1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Ғам юзини кўрма, доимо юзинг кулиб турсин

17:48 / 25 июнь 1213 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Жалолиддин Румий «Маснавий»ига шарҳлар)

«Эй хуш савдоли ишқимиз, сен шод бўл!..»

Шод бош, эй ишқи хуш савдои мо!

Эй табиби жумла иллатҳои мо!

Ишқи хушсавдомиз, эй, шод бўл ўзинг!

Барча иллатлар табиби – ул ўзинг!

«Эй хуш савдоли ишқимиз, сен шод бўл, Эй барча дардларимизнинг табиби сенсан!». Иллат – дард, беморлик, касаллик, дегани. Лекин бу ўринда «ёмон сифатлар, ёмон феъл-атвор ва хулқлар» деган маънодадир.

Биринчи мисранинг маъноси: «Эй базми хуш савдоли ишқимиз, сен шод бўл, яъни ғам юзини кўрма, доимо юзинг кулиб турсин ва савдонг ортиб, кам бўлмасин!».

Исмоил Ҳаққий Бурсавий айтганларидек, бу хитоб зоҳиран ишққа қаратилган бўлса-да, лекин ишқ зотан шодланиш ва хуш савдоли бўлиш сифати билан сифатланмайди. Бу асл-ҳақиқатда ошиқнинг сифатидир. Чунки ишққа мубтало бўлган кишида мосувонинг ғаму ғуссаси қолмайди ва ишқ савдоси билан ҳоли хуш бўлади. Зеро, у тирикчиликка банди бўлиш каби нохушликлардан қутулади. Шу сабабли маҳшар ғами ҳам унинг хотирига келмасдан, бебок ва бепарво кезаверади. Шоир Бобо Соиб айтганларидек:

Дили ошиқ чи ғам аз шўриши маҳшар дорад? –

Нест андешаи селоб деҳи вайронро.

«Ошиқ кўнглининг маҳшар ташвишу талашидан нима ғами бор? Бузилган қишлоқ учун селдан қўрқиш йўқдир».

Ишқ шундай ҳаётбахш дардки, ошиқ унинг давосини асло хоҳламайди. Чунончи, Фузулий ёзади:

Ишқ дарди-ла хушам, ал чек иложимдан, табиб,

Қилма дармонким, ҳалоким заҳри дармонингдадур.

 

«Мен ишқ дарди билан хушман-хурсандман, мени даволашдан қўлингни торт, эй табиб! Менга дармон қилма, чунки сенинг дармонингда менинг ҳалокатим заҳари бордир!».

 

Ишқ – барча иллатлар давоси

 Эй давои нахвату номуси мо,

Эй ту Афлотуну Жолинуси мо!

 

Эй, давойи кибр ила номус ўзинг,

Бизга Афлотуну Жолинус ўзинг!

«Эй кибр ва ор-номусимиз давоси, эй бизнинг Афлотун ва Жолинусимиз (сен бор бўл!)».

Нахват – улуғлик, катталик, саркашлик, керилиш демакдир. Номус – бу ўринда ор-номус, орият маъносида. Ажам халқлари бу сўзни «жоҳилия даврининг ғараз, рашк ва орияти» маъносида қўллайди. Афлотун – Юнон файласуфи, саксон бир йил умр кўрган, ҳазрати Ийсо алайҳиссаломдан тақрибан олти юз йил олдин яшаб ўтган. Жолинус – Родос мулкида дунёга келган, саксон етти йил умр кўрган ва тиббиёт илмига доир тўрт юзта китоб таълиф этган. Ибн Камол ёки Тошкўпрулузоданинг ёзишича, Жолинус ҳазрати Ийсо алайҳиссалом билан асрдош бўлган ва у зотнинг пайғамбарлигини эътироф этган эди. У ҳазрати Ийсо алайҳиссаломни зиёрат қилишни қасд этиб йўлга чиқади ва йўлда бемор бўлиб, фоний оламни тарк этади.

Байтнинг шарҳли маъноси: «Эй ишқ, сен бизнинг барча иллатларимиз – дардларимиз табиби бўлдинг, хусусан, кибр ва ориятимизнинг давосисан. Зеро, бизнинг илтифот назарингга тушишимиз маст кишининг шишагар (шиша ясовчи) дўконига тушишидек гапдир. Ошиқлар мазҳабида кибр ва ғурур каби бутларни синдириш юз ибодатдан яхшидир» (Исмоил Ҳаққий Бурсавий).

 

Ишқ билан тупроқ вужуд фалакларга юксалди

Жисми хок аз ишқ бар афлок шуд,

Кўҳ дар рақс омаду чолок шуд.

 

Ишқ ила етди фалакка хок вужуд,

Рақс этиб тоғ ҳамки чаққон бўлди зуд.

«Тупроқдан яралган инсон жисми ишқ туфайли фалакларга юксалди, Тоғ ҳам жамол тажаллийсидан рақсга тушиб, чаққон бўлди».

Фалак – сайёраларнинг ўз йўналишида сузиб-кезиб юрадиган манбаи, юлдузларнинг ҳаракат маконидир. Илоҳий Каломда айтилади (маъноси): «На қуёш ойга етар (на кечадан ўзар) ва на кеча кундуздан ўзар (на бевақт келар). (Қуёш, ой, Ер ва юлдузларнинг) ҳаммаси бир фалакда (бир йўналишда) сузиб юрур» (Ёсин сураси, 40-оят).

Инсон тупроқдан яратилди. Чунончи, яна Илоҳий Каломда айтилади (маъноси): «Сизларни илк бор тупроқдан яратгани Унинг оят-аломатларидан (қудратининг далилларидан)дир. Кейин сизлар кўпайиб (Ер юзига) тарқалган инсонлардирсиз» (Рум сураси, 20-оят).

Ана шу тупроқдан яралган вужуд ишқ туфайли фалакларга юксалди, олий мартаба топди, ҳатто осмонлар, ер ва тоғлар кўтара олмаган омонатни – шариат таклифлари, буйруқ ва тақиқларини зиммасига олди. Ишқ туфайли Тур тоғи жамол тажаллисини кутиб, чилпарчин бўлишга шайланди, чаққон бўлди.

Исмоил Ҳаққий Бурсавий айтадилар: «Иккинчи мисранинг маъноси будир: Мусо алайҳиссаломнинг тоғи ишқ таъсири ва қувватидан ҳаракат ва изтиробга келди, чаққон ва эпчил бўлди. Агар тоғда ишқ асари бўлмаса эди, тажаллий вақтида маст суратига кирмас ва вужуди изтироб кўрмас эди». Демак, тоғни ҳаракат, изтироб ва жунбишга келтирган нарса ишқ эди.

 

Ишқ Тур тоғига жон бағишлайди

Ишқ жони Тур омад, ошиқо!

Тур масту «Хорро Мусо соиқо»!

 

Бўлди ишқ Тур тоғига жон, ошиқо!

Тур мастдир «хорро Мусо соиқо...»

«Эй ошиқ» кўрмайсанми, ишқ Тур тоғига жон бағишлади, Тур тоғи маст бўлди, Мусо (алайҳиссалом) эса беҳуш бўлиб йиқилди». «Хорро Мусо соиқо...» (Аъроф сураси, 143-оятидан, «Мусо беҳуш бўлиб йиқилди», деган маънода). Мазмун яна Илоҳий Каломдан олинган. Бани Исроил пайғамбари ҳазрати Мусо алайҳиссалом Ҳақ таолога: «Ўзингни кўрсат, Сени бир кўрайин!» – деб илтижо қилдилар. Ҳақ таоло: «Мени асло дунё кўзи билан кўра олмайсан. Жуда кўргинг келса, тоққа қара, агар тоғ ўз жойида барқарор қола олса, сен ҳам Мени кўрасан!» – деб хитоб қилди. Тоққа тажаллий этган эди, тоғ жамол тажаллийсига чидай олмасдан чил-парчин бўлиб титилиб кетди. Мусо алайҳиссалом беҳуш бўлиб йиқилдилар. Ўзларига келгач: «Сен пок ва муназзаҳсан! Ўзингга тавба қилдим! Мен мўминларнинг аввалиман!» дедилар (Аъроф сураси 143-ояти маъносидан олинди).

 

Мирзо Кенжабек

«Ҳилол» журналининг 12(57) сони

Мавзуга оид мақолалар
Уфқни алвон рангга бўяб, қуёш ботди. Ибодатга интизор табиат сукут сақлаб турди. Қалбларни ғафлатдан уйғотувчи шом азони янгради. Кун бўйи ҳовлининг энию бўйини давоми...

4379 05:00 / 07.03.2017
Иккинчи фаслИсломнинг ҳаётидаги таназзулИкки аср ўртасини ажратиб турган чегараАдиблардан бири шундай деган эди Икки нарса борки уларнинг аниқ вақти йўқ. давоми...

5787 05:00 / 11.03.2017
МУҚАДДИМАМусулмон ўғилқизларимМен барча тенгқурларингиз каби сизнинг ҳам қиссаю ҳикояларга, уларни эшитиш ва ўқишга жудажуда қизиқишингизни кўриб турибман. давоми...

21581 05:00 / 11.03.2017
Мен тушдиму бандингга қачон, озодман Гар шоҳману, сенга қуллигимдан шодман Бор дарди жаҳоннинг менга қилмас таъсир, Чеҳрангни кўриш билан дили ободман Хуррам давоми...

1129 15:31 / 17 сентябрь