар қаршисида довдираб қолмадилар. Гоҳо учта-тўртта китобни чала-чулпа ўқиб, ўзини «катта олим» санаб қолган, ҳали она сути оғзидан кетмаган айрим йигитчалар Ҳазратга нисбатан беодоблик кўрсатиб, қитмирларча савол берганида ҳам, китобларидан ёки ваъзларидан ўзларига ёқмай қолган жумлаларга ҳужум қилганида ҳам Шайх ҳазратлари аксари улуғ олимларга хос кечирувчилик, босиқлик ва тавозуъ билан уларни инсофга чақирдилар ёки кўпда сукутни афзал кўрдилар.


 «Мевали дарахтга тош отилади» деганларидай, жоҳиллар ҳамиша олимларни назар-писанд қилмай, жиғига тегиб ўтишган. Улар шаънига нолойиқ гапларни ёки ишларни қилишган, ёмонотлиққа чиқаришган. Ёхуд ҳасад туфайли ўша олимга қарши фитна, туҳмат уюштириш билан машғул бўлишган. Ҳолбуки, олимлар Аллоҳ суйган, Аллоҳдан энг кўп қўрқувчи, Аллоҳга энг яқин саодатманд инсонлар, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ворисларидир. Қуръони Карим «Аллоҳдан бандалари орасидаги олимларигина қўрқурлар» (Фотир сураси, 28-оят) деб башорат берган. Бир ҳадисда бундай дейилган: «Олимнинг обидга нисбатан фазли, яъни устунлиги ойдин кечада ойнинг бошқа юлдузлардан устунлигига ўхшайди. Дарҳақиқат, уламолар пайғамбар алайҳимуссаломларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдиришмаган, улар фақат ўзларидан илмни мерос қилиб қолдиришган. Ким бу илмни олган бўлса, у қандайин катта бахтни қўлга киритибди!» (Термизий, Абу Довуд, Ибн Можалар ривояти).


Шунинг учун Шайх ҳазратлари каби ҳақиқий олимлар шуҳрат, обрў ва мансабга учишмаган, мол-дунё ва бойлик кетидан қувишмаган, роҳат-фароғатларини ўйлашмаган, жамиятдаги одамларга ёқишга уринишмаган, уларнинг маломатидан қўрқишмаган. Бутун ҳаракатлари, изланишлари, интилишлари одамлар орасида илоҳий маърифатни ёйиш, уларни Аллоҳнинг ҳақ динидан хабардор қилиш ва шу йўл билан Парвардигорлари розилигини топиш бўлган.


Бир жамиятнинг ўзида инсофли, диёнатли, соғлом фикрли одамлар билан бирга уларнинг акси бўлган носоғлом фикрли кимсалар ҳам бўлади. Кўплаб уламолар каби шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳам умр бўйи ҳасадгўй, манфаатпараст, мансабпараст, нафсининг етовига тушиб қолган кимсаларнинг тазйиқ, фитна ва маломатларига учраб ўтдилар. Аллоҳ таоло ато қилган илми, салоҳияти, мусулмонлар орасидаги мавқе ва обрўси, виқор ва ҳайбати умр бўйи у кишининг ғанимлари, мухолифлари ва хусуматгўйларининг уйқусини қочирди, тинчини бузди, оромидан айирди. Аммо кучли сув пўртанаси йўлида учраган ҳар қандай тўсиқни, хор-хасни ювиб кетганидай, у киши ҳам бундай ғаламислик ва кўролмаслик ҳолатларига, ортларидан ва олдиларидан тинмай айтилаётган таъна-маломат ва айбловларга парво қилмай, назарга илмай, олға боравердилар. Мухлислари «Сиз ҳақингизда фалончилар шундай деяпти, пистончилар манави гапларни ёзишибди» деб қолишса, Ҳазрат «Менинг маломатчилар хусуматгўйлар билан тортишиш, айбловларига изоҳ беришга вақтим ҳам, тоқатим ҳам, хоҳишим ҳам йўқ», деб жавоб берардилар.


 Ҳазратнинг шогирдлардан Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид бундай ҳикоя қилади: «Шайх ҳазратлари ўзларига қарши қилинадиган турли фитна ва иғволарга парво қилмасдилар. Бундай майдакашлик билан машғул бўлишни ўзларига эп кўрмасдилар. Биронтаси бу тўғрида гап очса ҳам, «Бундай нарсаларга эътибор қилсак, асосий ишдан қолиб кетамиз», деб қўярдилар. Иғвогарлар ортларидан умумий ёки хос суҳбатларда қанчалар фитна қилмасин, на оммавий, на хос йиғинда ўз ҳимоялари учун бирор сўз айтмасдилар. Гуруҳбозлик, тоифачилик, мутаассиблик, шахспарастликни мутлақо ёқламасдилар. Ҳатто ўзларига нисбатан қилинган такаллуфларни ҳам кескин рад қилардилар. Табиийки, ҳақиқат бор жойда ботил ҳам бўлади. Кимдир ҳақ тарафида турса, кимдир ботил томонда курашади. Ҳазратга ҳам бу борада турли синовлар келиб турарди. Буюк сўфий олимлардан Бишр Ҳофий раҳматуллоҳи алайҳ Хулайбийнинг бундай деганини ривоят қилган: «Абу Ҳанифага фақат жоҳил ёки ҳасадгўй тил теккизади». Биз ҳам Шайх ҳазратларини яқиндан кузатарканмиз, бу гап айни маънода у кишининг шаънларига тўла мувофиқ келишини хулоса қилишимиз мумкин».


Мухлислардан бири ҳикоя қилади: «Бир йили Шайх ҳазратлари Зоминда дам олаётган эдилар. Самарқанддан келиб, бир маросимга таклиф қилиб кетишди. Белгиланган куни Ҳазрат Самарқандга бордилар. Маросим ақийқа эди шекилли, бу ҳақдаги Ислом дини кўрсатмаларини яхшилаб тушунтириб, чиройли бир мавъиза қилиб бердилар. Дуо-фотиҳалардан сўнг Ҳазратнинг қаршиларида ўтирган басавлат, қиёфасидан катта мансабларда ишлагани кўриниб турган бир киши сўз сўраб қолди. Ҳазрат «бирор саволи бўлса керак» деган хаёлда унга ижозат бердилар. Ҳалиги киши ўрнидан туриб, Шайхга қарата: «Гапиришимдан олдин менинг илтимосимга «йўқ» демасликка ваъда берасизми?» деб сўради. Ҳазрат кулиб, «Қўлимдан келадиган иш бўлса, «йўқ» демайман», дедилар. Шунда у: «Ҳазрат, муфтий бўлиб турганингизда сизни ва диндорларни жуда ёмон кўрганман, шунинг учун шаънингизга кўп туҳмат гаплар айтиб, сизга душманлик ҳам қилганман, ана шу ишларимни кечирасизми?» деди. Ҳазрат: «Менга қилган ёмонликларингизни ҳозироқ кечирдим, аммо динимизга қилган душманликларингизнинг мағфиратини Аллоҳнинг Ўзидан сўранг, мен бунга аралаша олмайман», деб жавоб қилдилар».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ умрлари давомида шахсларига қилинган барча хусумат ва ғанимликларни бағрикенгларча кечира олдилар, аммо Аллоҳнинг динига душманлик қилганларга асло муросасозлик қилмадилар. Бу борада ҳам у зот раҳматуллоҳи алайҳ Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатларига содиқликларича қолдилар.

Жаъфар Абдулмўмин.
«Ҳилол» журнали 7-сон.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаддис, фақиҳ, усулий, мантиқий, мутакаллим, тарихчи, тадқиқотчи, танқидчи олим, шайх Абулҳасанот Муҳаммад Абдулҳай алАнсорий алЛакнавий алҲиндий бўлиб, аллома давоми...

4228 22:14 / 27.04.2017
Бу суратдаги кишига ўғлининг вафоти хабари етганида мусибат учун жазавага тушмади, ғазаб ҳам қилмади Лекин уни қабристонга элтишганда, ўғлининг жасадини давоми...

5277 13:00 / 29.12.2021
Наманган шаҳрининг Ғунча мавзесида мўъжазгина бир масжид бор. Ушбу масжид фиқҳ илмининг билимдони Мулла Абдулқодир охунд шарафларига бунёд этилган. У зоти шариф давоми...

2100 19:48 / 12.12.2022
Исмоил қори милодий 1885 йили Сардоба даҳасининг Исоқ чўян маҳалласи ҳозирги Навоий кўчаси 46уйда таваллуд топди. Отаси ndash Нормирза кулолчилик билан шуғулланган давоми...

2077 23:06 / 07 август
Аудиолар

137267 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7535 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57341 14:35 / 11.08.2021