1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Бирр ва оқ бўлишнинг тафсири

16:08 / 12 июль 1348 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аввал «Биррул волидайни» – «Ота-онага яхшилик қилиш» бирикмасининг тўлиқ маъносини тушуниб олайлик.

«Бирр» сўзи бизнинг тилимизга «яхшилик» дея таржима қилиниб, «фазилат», «содиқлик», «тоат» ва «солиҳлик» каби маъноларни ифода этади.

Уламолар истилоҳида «Бирр» юмшоқ ва латофатли сўз ила яхшилик қилиш ва нафратга сабаб бўлувчи қўпол сўздан четда бўлишдир. Айни пайтда «бирр» шафқат, меҳр-муҳаббат асосида молиявий амаллар билан яхшилик қилишни ҳам ифода этади.

«Волидайни» – ота-она. Бу сўз бобо ва момоларни ҳам ўз ичига олади.

Арабча «оқ» сўзи луғатда «ёриш» ва «кесиш» деган маъноларни билдиради ҳамда «озор бериш», «осий бўлиш» ва «қарши чиқиш»ни ифода қилади. Бир сўз билан айтганда, «оқ» сўзи «бирр»нинг тескарисидир.

Келгуси ривоятларни ўрганиш орқали бу икки маънонинг тафсирини англаб етишга ҳаракат қиламиз.

عَنْ هِشَامٍ، عَنِ الْحَسَنِ، أَنَّهُ سُئِلَ عَنِ الْبِرِّ وَالْعُقُوقِ، فَقَالَ: الْبِرُّ أَنْ تَبْذُلَ لَهُمَا مَا مَلَكْتَ، وَأَنْ تُطِيعَهُمَا فِيمَا أَمَرَاكَ بِهِ مَا لَمْ يَأْمُرَاكَ بِمَعْصِيَةِ اللهِ، وَالْعُقُوقُ أَنْ تَهْجُرَهُمَا وَتَحْرِمَهُمَا.

Ҳишомдан, у Ҳасандан ривоят қилинади:

«Ундан яхшилик ва оқ бўлиш ҳақида сўрашди. У шундай деди: «Яхшилик – иккисига ўзинг эга бўлган нарсани сарфлайсан, иккови сенга нимани амр этса, модомики Аллоҳга маъсият бўладиган ишларга амр қилмасалар, итоат этасан. Оқ бўлиш – икковини ташлаб қўйишинг ва маҳрум қилишингдир».

Шарҳ: Юқоридаги ривоятларнинг ҳаммасида ота-онага яхшилик ва итоат қилиш энг афзал амаллар эканлиги, онанинг ҳаққи отаникидан кўплиги турли услублар билан такрорланиб, тушунтирилганидан кейин, «Ота-онага яхшилик қилиш ўзи нима?» деган саволга жавоб келяпти.

Имом Ҳасан Басрийдан одамлар: «Ота-онага яхшилик қилган фарзанд қандай бўлади-ю, оқ бўлган фарзанд қандай бўлади?» деб сўрашибди. Шунда Имом Ҳасан Басрий шундай дебдилар:

«Ота-онанинг розилиги учун ўзингнинг мулкингда бўлган ҳар бир нарсани, қўлингда қандай мол-мулкинг бўлса, барчасини икковларига аямасдан сарфлайсан. Шу билан бирга, иккови сенга қандай амр қилса, ҳаммасига итоат этасан. Аллоҳга маъсият бўладиган амрлари бундан мустасно».

Ота-онанинг ҳаққи улуғ, ота-она нима амр қилса, фарзанд бажариши вожиб, лекин ота-онанинг амри Аллоҳ таолога маъсият бўладиган нарсада бўлмаслиги керак. Чунки ҳадиси шарифда келган қоида бўйича «Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат йўқ».

Тўғри, ота-онанинг ҳаққи кўп, ҳаққи улуғ, нима деса, гапи ўтади. Лекин шу гапи, амри ва фарзандининг олдига қўяётган талаби Аллоҳ таолога гуноҳ бўладиган иш бўлмаслиги керак.

Аммо уларга қарамаслик, уларни маҳрум қилиб, муҳтож бўлган нарсаларини топиб бермасдан, қаровсиз, боқувсиз ҳолда ташлаб қўйиш оқ бўлишдир.

Демак, ота-она одамларни тўплаб: «Мен боламни оқ қилдим», дейиши шарт эмас экан. Бола ота-онасини боқмасдан, қарамасдан, яхшилик қилмай, зиёратига бормай, ҳолидан хабар олмай юришининг ўзи унинг оқ бўлиши экан.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Илмли кишилардан ота-онага яхшилик қилиш ва уларга оқ бўлиш нималигини сўраб, ўрганиб олиш зарурлиги.

Албатта, бу ишни китоб ўқиб, турли овозли ва суратли маърузаларни эшитиб ва кўриб ҳам ўрганиш мумкин.

2. Ота-онага топганидан сарфлаш уларга яхшилик қилишнинг бир тури экани.

3. Ота-онанинг амрига итоат қилиш уларга яхшилик қилишнинг бир тури экани.

4. Ота-она маъсиятга амр қилса, уларга итоат қилиш лозим эмаслиги.

5. Ота-онани қаровсиз ташлаб қўйиш уларга оқ бўлишнинг бир кўриниши экани.

6. Ота-онага ҳожатига яраша мол сарфламай, маҳрум қилиш уларга оқ бўлишнинг бир тури экани.

عَنْ عُمَارَةَ الْمَعْوَلِيِّ قَالَ: سَأَلْتُ الْحَسَنَ: مَا الْبِرُّ؟ قَالَ: الْحُبُّ وَالْبَذْلُ. فَقُلْتُ: مَا الْعُقُوقُ؟ قَالَ: أَنْ تَحْرِمَهُمَا وَتَهْجُرَهُمَا، ثُمَّ قَالَ: وَيْحَكَ مَا شَعَرْتَ أَنَّ نَظَرَكَ فِي وَجْهِ وَالِدَيْكَ عِبَادَةٌ؟ فَكَيْفَ بِالْبِرِّ بِهِمَا؟

Умора Маъвалийдан ривоят қилинади:

«Ҳасандан: «Бирр нима?» деб сўрадим.

«Муҳаббат ва борини сарфлаш», деди.

«Оқ бўлиш нима?» дедим.

«Икковларини маҳрум қилишинг ва ташлаб қўйишинг», деди. Сўнгра: «Шўринг қурғур, ота-онангнинг юзига назар солишинг ибодатлигини билмайсанми? Шундай экан, иккисига яхшилик қилиш нималигини ўзинг билиб олавер», деди».

Шарҳ: Ушбу ривоятдан ота-онага яхшилик қилиш ва уларга оқ бўлиш маънавий ҳамда моддий кўринишларга эга эканини билиб оламиз. Чунки «Бирр нима?» деган саволга «Муҳаббат ва борини сарфлаш», деб жавоб берилди.

Ота-онани яхши кўриш маънавий амалдир, уларга бор молини сарфлаш эса моддий-молиявий амалдир.

Шунингдек, «Оқ бўлиш нима?» деган саволга «Икковларини маҳрум қилишинг ва ташлаб қўйишинг», дея жавоб берилди. Ота-онани иқтисодий ёрдамдан маҳрум қилиш моддий-молиявий амал бўлса, уларни ҳижронга қўйиш маънавий фаолиятдир.

Имом Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳининг «Шўринг қурғур, ота-онангнинг юзига назар солишинг ибодатлигини билмайсанми? Шундай экан, иккисига яхшилик қилиш нималигини ўзинг билиб олавер» деган гапларидан ҳам чуқур маънолар келиб чиқади.

Демак, ота-онанинг юзига назар солишнинг ўзи ибодат экан. Фарзанд учун ота-онага яхшилик қилиб, уларнинг розилигини топиб, дуосини олиш ибодатдан ҳам устун, яхши, хайрли ва баракали амал бўлар экан.

Шунинг учун ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хурсандчилиги, розилиги учун ҳаракатда бўлиш ҳар бир фарзанднинг бурчи ҳисобланиб келган, бу маъно доимо қайта-қайта такрорланади.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Мавжуд манбалардан, жумладан, олимлардан ота-онага яхшилик қилиш нимаю, уларга оқ бўлиш нима эканлигини яхшилаб ўрганиб олиш кераклиги.

Чунки билмаган нарсасига амал қилиб бўлмайди. Қилганда ҳам, нотўғри ёки камчилиги кўп бўлиши мумкин.

2. Ота-онага муҳаббат қилиш уларга яхшиликнинг бир тури экани.

3. Борини ота-онага сарфлаш ҳам уларга яхшилик қилишнинг бир кўриниши экани.

4. Ота-онани моддий маҳрум қилиш уларга оқ бўлиш экани.

5. Ота-онани ташлаб қўйиш уларга оқ бўлишнинг бир тури экани.

6. Ота-онанинг юзига назар солиш ибодат экани.

7. Ота-онага яхшилик қилиш нафл ибодатдан устун экани.

عَنْ عُمَارَةَ الْمَعْوَلِيِّ قَالَ: قُلْتُ لِلْحَسَنِ: مَا الْبِرُّ؟ قَالَ: الْحُبُّ وَالْبَذْلُ. قَالَ: قُلْتُ: مَا الْعُقُوقُ؟ قَالَ: أَنْ تَهْجُرَهُمَا وَتَحْرِمَهُمَا. قَالَ: ثُمَّ قَالَ الْحَسَنُ: النَّظَرُ إِلَى وَجْهِ الْأُمِّ عِبَادَةٌ، فَكَيْفَ بِرُّهَا.

Умора Маъвалийдан ривоят қилинади:

«Ҳасанга: «Яхшилик нима?» дедим. «Муҳаббат ва борини сарфлаш», деди.

«Оқ бўлиш нима?» дедим. «Иккисини ташлаб қўйишинг ва маҳрум қилишинг», деди.

Сўнгра Ҳасан: «Онанинг юзига назар солиш ибодатдир. Шундай экан, унга яхшилик қилиш нималигини ўзинг билиб олавер», деди».

Шарҳ: Бу ривоят юқоридаги ривоятнинг такрори бўлиб, бунда бир оз бошқача лафзлар ишлатилган экан.

«Бирр»нинг маъноси шуки, ота-онангни яхши кўрасан ва муҳаббат қўясан, керак бўлганда уларнинг розилиги ва хурсандлиги учун ўзингдаги бор нарсани сарфлайсан. Шунда уларга яхшилик қилган бўласан.

Ота-онага оқ бўлиш қанақа бўлади? Оқ бўлиш ота-онангдан хабар олмай қўйишинг ва уларни маҳрум қилиб, ўзингдаги нарсани бермай қўйишингдир.

Демак, бола ота-онасидан хабар олмай қўйса ва улар муҳтож бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа нарсаларни бермай қўйса, оқ бўлар экан. Бунинг учун унинг отаси одамларнинг олдида: «Гувоҳ бўлинглар, ўғлимни оқ қилдим, қизимни оқ қилдим», дейиши шарт эмас экан. Боланинг ўзи ота-онасини қарамасдан ташлаб қўйса, хабар олмай, уларнинг аҳволидан умуман бехабар бўлиб юрса, улар муҳтож бўлган нарсани бермаса, мана шунинг ўзи фарзанднинг оқ бўлишига етарли нарса экан.

Шу гапларни айта туриб, имом Ҳасан Басрий шундай деди: «Онанинг юзига назар солиш ибодатдир. Шундай экан, унга яхшилик қилиш нималигини ўзинг билиб олавер».

Ҳеч нарса қилмасдан, шунчаки онанинг юзига қарашнинг ўзи ҳам ибодат. Энди хурсанд қилиш, унга бирор нарса совға қилиш, хизматларини қилиш, яна истакларини бажо келтириш ва бу ишларни Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилиш олий даражадаги ибодат ҳисобланади.

Ота-онага яхшилик қилиш борасидаги ҳужжат ва далилларни жамлаб, таҳлил қилган уламоларимиз бу амал жумладан, қуйидагилар ила юзага келишини айтганлар:

Уларга барча яхшиликни қилиш.

• Юмшоқ сўз айтиш.

• Меҳрибонлик кўрсатиш.

• Муҳаббатли бўлиш.

• Қўпол сўздан четланиш.

• Уларни энг ёқимли лафзлар билан чақириш.

• Динлари ва дунёларида манфаат берадиган гапларни айтиш.

• Динда билмайдиган нарсаларини ўргатиш.

• Шариат жоиз деган нарсаларга амал қилиб яшаш.

• Иккисининг барча вожиб ва мандуб амрларига итоат қилиш.

• Иккиси тарк қилишга амр қилган нарсаларни, агар дину диёнатига, эътиқодига зарар келтирмаса, тарк қилиш.

• Юрганда улардан олдинга ўтиб ёки улар билан баробар юрмаслик. Фақат зарурат юзасидан, қоронғида йўл кўрсатиш каби ҳолатлардагина олдинга ўтиш жоиз.

• Ота-онанинг олдига кирганда фақат уларнинг изни билангина ўтириш.

• Ота-она билан ўтирганда уларнинг рухсатисиз чиқиб кетмаслик.

• Ота-онадан содир бўлган нарсани, агар беморлик ёки қарилик туфайли бавл қилиб юборишга ўхшаш ишлар бўлса ҳам, қабиҳ санамаслик.

• Ота-онанинг муҳаббатини қозонган кишиларнинг ҳурматини қилиш.

Ота-онага оқ бўлиш борасидаги ҳужжат ва далилларни жамлаб, таҳлил қилган уламоларимиз бу амал, жумладан, қуйидагилар ила юзага келишини айтганлар:

1. Ота-онага қилиш лозим бўлган яхшиликни қилмаслик салбий оқ бўлиш деб аталади. Улардан бирортасини қилмаган одам ота-онасига ўша соҳада оқ бўлаверади.

2. Ота-она боласи ҳақида қасам ичса, бола унга амал қилмаслиги.

3. Ота-она боласидан бирор нарсани сўраса, бола имкони бўла туриб, бермаслиги.

4. Ота-онанинг омонатига хиёнат қилиш.

5. Боланинг ота-онаси унинг ҳақида Аллоҳга шикоят қиладиган иш қилиши.

6. Ота-онага оқ бўлиш амалий ва каломий қисмларга бўлинади. Ота-онага гап-сўз билан озор етказганлар уларга каломий оқ бўладилар. Ота-онага бир қилмиши билан озор берганлар амалий оқ бўлади.

Буларга ота-онанинг баъзи хатти-ҳаракатларини малол олиш, уларга дўқ уриш, ғазаб қилиш, тик қараш каби нарсалар киради.

7. Ота-онага оқ бўлишнинг умумий ўлчови шуки, бегонага нисбатан қилинганда кичик гуноҳ саналадиган нарса ота-онага қилинса, катта гуноҳга айланади.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини, қиёматгача боқий қолувчи дини, инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини Исломда отаонага яхшилик қилишга давоми...

1794 10:00 / 01 май
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсон зотини Ўзи яратган нарсаларининг энг азизи, мукаррами ва гултожи қилгандир. У Зот ушбу ҳақиқатни Ўзининг охирги ва қиёматгача давоми...

3202 17:00 / 23.07.2022
. ,. Абу Умома Судай ибн Ажлондан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Тўрт тоифага Аллоҳ қиёмат куни назар солмайди оқ бўлганга, давоми...

875 13:08 / 10 декабрь
92. Валид ибн Нумайр ибн Авсдан ривоят қилинади.У отасининг .Улар .Солиҳлик Аллоҳдан, одоб эса оталардан,, дейишар эди,, деганини эшитган экан,.Шарҳ Бу ривоятдан давоми...

2079 15:00 / 18.07.2019