1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Пайғамбарлар қиссаси (болалар учун)

05:00 / 11.03.2017 21565 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

МУҚАДДИМА

Мусулмон ўғил-қизларим!

Мен барча тенгқурларингиз каби сизнинг ҳам қисса-ю ҳикояларга, уларни эшитиш ва ўқишга жуда-жуда қизиқишингизни кўриб турибман. Лекин, ачинарли томони шундаки, қўлингизда фақат мушук, ит, бўри, шер ва айиқ каби ҳайвонлар ҳақидаги эртаклар...

Ҳа, бу биз - катталарнинг камчилигимиз. Худо хоҳласа, ушбу китобчамиз чоп этилган ҳолатда сизларга етиб боради...

Азиз ўғил-қизларим! Мен сизларнинг турли бемаза эртаклар ва ҳайвонлар ҳақидаги ҳикоялардан бошқа ўз ёшингизга муносиб қиссалар топа олмаётганингиздан хижолатдаман. Шу боис, сизга, барча мусулмон фарзандларига атаб Пайғамбарлар тарихини енгил услуб билан болалар тилида баён этишга киришдим. Қўлингиздаги ушбу китобча пайғамбарлар қиссасидан сиз азиз болаларим учун ёзилган биринчи китобидир. Уни сенга ҳадя қиламан.

Китобни имкон қадар болалар тили ва табиатига яқин қилиб ёздим. Содда, енгил, тушунарли бўлишига, жумлаларнинг такрор-такрор келишига алоҳида эътибор бердим.

Худо хоҳласа, ўтган пайғамбарлар қиссасини енгил услуб, чиройли баён ва қизиқарли тилда сенга туҳфа қиламан. Уларда мутлақо ёлғон аралашмайди.

Эй биродаримнинг ўғилчаси – Муҳаммад! Аллоҳ сен билан ота-онанг, амакинг ҳамда ислом кўзини қувончларга тўлдирсин. Сени сабабчи қилиб ушбу хонадонга, бутун мусулмонларга оталаринг баракотларини қайтарсин!

Абул Ҳасан Али Ҳасан ан-Надавий.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

 

НУҲ КЕМАСИ

1. Одам алайҳис-саломдан сўнг

Аллоҳ таъоло Одам алайҳис-салом зурриётига барака берди. Ер юзининг турли бурчакларида кўплаб Одам фарзандлари истиқомат қила бошлашди.

Агар Одам алайҳис-салом тирилиб келганида ўз бола-ларини кўриб танимаган бўларди.

«Мана шу инсонларнинг ҳаммаси сизнинг зурриётингиз» дейилса таажжуб билан «Субҳаналлоҳ! Наҳот буларнинг бари менинг зурриётим бўлса» дея жавоб берарди.

Одамлар ерни шудгор қилиб дон сочишар ва кузга келиб ҳосил кўтарар эдилар.

Ҳаммалари оталари Одам алайҳис-салом динида бўлган инсонлар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишарди. Ҳеч қачон мушриклар амалини тутмасдилар.

Инсонлар бир уммат эди. Оталари – Одам, Парвардигорлари – Яккаю Ёлғиз Аллоҳ!

 

2. Шайтоннинг ҳасади

Лекин, Иблис ва унинг болалари инсонларнинг ҳамиша ёлғиз Аллоҳга сиғинишларига асло рози бўлишмасди:

- Нима учун одамлар уруш-жанжал қилмасдан ҳаммалари битта бўлиб яшамоқдалар! Бунга асло йўл қўйиб бўлмайди!

- Охир-оқибат Одам фарзандлари жаннатга, шайтон болалари эса дўзах оловига тушадилар?! Йўқ! Йўқ! Бунга ҳам йўл қўйиб бўлмайди!

Иблис Одамга сажда қилмагани учун Аллоҳ даргоҳидан қувилган ва лаънатланган эди.

Энди у нима қилиб бўлса ҳам Одам болаларидан интиқом олиши – уларни йўлдан оздириши керак. Ана ўшанда Одам зурриёти шайтон билан бирга дўзахда ёнади! Иблис мана шундай қилишга жон-жаҳди билан уринади.

 

3. Шайтоннинг нияти

Шайтон инсонларни бут-санамларга ибодат қилишга чақирмоқчи бўлди.

Чунки агар инсонлар санамларга сиғинсалар, дўзах оловида ёнадилар ва ҳаргиз жаннатга кирмаслар! Аллоҳ таъоло ширкни асло кечирмайди. Бошқа гуноҳларни агар хоҳласа кечириши мумкин. Шайтон буни яхши биларди ва айнан шунинг учун ҳам инсонларни Аллоҳга ширк келтиришга ундамоқчи бўлди.

Лекин Яккаю Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилаётган инсонларни қандай қилиб йўлдан оздира олади?

Агар у тўғри бориб: «Эй Одамлар! Аллоҳга ибодат қилманглар! Бутларга сиғининглар!» дейдиган бўлса, шубҳа йўқки инсонлар Иблисни уриб ўлдирган бўларди. Улар: «Аллоҳ сақласин! Парвардигоримизга ширк келтириб санамларга сиғинамизми?! Аниқки, сен ўша тошбўрон қилинган, лаънати, ярамас Шайтондирсан!» дейишар эди.

 

4. Шайтоннинг ҳийласи

Шайтони лаъин одам болаларини йўлдан оздириш учун бир ҳийла ўйлаб топди.

Одамлар орасида Аллоҳ таъолодан қўрқадиган, кечаю кундуз ибодатдан бош кўтармайдиган, Пок Парвардигорга беҳад муҳаббатли бўлган солиҳ, тақводор бандалар бор эди.

Аллоҳ таъоло ҳам бундай солиҳ бандаларини яхши кўрарди, қилган дуоларини ижобат этарди.

Уларни ҳамма яхши кўрар, ҳамиша ҳурмат билан тилга олар эди.

Буларнинг барчасини яхши билган Шайтон ўша солиҳ инсонлар вафотидан сўнг аста кишилар ёнига келиб ўтмишни эслаган бўлди:

- Эҳ, фалончи, фалончилар қандай улуғ инсонлар эди-я!

Одамлар шайтоннинг сўзини қувватладилар:

- Субҳаноллоҳ! Улар ҳақиқий инсон ва авлиё эдилар. Агар дуо қилсалар ижобат бўларди. Сўраган нарсалари албатта берилар эди!

 

5. Солиҳ бандалар суратини чизиш

Шайтон одамлардан сўради:

- Ўша солиҳ инсонлардан айрилиб қолганингизга маҳзунмисиз?

- Албатта, қаттиқ қайғурамиз, - дея жавоб беришди одамлар.

- Уларни қаттиқ қўмсасаларингиз керак-а?

- Ҳеч шак-шубҳасиз!

- Ўша солиҳ бандаларни ҳар кун кўриб турмайсизларми?

- Ахир бунинг иложи йўқ-ку? Улар ҳаётдан кўз юмганлар.

- Сизлар марҳум солиҳлар суратини чизиб уйларингизга осиб қўйингиз. Ана ундан кейин ҳар куни уларни кўриб турасиз!

Шайтоннинг таклифи Одамларга ёқиб тушди. Улар ўтган солиҳ инсонлар суратини чизиб деворларга осиб қўйишди. Ҳар гал суратга кўзлари тушганда, ўша улуғ инсонларни хотирлаб қўярдилар.

 

6. Суратлар ҳайкаллар билан ўрин алмашди

Кейинчалик солиҳ бандалар сурати ўрнига уларнинг ҳайкаллари ишланди ва уйларга, масжидларга ўрнатиб қўйилди.

Лекин, ҳали ҳеч ким бу ҳайкалларга сиғинмас эди.

Одамлар ҳайкалларнинг оддий тош эканини, уларнинг қўлидан фойда ҳам, зарар ҳам келмаслигини унутмаган эдилар. Фақат яхши, улуғ инсонларнинг ҳайкали бўлгани учунгина уларни асраб-авайлашарди.

Аста-секин одамлар орасида ҳайкаллар кўпайиб кетди. Энди вафот этган ҳар бир солиҳ кишига ҳайкал ясалиб унинг номи билан аталарди.

 

7. Ҳайкаллар санамларга айланди

Йиллар ўтди. Ёшлар улғайиб катта кишиларга айланишди. Лекин уларнинг хотирасида бир нарса муҳрланиб қолганди: Оталари мана шу ҳайкалларни қаттиқ ҳурмат қилар, қўллари билан тутиб лабларига босар, улар қаршисида туриб дуо-ибодатлар қилар эдилар.

Энди болалар оталардан ҳам ўтиб тушишди. Оталари эъзозлаган ҳайкалларга сажда қила бошладилар. Тошлардан ҳожатларини раво қилишни сўраб ўтинадиган, уларга атаб қурбонликлар сўядиган бўлишди.

Мана шундай қилиб тош санамлар олиҳаларга айланди. Одамлар уларга «Илоҳ» деб сиғинардилар. Бу тош маъбудалар кўп бўлиши билан биргаликда номлари ҳам хилма-хил эди; Вадд, Сувоъ, Яғус, Яъуқ, Наср ... .

 

8. Аллоҳ таъоло ғазаби

Одамларга Яратганнинг ғазаби ва лаънати ёғилди.

Кишилар лаънатга, Аллоҳ ғазабига учрашга лойиқ бўлиб қолгандилар.

Ахир Аллоҳ уларни нима учун яратганди?!

Нима учун уларга ризқ-рўз берган эди?!

Аллоҳнинг ерида туриб Аллоҳга кофир бўлишлари учунми?!

Аллоҳ берган ризқ билан кун кўриб, Унинг Ўзига ширк келтиришлари учунми?!

Ҳа, бу ҳақиқатан улкан зулм эди!

Парвардигор уларга ғазаб қилиб, ёмғирни тўхтатди, кенгчиликдан тор-танг ҳолатга ўтказди.

Натижада, экин-тикиндан барака кетди, туғилиш камайди.

Лекин инсонлар шунда ҳам ўзларини ўнглаб олмадилар.

Яратганга тавба-тазарру қилишмади...

 

9. Пайғамбарлар

Аллоҳ таъоло инсонларга ўз ичидан уларни ҳақ йўлга даъват қиладиган кишиларни – расулларни юборишни ирода этди.

Зотан Аллоҳ таъоло ҳар бир кишига «Ундоқ қил, Бундоқ қил» деб алоҳида хитоб этмайди.

Ахир шоҳлар ҳар бир фуқаро олдига бориб кўрсатмалар бериб юрмайди-ку!

Шоҳлар, ҳамма қатори одам. Уларни фуқаролар кўриши, бевосита гаплашиши мумкин.

Лекин, ҳеч ким Аллоҳ таъолони ҳаёти дунёда кўра олмайди, Унинг каломини бевосита эшитмайди, У билан суҳбатлашишга қодир эмас. Фақат Аллоҳ хоҳлаган кишиларгина баъзи хосликларга мушарраф бўлишлари мумкин.

 

10. Пайғамбарлар инсонми ёки малак?

Аллоҳ таъоло инсонларни ҳақ йўлга чақирувчи элчи-расулни малак эмас, одам боласи бўлишини ирода қилди. Чунки, агар пайғамбар этиб фаришталар юборилганида, кишилар «Эй, у фаришта-да! Биз бўлсак, оддий одамлармиз» дея важ-карсон кўрсатган бўлардилар.

- Биз еб-ичамиз хотин, бола-чақа боқамиз, энди мана шу ҳолатимизда Аллоҳга қандай ибодат қилайлик?!

Одам фарзанди бўлган пайғамбар эса уларнинг бу баҳонасига қуйидагича жавоб берарди:

«Мен ҳам еб-ичаман, менда ҳам оила, бола-чақа бор.

Мен Аллоҳга ибодат қилаяпман-ку!

Нега энди сизлар ибодат қилмайсизлар?!»

Агар пайғамбар фаришта бўлганида одамлар унга шундай дейишлари мумкин эди:

- Сен чанқамасанг, оч қолмасанг, касал бўлмасанг, ўлмасанг; бас Аллоҳга ибодат қилиб, зикр айтиб юраверасан-да! Биз эса одаммиз - чанқаймиз, очқаймиз, касалга чалинамиз, ўламиз. Ахир қандай қилиб ибодат қилайлик?! Доим Аллоҳни эслаб – зикр этиб юра олмаймиз-ку!

Лекин, пайғамбар инсонларнинг ўзларидан бўлса, ҳеч ким ҳеч қандай баҳона кўрсата олмасди.

 

11. Нуҳ пайғамбар

Аллоҳ таъоло Нуҳ алайҳис-саломни қавмига расул қилиб юборди. Аллоҳ таъоло унинг қавмидан бирон бой-бадавлат кимсани эмас, Нуҳни Ўзига пайғамбар этди.

Аллоҳ таъоло ўз рисолатини, омонатини кимга беришни яхши билади.

Нуҳ алайҳис-салом ростгўй, оқил, раҳмли ва солиҳ инсон эди.

Аллоҳ таъоло унга шундай ваҳий қилди:

«Қавмингизни уларга аламли азоб келмасидан бурун огоҳлантиринг».

Нуҳ алайҳис-салом қавмига айтдилар: «Албатта мен сизларга (юборилган) ишончли расулдирман».

 

12. Қавм нима деб жавоб берди?

Нуҳнинг сўзини эшитган баъзи қавмдошлари: «Бу қачондан бери пайғамбар бўлиб қолди?! Кеча ичимиздаги бир одам эди. Бугун «сизларга юборилган Аллоҳнинг элчисиман» деб айтаяптими?!» дейишди.

Нуҳ билан бирга ўсган тенгдошлари айтишди:

- Ёшлигидан биз билан ўйнаб юрарди. Ҳар куни орамизда ўтирарди. Қачон пайғамбар бўла қолибди?! Кечасими ёки кундузи?!

Мутакаббир бой-бадавлат кимсалар айтишди:

- Нима Аллоҳ ундан бошқани топа олмабдими?! Ҳамма қирилиб кетган эканми?! Қавмимиз ичида фақат шу ялангаёқ қолибдими?!

Нодон-жоҳил қавмдошлари айтишди:

«Бу (пайғамбар эмас) фақат сизлар каби бир (оддий) одам».

«Агар Аллоҳ хоҳлаганида фаришталарни нозил қилган бўларди. Буни биз аввалги оталаримизда (бўлганини) эшитмаганмиз»

Яна кимлардир айтди: Нуҳ мана шу йўл билан бошлиқликка эришмоқчи, обрў орттирмоқчи!

 

13. Қавмдошлари билан Нуҳ ўртасида нималар бўлди?

Кишилар санамларга сиғинишни, уларга ибодат қилишни ақлга тўғри келадиган ҳақ нарса деб билардилар.

Улар санамлар ибодатидан бўйин товлаган кишиларни адашганга, нодонга чиқаришарди:

- Ота-боболаримиз мана шу санамларга сиғиниб келганлар. Нега энди сен «уларга ибодат қилмаслик керак» дейсан?!

Нуҳ алайҳис-салом аслида санамларга сиғинишнинг ўзи ғирт нодонлик ва залолат эканини яхши биларди.

Қавмининг йиллар ўтиши билан ҳақ йўлдан четлашиб жаҳолат ботқоғига ботганини кўриб турар эди.

Башарият отаси Одам алайҳис-салом санамларга эмас, якка-ю ёлғиз Аллоҳга сиғинганлар.

Ҳозир эса қавмдошлари жоҳилликлари сабабли яратгувчилари Аллоҳни қўйиб, тош маъбудаларга сиғинмоқдалар.

Нуҳ алайҳис-салом қавмини шундай деб огоҳлантирди:

«Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Мен улуғ куннинг азоби (бошларингизга) тушишидан қўрқаман».

«Унинг қавмидан бир гуруҳи деди: «Албатта биз сени очиқ залолатда кўрмоқдамиз».

«(Нуҳ) деди: «Эй қавмим, Мен залолатда эмасман. Лекин мен (бутун) оламлар парвардигорининг расулидирман. Парвардигорим рисолатини сизларга етказурман ва насиҳатлар қилурман. Мен Аллоҳдан (ҳақида) сизлар билмаган нарсаларни билурман».

 

14. Сенга ялангоёқлар эргашади

Нуҳ алайҳис-салом бут-санамларни тарк этиб, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга такрор-такрор чақирдилар.

Лекин фақат саноқли кишиларгина иймон келтиришди.

Улар ўз меҳнатлари билан кун кўрадиган ҳалол инсонлар эдилар.

Бой-бадавлат кимсаларни эса кибру ҳаволари Нуҳ алайҳис-саломга эргашишдан қайтариб турарди.

Болалари ва тўплаган бойликлари уларни охиратни ўйлашдан чалғитиб қўйган эди:

- Биз олийнасаб – улуғ инсонлармиз. Улар ялангаёқлар-ку!

«(Эй Нуҳ) сенга паст – камбағаллар эргашган. (Энди) Биз сенга иймон келтирамизми»?!

- Сен атрофингдаги камбағалларни ҳайдаб юбор!

Нуҳ алайҳис-салом деди:

«Мен мўминларни ҳайдагувчи эмасман!».

- Менинг эшигим подшоҳ дарвозаси эмас!

«Мен фақат очиқ огоҳлантирувчиман, (холос)».

Нуҳ мискин, бечора кишиларнинг холис мўминлар эканини яхши биларди.

Агар у бойларнинг кўнглига қараб фақир мўминларни қувиб юборса, Парвардигорнинг ғазаби келади. Ана унда ҳеч ким Нуҳга ёрдам бера олмайди.

«Эй қавмим! Агар мен уларни қувиб юборсам Аллоҳ (ғазаби)дан ким менга ёрдам беради»?!

 

15. Бой-бадавлат кимсаларнинг «ҳужжати»

Пулдор кимсалар айтишди:

- Нуҳнинг чақираётган нарсаси ҳақ-хайрлик нарса эмас. Чунки, ҳаммага маълум бўлганидек барча хайр-яхшиликларга энг аввало биз етишамиз!

Энг лазиз таомларни еймиз, асл қимматбаҳо либослар киямиз. Қолганлар доим орқамизда юришади!

Шаҳардаги бирон яхшилик ҳали бизни четлаб ўтиб кетмаган!

Агар Нуҳ олиб келган дин яхши - ҳақ бўлганида, анави ялангоёқлардан олдин бизга келган бўларди.

«Агар (бу дин) хайр-яхши бўлганида, (ҳеч вақосиз камбағаллар) унга биздан илгари етишмас эдилар!».

 

16. Нуҳнинг даъвати

Нуҳ алайҳис-салом қавмини такрор-такрор ҳақ йўлга чорлади:

«(Нуҳ) деди: «Эй қавмим, Албатта мен сизлар учун очиқ огоҳлантиргувчиман. Аллоҳга ибодат қилингиз ва Ундан қўрқингиз! Ва менга итоат этингиз. (Аллоҳ таъоло шунда) сизларнинг гуноҳларингизни кечиради ва сизларни белгиланган ажал (муҳлат)гача кечиктиради (қолдиради). Агар билсангизлар, Аллоҳнинг ажали келгач (сўнг) кечиктирилмас».

Бутун оламлар Парвардигори Нуҳнинг итоатсиз қавмига ғазаб қилди; Ёмғир ёғмай қўйди. Экин-тикиндан барака кетди. Туғилиш камайди.

Шунда Нуҳ алайҳис-салом қавмига деди: - Эй қавмим! Агар Аллоҳга иймон келтирсангиз У зот сизлардан рози бўлади ва бошларингиздан мана бу азоб арийди!

«Аллоҳ таъоло яна ёмғирлар юборади. Экин-тикинга барака киради. Туғилиш кўпаяди!».

Нуҳ ҳамон тинимсиз даъват қиларди:

- Наҳот Аллоҳни танимасангиз?!

Қаранг, атрофингизда Унинг борлигига далолат қилувчи қанча оят-аломатлар бор!

Сизлар осмонга, ерга, ой ва қуёшга бир назар солинглар!

Осмонларни ким яратган?!

Ким кўкда ойни шамчироқ қилиб қўйган!

Қуёшни ким мунаввар этган!?!

Сизларни яратган ва яшашларингиз учун ерни текис тўшак каби қилиб қўйган зотнинг кимлигини биласизларми?!

Лекин, қавм Нуҳ сўзларидан хулоса чиқармадилар. Мўмин бўлмадилар. Аксинча, Нуҳнинг сўзларини эшитмаслик учун қўллари билан қулоқларини беркитдилар!

Эшитишни истамаган, эшитмаган кимсалар қандай қилиб ҳам ибратлансинлар?!

 

17. Нуҳнинг дуоибади

Нуҳ алайҳис-салом қавмини 950 йил (!) тўхтамасдан сабр билан ҳаққа чақирди.

Аммо қавм ўз куфридан қайтмади, бут-санамларга сиғинишни ташламади, Аллоҳга холис иймон келтирмади.

Нуҳ алайҳис-салом яна қанча вақт сабр қилади?!

Яна неча йил тошларнинг маъбуда бўлиб туришига чидайди?!

Қачонгача инсонлар Аллоҳ нематларига кўмилиб яшасалар-да, ўзгаларга ибодат қиладилар?!

Нуҳ алайҳис-салом ғазабланишга ҳақли эмасмиди?!

Нуҳ шунчалик сабр қилди-ку! Хали ҳеч ким бу қадар сабр қилмаган эди. Аҳир у тўққиз юз эллик қил сабр билан даъват этди. Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!

Парвардигори унга шундай ваҳий қилди:

«Қавмингдан фақат аввалда иймон келтирган кишилардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмайди».

Нуҳ алайҳис-салом ҳануз даъват қилишдан тўхтамаганини кўриб қавми деди:

«Эй Нуҳ! Дарҳақиқат биз билан жуда кўп талашиб-тортишдинг. Энди агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни (азобни) келтирчи».

Ниҳоят Нуҳ алайҳис-саломнинг сабр косаси тўлди. Қавмининг иймонга келишидан бутунлай ноумид бўлган пайғамбар қуйидагича дуоибад қилди.

- Парвардигоро! Ер юзида биронта ҳам кофирни қолдирмагин!

 

18. Нуҳнинг кема ясашга киришиши

Аллоҳ таъоло пайғамбарининг дуоибадини қабул этди. Бутун қавм Аллоҳ иродаси билан сувга ғарқ этилди. Лекин Аллоҳ таъоло қавм орасидаги мўминларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун Нуҳга улкан бир кема ясашни буюрди. Нуҳ алайҳис-салом Парвардигори амрига мувофиқ кема ясашга киришди.

Унинг мана шу иш билан тинимсиз машғуллигини кўрган қавм масхара этишга ўтди.

- Ҳа, Нуҳ! Нима бўлди? Қачондан бошлаб дурадгор бўла қолдинг?! Ахир биз сенга анави паст ялангоёқлар билан ўтирмагин демабмидик?! Лекин сен сўзимизга қулоқ солмадинг. Қаёқдаги усталар, темирчилар билан бирга юриб мана ўзинг ҳам дурадгор бўлиб қолибсан.

- Эй Нуҳ! Қани айтгин, бу кемани қаерда хайдамоқчисан? Ўзи сенинг хамма ишинг ғалати. Нима энди мана шу кеманг билан саҳрода юрмоқчимисан ёки тоғга кўтариласанми? Денгиз бу ердан жуда ҳам узоқда бўлса?! Кемангни сувгача жинлар кўтариб борадими ёки хўкизларга торттирмоқчимисан?!

Нуҳ алайҳис-салом уларнинг барча масхараларини индамай эшитарди. Зотан у бундан қаттиқ сўзларга ҳам сабр қилган эди. Фақат аҳён-аҳёнда шундай деб қўяр эди:

«Агар (бугун) сизлар биздан кулсангизлар, бас, яқинда худди сизлар кулганингиз каби биз ҳам сизлардан кулурмиз!».

 

19. Тўфон

Ниҳоят Аллоҳнинг ваъдаси ҳам келди (Аллоҳнинг ўзи асрасин).

Осмондан ёмғир ёғаверди, ёғаверди, ёғаверди...

Ёмғир бир неча кун тинмади. Водийларда сув тошиб аста-секин одамларни ҳамма томондан сиқиб кела бошлади. Аллоҳ таъоло Нуҳ алайҳис-саломга қавмидаги ва аҳли оиласидаги мўминларни кемага чиқаришга буюрди. Ваҳий қилдики, барча хайвон ва қушлардан жуфт-жуфт қилиб кемага солинг.

Чунки сув бутун ер юзини босмоқда эди. Бундан на бир инсон ва на бир ҳайвон омон қолмасди.

Нуҳ Парвардигори амрига тўла бўйсунди. Кемага мўминлар ҳамда паррандаю дарранданинг ҳар бир зотидан эркак-аёли жуфт-жуфт қилиб олинган эди.

Кема тўлқинлар оша мисли бир тоғдек сувни ёриб олдинга интиларди. Кишилар баланд-баланд чўққилар устида Аллоҳ азобидан қочиб, тобора сув билан бирга юқорига кўтариларди.

Лекин Аллоҳ азобидан қочиб қаерга ҳам борар эдилар?!

Фақат Аллоҳ асраганларгина омон қолажак!

 

20. Нуҳнинг ўғли

Нуҳ алайҳис-саломнинг ўғли ҳам кофирлар билан бирга эди.

Кема уларни тоғлардек тўлқинлар орасида олиб кетар экан, Нуҳ бир четда қолган ўғлига нидо қилди:

«Эй ўғилчам, биз билан (кемага) мингин, кофирлар билан бирга қолмагин. У (ўғли) деди: «Мен ўзимни сувдан сақлайдиган бирон тоғнинг устига чиқиб кетажакман», (Нуҳ) айтди: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақлагувчи йўқдир, магар Ўзи раҳм қилган кишиларнигина (сақлар)» (шу пайт) ўрталарини тўлқин тўсиб қўйди-да, (ўғил) ғарқ қилинувчилардан бўлиб қолди».

Нуҳ алайҳис-салом ўғлини ўйлаб маҳзун бўлди. У фарзандининг эртанги дўзах азобидан саломат қолишини хоҳлар эди. Бугун уни тошқиндан ҳам сақлаб қололмади.

Албатта олов сувдан ёмонроқ. Охират азоби барча азоблардан аламлироқ.

Ахир Аллоҳ таъоло Нуҳнинг оиласини омон сақлайман демаганмиди?! Ҳа, шундай ваъда бор эди ва Аллоҳнинг ваъдаси рост! Нуҳ Аллоҳ олдида ўғлини шафоат қилмоқчи бўлди.

 

21. У сенинг оилангдан эмас

Нуҳ Парвардигорига нидо қилиб, деди:

«Парвардигорим, албатта ўғлим менинг оиламдандир, ва шубҳасиз, Сенинг (аҳли оиламга нажот бериш хусусидаги) ваъданг ҳақ ваъдадир».

Лекин, Аллоҳ таъоло насабларга эмас, амалларга қарайди.

У Мушриклар хусусида қилинган шафоатни қабул этмас!

Мушрик, агар у пайғамбарнинг ўғли бўлса ҳам Аллоҳнинг расули аҳли-оиласидан ҳисобланмайди:

«(Аллоҳ) айтди: «Эй Нуҳ, у сенинг аҳлингдан эмас! Албатта у(нинг қилган амали - куфр йўлини тутгани) ёмон амалдир. Бас, ўзинг яхши билмаган нарса ҳақида асло Мендан сўрамагин! Албатта, Мен сенга жоҳил-нодонлардан бўлмасликни буюраман».

Нуҳ алайҳис-салом Парвардигорининг танбеҳини яхши англади ва тавба-тазаррулар қилди:

«У (Нуҳ) деди: «Парвардигорим, мен Сендан ўзим билмаган нарсани сўрашдан паноҳ тилайман! Энди агар мени мағфират қилиб, Ўз раҳматингга олмасанг, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурман».

 

ТЎФОНДАН СЎНГ

Барча кофирлар ғарқ қилиниб, Парвардигор иродаси амалга ошганидан сўнг, Аллоҳ амри билан осмондан ёмғир қуйиши тинди. Ер бағридаги сувларни ютди. Мўминлар тушган кема Жудий тоғи устида тўхтади:

«Золим қавмга ҳалокат бўлгай!» дейилди.

- Эй Нуҳ! Кемадан соғ-омон тушгин! – дейилди.

Кема аҳли ерга эсон-омон қадам қўйдилар.

¢арқ бўлиб кетган кофирларга ҳеч ким, ҳеч нарса ачинмади. Уларга на осмон ва на ер йиғлади!

Аллоҳ таъоло Нуҳ алайҳис-салом зурриётига барокатлар ёғдирди. Яна шаҳар-қишлоқлар барпо қилинди.

Мана шу мўминлардан миллатлар, элатлар тарқалди.

Пайғамбарлар, подшоҳлар чиқди.

«Барча оламларда Нуҳга салом бўлгай!».

 

БЎРОН

1. Нуҳдан сўнг

Орадан кўп йиллар ўтди. Нуҳ алайҳис-саломнинг авлоди ернинг турли бурчакларига сочилиб кетди. Мана шундай қавмлардан бири Од қавми эди. Метиндек бақувват бу одамлар ҳеч кимдан қўрқмас ва сира мағлуб бўлмас эдилар. Аксинча бошқалар доим улардан қўрқиб-хавфсираб юрарди.

Аллоҳ таъоло Од қавмини ҳамма нарсада тўкис қилганди.

Уларнинг қўй-қўзилари, туя-отлари чор-атрофдаги водийларни тутиб кетганди.

Од қавми серфарзанд эди.

Уларнинг уйи доим тўлиб турарди. Од қавмининг чорваси даштга ёйилган вақтда жуда гўзал манзара ҳосил бўларди.

Эрталаб кўчаларни тўлдириб болалари ўйнаётганини кўрсангиз ҳавасингиз келарди.

Од қавми жойлашган ер боғ-роғлар, булоқлар сероб бўлган хушманзара бир жой эди.

 

2. Куфрони неъмат

Лекин, Од қавми Аллоҳнинг ушбу неъматларига шукр этмадилар. Оталари ҳикоя қилиб берган, ўзлари ҳам ерда асоратларини кўрган Нуҳ тўфонини унутиб қўйдилар.

Улар Нуҳ тўфонининг нима сабабдан бўлганини ёддан чиқариб яна худди аввалгилар каби санамларга сиғинишга ўтдилар.

Одамлар ўз қўллари билан тошларни йўниб санам ясаб олардилар-да, сўнг уларга сажда қилишга тушардилар. Мана шу тош ҳайкаллардан ҳожатларини сўрардилар. Уларга атаб қурбонликлар қилишарди.

Ҳатто шу ишлари ҳам ўзларига маъқул, тўғри кўринарди.

Ақллари бундай бемаъни хурофотларни инкор этмасди.

Ҳа, улар дунё ишларида ақлли бўлсалар-да, охиратга тегишли нарсаларда мутлақо нодон-жоҳил кимсалар эдилар.

 

3. Зулмкор Од

Од қавмининг куч-қудрати ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам бало бўлди.

Чунки, улар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмас эдилар.

Қани айтинг-чи, зулм-зўравонликдан бундай кимсаларни нима ушлаб туради?!

Улар ҳисоб-китоб кунидан, охират азобидан қўрқмасдилар. Ҳеч кимни ўзларидан юқори кўришмасди. Мана шу қавмни бошқаларга зулм қилишдан нима ҳам қайтариб турарди?!

Бу ерда ўрмон қонуни ҳукм сурарди. Катталар кичикларни эзар, заифлар кучлиларга ем бўлар эди. Агар улар дарғазаб бўлсалар, мисли қутурган филдек учраган жонзотни жонсиз қилардилар. Ўзаро уришиб экин-тикинга, наслга қирғин келтиришарди. Қадамлари етган жойда ҳур-озод кишиларни хорлар эдилар.

Заифлар улардан қўрқиб қочиб юрарди.

Бу Аллоҳдан қўрқмаган ва охират кунига ишонмайдиган ҳар бир кимсанинг одатидир.

 

4. Од қасрлари

Од қавмининг бутун иши еб-ичиш ва уйин-кулги эди.

Улар ким ўзарга баланд-баланд қасрлар, ҳашаматли саройлар қуришарди.

Бор-будлари сув, лой ва тошга сарфланарди. Бирон тепалик ёки бўш жойни кўриб қолди дегунларича уй қуришга тушишарди.

Улар худди ҳеч қачон ўлмайдигандек, шу кошоналарида мангу қоладиган кишилардек тиришиб қурардилар.

Камбағал-бечоралар парча нонга, бир кийимлик бўзга зор бўлиб турган вақтда бой-бадавлатлари мутлақо заруратсиз саройлар тикларди.

Мискинлар туришга уй топа олмай бошпанасиз юрсалар, пулдорлар қуриб ташлаган уйлар-саройлар бўм-бўш ётарди.

Уларни, қасру-саройларини бир кўрган киши бу қавмнинг охират кунига иймон келтирмаганини дарҳол билиб олар эди.

 

5. Ҳуд пайғамбар

Аллоҳ таъоло Од қавмига Ҳуд алайҳис-саломни элчи қилиб юборди. Зотан, Аллоҳ бандаларининг куфрига асло рози бўлмас. У зот ер юзида фасод ёйилишини истамайди!

Од қавми бутун ақлу идрокини фақат еб-ичиш, ўйин-кулгу ва уйлар қуришга сарфлар эди.

Ақлларини диний ишларида мутлақо ишлатмаганликлари боис, бу ақллар бузилганди.

Тош санамларга сиғиниш улар учун ақлга тўғри келадиган нарса бўлиб қолди.

Дунёвий ишларда пишиқ-пухта, аммо диний масалаларда ғирт нодон бу қавмга Аллоҳ таъоло ҳақ даъватчилари - пайғамбарларни юборди.

Пайғамбар мана шу одамларнинг ўзидан танлаб олинди.

Ҳуд алайҳис-салом Од қавмидаги обрўли хонадонда туғилиб ўсганди.

Аллоҳ таъоло уни қавмига элчи қилиб юборди.

 

6. Ҳуд алайҳис-салом даъвати

Ҳуд алайҳис-салом дедилар: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир».

«Эй қавмим, (Сизлар) нега энди сизларни яратган зотга ибодат қилмасдан тошларга ибодат қилмоқдасиз»?!

Эй инсонлар! Кеча қўлларингиз билан йўнган тошларга нега бугун саждалар қиласиз?!

Ахир сизларни Аллоҳ яратди!

Сизларга ризқ берди. Мол-ҳолларингизга, зурриётингизга ҳамда экин-тикинингизга баракотлар ёғдирди. Нуҳ қавмидан сўнг сизларни ўринбосар қилиб келтирди.

Жисмларингизга зиёда қувватлар ато этди!

Аллоҳнинг бу неъматлари учун фақат унгагина ибодат қилмоғингиз лозим!

Ҳатто итларингиз ҳам ташлаган суякларингизни еб, уйингиз атрофидан узоқлашмайди-ку! Эгасига содиқ қолиб доим унинг ортидан соядек эргашади!

Умрингизда итнинг ўз эгасини ташлаб бегонанинг оёқларига суйкалганини кўрганмисиз?!

Бирон бир ҳайвоннинг тошга сиғинганини ёки бут-санамларга сажда қилганини биласизми?!

Наҳот инсон ҳайвончалик ҳам бўлмаса?! Наҳот у ҳайвондан ҳам хор турса?!

 

7. Од қавмининг жавоби

Лекин Од қавми ҳануз еб-ичиш ва ўйин-кулгу билан машғул эди.

Фақат дунё лаззатларини ўйлайдиган бу қавм Ҳуд алайҳис-салом сўзларини эшитиб, сиқилиб кетди. Қалблари торайиб қолган кимсалар бир-бирларига дедилар:

- Ҳуд ўзи нималар деяпти? Нияти нима экан?! Биз унинг сўзларини тушунмадик!

- У бир нодон ёки мажнун одам-да!

Бошқа сафар эса Ҳуд алайҳис-салом даъватларини эшитган қавм оқсоқоллари Аллоҳ элчисига шундай жавоб бердилар:

«Биз сенинг нодон эканингни кўриб турибмиз ва албатта биз сени ёлғончилардан, деб гумон қилмоқдамиз».

«У айтди: «Эй қавмим, мен нодон эмасман, балки мен барча оламлар Парвардигори тарафидан юборилган пайғамбарман. Мен сизларга Парвардигоримнинг вазифаларини (буюрганларини) етказурман ва мен сизлар учун ишончли насиҳат қилгувчиман».

 

8. Ҳуд ҳикмат билан даъват қилади

Ҳуд алайҳис-салом ўта мулойимлик ва ҳикмат билан қавмдошларини даъват қилишда тўхтамасдан давом этарди:

- Эй қавмим! Мен сизларнинг ўз биродарларингиз, кечаги дўстларингиз Ҳудман-ку?! Наҳотки мени танимаётган бўлсангиз?!

- Нега мендан чўчийсизлар, ўзларингизни олиб қочасизлар?! Менга сизларнинг ҳеч нарсангиз керак эмас!

- «Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажру мукофотим фақат мени яратган зот зиммасидадир».

- Эй қавмим! Аллоҳга иймон келтиришдан нега бунча қўрқасизлар?!

Аллоҳга қасамки, мўмин бўлишингиз билан мол-мулкингиз – ҳеч нарсангиз камайиб қолмайди?!

Аксинча, Аллоҳ таъоло ризқларингизни бундан ҳам зиёда қилади. Яна-да куч-қувватлироқ бўласизлар.

- Эй қавмдошларим, нега менинг пайғамбар қилиб юборилганимдан ажабланмоқдасиз?! Ахир Аллоҳ сизларнинг ҳар бирингизга алоҳида-алоҳида гапирмайди-ку!

У зот барча қавмга ўз расулларини юборади. Қавмнинг ичидан танлаб олинган бу пайғамбарлар инсонларни ҳақ йўлга даъват этадилар.

Аллоҳ таъоло мени сизларга элчи қилиб юборди.

«Ёки сизларни огоҳлантириш учун ўзларингиздан (бўлган) бир кишига Парвардигорингиз (томони)дан зикр-эслатма келганига ажабланаяпсизми»?

 

9. Ҳуднинг иймони

Қавмдошлари Ҳуднинг ҳақ сўзларига нима деб жавоб беришни билмасдан лол қолдилар.

Ниҳоят ўзларича бир гап тўқиб чиқишди:

- Сенга олиҳаларимиз ғазаб қилган. Шунинг учун ақлинг айниб қолган – касалланган! Олиҳаларимиз сени жазоламоқда!

Ҳуд алайҳис-салом деди:

- Бу санамлар бировга зарар ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган оддий тошлар-ку!

Улар гапирмайди ҳам, эшитмайди ҳам, кўрмайди ҳам!

Бут-санамлар бировга на яхшилик ва на ёмонлик қилишга қодир эмас. Улар мутлоқо ожиздирлар!

Санамларингиз менга ҳеч қандай зиён-заҳмат етказа олмайди!

Мен уларга заррача ишонмайман ҳам, улардан қўрқмайман ҳам!

«Мен сизларнинг Аллоҳни қўйиб, (Унга сохта-ёлғон худоларни) шерик қилишингиздан безорман. Ана энди барчангиз бир бўлиб ҳеч кечиктирмай менга қарши билган ҳийлангизни қилаверинглар. Мен фақат менинг ҳам, сизларнинг ҳам парвардигорингиз бўлган Аллоҳга суяндим».

Барча нарса Унинг ҳукми остида туради. Аллоҳнинг изнисиз дарахтдан битта барг ҳам узилиб тушмайди.

 

10. Од қавмининг куфроний қайсарлиги

Од қавми шунча даъвату насиҳатдан кейин ҳам ўз куфридан қайтмади.

Ҳуд алайҳис-салом сўзлари уларнинг юракларига фақат ғашлик, сиқилиш соларди, холос.

- Эй Ҳуд! Сенинг бирон-бир далил-исботинг борми ўзи?!!

- Биз сенинг қуруқ сўзларингга ишониб шунча йилдан бери сиғиниб келаётган санамларимизни тарк этмасмиз!

- Нима, энди битта одамнинг гапига кириб ота-боболаримиз ибодат қилиб ўтган олиҳаларни ташлайликми?! Асло бундай қилмасмиз!

- Эй Ҳуд! Сен бизнинг олиҳаларимизга ишонмайсан, улардан қўрқмайсан-а?!

- Биз ҳам сенинг илоҳингга ишонмаймиз, Унинг азобидан қўрқмаймиз!

- Сен аламли азоб ҳақида жуда кўп гапирар эдинг, қани ўша азобинг, қачон келади, эй Ҳуд?!

Ҳуд алайҳис-салом деди:

«(Қиёмат қачон қойим бўлиши ҳақидаги) билим ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен фақат бир очиқ огоҳлантиргувчидирман, холос».

Од қавми деди:

- Биз ўша азобни жуда ҳам соғиниб кетдик! Уни кўришга роса муштоқмиз!

Ҳуд алайҳис-салом уларнинг нодонликларидан афсусланди. Наҳот Аллоҳ азобидан қўрқмасалар-а?!

 

11. Азоб

Од қавми ҳар куни осмонга тикилиб ёмғир ёғишини кутарди.

Лекин кўкда бир парча ҳам булут кўринмас эди.

Одамларга ёмғир жуда-жуда зарур бўлганидан ҳамма ёмғир ёғишини қаттиқ кутарди.

Шундай кунларнинг бирида Од қавми ўзлари томон сузаётган тўп-тўп булутларни кўриб қолдилар. Улар беҳад қувонганларидан «Ана ёмғирли булут, ана ёмғирли булут» дея қичқириб юборишди.

Одамлар қувончдан ўйин тушиб ҳануз «Ёмғир, ёмғир!» дея сакрашарди.

Лекин, Ҳуд алайҳис-салом кўкда кўринган булут раҳмат эмас, азоб олиб келаётганини англадилар.

Ҳақиқатан ҳам, одамларга раҳмат бўлиб туюлган булут аслида елкасида аламли азобни кўтариб келаётган қаттиқ шамол эди.

Бирдан довул турди. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган шиддат билан бўрон бошланди.

Бўрон дарахтларни юлқиб суғириб олар, уйларни вайрон қилар, чорва-подани бир қилиб турли томонга учириб кетарди.

Шамол саҳро қумлари билан ҳавони тўлдирди. Дунё қоп-қоронғи зулматга айланди. Ҳеч ким атрофда нима бўлаётганини кўра олмасди.

Одамлар қўрқиб кетганларидан уйларига беркиниб эшикларни маҳкам тамбаладилар. Болалар оналари пинжига тиқилишди.

Эркаклар деворларга ёпишиб олдилар.

Чор-атроф гўдаклар йиғиси, аёллар уввоси билан тўлди.

Кишилар ўзларича дуо-илтижо қилиб мадад сўрарди.

«Бугун Аллоҳнинг амридан (бирон) сақлагувчи йўқдир».

Бўрон етти кеча-ю, саккиз кун тинмади. ...

Бутун қавм ҳалок бўлди.

Одамлар худди арралаб ташланган хурмо дарахтлари каби ётишарди... Атроф жуда-жуда ғариб кўринарди. ...

Одамларнинг жасади устида ўлаксахўр қушлар ўтирарди...

Хароб бўлган ҳашаматли уйлар бойўғлилар маконига айланганди...

Ҳуд алайҳис-салом ва унга эргашган мўминлар иймонлари боис нажот топдилар. Ўз куфрларида қайсарлик билан қаттиқ турган Од қавмидан ер юзида ҳеч ким қолмади. ...

«Огоҳ бўлингизким, Албатта Од қабиласи Парвардигорига кофир бўлган эди. Огоҳ бўлингизким, Ҳуднинг қавми Од ҳалокатга учради!».

 

САМУДНИНГ ТУЯСИ

1. Од қавмидан сўнг

Нуҳ қавми кетидан Од қавми келганидек Од қавмига Самуд қавми ворис бўлди.

Самуд қавми жойлашган ер ҳам гўзалликда Од қавми еридан қолишмасди. Ям-яшил водийлар, булоқлар, ёнларидан дарёлар оқиб турувчи боғ-роғлар...

Қурувчилик ва зироат-деҳқончиликда Самуд ҳам мисли Од каби эди.

Улар ақл-тадбиркорликда ҳатто Од қавмидан юқорироқ турардилар.

Тоғ-тошларни ўйиб кенг ва катта уйлар қуришар, тошларга ҳаддан ташқари гўзал нақшлар солар эдилар.

Самуд қавми анча ривожлангани боис, метин тошларни бемалол худди шамъдек турли шаклга солишарди.

Уларнинг шаҳрига кирган киши оғзи очилиб қоларди.

Тоғлар каби юксак биноларни кўриб «буларни жинлар қурган бўлса керак» деган хаёлга борарди.

Деворларга солинган турфа гуллар баҳор чечакларини ёдга соларди...

Аллоҳ таъоло Самуд қавмига осмону ер баракотларини мўл-кўл ёғдирди.

Осмон улардан ёмғирини аямади. Ер сахийлик билан беҳисоб туҳфалар ҳадя қилди.

Боғлар ширин-шакар мевалар етиштирди.

Аллоҳ таъоло уларнинг ризқ-рўзига ҳам, умрларига ҳам баракот ато этди.

 

2. Самуднинг куфрони неъмати

Ажабки, ҳад-ҳисобсиз мана шунча улуғ неъматлар Самуд қавмини Аллоҳ ибодатига, шукронага эмас, куфру туғёнга етаклади. Улар Яратганни унутиб, фақат қўл остиларидаги нарсалар билан қувониб юравердилар.

«Биздан ҳам куч-қудратли бўлган бирон нарса борми?!» дея кибр билан мағрурланар эдилар. Самуд қавми ўзларини ўлмайдиган дея гумон қилишди. Ўзларича муҳташам қасрларидан, ҳушманзара боғларидан асло ажралмайдигандек бўлдилар.

Гўё уларнинг тош қасрларига ўлим кириб кела олмайди?!

Наҳотки улар «Нуҳ қавми чуқур водийда яшаганлиги боис сувга ғарқ бўлган» деб ўйласалар?!

Балки, Однинг ҳалокатини ҳам уларнинг текисликда яшаганлигидан кўрарлар?!

Ўзларини хавф-хатардан холи, ўлимдан омонда ҳисоблайдиларми?!

 

3. Санамларга ибодат қилиш

Самуд қавми шунча ношукурликлари етмагандек, энди тошларни йўниб бут ясадилар-да, уларга ибодат қила бошлашди...

Улар ўзларидан илгари Нуҳ ва Од қавмлари нима қилган бўлсалар, айнан такрорлашга тушдилар.

Аллоҳ таъоло инсонларни тошлар устидан ҳукмрон этиб қўйганди. Лекин, улар жоҳилликлари сабабли мана шу тошларга қул бўлдилар.

Парвардигори олам инсонни мукаррам қилди, уни турфа ноз-неъматлар билан сийлади.

Аммо инсонлар ўзларини ўзлари хорладилар.

«Албатта Аллоҳ инсонларга асло зулм қилмас. Лекин инсонлар (ўзлари) ўзларига зулм қилурлар».

Ажабо, улар қўллари билан йўниб-тарошлаётган тошлар сира-сира ўз ҳокимларига исён қилмайди. Нима қилсалар, жим туриб беришади.

Қизиқ ҳоким инсон ўзига тўла бўйсундирилган тошлар пойига бош урса, саждалар этиб сиғинса-я?!

Кучли ҳеч бир замонда заифга ибодат қилганми?! Подшоҳ ўз қули оёғига саждалар этиб сиғинганми?!

Инсонлар Аллоҳни унутдилар.

Инсонлар ўзларининг ким эканликларини унутдилар.

Инсонлар куч-қудратда тенгсиз яккаю ёлғиз Аллоҳга қул бўлишни хоҳламадилар.

Бас, натижада Аллоҳ уларни хор қилиб қўйди.

 

4. Солиҳ алайҳис-салом

Аллоҳ таъоло Самуд қавмига пайғамбар юборишни ирода қилди.

Албатта, Пок Парвардигор бандаларининг куфр ботқоғига ботишига рози бўлмас!

Қавм орасидан Солиҳ исмли яхши насл-насабга эга, оқил киши танлаб олинди.

Ёшлигида ҳамма бу оқил-нажиб болага алоҳида эътибор билан қарарди. Уни қўллари билан кўрсатишиб «Ана Солиҳ» дер эдилар.

- Ҳали бу бола улуғ одам бўлади!

- Қавмнинг оқсоқоллари, энг бой-бадавлат кишилари қаторига киради.

- Ўзининг улкан қасри, ҳушманзара боғ-роғларида кайф-сафо қилади...

Солиҳ алайҳис-саломнинг отаси ҳам ўғли ҳақида фақат мана шундай ёки шунга ўхшаш хаёлларни сурарди:

«Ҳали унинг ўғли ақли заковати орқали ҳаммадан кўп мол-дунё тўплайди. Зотдор арғумоқ устида ортидан бир гала хизматкорларини эргаштириб чиққанида кўрган киши ўғлига салом беради.

Ҳамма «Бу Фалончининг ўғли» деб айтади. Одамлар унинг жуда бахтлилигини ва ўғлининг ҳаддан ташқари катта бойлигини ўзаро гаплашадилар...».

Лекин Аллоҳ таъоло бошқа нарсани ирода қилганди.

Солиҳ алайҳис-салом пайғамбарлик шарафига мушарраф бўлди.

Аллоҳ таъоло инсонларни зулматлардан нурга олиб чиқиш учун уни элчи қилиб юборди.

Айтингчи, бундан ҳам улуғ шараф борми?

 

5. Солиҳ алайҳис-салом даъвати

Солиҳ алайҳис-салом қавмига қараб баланд овозда шундай деди:

- «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан бошқа (бирон) илоҳ йўқдир!».

Бой-бадавлат кимсалар ҳануз маишат билан, ўйин-кулги билан овора эдилар.

Тош санамларга сиғинувчи бу бандалар ҳақиқий илоҳни - Аллоҳни танимасдилар.

Солиҳ алайҳис-саломнинг даъвати уларга асло ёқмади. ¢азаби келган пулдорлар: «Ким у?» дея хизматкорларидан суриштиришди.

- Солиҳ - жавоб берди хизматкорлар.

- Нималар деяпти ўзи?

- У «Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан бошқа бирон илоҳ йўқдир! Аллоҳ таъоло ўлганларингиздан сўнг сизларни қайта тирилтиради ва (иймон келтирмаганларни) хору шарманда этади»,- деяпти. Яна айтаяпти-ки: «Мен Аллоҳнинг сизларга юборган расулидирман!»

Бойлар масхара қилиб кулишди:

- Бечора! Ҳали у пайғамбар эмишми?! Ахир Унинг ҳашаматли саройлари, боғ-роғлари, кенг экинзорлари бўлмаса... Қандай қилиб шу (ялангоёқ) пайғамбар бўлар экан?!...

 

6. Бойларнинг ғаламислиги

Баъзиларнинг Солиҳ алайҳис-саломга мойил бўлаётганини кўрган бой-бадавлат кимсалар ўзларининг бошлиқликларидан ажраб қолишдан қўрқиб типирчилаб қолишди. Улар дедилар:

«Бу (ҳеч қанақа пайғамбар эмас) худди сизлардек (бир оддий) одам, (холос). Сизлар ейдиган нарсани еб, сизлар ичадиган нарсадан ичади».

«Агар ўзларингиз каби (бир) башарга итоат этсангизлар, унда сизлар аниқ хасратда қолурсизлар».

«У сизларга «Ўлиб тупроқ ва суяк бўлганингизда(н сўнг қайта ҳаётга) чиқариласизлар» деб ваъда қилаяптими»?

«(Сизларга) ваъда қилинаётган нарса(нинг бўлиши) нақадар йироқ».

«Фақатгина (мана шу) ҳаёти дунёмиз (бор холос. Шу ҳаётда) ўламиз ва ҳаёт кечирамиз (туғиламиз, яшаймиз). Ва биз қайта турғизилувчи эмасмиз!».

«У (бир) Аллоҳга (Аллоҳ номидан) ёлғон тўқиётган киши (холос!) ва биз унга иймон келтиргувчи эмасмиз!».

 

7. Биз адашибмиз!

Самуд қавми Солиҳ алайҳис-саломга иймон келтирмади.

Солиҳ алайҳис-салом қавмга ваъз-насиҳатлар қилиб, санамларга ибодат қилишдан қайтарса, улар жавобан шундай дердилар:

- Эй Солиҳ! Сен ёшлигингда туппа-тузук ақлли, бўладиган бола эдинг. Биз сени улғайса, улуғларимиздан бўлади деб умид қилардик. Биз сени «фалончи, фалончиларга ўхшаб юради» деб ўйлардик.

Сендан эса ҳеч ким чиқмади!

Сен тенги ақлсиз болалар ҳам бугун улуғ одамлар бўлиб етишишди.

Сен бўлсанг фақирлик йўлини тутдинг. Биз сени улуғ одам бўлади- деб янглишган эканмиз.

Умидимиз чиппакка чиқди. Бечора отанг, сени катта қилиб нима яхшилик кўрди?!

Бечорагина онанг, сени деб куйиб-пишганлари хайф кетди-я!

Солиҳ алайҳис-салом қавмдошлари сўзини жим туриб эшитди. У қавмининг ҳақни кўрмаслигидан қаттиқ афсусланар эди.

Қавмдошлари Солиҳ алайҳис-саломни кўрганларида «Аллоҳ Солиҳнинг отасини раҳмат қилсин. Ўғли тузук одам бўлиб чиқмади» дейишарди.

 

8. Солиҳ алайҳис-салом насиҳати

Солиҳ алайҳис-салом ўз қавмини сабр ва ҳикмат билан даъват қилишда давом этарди.

- Эй қавмдошлар! Сизлар абадул абад мана шу ерда қоламиз деб ўйлаяпсизларми?!

- Мангу муҳташам қасрлар ичида кайф-сафо қиламиз деган ўйдамисизлар?!

Ҳамиша ҳушманзара боғ-роғлар, чаманлар қучоғида ором-осойишта юрамиз деб ният қилаяпсизларми?!

Ўлмасдан, доим тоғларни ўйиб уй солиб юрмоқчимисизлар?!

Йўқ, сизларнинг бу хомхаёлларингиз ҳаргиз амалга ошмас!

Ҳеч қачон ўйлаганларингиз бўлмайди! Эй биродарлар! Ахир ота-боболарингиз қаёққа кетди?!

Ақл ишлатиб кўрмайсизларми?!

Ота-боболарингиз ҳам муҳташам қасрлар қуришганди. Уларнинг ҳам боғ-роғлари, катта-катта хурмОзар, экинзорлари бор эди. Оталарингизда худди сизлар каби тошлардан қасрлар қуриб яшардилар.

Лекин шунча мол-мулклари уларга бирон фойда бердими? Уларни ўлимдан сақлаб қолдими?

Ахир ўлим фариштаси оталарингиз жонини дорул бақога олиб кетмаганмиди?!

Худди шундай сизлар ҳам бир куни албатта ўласизлар. Сўнг Аллоҳ таъоло сизларни тирилтириб, ҳад-ҳисобсиз неъматларини нималарга сарфлаганингиздан сўроқ қилади.

 

9. Мен сизлардан ажру-мукофот тиламайман

Эй қавмдошларим! Нега мендан қочмоқдасиз? Нимамдан қўрқасизлар? Хотирларингиз жам бўлсин, Менга сизларнинг мол-дунёларингиз керак эмас. Сизлардан ҳеч нарса умидвор эмасман.

Мен сизларга панд-насиҳатлар қилиб, Парвардигоримнинг буйруқларини етказиб тургувчиман холос.

«Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир».

Эй биродарларим! Нега менга итоат этмайсизлар? Ахир мен сизларга ишончли насиҳат қилгувчиман-ку!

Нега ўзгаларнинг молини ейдиган, одамларга зулм қиладиган, фожир, фосиқ, бузғунчи кимсаларга итоат этасизлар. Самуд қавми Солиҳ алайҳис-саломга жавобан шундай дерди:

«Ҳеч шак-шубҳасиз сен сеҳрланган - ақлдан озган кимсалардандирсан. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамдирсан. Бас, агар ростгўйлардан бўлсанг (пайғамбарлигингга) бир оят далил келтиргин!».

 

 

10. Аллоҳнинг туяси

Солиҳ алайҳис-салом деди:

- Сизларга қандай далил-исбот керак?

Қавм айтди:

- Агар ҳақиқатан ҳам пайғамбар бўлсанг, мана шу харсанг ичидан қорнида боласи бор тирик туя чиқариб бер-чи?!

Одамлар туяни тош эмас, туя туғишини яхши билардилар, Туянинг ердан ўсиб чиқмаслиги ёки тошдан пайдо бўлмаслиги ҳаммага маълум эди.

Улар Солиҳни ожиз қолдириб, ғалаба нашидасини суришларига аниқ ишонгандилар. Лекин Пок Парвардигорга ҳақиқий иймон келтирган Солиҳ алайҳис-салом У зотнинг барча нарсага қодирлигига шубҳа қилмасди.

Солиҳ Парвардигорига илтижо қилди. Аллоҳ таъоло ўз набийсининг дуосини беижобат қолдирмади.

Харсанг ичидан одамлар талаб қилганидек қорнида боласи бор туя чиқиб келди ва жажжи бўталоқ туғилди. Одамлар даҳшатдан тош қотдилар. Лекин улардан фақат бир кишигина иймонга келди.

 

11. Навбат

Солиҳ алайҳис-салом деди:

- Бу Аллоҳнинг туяси. Яратганнинг мўъжизаси. Сўрагандингиз, Аллоҳ сизларга ўз қудрати билан уни яратиб берди.

«Унга бирон ёмонлик етказманглар-ки, у холда сизларни улуғ куннинг - қиёматнинг азоби ушлар».

Бу туя Аллоҳ ерида эмин-эркин ўтлаб, сувга қониб юради. Унга сизларнинг боқишингиз ҳам шарт эмас.

Ем-хашак кўп, сув мўл. Бу туя жуда улканлиги билан алоҳида ажралиб турар эди. Қавмнинг қўй-қўзилари, мол-ҳоллари ундан ҳуркиб қочарди.

Туя сув ичгани келган вақтида бошқа чорвалар сувга яқин йўламасди. Шу боис сув ичиш навбат қилинди. Бир куни туя ичса, бошқа бир кун қавмнинг моллари ичарди. Туя фақат ўзининг навбати бўлган кундагина сув ичгани борарди.

 

12. Туғён

Лекин Самуд қавми ҳаддан ошди, кибрга кетди. Улар «Нега энди молларимиз ҳар куни суғорилмас экан» деб туяга қўпол муносабатда бўла бошладилар. Солиҳ алайҳис-салом Аллоҳ таъоло мўжизасига нисбатан юмшоқ муомалада бўлишни такрор-такрор эслатсалар-да, қавм сира қулоқ солмасди.

- Ким шу туяни сўя олади?- дейишди улар.

- Мен, Мен,- дея икки киши ўрнидан сакраб турди.

Икки бадбахт Аллоҳ туясини ўлдириш ниятида уни пойлаб ўтирдилар. Туя кўриниши биланоқ биринчиси уни ўқ билан отди. Иккинчиси эса сўйиб ташлади.

 

13. Азоб

Туянинг ўлдирилганини эшитиб, Солиҳ алайҳис-салом беҳад маҳзун бўлди.

«Шунда (Солиҳ) айтди: «Уй-жойларингизда уч кун (тириклик неъматидан) баҳраманд бўлингиз. Мана шу чин ваъдадир».

Мана шу юртда ер юзида фитна-фасод қўзғаб юрадиган тўққизта бузғунчи кимса ҳам яшарди. Улар тунда Солиҳ алайҳис-саломни ва унинг оиласини пинҳоний равишда ўлдириб юборишга келишдилар.

- Агар биздан сўрашса, билмаймиз, деб тураверамиз.

Лекин Аллоҳ таъоло Солиҳ алайҳис-саломни ва у кишининг аҳли оилаларини золимлар ёмонлигидан асраб қолди. Ниҳоят айтилган уч кун ҳам ўтди. Одамлар тонгни одатдагидек қаршиладилар. Баногоҳ қаттиқ зилзила билан даҳшатли қичқириқ янгради. Мана шу қичқириқ зарбидан юраклар ёрилиб кетди. Зилзила оқибатида уйлар вайронага айланди.

Ҳа, дарҳақиқат бу кун Самуд учун жуда қаттиқ кун эди. Харобага айланган шаҳарда биронта тирик жон қолмади. Солиҳ алайҳис-салом ва у кишига эргашган мўминлар бу бадбахт шаҳарни ташлаб чиқдилар. Энди улар бу ерда нима ҳам қилишарди. Қавмининг жасадларига кўзи тушган Солиҳ алайҳис-салом ҳазин овозда дедилар:

- «Эй қавмим! Дарҳақиқат мен сизларга Парвардигорим рисолатини етказган ва насиҳатлар қилган эдим. Лекин сизлар насиҳатгўйларни севмасдингиз».

Бир вақтлар гуллаб яшнаган шаҳар ўрнида ҳувиллаган сарой харобалари ва ташландиқ қудуқдан бошқа ҳеч нарса қолмади. Бирон жонзот топилмайдиган бўм-бўш қўрқинчли шаҳар харобалари кўзга ташланиб турибди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Шомга кетар эканлар Самуд қавми яшаган ерларга яқинлашди. Пайғамбар ўз асҳобларига шундай деб буюрди:

- «Ўзларига зулм қилган кимсалар масканларига, уларга етган нарса сизларга ҳам етиб қолишидан қўрқиб йиғлаган ҳолда кирингиз!»

«Огоҳ бўлингизким, албатта Самуд (қабиласи) Парвардигорларига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлингизким, Самуд (қабиласи) ҳалокатга учради».

 

 

 

САНАМЛАРНИ КИМ СИНДИРГАН ЭДИ?!

1. Санамлар сотувчиси..

Бундан жуда-жуда кўп йиллар муқаддам бир қишлоқда Озар исмлик машҳур киши ўтган эди.

Озар санамлар сотарди.

Мана шу қишлоқда жуда ҳам катта бир бино бўлиб, унда беҳисоб санамлар сақланарди.

Кишилар мана шу санамларга сиғинар, сажда қилар эдилар. Озар ҳам қишлоқдошлари каби бут-санамларга ибодат қиларди.

 

2. Озарнинг ўғли

Озарнинг жуда ақлли бир ўғли бўлиб, унинг исми Иброҳим эди.

Иброҳим одамларнинг санамларга сажда қилиб сиғинишларини кўрди.

У санамларнинг оддий тош эканлигини, уларнинг на гапира ва на эшита олмасликларини, қўлларидан бировга фойда ҳам, зиён ҳам бериш келмаслигини билар эди. Ахир бу санамлар бошларига қўнган пашшани-да ҳайдашга қодир эмаслар-ку! Сичқон келиб санамларга қўйилган овқатларни еб кетар, бу сохта илоҳлар эса ҳатто ўз таомларини сичқондан ҳам асраб қолишдан ожиз эдилар.

«Одамлар нима учун мана шу бут-санамларга сиғинар эканлар-а?», ажабланарди Иброҳим.

«Нима учун одамлар ўз ҳожатларини бут-санамлардан сўрайдилар?!».

 

3. Иброҳимнинг ҳақ насиҳати

Иброҳим отаси Озарга шундай дер эди:

- Эй отажон, нима учун тош санамларга ибодат қиласиз?!

- Эй отажон! Нима учун уларга саждалар этасиз?!

- Эй отажон! Нима учун санамлардан сўрайсиз?!

- Ахир бу тош-санамлар гапиришга ҳам, эшитишга ҳам, бировга фойдаю зиён беришга ҳам қодир эмас-ку!

- Нега энди улар олдига ейимлигу ичимликлар қўясиз?!

- Отажон! Ахир бу тошлар еб-ичмайдику?

Озар эса ўғлининг гапларидан ғазабланар, уни тушунишни истамасди.

Иброҳим ўзининг ҳақ сўзларини қавмига ҳам айтарди. Жоҳил қавм уни тушунмас, фақат ғазабга минар эди, холос.

Иброҳим ўзича қуйидаги қарорга келди: «Ҳамма кетгач, тош-санамларни синдириб ташлайман. Ана шунда одамлар бу тошларнинг қўлидан ҳеч нарса келмаслигини, ўзларининг хато йўлда эканликларини англайдилар».

 

4. Иброҳим санамларни синдиради

Байрам куни келди.

Ҳамма хурсанд бўлиб байрамга чиқиб кетди.

Озар ўғли Иброҳимга «Биз билан бирга байрамга чиқмайсанми?»- деганида Иброҳим: «Мен касалман» дея баҳона қилди.

Шундан сўнг уйда Иброҳимнинг ёлғиз ўзи қолди.

У қавми сиғинадиган бут-санамлар олдига келди:

«Эй тош маъбудалар! Гапирмайсизларми, эшитмайсизларми?! Мана таом, мана ичимлик! Еб-ичмайсизларми?! ...».

Унинг бу сўзларига сохта илоҳлар фақат сукут билан жавоб берар эди. Ахир, тошлар қандай қилиб гапира олади?!

«Сизларга нима бўлди-ки гапирмаяпсизлар?»- деди Иброҳим.

Санамлар ҳануз сукут қиларди. Шунда ғазаби келган Иброҳим болтани олиб бутларни чопа кетди. У фақат энг катта санамни қолдирди-да, болтани унинг бўйнига осиб қўйди.

 

5. Бу кимнинг иши?!

Одамлар байрам кунида ўз олиҳаларига сиғинмоқ учун санамлар сақланадиган уйга кирганларида даҳшатдан қотиб қолдилар.

Афсус-надомат чекдилар, ғазабга тўлдилар!

«Бизнинг олиҳаларимизни ким бундай қилди?»

«Улар ҳақида кўп гапирадиган бир йигитни эшитган эдик. Уни Иброҳим дейишарди..».

«Эй Иброҳим! Олиҳаларимизни сен шундай қилдингми? (парчаладингми?!)» (Иброҳим) айтди: «(Йўқ), Балки бу ишни уларнинг мана бу каттаси қилди. (Бут-санамлар) агар гапирсалар, уларнинг ўзидан сўраб кўринглар».

Одамлар санамларнинг оддий тош эканлигини ва бу тошларнинг эшитмаслигини, гапира олмаслигини жуда яхши билар эдилар. Энг катта санамнинг ҳам қуруқ тошдан бошқа ҳеч нарса эмаслигини ҳамма биларди.

Энг катта санам ҳам ҳеч қачон турган жойидан қўзғала олмасди. Демак у бошқа санамларни чопиб ташлашга асло қодир эмас!

Одамлар Иброҳимга «Эй Иброҳим! Сен санамларнинг гапирмаслигини яхши биласан-ку?!» дедилар. Шунда Иброҳим айтди:

- Ҳеч нарса қўлидан келмайдиган бу тош маъбудаларга нега сиғинасизлар бўлмаса?! Кар, соқов санамлардан ҳожатларингизни раво қилишини сўрайсизлар?! Наҳот ҳеч нарсага тушунмаётган бўлсангизлар?!! Ахир озгина ақл юргизиб кўрмайсизларми?!

Иброҳимнинг ҳақ сўзларига одамлар фақат хижолат билан жим туриб жавоб берар эдилар!

 

6. Совуқ олов

Одамлар йиғилиб энди нима қилиш ҳақида кенгашдилар.

Иброҳим санамларни парчалади, олиҳаларни хорлади! Хўш, унинг бу қилмишига қандай жазо бермоқ керак?

Жавоб оддий бўлди: «Уни (ўтда) ёқингиз ва ўз олиҳаларингизга ёрдам берингиз!»

Катта гулхан ёқилиб унга Иброҳимни ирғитдилар!

Лекин, Иброҳимга Аллоҳ мададкор эди!

Пок Парвардигор оловга шундай амр қилди: «Эй олов! Иброҳимга салқин-совуқ ва саломатлик бўлгин!» Олов Аллоҳ амрига биноан Иброҳим учун салқин ва безарар бўлди!

Атрофдагилар унинг ўтда куймаганини, масрур, соғ-саломат турганини кўриб даҳшатдан қотиб қолдилар.

 

7. Менинг Парвардигорим ким?!

Иброҳим бир кечаси кўкдаги юлдузни кўриб «Мана шу менинг Парвардигорим!» деди. Тонг отиб юлдузлар бирин-кетин ўчгач Иброҳимнинг фикри ўзгарди: «Йўқ! У Менинг Парвардигорим эмас экан!»

Сўнг у ойни Парвардигор деб билди. Лекин, қуёш чиқиши билан ойнинг ҳам ғойиб бўлишини кўргач, яна фикридан қайтди: «Йўқ! У ҳам менинг Парвардигорим эмас экан!»

Чор-атрофга нур сочиб қуёш чиқди. Иброҳим «Бу ҳаммасидан улкан. Мана шу менинг Парвардигорим» деган хулосага келди. Аммо, қуёш ҳам тун кириши билан қаергадир ғойиб бўлди. «Йўқ! Бу Менинг Парвардигорим эмас!» дерди яна Иброҳим.

Аллоҳ боқийдир, асло завол кўрмайди.

Юлдузлар заиф, улар тонгга мағлубдирлар!

Ой заиф, у қуёш қаршисида мағлуб!

Қуёш ҳам заиф, уни тунлар ва булутлар тўсиб қўяди.

Заиф юлдузлар менга мадад бера олмаслар!

Заиф ой менга мададкор бўла олмайди.

Заиф қуёш ҳам мен учун ҳеч нарса қилишга қодир эмас.

Менга, фақат ва фақат Аллоҳгина мададкор!

Чунки У мангу ҳаёт, ҳамиша боқий ва ғолиб-қудратли Зотдир.

 

 

8. Роббим Аллоҳдир!

Иброҳим Парвардигори мангу ҳаёт, ҳамиша боқий ва ғолиб Аллоҳ эканини англаб етди. У билдики, юлдузларнинг ҳам, ойнинг ҳам, қуёшнинг ҳам парвардигори яккаю ёлғиз Аллоҳ экан. Бутун оламлар Парвардигори ҳам фақат қудратли, улуғ Аллоҳдир.

Аллоҳ томонидан ҳидоятга йўлланган Иброҳим пок Парвардигорнинг пайғамбари ва халили (дўсти) мақомига эришди.

Аллоҳ таъоло Иброҳим алайҳис-саломга қавмини даъват этишни ва уларни санамларга ибодат қилишдан қайтаришни буюрди.

 

9. Иброҳимнинг даъвати

Иброҳим алайҳис-салом қавмини Аллоҳга даъват қила бошлади. Уларни тош илоҳларга сиғинишдан қайтаришга киришди.

У қавмига шундай деди:

- «Сизлар нимага ибодат қилмоқдасизлар?!».

Қавм жавоб берди:

- «Биз санамларга ибодат қилаяпмиз».

- «Улар (бутлар) сизлар илтижо қилган пайтларингизда (қилган дуо-илтижоларингизни) эшитадиларми?»

«Сизларга бирон наф ёки зарар етказа оладиларми?».

- «(Қавм деди). Биз оталаримизни мана шундай қилаётганини (тош-санамларга сиғинаётганини, уларга ибодат қилаётганларини кўрган) топган эдик».

Иброҳим деди:

- Мен бу санамларга ҳаргиз ибодат қилмасман. Аксинча, мен уларнинг душманиман!

- Мен бутун оламлар Парвардигорига ибодат этаман!

- «У мени яратди. Бас, У мени ҳидоят қилур!».

- «У мени едиради, ичиради».

- «Агар касал бўлсам, У менга шифо беради!».

- «У шундай зотки, мени ўлдиради. Сўнг яна қайта тирилтиради».

- Мана бу санамлар эса ҳеч қачон ҳеч нарсани яратишга қодир эмаслар. Ҳеч кимни ҳидоят қила олмаслар!

- Уларнинг бирон кишига на таом ва на ичимлик беришга қудратлари етмайди.

- Ҳеч кимнинг ҳасталигига бу сохта илоҳлар шифо ато этолмайдилар.

- Улар бирон бир жонни ҳалок қилишга ёки тирилтиришга қодир эмаслар!

 

10. Шоҳ ҳузурида

Мана шу шаҳарнинг ўта золим бир подшоҳи бор эди.

Одамлар шоҳга ҳам сажда қилардилар.

Шоҳ Иброҳимнинг Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга сажда қилмаслигини эшитиб ғоятда дарғазаб бўлди. Ва уни хузурига келтиришларини буюрди.

Иброҳим шоҳ ҳузурига кирди. У ёлғиз Аллоҳдангина қўрқар эди.

Шоҳ деди:

- Эй Иброҳим! Сенинг Парвардигоринг ким?

Иброҳим жавоб берди:

- Парвардигорим ёлғиз Аллоҳдир!

- Ким у Аллоҳ деганинг? – сўради шоҳ.

Иброҳим Парвардигорини қуйидагича таърифлади:

«У шундай Зотки, (махлуқотларига) ҳаёт беради ва ўлдиради!».

Подшо деди:

- Мен ҳам ҳаёт ато қиламан, ўлдираман.

Сўнг у икки кишини чақирди-да, бирини ўлимга буюриб бошқасини озод қилди.

- Кўрдингми, уларнинг бирини ўлдирдим. Бошқасига эса ҳаёт ато қилдим.

Шоҳ барча мушриклар каби жуда нодон одам эди.

Иброҳим шоҳга ва қавмига ҳақиқатни тушунтирмоқчи бўлди.

- «Аллоҳ,- деди У шоҳга, - Қуёшни шарқдан чиқарди. Қани, сен уни ғарбдан чиқар-чи?!».

Шоҳ Иброҳимнинг бу сўзларидан тамомила лол қолди. Ҳеч нарса дея олмади.

 

11. Отани даъват қилиш

Иброҳим отаси Озарни ҳақ йўлга чорлади.

- «Эй отажон! Нима учун сиз эшитмайдиган, кўрмайдиган нарсага (тош-санамларга) ибодат қилмоқдасиз?!».

- Нима учун сизга ҳеч қандай фойда ҳам, зарар ҳам бера олмайдиган жонсиз олиҳаларга сиғинмоқдасиз?!

- «Эй отажон! Шайтонга ибодат этмангиз!».

- Отажон! Сиз Раҳмонга қул бўлинг!

Озар ўғлининг сўзларидан қаттиқ ғазабга келди. Ва унга шундай дағдаға қилди:

- Эй Иброҳим! Мен сени калтаклайман. Бор, мени тинч қўй. Бирон оғиз гапирма.

Иброҳим жуда ҳалим, мулойим ўғил эди. У отасига «Сизга салом бўлсин!» дея жавоб қилди.

- Мен бу ердан бош олиб кетаман Якка-ю ёлғиз Парвардигоримга илтижолар қиламан.

Отасининг, қавмининг Аллоҳ ибодатига юрмаганлигидан қаттиқ афсусланган Иброҳим Парвардигорига ибодат қилиш ва ўзгаларни ҳам даъват этиш учун туғилган юртидан чиқиб кетишга қарор қилди.

 

12. Макка сафари

Иброҳим отаси билан видолашиб шаҳардан чиқиб кетди. У аёли Ҳожар билан Макка сари йўл олди.

У вақтларда Макка қақраган чўл бўлиб, на бир гиёҳ ва на дов-дарахт учрар эди.

Биронта жонзот яшамайдиган бу саҳрода мутлақо сув йўқ эди.

Иброҳим Маккага оиласи Ҳожар ва ўғли Исмоилни ташлаб қайтди.

Иброҳимнинг кетмоқчи бўлаётганини кўрган Ҳожар унга шундай деди:

- Эй, бегим! Йўл бўлсин?! Наҳот сиз мени на ейимлик ва на ичимлиги бўлган шу саҳрода ташлаб кетсангиз?! Айтинг-чи, бу Аллоҳ амрига биноанми?

Иброҳим «Ҳа» деб жавоб берди. Ўзининг Маккада қолдирилиши Аллоҳ амрига мувофиқ қилинаётганини билгач, Ҳожар хотиржам бўлди ва деди:

- Агар Аллоҳ шундай деб буюрган бўлса, албатта Унинг Ўзи бизни асрайди – зое қилмайди.

 

13. Зам-зам булоғи

Гўдак Исмоил қаттиқ чанқади. Она боласига сув қидириб зир югурди. Лекин на дарёси ва на қудуғи бўлган бу саҳрода сувни қаердан ҳам топсин?

Ҳожар сув топаман деб Сафодан Марвога, Марводан Сафога югурди.

Аллоҳ таъоло Ҳожарнинг мушкулини ўзи осон этди. У ва ўғли учун Аллоҳ амри билан саҳро ўртасидан булоқ қайнаб чиқди.

Аллоҳ таъоло бу булоққа баракот ато этди.

Бугунги кунда ҳажга борган мусулмонлар ичадиган, юртларига олиб кетадиган сув мана шу булоқ сувидир. Сиз зам-зам сувидан ичганмисиз?!

 

14. Иброҳимнинг туши

Орадан бироз вақт ўтгач, Иброҳим Маккага қайтиб келди. У ўзининг кичкинтой ўғлини кўриб беҳад қувонди. Жажжи болакай Исмоил ўзича югурар, ўйнар ва отасининг ортидан қолмас эди.

Бир кечаси Иброҳим тушида ўзининг суюкли ўғилчаси Исмоилни сўяётганини кўрди.

Ҳақ пайғамбар бўлган Иброҳимнинг туши ҳам рост туш эди.

Аллоҳнинг дўсти Парвардигори амрига мувофиқ ўғлини қурбонлик қилишга азм этди.

Иброҳим бу қарорини ўғлига билдирди.

«Мен тушда сени сўяётганимни кўрдим. Сен нима дейсан? (Исмоил) деди: Эй отажон! Буюрилган ишингизни қилингиз! Иншаоллоҳ, ҳали менинг сабр қилувчилардан эканимни топурсиз».

Иброҳим Исмоилни қўлидан етаклаб қурбонлик қилгани олиб чиқди.

Улар Минога келишди.

Исмоил ерга узаниб ётди.

Ота ўғлининг бўғзига пичоқ тортди.

Бу Иброҳим учун бир имтиҳон эди.

Аллоҳ таъоло Иброҳимни илоҳий амр-фармонни қандай бажаришини кўрмоқчи эди.

Қани у кимни кўпроқ яхши кўрар экан; ўғлиними ёки Парвардигорини?!

Иброҳим бу синовдан муваффақиятли ўтди.

Аллоҳ амри билан Жибрийл жаннатдан бир қўчқор олиб тушди. Ва айтди-ки:

- Эй Иброҳим! Сиз мана бу қўчқорни сўйинг! Исмоилни эса озод қилинг!

Аллоҳ таъоло пайғамбарининг бу амалини хуш кўрди ва барча мусулмонларга қурбон ҳайитида қурбонлик қилишни буюрди.

Иброҳим Халилуллоҳга ва ўғлилари Исмоилга Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин!

 

15. Каъбанинг бино қилиниши

Иброҳим алайҳис-салом Маккадан яна сафар қилди. Сафардан қайтиб келгач Аллоҳ таъоло учун уй бино қилмоқчи бўлди.

Чунки холис Аллоҳга ибодат қилинадиган биронта уй йўқ эди.

Исмоил ҳам отаси ёнига қўшилди.

Улар тоғдан тош ташиб Каъбани қуришга киришдилар.

Иброҳим ва Исмоилнинг тилидан Аллоҳ зикри тушмас эди. Улар шундай дуо қилардилар:

«Парвардигоро! Биздан (Ўзинг) қабул қилгин. Албатта Сен Эшитгувчи, Билгувчидирсан!».

Аллоҳ таъоло Уларнинг бу амалини ўз даргоҳида қабул қилди. Ва Каъбани баракотларга кўмди.

Биз барча намозларимизда Каъбага юзланамиз.

Ҳаж қилувчи мусулмонлар Каъба томон йўл оладилар, унинг атрофида айланадилар, ёнгинасида намоз ўқийдилар.

Аллоҳ таъоло Иброҳим ва Исмоил алайҳис-саломларга Ўз раҳматини ёғдирсин.

Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин!

 

16 Байтул Мақдис

Иброҳим алайҳис-саломнинг Сора исмли аёллари ҳам бўлиб, ундан Исҳоқ туғилган.

Иброҳим ва Исҳоқ Шомда яшаганлар.

Отаси ва акаси Маккада Каъбатуллоҳни қурганидек, Исҳоқ ҳам Шомда Аллоҳ учун уй бино қилди.

Исҳоқ алайҳис-саломнинг Шомда бино қилган бу масжиди Байтул Мақдис деб аталади.

Бу – атрофига Аллоҳ таъоло баракот сочган Масжидул Ақсо!!!

Пок Парвардигор Исмоил авлодига баракот ато этганидек, Исҳоқ авлодини ҳам муборак қилди.

Улар ичидан пайғамбарлар, подшоҳлар чиқди.

Исҳоқнинг Яъқуб исмлик фарзанди бўлиб, у ҳам набий эди. Яъқуб алайҳис-салом 12 та фарзанд кўрдилар.

Уларнинг бири Юсуф ибн Яъқубдир.

Қуръони Каримда Юсуф алайҳис-саломга бағишланган жуда бир гўзал қисса мавжуд.

Келинг, мана шу ажойиб қиссага қулоқ тутайлик.

 

***   ***   ***

1. Энг гўзал қисса

Чиройли, закий кичкинтой Юсуфнинг 11 та акаси бор эди.

Яъқуб болаларининг ичида мана шу гўзал ўғилчасини алоҳида суярди.

Бир куни кечаси Юсуф жуда қизиқ туш кўрди. Тушида ўн битта юлдуз, ой ва қуёш унга сажда қилиб туришарди.

Жажжи болакай Юсуф бундан бағоят таажжубга тушди. Ахир қандай қилиб юлдузлар, қуёш ҳамда ой одамга сажда қилиши мумкин?!

Юсуф отаси олдига югурди ва унга кеча кўрган ғаройиб тушини ҳикоя қилиб берди:

- «Эй ота! Мен тушимда ўн битта юлдузни, ой ва қуёшни кўрибман. Ҳаммалари менга сажда қилишаётганмиш».

Яъқуб алайҳис-салом бу хабарни эшитиб беҳад шод бўлди:

- Аллоҳ сенга баракотлар ёғдирсин. Иншааллоҳ ҳали сен улуғ одам бўлиб етишасан.

Юсуфнинг кўрган туши унга берилажак илм ва пайғамбарлик ҳақидаги башорат эди.

- Аллоҳ таъоло оталаринг Исҳоқ ва Иброҳимларга ўз фазли марҳаматини тўккан эди.

- Аллоҳ сенга ҳам, Яъқуб оиласига ҳам неъматлар ёғдирур.

Ёши улуғ киши бўлган Яъқуб одамларнинг табиатини, шайтоннинг қандай қилиб инсон устидан ғолиб келишини ва уни ўз йўлига етаклашини яхши биларди.

- Эй ўғлим! Кўрган тушингни оғаларингдан биронтасига ҳам айтиб юрмагин. Улар сенга ҳасад қилиб душманингга айланишлари мумкин.

2. Оғалар ҳасади

Юсуфнинг бир онадан туғилган Бинямин исмли жигари ҳам бўлиб, оталари Юсуф иккаласини жуда қаттиқ яхши кўрарди.

Бундай муҳаббатдан бенасиб қолган оға-инилар Юсуф ва Биняминга ҳасад қилишарди.

- Нима учун отамиз Юсуф ва Биняминни бунчалар қаттиқ яхши кўради. Ахир улар қўлидан иш келмайдиган кичкина, заиф болалар-ку?!

- Нега энди бизлар кучга тўлган эр йигитлар бўлсак-да, отамиз муҳаббатига уларчалик сазовор эмасмиз?!

- Албатта бу жуда қизиқ?!

Юсуф ёш болалигига бориб акаларига кўрган тушини айтиб қўйди.

Унинг тушини эшитган оға-иниларининг ғазаби ва ҳасади ўн чандон зиёдалашди.

Бир кун улар йиғилиб маслаҳатлашишди.

- Юсуфни ўлдирайлик. Ёки узоқ бир жойга ташлаб келайлик. Ана ўшанда йўл очилади ва отамиз фақат бизни яхши кўради.

Ораларидан бир киши бу фикрга қарши чиқди.

- Йўқ! Бундай қилманглар! Уни йўл бўйидаги қудуққа ташлаб келинглар. Ўткинчилар олиб кетишади.

Оға иниларга ана шу маслаҳат маъқул тушди.

 

3. Яъқуб ҳузурида

Юсуфнинг ўгай акалари гапни бир жойга қўйишиб оталари ҳузурига келишди.

Яъқуб алайҳис-салом ўгай акаларининг Юсуфни яхши кўрмаслигини, унга ҳасад қилишларини билганлиги учун суюкли фарзандини жуда эҳтиётларди.

Юсуфни акаларига қўшиб ҳеч қаерга юбормасди.

Бинямин билан Юсуф узоққа кетмасдан яқин атрофда ўйнаб юришарди.

Ўгай акалар бунинг барини яхши билсалар ҳам дилларига туккан ёмонликларини амалга оширишга қаттиқ киришдилар.

Улар оталарига шундай арз қилдилар:

- Эй отажон! Нега сиз Юсуфни биз билан бирга юбормайсиз? Нимадан хавотир оласиз? Ахир у бизнинг севимли укамиз, кичкинамиз бўлса?! Ҳаммамиз бир ота фарзандларимиз-ку?!

- Ака-укалар доимо бирга ўйнайдилар. Нега энди бизлар ҳам бирга-бирга ўйнагани, айлангани чиқмаймиз?

- «Уни эртага биз билан бирга юборинг Айланиб, ўйнаб келсин. Албатта биз уни муҳофаза этгувчилармиз».

Анча ёшга бориб қолган оқил, мулойим набий Юсуфни ўзидан узоқлаштиришни хоҳламасди. Ундан жуда-жуда хавотирда эди.

Яъқуб алайҳис-салом болаларига қуйидагича жавоб берди:

- «Мен сизлар ғофил қолиб уни бўри еб қўйишидан қўрқаман».

Юсуфнинг ёмон ниятли ўгай оғалари оталарига сира хавотир олмасликни такрор-такрор айтишди:

- Асло! Ахир биз ёнида турсак қандай қилиб уни бўри еб кетади?! Шундай бақувват, кучга тўлган оғалари уни бўридан ҳимоя қилолмайдими?!

Охири Яъқуб алайҳис-салом Юсуфни ҳам боришига изн берди.

 

4. Ўрмонда

Оталаридан рухсат олган ўгай акалар кичкина Юсуфни олиб роса хурсанд ҳолда йўлга тушдилар.

Ўрмонга келишгач, кичкинтой укаларини шу ердаги бир қудуққа ташлаб юбордилар. Ўгай оғалар жажжи Юсуфга ҳам, кекса Яъқубга ҳам ачинмадилар.

Зим-зиё, чуқур қудуқ тубида бизнинг кичкинагина Юсуфимиз танҳо қолди. Шунда Аллоҳ таъоло унга қуйидагича хушхабар юборди:

- Эй Юсуф! Сен хафа бўлмагин. Кўнглингни чўктирма. Албатта Аллоҳ сен билан биргадир. Ҳали сен улуғ мартабага эришурсан ва ўшанда ўгай оғаларинг пойингга бош уриб келишади. Сен уларга мана шу қилмишларини эслатурсан!

Юсуфни қудуққа ташлаган ўгай биродарлари «Отамизга нима жавоб берамиз?», дея бош қотиришди.

- Отамиз уни бўри еб кетишидан қўрқаман, деган эди. Келинглар, биз бориб «Эй отажон! Сиз ҳақ экансиз. Уни ростдан ҳам бўри еб кетди» деб айтамиз.

Бу жавоб уларнинг барчасига маъқул келди. Лекин ҳали яна бир масала бор эди.

- Уни бўри еб кетганлигига нимани далил қиламиз?- деди оғаларидан бири.

- Бунга қон далил бўла олади, – дейишди қолган акалари.

Кейин улар бир қўйни сўйишиб Юсуфнинг кўйлагини унинг қонига бўяшди.

Ниҳоят ўгай оғалар енгил нафас олишди.

- Ана энди отамиз сўзларимизга аниқ ишонади.

 

5. Яъқуб ҳузурида

«Улар кечқурун оталари олдига йиғлаган ҳолда келдилар».

«Айтдилар: Эй ота! Биз Юсуфни нарсаларимиз олдига қўйиб (ўзимиз) қувлашиб кетгандик. Уни бўри еб қўйипти».

«Унинг кўйлагини ёлғон қонга бўяб келтирдилар».

- Эй отажон! Мана Юсуфнинг қони!

Кекса ёшли пайғамбар болаларининг ёлғон гапираётганини сезиб турарди. У бўрига ем бўлган одамнинг кўйлаги парча-парча бўлиб кетишини яхши биларди.

Ўгай оғалар эса Юсуфнинг бус-бутун кўйлагини қўйнинг қонига бўяб келган эдилар.

Болаларининг найрангини билиб турган Яъқуб уларга шундай деди:

- «Сизлар бу гапларни ичларингиздан тўқимоқдасизлар. Энди чиройли сабр қилмоқлик менга лозимдир».

Яъқуб алайҳис-салом Юсуфни ўйлаб ич-ичидан маҳзун бўлса-да, бошига тушган мусибатга гўзал суратда сабр қилардилар.

 

6. Юсуф қудуқ тубида

Акалари Юсуфни қудуққа ташлаб ўзлари иссиқ уйларига кириб кетдилар. Мазали таомлар еб, қалин тўшакларига ётдилар.

Юсуф эса ёлғиз ўзи қудуқ тубида ҳеч қандай тўшаксиз, таомсиз қолиб кетди.

Оғалари Юсуфни ёддан чиқариб тезда ширин уйқуга кетдилар.

Юсуф эса бу кеч кўз юммади.

Ҳеч кимни унутмади.

Уйида Яъқуб Юсуфни эслаб ўтирар, Юсуф ҳам қудуқ тубида отасини ўйлаб ётарди.

Қўрқинчли ўрмонда, қоп-қоронғу тунда зим-зиё қудуқ тубида кичкинагина Юсуф ёлғиз ётарди. Ёлғиз...

 

7. Қудуқдан қасрга!

Мана шу ўрмондан бир карвон ўтиб борарди.

Карвондагилар йўлда чанқаб қолиб сув қидиришга тушдилар.

Баногоҳ улар Юсуф ташланган қудуқни кўриб қолиб, сув келтириш учун ўз кишиларидан бирини юбордилар.

Сувга келган киши қудуққа челагини ташлади. Челакни қудуқдан тортиб олар экан, унинг негадир оғирроқ эканини ҳис қилди.

Сувга келган одам челакни бутунлай қудуқдан тортиб олганида эса даҳшатдан қотиб қолди.

Челакка осилиб Юсуф чиқиб келганди.

- «Суюнчи! Бу бола-ку!»,- дея қичқириб юборди ҳалиги киши.

Карвондагилар бола топиб олганларидан беҳад севиндилар ва уни ҳеч кимга билдирмаслик учун яшириб қўйдилар.

Ниҳоят карвон Миср шаҳрига кириб келди. Карвон аҳли Юсуфни бозорга олиб бордилар:

- Ким мана бу болани сотиб олади? Мана шу болани сотиб оладиган борми?

- Юсуфни Миср ҳокими арзимаган баҳога сотиб олди.

Карвон аҳли Юсуфнинг кимлигини билмасдан арзимаган нархга – бир нечта тангага сотиб юборди. Миср ҳокими Юсуфни уйига етаклаб келди. Ва хотини Зулайҳога «Болага яхшилаб қарагин! У ажойиб рошид бола», дея кўрсатма берди.

 

8. Вафо ва омонатдорлик

Юсуф улғайиб, хушсурат йигит бўлди.

Миср ҳокимининг хотини Юсуфни йўлдан урмоқчи бўлди. Уни зинога чорлади. Лекин Юсуф ундай хиёнаткор, фосиқ кимсалардан эмасди.

- Асло!,- деди у – мен ўз хўжайинимга хиёнат қилмайман!

- Ахир у менга яхшиликлар қилиб иззат-икром кўргизмадими?! Албатта мен Аллоҳдан қўрқаман.

Ниятига эришолмаганидан қаҳр-ғазаби келган аёл эрига Юсуфнинг устидан шикоят қилди.

Миср ҳокими аёлининг ёлғон гапираётганини, Юсуфнинг покиза, омонатдор йигитлигини биларди. У ёлғончилиги маълум бўлган аёлига шундай деди:

- Албатта сен хато қилгувчилардан бўлдинг!

Мисрда Юсуф алайҳис-саломнинг гўзаллиги машҳур бўлиб кетди. Унга кўзи тушган киши «Бу одам (боласи) эмас. Албатта бу карим фариштанинг ўзи!» деб юборар эди.

Юсуфни ўз йўлига юргиза олмаган аёл энди унга таҳдид қилишга ўтди.

- Агар гапимга кирмасанг унда зиндонга солдираман.

Юсуф жавоб берди:

- «Сиз чорлаётган маъсиятга қўл уришдан мен учун зиндон яхшироқ!».

Орадан бир неча кун ўтгач, Миср ҳокими Юсуфнинг поклигини билса ҳам маълум муддат уни зиндонда сақлашни маъқул кўрди.

Юсуф зиндонбанд қилинди.

 

9. Зиндондаги мавъиза

Бутун зиндон аҳли Юсуфнинг улкан илмга эга бўлган карим йигит эканлигига гувоҳ бўлдилар. Юсуф меҳрибон қалбли, ажойиб инсон эди.

Зиндондаги тутқунларнинг ҳаммаси Юсуфни севиб, иззат-икром қилишарди. Юсуфнинг икки ҳамзиндони, ҳамсуҳбати бор эди. Улар ўзларининг кўрган тушларини Юсуф алайҳис-саломга айтиб, таъбирини сўрашди.

«Улардан бири деди: Мен тушимда шароб тайёрлаётган эканман».

«Бошқаси деди: Мен бошимда нон кўтариб турибман. Қушлар уни еяётган эмиш».

Юсуф алайҳис-салом туш таъбирини айтиб бера оладиган набий эдилар.

У замонда одамлар Аллоҳни қўйиб ўзгаларга ибодат қилишарди. Ўзларича қуруқлик худоси, денгиз худоси, ризқ-рўз худоси, ёмғир худоси ... Қилиб олган эдилар.

Юсуф алайҳис-салом одамларнинг бу ишини кўриб бир кулса, бир йиғларди. У инсонларни ёлғиз Аллоҳга сиғинишга чақиришни дилига туккан эди.

Аллоҳ таъоло унинг бу нияти зиндонда амалга ошишини ирода этди.

Ахир тутқунлар ҳам даъватга, раҳмат-меҳрибонликка ҳақли инсонлар-ку!

Нима, қамалганлар одам эмасми?! Улар ҳам Аллоҳнинг бандаси-ку!

Юсуф алайҳис-салом зиндонда бўлса ҳам ҳур, журъатли эди.

Камбағал бўлса-да, карим, сахий киши эди.

Шуни билингки, Аллоҳнинг пайғамбарлари ҳар қандай жойда ҳам ҳақни очиқ айтганлар. Улар барча замонларда яхшилик-хайр улашишда сахий бўлганлар.

 

10. Юсуф даъватининг ҳикмати

Юсуф алайҳис-салом ўзича деди:

- Ҳозир бу икки киши менинг жавобимга муҳтож. Одатда, киши бир нарсага муҳтож бўлиб турганида мулойим, итоаткор бўлади.

- Агар уларга бирон нима гапириб берадиган бўлсам ҳамма - бутун зиндон аҳли менга қулоқ тутади.

Лекин Юсуф алайҳис-салом шошмади:

- Мен сизларга таомларингиз келмасидан тушларингиз таъбирини айтиб бераман.

Улар хотиржам ўрнашиб олдилар.

Юсуф алайҳис-салом уларга деди:

- Мен туш таъбирини биламан. «Бу Парвардигорим менга билдирган нарсалардандир.

Жавобни эшитгач, ҳар иккала тутқун қувониб кетди. Уларнинг диллари равшан тортиб, хотиржам бўлганларини кўрган Юсуф даъват учун муносиб фурсат келганини ҳис қилди.

 

11. Тавҳид ҳақида мавъиза

Юсуф алайҳис-салом деди:

«Бу Парвардигорим менга билдирган нарсалардандир».

Лекин Аллоҳ таъоло ҳар кимга ҳам илм ато қилавермайди. Аллоҳ таъоло Ўз илмини мушрикка билдирмас. Биласизларми, нима учун Парвардигорим менга илм ато этди?! Чунки мен ширк аҳли йўлини тарк қилдим. «Ва оталарим Иброҳим ва Исҳоқ ва Яъқублар миллатига эргашдим. Биз учун Аллоҳга бирон нарсани шерик этмоқлик мумкин эмасдир».

Албатта бу тавҳид (ёлғиз Аллоҳга сиғинмоқлик) фақатгина бизга – пайғамбарлар авлодига хос эмас. Балки барча инсонларга фарздир.

«Бу (яъни ёлғиз Аллоҳгагина бандалик қилиш неъмати) Аллоҳнинг биз - пайғамбарларга ва барча одамларга қилган фазл – марҳаматларидандир. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмайдилар».

Шу ерда Юсуф алайҳис-салом тўхтаб сўради:

- Сизлар сув худоси, қуруқлик худоси, ризқ-рўз худоси, ёмғир худоси ... дейсизлар-а?

- Биз Аллоҳни бутун оламларнинг якка-ю ёлғиз Парвардигори деб биламиз!

- Айтинглар-чи «Тарқоқ «худолар» яхшироқми ёки ягона ва ғолиб Аллоҳ»?!

- Қани у, сизлар айтадиган сув худоси, қуруқлик худоси, ризқ-рўз худоси, ёмғир худоси ...?!

- «Улар яратган бир парча ерни менга кўрсатинглар ёки улар учун осмонларда бирон шериклик (борми?!)»

- Сизлар осмонга, ерга, инсонга – Уларнинг яралишига бир назар солинглар!

- «Бу(лар) Аллоҳнинг яратганлари. Бас (энди) Ундан ўзгалар нима яратганини менга кўрсатинглар».

- Ахир қандай қилиб қуруқлик худоси, сув худоси, ризқ-рўз худоси, ёмғир худоси бўлиши мумкин?!

«(Улар фақат) сизлар ва оталарингиз номлаб олган (қуруқ) атама – номлардир».

Ҳукм қилгувчи ҳам, ҳақиқий Эга – Подшоҳ ҳам ёлғиз Аллоҳдир.

Еру осмон ҳам, Амри фармон ҳам Аллоҳникидир!

«Фақат Унгагина ибодат қилингиз!».

«Энг тўғри дин мана шудир».

«Лекин кўпчилик инсонлар буни билмайдилар».

 

12. Туш таъбири

Сўнг Юсуф алайҳис-салом тутқунлар тушининг таъбирини айтишга ўтди:

«Энди сизларнинг бирингизни айтадиган бўлсак у (зиндондан озод бўлиб) яна хожасига соқийлик қилади».

«Аммо бошқа бирингиз эса дорга осиласиз. Қушлар унинг бошидан чўқийди».

Юсуф алайҳис-салом зиндондан озод бўладиган кишига: «Мени подшоҳинг олдида эслаб қўйгин» деб айтди.

Ҳақиқатан ҳам, тутқунларнинг бири подшоҳга яна соқийлик қила бошлади. Иккинчиси эса дорга тортилди.

Лекин, соқий Юсуф алайҳис-саломни подшоҳ ҳузурида ёдга олишни унитиб қўйди. Натижада Юсуф яна бир неча йил зиндонда қолиб кетди.

 

13. Подшоҳ туши

Подшоҳ ғалати бир туш кўрди.

Тушида еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни еяётган ва еттита яшил бошоқ билан еттита қуриган бошоқ турган эмиш.

Шоҳ кўрган тушидан бағоят таажжубланди ва аъёнларидан унинг таъбирини сўради.

Тушни таъбир қила олмаган аъёнлар қуйидагича жавоб беришди:

- Бу ҳеч нарса эмас. Киши уйқуда ҳақиқатда бўлмаган жуда кўп нарсани кўриши мумкин.

Шу пайт соқий тилга кирди:

- Йўқ! Асло ундай эмас! Мен сизларга мана шу туш таъбирини айтиб бераман!

Соқий зиндонга бориб Юсуф алайҳис-саломдан мазкур туш таъбирини сўради.

Юсуф алайҳис-салом меҳрибон, сахий киши эди. У ўзи зиндонда қийналиб ётса ҳам туш таъбирини ва қандай чора кўриш кераклигини тушунтирди:

- Етти йил кетма-кет дон экинглар. Ўзларингиз ейдиган озгина қисмидан ташқари ҳамма донни бошоғи билан олиб қўйинглар. Кейин қаҳатчилик бошланади. Етти йил давом этадиган бу қаҳатчиликда фақат уруғлик донларгина қолади холос. Қолганини еб битирасизлар. Ниҳоят, етти йилдан сўнг яна Аллоҳ раҳмати - ёмғирлар мўл-кўл ёға бошлайди.

Соқий Миср шоҳи ҳузурига қайтиб Юсуф алайҳис-салом сўзларини унга етказди.

 

 

14. Шоҳ Юсуфни кўришни хоҳлайди

Бу таъбир ва тадбирни эшитиб жуда-жуда қувонган шоҳ Соқийдан Юсуф алайҳис-саломни суриштириб қолди:

- Сенга тушни ким бундай таъбир қилиб берди? Бизга оқилона маслаҳатлари билан яхшилик қилган у карим, азиз инсон ким?

Соқий жавоб берди:

- У ростгўй Юсуфдир! Менинг подшоҳ соқийси бўлишимни ҳам Юсуф айтиб берган эди.

Шоҳ зиндондаги пайғамбарни кўришга муштоқ бўлди:

- «Уни менинг олдимга келтирингиз!».

 

15. Юсуф тафтиш қилинишини сўрайди

Саройдан киши келиб: «Эй Юсуф! Сени шоҳ чорламоқда!» деганида ҳам Юсуф алайҳис-салом қўзғалмади. У зиндондан бу тарзда чиқиб кетишни хоҳламади.

Чунки, эртага одамлар албатта турли-туман гапларни айтишга тушарди:

Ие, манави Юсуфми? Кеча у зиндонда эмасмиди?! Хожасига хиёнат қилган эди-ку?! ...

Юсуф алайҳис-салом қалби тоза, оқил ва закий бўлганлар.

Агар қамоқда ётган бир тутқунга бориб «Сени подшоҳ чақираяпти» дейилса, у албатта оёғини қўлига олиб югурган бўларди.

Лекин Юсуф зиндондан қутилишга ошиқмади.

- Мен тафтиш қилинишини хоҳлайман,- деди Юсуф сарой чопарига – Менинг масаламни яхшилаб ўрганиб чиқишларини сўрайман!

Шоҳ Юсуфнинг нега зиндонбанд қилинганлигини сўраб-суриштирди.

Бу текширувдан сўнг унинг бегуноҳ эканлиги шоҳга ҳам, фуқорога ҳам аён бўлди.

Бегуноҳ Юсуф зиндондан озод этилди!

 

16. Юсуф – хазинабон!

Одамлар орасида омонатдорлик камайиб, хиёнат авж олганини, кишиларнинг Аллоҳ молига хиёнат қилаётганини Юсуф алайҳис-салом яхши биларди.

Ер юзида мол-мулк, неъматлар кам эмас. Фақат улар зое қилиб юборилади, холос!

Чунки бошлиқлар, Аллоҳдан қўрқмай қўйганлар ҳаром ейишдан ҳазар қилмайдилар. Ҳокимларнинг итлари ёрилгудек тўйиб юрган бир вақтда фуқоролар оч ўтиришади.

Амалдорларнинг уйлари турфа матоларга бурканади-ю, камбағаллар кийгани кийим топа олмадилар.

Мамлакат бойлиги илмли ва ишончли қўлларда бўлсагина, халқ ҳам ундан нафъ кўради.

Ишончли-ю, лекин илмсиз кишилар ер хазиналарининг қаердалигини ва улардан қандай фойдаланишни билмайдилар.

Ҳамма нарсадан хабардор-у, аммо ишончсиз – хиёнаткор кимсалар эса фақат ўзларини ўйлайдилар, омонатга хиёнат қиладилар.

Юсуф алайҳис-салом ҳам илмли, ҳам ишончли киши эди.

У халқ мулкини бир тўда амалдорлар талон-тарож қилишини хоҳламасди. Одамларнинг очликдан қирилиб кетаётганига бефарқ қараб туролмасди.

Юсуф алайҳис-салом ҳақни айтишдан ҳаё қилмас эди!

«(Юсуф) деди: «Мени шу ернинг хазиналари устига қўйгин. Чунки мен (уларни) тўла-тўкис сақлайдиган ва (тўғри тасарруф қилишни) биладиган кишиман».

Шундай қилиб Юсуф алайҳис-салом Миср хазиналарига масъул – хазинабон этиб тайинланди.

Халқ енгил нафас олиб, Яратганга ҳамдлар айтди.

 

17. Юсуфнинг оғалари келишди

Юсуф алайҳис-салом айтганидек Мисрда ҳам, Шомда ҳам қаттиқ очарчилик бошланди. Шом аҳли, шу жумладан Яъқуб алайҳис-салом ҳам Мисрда мамлакат бойликларига меҳрибон, ҳалим ва сахий бир киши масъул эканлигини эшитдилар.

Одамлар унинг олдига бориб ўзларига егулик-дон олиб келаётган эмиш.

Яъқуб алайҳис-салом севган ўғли Биняминни ёнида олиб қолиб, қолган ўғилларини мол билан Мисрга жўнатди. Улар қўлларидаги мол-мулкка егулик айрибошлаб келишлари керак эди. Яъқуб алайҳис-салом худди Юсуфни эҳтиёт қилганидек, Биняминдан ҳам жуда хавотир оларди. Шунинг учун уни сира ўзидан узоқлаштирмас эди. Юсуфнинг оғалари ўз укалари олдига бораётганларидан бехабар ҳолда йўлга тушдилар.

Улар ўша машҳур раҳмдил киши бундан кўп йиллар илгари қудуққа ташлаб кетилган Юсуф эканлигини хаёлларига ҳам келтиришмасди.

Ўгай акалар Юсуфни аллақачон ўлиб кетган деб юришарди.

Ахир зимистон кечада қўрқинчли ўрмондаги чуқур ва қоп-қоронғи қудуққа ташланган ёшгина бола қандай қилиб ҳам тирик қолсин?!

«Юсуфнинг оғалари (Мисрга) келишди. Улар (Юсуфнинг) ҳузурига кирганларида (Юсуф) уларни таниди. Улар эса (Юсуфни) танимадилар».

Юсуф уни ўлдирмоқчи бўлган, чуқур қудуққа ташлаб кетган оғаларини таниб турса ҳам, уларга ҳеч нарса демади.

 

18. Юсуф оғалари билан суҳбатлашди

Юсуф билан оғалари ўртасида шундай суҳбат бўлиб ўтди:

- Сизлар қаерликсизлар? – деди Юсуф оғаларига.

- Канъондан – дея жавоб беришди улар.

- Оталарингиз ким?

- Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим (Уларга Аллоҳнинг саломи ва раҳмати бўлсин!)

- Яна бошқа иниларингиз ҳам борми?

- Ҳа. Унинг исми Бинямин!

- Нега у сизлар билан бирга эмас?

- Чунки отамиз уни ўзидан узоқлаштиришни хоҳламайди.

- Нега? Нима у жуда кичкина болами?

- Йўқ! Олдин унинг Юсуф исмли туғишган биродари бор эди. Бир гал биз билан айланишга чиққанида уни нарсаларимиз олдига қўйдик-да ўзимиз ўйнаб кетдик. Қайтиб келсак, Юсуфни бўри еб қўйибди.

Мана шу ерда Юсуф уларнинг ёлғонларини эшитиб ичида кулди. Лекин, ташқарисига ҳеч нарса чиқармади.

Аллоҳ таъало Яъқубни яна бир марта синамоқчи бўлди. Юсуф алайҳис-салом Биняминни жуда-жуда кўргиси келди. Оғаларига егулик-таомлар бергач «Энди ўша ота бир иниларингизни ҳам менинг ҳузуримга олиб келинглар» деди.

- Агар уни келтирмасангизлар, сизларга таом мутлоқо берилмайди!

Юсуфнинг буйруғи билан хизматкорлар уларнинг донга алмаштириш учун олиб келган нарсаларини яна қайтариб юклари орасига жойлаб қўйдилар.

 

19. Яъқубнинг ўғиллари билан қилган суҳбати

Яъқубнинг ўғиллари ишларининг ўнгидан келганлигини оталарига айтдилар.

- Эй отажон! Энди Биняминни ҳам бизга қўшиб юборинг. Акс ҳолда умуман егуликсиз қоламиз. Уни биз билан юборинг! «Бизлар албатта уни муҳофаза қилгувчилармиз!».

Яъқуб деди:

- «Мен уни сизларга ишонмасман! Магар, илгари унинг биродарини ишонганимдек ишонаман».

- Юсуфни ёддан чиқардиларингми?! Энди Биняминни ҳам худди Юсуфни «асраган» дек «муҳофаза қиласизларми»?!

«Аллоҳ энг яхши сақлагувчидир! Ва у Меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир!».

Юклари орасидан донга алмаштириш учун олиб борган молларини топиб олган Яъқубнинг ўғиллари оталарига дедилар:

- Бу одам жуда ҳам қўли очиқ, сахий экан. У бизга берган егулиги-дони эвазига ҳеч нарса олмабди. Ҳамма молимизни қайтариб юборибди. Энди инимиз Биняминни-да бизга қўшиб юборгин. Унинг ҳаққини ҳам олиб келамиз!

Яъқуб деди: «Модомики ўз ишимизга мағлуб бўлмас эканмиз, албатта Биняминни ҳам ўзимиз билан бирга қайтариб олиб келамиз» дея Аллоҳга аҳд бермас экансизлар уни Мисрга юбормасман.

Ўғиллар ота қаршисида туриб Аллоҳга ваъда беришди.

«Бу айтганларимизга Аллоҳнинг Ўзи Вакил – Гувоҳдир!» деди Яъқуб.

«Эй ўғилларим! (Шаҳарга) бир дарвозадан кирманглар! Балки, бошқа-бошқа дарвозалардан кирингиз!».

 

 

20. Бинямин Юсуф ҳузурида

Оға-инилар оталари кўрсатмасига мувофиқ шаҳарга бошқа-бошқа эшиклардан кириб Юсуф ҳузурида тўпландилар. Биродари Биняминни кўриб Юсуф жуда суюнди ва уни ўз уйига туширди. «Мен сенинг оғангман» деди унга Юсуф.

Орадан шунча узоқ муддат ўтиб у иниси билан учрашди. Отасини, онасини, уйини ва ёшлигини эслади.

Юсуф ҳар куни уйи ҳақида, болалиги ҳақида суҳбатлашиб юриш учун укасини ёнида олиб қолишни жуда-жуда хоҳларди. Лекин, қандай қилиб уни олиб қолади? Ахир у эртага Каънон сари яна йўлга тушмайдими?!

Оғалари уни соғ-омон қайтаришликка аҳд қилган бўлсалар, Юсуф нима ҳам қила олади?!

Ҳеч қандай сабабсиз Биняминни Мисрда олиб қолиш мумкинми?!

Одамлар «Юсуф Канъондан келган бир йигитни ҳеч қандай сабабсиз қамаб қўйди. Ахир бу бориб турган золимлик-ку!» демайдими?!

Шунинг учун ҳам закий Юсуф бошқача йўл тутди:

Унинг бир қимматбаҳо қадаҳи бор эди. Мана шу қадаҳни Биняминнинг нарсалари орасига солиб қўйдилар-да сўнг овоза тарқатдилар. Юсуфнинг жарчиси келиб оға-иниларга «Сизлар ўғрисизлар» дея жар солди.

Карвон аҳли эса ҳайрон қолиб «Ўзи нимани йўқотдингиз?» деди. Жарчилар ҳоким (Юсуф)нинг қадаҳи йўқолгани ва уни топиб келтирган кишига бир туя юк берилишини айтдилар.

«Улар (Юсуфнинг оғалари) дедилар: «Аллоҳга қасамки, бизлар ўғри эмасмиз!» Ахир бизнинг бу ерга бузғунчилик қилиш учун келмаганлигимизни (ўзларингиз яхши) биласизлар-ку?!».

«Агар ёлғончи бўлсангизлар, (ўғрининг) жазоси нима бўлади?» -сўрашди жарчилар.

«Улар дедилар: «Унинг жазоси, кимнинг юки орасидан топилса, ўша кимса жазоланур - қул қилинур. Бизлар (ўғирлик қилиш билан ўзгаларга) зулм қилган кимсаларни мана шундай жазолаймиз!».

Қадаҳ Биняминнинг нарсалари орасидан чиқиб қолди!

Шунда Юсуфнинг ўгай оғалари ҳеч хижолат тортмасдан «Агар бу ўғирлик қилган бўлса, (эҳтимол) унинг акаси (Юсуф) ҳам илгари ўғирлик қилгандир» дейишди.

Юсуф алайҳис-салом ҳамма гапни эшитиб турганлигига қарамасдан бир оғиз нарса демади. У мана шундай улуғ, ҳалим-мулойим инсон эди.

«Сўнг улар дедилар: «Эй улуғ зот! Унинг бир кекса отаси бор. Сен унинг (Биняминнинг) ўрнига биримизни олиб қолгин. Зотан, бизлар сенинг чиройли амаллар қилгувчи зотлардан эканлигингни кўрмоқдамиз».

«(Юсуф) айтди: «Нарсамизни идишидан топиб олган кимсадан ўзгани олиб қолишдан Аллоҳ сақласин. Акс ҳолда шак-шубҳасиз золим кимсалардан бўлиб қолурмиз».

Шундай қилиб Бинямин оғаси Юсуф билан қолди. Оға-ини ҳар иккиси хурсанд бўлишди.

Юсуф жуда узоқ вақт оиласидан айрилиб, ёлғиз ўзи юрган эди. Энди Аллоҳ таъоло унга инисини рўбарў қилганида бирга гаплашиб юрамиз деб уни ўзи билан олиб қолмасинми?

Наҳот инининг оғаси уйида туриши зулм ҳисобланса?!

Албатта, сира ҳам зулм эмас!

 

21. Яъқуб ҳузурида

Юсуфнинг ўгай оғалари нима қилишларини билмай ҳайрон туриб қолишди. Ахир оталарига бориб нима дейишади?!

Кеча Юсуфни йўқотиб келиб, бугун Биняминсиз кириб борадиларми?!

Катта ўғил шу ерда қолажагини билдирди:

- «Сизлар (эса) оталарингиз олдига қайтиб айтинглар: «Эй ота, дарҳақиқат, ўғлинг ўғирлик қилди. Бизлар фақат кўрган-билган нарсамизга гувоҳлик бермоқдамиз. (Олдин сенга уни асрашни ваъда қилганимизда) ғайбни (яъни келажакда нима ишлар бўлишини) билмаган эдик».

Ўғилларининг сўзини эшитган Яъқуб ўзининг яна Аллоҳ таъало томонидан бир синов-имтиҳон қилинаётганини англаб етди.

Кеча Юсуфидан айрилган эди. Бу гал эса Биняминдан...

Аллоҳ таъоло унинг бошига бирдан икки мусибатни солмас!

Яратган эгаси уни Юсуф ва Бинямин каби икки севимли ўғлидан баравар жудо қилмас!

Бу ерда Аллоҳнинг яширин бир ҳикмати бор.

Бандаларини бироз синов-имтиҳонларга солади-да, сўнг уларни қувончларга буркайди, беҳисоб неъматлар ёғдиради.

Ҳали катта ўғил ҳам «Каънонга қайтмайман» деб Мисрда қолган!

Наҳот иккитасидан шум хабар келгани етмаганидек энди учинчиси ҳам куйдирса?!

Йўқ! ҳаргиз бундай бўлмас! Шунинг учун ҳам Яъқуб алайҳис-салом хотиржам бўлдилар:

«Шояд Аллоҳ уларнинг (яъни Юсуф, Бинямин ва катта ўғлимнинг) барчаларини бағримга қайтарса. Албатта У зот билим ва ҳикмат соҳибидир».

 

22. Сир очилди

Лекин, барибир Яъқуб ҳам инсон эди.

Унинг ҳам кўкрагида бир парча тош эмас, инсон қалби уриб турарди.

Мана шу воқеадан кейин Юсуф ёдига тушиб яна яраси янгиланди:

«Эй бечора Юсуф!».

Болалари уни маломат қилишди:

- Энди сиз то ўлгунга қадар Юсуфни эслайверасиз!

- У айтди: «Мен ғаму ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қилиб йиғламоқдаман ва мен Аллоҳнинг (меҳрибон, раҳмли эканлиги ҳақида) сизлар билмайдиган нарсаларни билурман».

Яъқуб Аллоҳдан ноумид бўлиш куфр эканлигини яхши билгани учун ҳам Пок парвардигордан умиди катта эди.

У «Юсуф ва Биняминни қидириб топинглар» дея ўғилларини йўлга кузатди.

- Сизлар ҳаргиз Аллоҳ раҳматидан ноумид бўлмангиз!

Оға-инилар учинчи маротаба Мисрга отландилар.

Улар Юсуф ҳузурига келиб ўзларининг фақирликларидан, бошларига тушган мусибатдан шикоятлар қилишди, ҳокимдан фазлу марҳамат сўраб ўтиндилар.

Оғаларининг бу ҳолатини кўрган Юсуф ўзини тўхтата олмай қолди. Муҳаббат ва ачиниш ҳислари жўш урди. Бир отанинг болалари, Пайғамбарларнинг ўғиллари мусибат ва йўқчиликдан ҳокимга арз қилмоқдалар.

Қачонгача ўзини танитмасдан оғалари ҳолига томошабин бўлади?!

Қачонгача отасини кўрмай, кўра олмай ўтиради?!

«(Юсуф оға-иниларини бундай забун ҳолатда кўргач, тоқат қила олмасдан) деди: «Ёш-нодон бўлган пайтингизда Юсуф ва унинг биродарига нима ишлар қилганларингизни эслайсизларми?»

Оға-инилар бу сирни ўзларидан бошқа фақат бир киши – Юсуфгина билиши мумкинлигини ўйлаб кўргач, ҳокимнинг ўз укалари Юсуф эканини тушуниб етдилар.

- Субҳаналлоҳ! Юсуф тирик эканми?! У кичкина бола эканидаёқ қудуқ тубида ўлиб кетмаганми?!

- Воажаб! Наҳот у Миср ҳокими бўлса?! Наҳот Миср бойликларига масъул раҳбар ўша биз билган Юсуф?!! Бизга егуликларни ҳам Юсуф бераётган эдими?!

Улар қаршиларида ўша кичик укалари Юсуф ибн Яъқуб турганлигига тўла амин бўлдилар:

«Улар: «Сен Юсуфмисан?» деб сўрадилар. «ҳа, Мен Юсуфман, бу эса биродаримдир. Аллоҳ бизга марҳамат кўрсатди. (Яъни шунча ўиллик айрилиқ азобидан кейин бизни яна бирлаштирди). Дарҳақиқат, кимда-ким Аллоҳдан қўрқиб, сабру қаноат қилса, албатта Аллоҳ бундай чиройли амалларни қилувчи кишиларнинг ажру мукофатини зое қилмас» деди».

Юсуф оғалари қилмишини эслаб, уларни маломат қилмади:

- «Аллоҳ сизларни мағфират қилгай У зот раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғидир».

 

23. Юсуф отасига киши юборди

Юсуф отаси Яъқубни кўришга жуда-жуда муштоқ бўлди. Ахир у озмунча йил отасини қўмсадими?! Энди, ҳамма нарса очиқ-ойдин бўлгач, уни нима ҳам ушлаб тура оларди?

Отаси еб-ичмай бедор ўтирган бир вақтда Юсуфнинг томоғидан қандай қилиб овқат ўтсин?!

Аллоҳ Яъқуб кўзларини қувончга тўлдиришни хоҳлади! У ўғли Юсуфнинг фироқида йиғлайвериб кўр бўлиб қолган эди.

Юсуф оғаларига деди:

- «Сизлар мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташласангиз, унинг кўзлари очилур. Сўнг барча аҳли оилаларингиз билан бирга менинг олдимга келинглар».

 

24. Яъқуб Юсуф билан кўришди!

Юсуфнинг кўйлаги карвон билан Канъон ерларига яқинлашар экан, Яъқуб алайҳис-салом ўғлининг ҳидини туйди:

«Мен Юсуфнинг бўйини туймоқдаман».

«(Улар) айтдилар: «Аллоҳга қасамки, сен (ҳали ҳам) ўша эски хатоингда турибсан».

Лекин, Яъқуб ҳақ эди.

«Энди қачонки хушхабарчи келиб, уни (яъни Юсуфнинг кўйлагини Яъқубнинг) юзига ташлагач, унинг кўзлари очилди. «Сизларга мен Аллоҳнинг (меҳрибон, раҳмли эканлиги ҳақида) сизлар билмайдиган нарсаларни билурман, демаганмидим» деди у».

«Улар дедилар: «Эй ота, (Аллоҳдан) бизларнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўрагин. Албатта бизлар хато қилгувчилардан бўлдик».

«У айтди: «Албатта парвардигоримдан сизларни мағфират қилмоғини сўрайман. Зотан ёлғиз У зотгина мағфират қилгувчи, меҳрибондир».

Мисрга кириб келган Яъқуб алайҳис-саломга ўғли Юсуф пешвоз чиқди. Уларнинг қанчалик шод-хуррам бўлганини сиз сўраманг, биз айтмайлик!

Бу кун Мисрда эсда қоларлик кун бўлди! Ушбу муборак кунда Юсуф ота-онасини тахт томон етаклади. Уларнинг ҳаммалари Юсуфга сажда қилдилар.

У деди:

«Эй отажон, мана шу (қирқ йил) илгари кўрган тушимнинг таъбиридир. Парвардигорим уни рост қилди».

Юсуф алайҳис-салом Аллоҳ таъолога беҳад ҳамду шукроналар айтди.

Юсуфнинг яқинлари у билан бирга узоқ вақт қолиб кетдилар.

Яъқуб алайҳис-салом ва унинг аёли Мисрда ҳаётдан кўз юмди.

 

25. Хайрли хотима

Мана шунча улкан мол-мулк, обрў эътибор ҳам Юсуф алайҳис-саломни заррача ўзгартирмади.

Уни Парвардигор зикру ибодатидан чалғитиб қўймади.

Юсуф Аллоҳ таъолодан қаттиқ хавфда турар, мудом зикр билан юрар эди. У Аллоҳ ҳукми билан мамлакатини идора этди, Яратганнинг буйруқларини амалга оширди. Мол-дунё, шоҳлик Юсуф алайҳис-салом учун катта нарса саналмас эди.

У шоҳ бўлиб ҳаётдан кўз юмишни ва қиёматда шоҳлар қаторида туришни хоҳламасди.

Аллоҳга ҳақиқий қул бўлиб ўлишни ва қиёматда солиҳ бандалар сафида туришни яхши кўрарди.

- «Парвардигорим, менга подшоҳликни ато этдинг, яна барча тушларнинг таъвил-таъбирларидан таълим бердинг. Эй осмонлар ва ерни яратган зот, дунёю охиратда Ўзинг хожамдирсан. (Умрим битиб, Сен Ўзинг белгилаб қўйган ажалим етганида) мусулмон ҳолимда жонимни олгин ва мени ҳам солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин».

Аллоҳ таъоло Юсуфни мусулмон ҳолида вафот топдирди ҳамда уни оталари Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқублар қаторига қўшди.

Барча пайғамбарларга Аллоҳнинг салоти саломлари бўлсин.

 

*** *** ***

1. Канъондан Мисрга

Яъқуб алайҳис-салом ўз ўғиллари билан Канъондан Мисрга кўчди.

Чунки, Мисрда унинг ўғли Юсуф алайҳис-салом ҳокимлик қиларди.

Улар Канъонда қўй боқиб, эчки соғиб, жун сотиб тирикчилик қилишарди. Мисрда эса Юсуфнинг хизматкорлари ҳам турфа неъматлар ичида эди.

Яъқуб алайҳис-салом ва унинг ўғиллари энди Канъонда қолиб нима қилишади?!

Юсуф алайҳис-салом отаси ҳамда оғаларини Мисрга чорлаб киши юборди. Чунки, унга отаси ва оғаларисиз таом татимасди.

Ахир шунча йил бегона юртда ҳамма қариндошларидан ажралиб ёлғиз юриш осонми?!

Отаси, акалари ўзларининг Канъондаги тор ҳовлиларини тўлдириб ўтирган бир пайтда Юсуф алайҳис-салом муҳташам саройларга сиғармиди?!

Ниҳоят Яъқуб алайҳис-салом ўғилларини бошлаб Мисрга кириб келди. Отаси ва оғаларининг ташрифидан беҳад шод бўлган Юсуф уларни иззат-икром билан кутиб олди.

Миср ўз хожасининг, эъзозли подшоҳининг оиласини қувонч билан қаршилади.

Шаҳар аҳли бу муборак оилага қаттиқ меҳр қўйдилар. Чунки улар карамли, саховатли Юсуфни жуда севар эдилар.

Кишилар Юсуфни ўзларига меҳрибон, ғамхўр оға сифатида кўрсалар, Яъқуб алайҳис-саломни муҳтарам ота ўрнида қабул қилган эдилар.

Кекса ёшли нуроний Яъқуб алайҳис-саломга шаҳар аҳли худди ўз ўғилларидек бўлди.

Улар Мисрни ватан тутиб шод-хуррам ҳаёт кечира бошлашди.

 

2. Юсуф алайҳис-салом вафотидан сўнг

Орадан бир мунча вақт ўтиб Яъқуб алайҳис-салом ҳаёт билан видолашди. Юсуф алайҳис-салом, умуман бутун Миср қаттиқ маҳзун бўлдилар....

Яъқуб алайҳис-саломни дафн этган Миср аҳли худди оталаридан ажрагандек бўлиб қолдилар...

Вақт-соати етиб Юсуф алайҳис-салом ҳам ҳақиқий дунёга сафар қилди.

Ҳа, бу кун мисрликлар учун ҳақиқатан оғир бўлди.

Юсуфга бутун мамлакат мотам тутди. Миср кўз ёшларга чўмилди...

Бошқа барча қайғу мусибатлар ҳозиргисининг олдида ҳеч нарсага айланди. Инсонлар, гўё мусибатнинг аччиқ таъмини шу кунгача сира тотмагандек эдилар...

Юсуфни дафн қилдилар. Ҳамма бир-бирига таъзия билдирар эди. Чунки, бу мусибат барчага баробар таъсир қилганди.

Юсуф катталарга ака, кичикларга ота бўлиб қолганди.

Одамлар Юсуф алайҳис-салом қон-қариндошлари ҳузурига бориб таъзия билдирдилар:

- Эй Улуғлар! Бугун сизларнинг қайғуларингиз бизникидан ҳасратлироқ эмас! Бугун биз меҳрибон оғамизни, ғамхўр хожамизни, одил подшоҳимизни тупроққа топшириб келдик.

- У кичикларимизни катталар тазйиқидан, ожизларимизни кучлилар зулмидан ҳимоя қиларди.

Мазлумларга ёрдам берар, оч-наҳорларни тўйдирар, қўрқанларни қаноти остига олар эди.

У бизни ҳаққа бошлади. Аллоҳни танитди. Илгарилари биз Аллоҳни ҳам, охиратни ҳам билмас эдик.

Очарчилик йилларида у бизни сақлаб қолганди. Бошқа юртларда одамлар очликдан тиришиб жон бераётган бир пайтда бизлар тўқ эдик.

Биз ўзимизнинг саховатли подшоҳимизни асло унутмаймиз. Сизларнинг унга қон-қариндош эканингиз ҳам ҳамиша ёдимизда туради.

Сизлар Мисрга келган кун Юсуф қанчалар қувонган эди-я!

Подшоҳимиз қувонганини кўриб бизлар ҳам беҳад шод бўлган эдик.

Мана шу шаҳар сизларнинг ҳам шаҳрингиз! Ўртадаги муомала-муносабатларимиз худди илгаригидек давом этаверади!

 

3. Бани Исроил Мисрда

Узоқ йиллар мисрликлар ўз аҳдларида турдилар. Улар Канъондан келган улуғларнинг фазлини ҳамиша ёдда сақлар эдилар. Канъонлик улуғлар «Бани Исроил» – мол-мулк ва шараф эгалари дейиларди.

Лекин, вақт ўтиши билан одамлар ҳам аста-секин ўзгарди. Хулқлар ёмонлашди, кишилар Аллоҳни, даъватни унутиб мол-дунёга берилиб кетдилар.

Энди одамлар Бани Исроилга ҳам бошқача кўз билан қарай бошлади.

Чунки, Бани Исроил фақат насл-насаби эътибори билангина фарқланиб турарди. Бошқа ҳеч нарсада ўзгалардан фарқи қолмаганди.

Энди кишилар уларнинг бойларига ҳасад билан, фақирларига нафрат билан қарай бошлашди. Яъқуб авлоди Мисрда четдан келиб қолган бегоналардек кун кечирарди.

Мисрликлар: «Яъқуб авлодининг Мисрга нисбатан ҳеч қандай ҳаққи йўқ. Миср мисрликларники» деган эътиқодда эдилар.

Ҳатто баъзилар Юсуфни ҳам назар-писанд қилмай қўйишганди:

«Юсуф Канъондан келган бир бегона. Уни ҳоким сотиб олган. Аслида Канъонликнинг Миср устидан ҳукм юритишга сира ҳаққи йўқ..».

Жуда кўпчилик мисрликлар Юсуфдан кўрган яхшиликларини унутдилар.

4. Миср фиръавнлари

Миср тахтига Бани Исроилни ҳаддан зиёд ёмон кўрувчи кимсалар келишди. Миср шоҳи ўта золим бир киши бўлиб, бани Исроилнинг пайғамбарлар авлодидан эканини ҳамда уларнинг улуғ Миср шоҳи Юсуф алайҳис-саломга қондошлигини тан олмасди.

Ҳатто Бани Исроилни одам ўрнида кўрмасди.

Фиръавн ўз қавми қибтийлар билан Бани Исроил орасида катта фарқ кўрарди.

Унингча, қибтийлар – шоҳлар авлоди ва ҳукмронлик қилиш учун яратилганлар. Бани Исроил эса қуллар. Улар фақат хизматкор бўлмоқлари керак. Фиръавн Бани Исроилга ҳайвон сифатида қаради. Яъни, фақат йиқилиб қолмасликлари учунгина озгина нарса берилиб, тинимсиз ишлатиларди.

Фиръавн ўзини ҳаммадан юқори қўядиган мутакаббир шоҳ эди.

Аллоҳ таъолога иймон келтирмаган бу золим: «Мен сизларнинг энг Олий Парвардигорингизман» дерди. Ўзининг мол-давлати, қасрлари ва куч-қудрати билан мағрурланиб кетганди.

«Миср мулки ва (оёқларим) тагидан оқувчи мана бу дарёлар меники эмасми?! Кўрмайсизларми?!».

У Бобил шоҳи Намрудга ўринбосар бўла оларди.

Агар кимдир ундан ўзгани олий санайдиган бўлса, дарғазаб бўларди. Фиръавн одамларни ўзига ибодат қилдирди. Халқ Фиръавн қаршисига тиз чўкиб, саждалар этарди.

Лекин Бани Исроил Аллоҳга ва Унинг расулларига мўмин бўлганликлари боис, Фиръавнга сажда қилишдан бош тортишди. ¢азабланган Фиръавн бор заҳрини Яқуб авлоди устига тўкди.

 

5. Гўдакларнинг сўйилиши

Бир қибтий фолбин Фиръавн хузурига келиб шундай деди:

- «Бани Исроилда бир бола туғилади. Сенинг мулкинг уни қўлига ўтади».

Фиръавннинг ғазаби қўзиди. Жаллодларига буюрдики: Бани Исроилда туғилган ҳар бир гўдак қиличдан ўтказилсин! Фиръавн ўзини мутлоқ шоҳ деб ҳисоблагани сабабли, хоҳлаган кишисини ўлдиришга ўзини ҳақли деб биларди.

Мисрли бир чўпон сурувидан хоҳлаган қўйини ушлаб сўйиши мумкин.

Фиръавн жаллодлари бутун Миср бўйлаб тарқалдилар. Улар қаерда бир чақалоқ дунёга келганидан ҳабар топсалар, гўдакни қўйдек бўғизлардилар.

Ўрмонда бўрилар эркин юрарди. Илон-чаёнларга ҳеч ким ҳеч нарса демасди. Лекин Фиръавн мамлакатида туғилган Бани Яъқуб гўдаклари – инсон болалари шафқатсиз қатл қилинарди. Минглаб чақалоқлар ота-оналарининг кўз олдида бўғизланди.

Бани Исроилда фарзанд туғилган уй мотам тутарди. Бу кун мана шу оила учун шод-хуррамлик эмас, маҳзунлик ва кўзёшлар куни бўларди. Бир куннинг ўзида юзлаб болалар қурбон қилинарди.

«Дарҳақиқат Фиръавн (Мусо) ерида туғёнга тушиб унинг аҳолисини бўлак-бўлак қилди. У улардан бир тоифани (яни Бани Исроилни) хорлаб, ўғилларини сўяр, аёлларини қолдирар эди. Албатта у бузғунчи кимсалардан бўлди».

 

6. Мусонинг туғилиши

Аллоҳ таъоло айнан Фиръавн қўрқаётган ҳодисанинг амалга ошишини ирода қилди. Келажакда Фиръавн мулкини қўлга киритиши ёзиб қўйилган гўдак дунёга келди.

Бани Исроилнинг Фиръавн зулмидан озод бўлишига, инсонларни Аллоҳ ибодатига қайтишига ва уларни зулматлардан нур томон одимлашига сабабчи бўладиган гўдак дунёга келди.

Фиръавн ва унинг жаллодлари қанчалик тиришмасинлар, Мусо ибн Имрон соғ-омон туғилганига уч ой ҳам тўлди.

 

7. Нилда

Мусонинг онаси жажжи гўдагидан қаттиқ хавотирда эди. Чунки жаллодлар янги туғилган чақалоқларни тинимсиз ўлдириб турарди. Улар ўнлаб гўдакларни оналари бағридан юлқиб олиб, қатл қилардилар. Аридек сезгир, қарғадек ўткиркўз жаллодлардан бечора она боласини қандай қилиб сақлаб қола олади? Шу ҳолатда Аллоҳ таъоло Мусонинг онасига фарзандини сандиққа солиб, Нил дарёсига оқизишни буюрди.

Аллоҳу акбар!

Меҳрибон, мушфиқ онаизор қайси юрак билан туққан боласини сандиққа солиб дарёга оқизиб юборади?!

Болани сандиқда ким эмизади?!

Сандиқ ичида гўдак нафас ола оладими?!

Буларнинг барчаси муниса она кўнглидан кечса-да, Аллоҳга таваккул қилиб, У берган илҳомга мувофиқ иш тутди.

Аслида уй ҳам сандиқдан ҳафсизроқ эмасди. Чунки гўдак овчилари ҳамма жойда изғиб юришарди. Бечора она Аллоҳ амрига бўйсуниб эмизикли боласини сандиққа солди ва уни Нилга қўйиб юборди. Албатта она учун бу осон эмасди. Лекин у парвардигорга таваккул қилиб, сабр қилди.

«Биз Мусонинг онасига (Мусони туғиб, уни ҳам Фиръавн одамлари келиб ўлдиришларидан қўрқиб турган пайтда) ваҳий қилдикки: «Уни эмизавергин! Бас, қачон (Фиръавн одамлари ўғил кўрганинингни билишиб қолиб, уни ўлдириб кетишларидан) қўрқсанг, уни дарёга ташлагин ва қўрқмагин ҳам, қайғурмагин ҳам. Зеро биз уни сенга (яъни тирик ҳолда) қайтаргувчидирмиз ва уни пайғамбарлардан қилгувчидирмиз».

 

8. Фиръавн қасрида

Нил дарёси соҳилларида Фиръавннинг кўп қасрлари бор эди.

Фиръавн соҳил бўйидаги қасрларида истироҳат қиларди. Кунлардан бир кун у аёли – миср маликаси билан оёқлари тагида шовиллаётган дарёга тикилиб ўтирарди. Баногоҳ тўлқинлар қучоғида аллаланиб келаётган сандиққа кўзи тушди.

- Эй ҳожам, анави сандиқни кўраяпсизми?- деди Миср маликаси.

Фиръавн эътиборсиз жавоб берди:

- Нилда сандиқ нима қилади? У бир ёғочдир-да.

- Йўқ, аниқ сандиқ оқиб келаяпти, - эътироз билдирди малика.

Бу орада сандиқ улар олдига анча яқин келиб қолганди. Атрофдагилар ҳам – «Ҳа, ҳа сандиқ экан»,- деб қичқириб юборишди.

Шоҳ ҳизматкорларидан бирига сандиқни тутиб келишни буюрди. Сандиқ келтирилди. Уни очган кишилар ҳайратдан ёқа ушлаб қолишди. Сандиқ ичида дўндиқ бир гўдак жилмайиб ётарди.

Ҳамма уни қўлига олиб томоша қилиб чиқди.

Фиръавн ҳам ҳайрон эди. Ҳизматкорлардан бири «Бу бола бани Исроилдан, шоҳ уни албатта қатл қилади» деди.

Лекин Миср маликаси болани ёқтириб қолганди. У қўлидаги жажжи вужудни бағрига босиб, ўпиб эркалар экан, эрига қараб шундай деди:

- «(Бу бола) Мен учун ҳам, сиз учун ҳам, кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни бола қилиб олсак».

Шундай қилиб Мусо ибн Имрон Фиръавн қасрида яшай бошлади. Фиръавн жаллодлари шунча тиришсалар ҳам, бу болани топа олмаган эдилар. Ваҳоланки, улар қарғадек ўткир кўзлари билан, аридек сезгир бурунлари билан ўлиб-тирилиб қидиришганди.

Аллоҳ таъоло иродасига мувофиқ гўдаклар жаллоди Фиръавн келажакда унинг мол-мулкини тортиб оладиган гўдакни ўз уйида тарбия қила бошлади. Бечора Фиръавн...

Шундай қилиб, шоҳ ҳам, унинг вазири Ҳомон ҳам, бутун қўшинлари ҳам қаттиқ янглишдилар.

«Бас, уни Фиръавн хонадони (ўсиб-улғайгач) ўзларига душман ва ғам-ташвиш бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта Фиръавн, Ҳомон ва уларнинг лашкарлари ҳато қилувчи бўлдилар».

 

9. Болани ким эмизади

Янги топилган бола қасрнинг қувончига, маликанинг овунчоғига айланди. Қасрдаги ҳар бир киши болани суюб эркалатарди. Чунки малика бу болани қаттиқ яхши кўрарди. Шундан кейин Бани Исроиллик жажжи гўдакни сарой бекалари ва хизматкорлари қандай қилиб суймасинлар.

Малика гўдакка эмизувчи чақиртирди. Болани эмизиш учун унга кўкрак тутганларида гўдак йиғлаб эммади.

Малика бошқа эмизувчи олиб келтирди. Гўдак ҳануз йиғлаб эммас эди.

Учинчи, тўртинчи, бешинчи маротаба янги, янги эмизувчилар олиб келишди. Лекин бола бирортасининг кўкрагини оғзига олмади.

Ажабо, гўдак нега эммаяпти?

Нима учун йиғлаяпти?

Мусони эмизгани келган аёллар маликани хурсанд қилиб, ундан ҳадялар, сарполар олиш ниятида гўдакни эмизишга роса уриндилар. Лекин Аллоҳ таъоло Мусога уларнинг сутини ҳаром қилганди.

Гўдакнинг эммаётгани бутун қасрга овоза бўлди:

- Ҳой эгачи, дарёдан топилган болани кўрдингизми?

- Ҳа кўрдим, жуда ҳам дўндиқ бола экан. Лекин у бошқа болаларга ўхшамайди. Ҳеч қайси эмизувчини эммаётган эмиш.

- Уни эмизамиз деб олсалар, чирқираб йиғлар эмиш. Бечора бола энди қандай яшайди. Очдан ўлиб қолмайдими?

Дарҳаққиқат Мусо бир неча кун ҳеч бир аёлни эммади.

 

10. Она бағрида

Мусонинг бечора онаси қизига деди:

- Қизим, бор, укангни қидир, шояд у тирик бўлса. Аллоҳ таъоло уни сақлашни ва соғ-омон қайтаришни менга ваъда қилганди.

Мусонинг опаси укасини дараклаб кетди.

Атрофдагилар шоҳ қасридаги чиройли гўдак ҳақида гаплашишарди.

Қиз сарой аёлларини суҳбатларига қулоқ тутди:

- Малика сўратган болага эмизувчи келдими?

- Ҳа бекачим, лекин бола уни ҳам эммаётган эмиш.

- Ё Аллоҳ! Бу бола нега ҳеч бир аёлни эммайди-я? Энди адашмасам шу малика чақиртирган олтинчи аёл эди-я?

- Ҳа, айтишларича у жудаям покиза аёл экан. Ҳамма гўдагига уни энага қиларди.

Шунда Мусонинг опаси одоб билан суҳбатга қўшилди.

- Мен шаҳардаги бир аёлни биламан. Гўдак албатта уни эмиши керак.

- Йўқ, мен бунга ишонмайман,- деди сарой бекачи, - биз олтита аёлни олиб келдик, лекин бола биронтасини ҳам эммади.

Саройда ҳизмат қиладиган аёллардан бири айтди:

- Келинглар, еттинчисини ҳам синаб кўрайлик, биздан нима кетди?

Бу гап маликанинг қулоғига етди. У жорияни чақириб деди:

- «Бор ва ўзинг билан ўша аёлни олиб кел»!

Мусонинг онаси қасрга келди. Канизаклар Мусони келтиришди.

Бола аёлнинг қучоғига талпиниб уни эма бошлади.

Ахир нима учун ҳам уни эммасин?! Бу аёл унинг меҳрибон онаси-ку! Мусо уч кундан буён оч эди.

Бутун сарой аҳли ажабланди.

Фиръавн ичига шубҳа кирди:

- Нега бола бу аёлни эмишга талпинди. Нима, у онасими?!

Мусонинг онаси жавоб берди:

- Подшоҳим, мен ҳушбўй ҳидлик, ширин сутлик аёлман. Ҳеч қайси гўдак мендан ётсирамаган.

Фиръавн жим бўлди. Мусонинг онасига подшоликдан нафақа тайин қилинди. Мусонинг онаси фарзандини бағрига босиб уйига қайтди.

«Шундай қилиб, биз (Мусонинг онаси) кўзлари шодланиши ва ғам чекмаслиги учун ҳамда Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун уни онасига қайтардик. Лекин кўп (одамлар Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини) билмайдилар».

 

11. Яна Фиръавн қасрига

Мусонинг эмадиган вақти битгач, яъни сутдан ажрагач, яна қасрга қайтарилди. У саройда ҳудди шаҳзодалардек улғайди.

Шу боис шоҳлар ва бой-бадавлат кимсалар қаршисида эсанкираш, ўзини йўқотиб қўйиш унга бегона эди.

Мусо Фиръавн ва унинг аҳли қандай нематлар ичида яшаётганига шахсан гувоҳ бўлди.

Сарой аҳлининг мана шу тўкин ҳаёти учун Бани Исроил туну кун меҳнат қиларди.

Мусо ҳамма-ҳаммасини ўз кўзи билан кўрди;

Фиръавн отлари, моллари тўқ юриши учун Бани Исроилнинг қорни нонга тўймасди, уларга ҳайвондек қарар эдилар.

Доим қаттиқ меҳнат остида эзиладиган Мусонинг қавми ўта оғир кун кечирарди.

Қавмининг қандай азоблар ичида яшаётганини Мусо эртаю кеч кўриб турса-да лом-мим дея олмасди.

Лекин бу нарсалар албатта изсиз ўчиб кетмас, балки Мусо қалбида ғазаб-нафрат уйғотар эди.

Аҳир улар улуғ пайғамбарлар фарзандлари-ку?! Бани Исроилнинг айби қибтий (маҳаллий миллат) бўлмаганими!?

Уларнинг гуноҳи Канъондан келганлигими!?

Йўқ! Булар асло сабаб бўла олмайди.

 

12. Даҳшатли мушт

Мусо улғайиб кучли йигит бўлгач, Аллоҳ таъоло унга илм ва ҳикмат ато этди.

Мусо золимлардан нафратланар, уларни хуш кўрмас эди.

Барча пайғамбарлар каби мазлум, бечораларни севиб, ҳамиша уларнинг ёнини олиб юради.

Ҳамма ўйин-кулгу билан машғул бўлган бир пайтда Мусо фиръавн шаҳрига кириб келди.

Йўлда у икки кишининг урушаётгани устидан чиқди. Рақибларнинг бири Бани исроиллик, иккинчиси эса қибтийлардан эди.

Бани Исроиллик киши Мусони ёрдамга чақирди.

¢азабланган Мусо қибтийни бир мушт уриб ўлдириб қўйди.

Мусо алайҳис-салом қибтийни ўлдириб қўйганига қаттиқ афсусланди. Бунинг шайтон амалидан эканини билиб Яратганга тавбалар қилди.

Албатта, барча пайғамбарлар мана шундай кўп тавба-тазаррулар қилганлар.

«(Мусо) деди: Бу шайтон амалидандир. Албатта у очиқ адаштиргувчи душмандир».

Аллоҳ таъоло Мусонинг тавбасини қабул қилди. Чунки у қибтийни қасддан ўлдиргани йўқ эди.

Қибтий тўсатдан биринчи муштданоқ жон берди. Мусо алайҳис-салом Аллоҳга ҳамду-санолар айтди:

- Дарҳақиқат, Парвардигорим менга кўп неъматлар берган ва У мени мағфират қилди. «Бас, (энди) ҳаргиз мужрим-жинояткор кимсаларга ёрдамчи бўлмасман».

Мусо Фиръавннинг жаллодлари келиб қачон олиб кетар экан, дея қўрқиб юрди.

Миршаблар Фиръавн хизматкорларидан бўлган қибтийнинг жасадини топиб олдилар. Лекин қанча уринмасинлар, ким ўлдирганини барибир била олмадилар.

Ахир қотилнинг кимлигини Мусо ва Бани Исроиллик бир кишидан бошқа ҳеч ким билмасди. Рўй берган қотиллик ҳақида ҳамма ёқда дув-дув гап юрарди. ¢азабланган Фиръавн қотилни топиш ҳақида расмий буйруқ берди.

 

13. Сир фош бўлди

Эртаси куни Мусо ўша Бани Исроилликни яна бир қибтий билан жанжаллашиб турганини кўрди.

Бани Исроиллик уялмасдан яна уни ёрдамга чақирди.

Мусо унга деди:

- Сен ярамас одам экансан. Ҳадеб ҳамма билан ёқа бўғишаверасанми? Яна тағин мени ёрдамга чақирасан?! Нима, ҳамиша ёнингни олишим керакми? «Албатта сен очиқ адашган (кимса)дирсан».

Мусо қибтийга одоб бериб қўйиш ниятида улар томон юрди. Лекин Мусонинг маломатини эшитган, ғазабланганини кўрган қибтий «Мусо мени ургани келаяпти» деб ўйлади. У ўзининг кечаги қибтий ҳолига тушишидан қўрқди.

«Бас (Бани исроиллик киши) деди: - Эй Мусо ! Кеча бир жонни ўлдирганинг каби мени ҳам ўлдиришни хоҳлаяпсани? Аниқки, сен ер (юзи)да зўравон бўлмоқни истайсан. Ва ислоҳ қилгувчилардан бўлишни хоҳламайсан».

Бу сўзларни эшитган қибтий қотилнинг Мусо эканлигини билиб қолди ва Фиръавн миршабларига хабар етказиш учун югурди.

Кечаги қибтийнинг қотили Мусолигни эшитган Фиръавн қаттиқ дарғазаб бўлди.

- У саройда катта бўлган ҳалиги боқиманда болами?!

Мусо Аллоҳ иродаси билан Фиръавн ва унинг жаллодлари қўлидан омон қолди. Чунки у қасддан қотилик қилмаган эди. Лекин бу узрни Фиръавн жаллодлари қабул қилмасди.

Аллоҳ таъоло Фиръавн мулкини Мусо қўли билан йўқотишни, Бани Исроилни унинг воситасида жабр-зулмдан халос қилишни ирода этганди.

Аллоҳ битган тақдирга кўра Мусо инсонларни ўзлари каби ожиз қулларга сиғинишдан ёлғиз, қудратли Аллоҳга ибодат этишга олиб чиқиши лозим эди.

Фиръавн аъёнлари ўзаро кенгашиб, Мусони қатл қилишга қарор қилдилар.

«Шаҳарнинг нариги тарафидан бир киши шошганча келиб: «Эй Мусо, (Фиръавн) одамлари сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас сен бу (шаҳардан) чиқиб кетгин. Албатта мен сенга холис бўлган кишилардандирман», деди. Бас қўрқувга тушиб (ортидан етиб келиб қолишларига) кўз тутган ҳолда у ердан чиқиб, деди: «Парвардигорим, Ўзинг менга бу золим қавмидан нажот бергин».

 

14. Мисрдан Мадянга сафар

Мусо Фиръавн қўл остида бўлган Миср мамлакатида қололмасди. Шоҳ жаллодлари ҳамма жойларда уни излаб изғиб юришарди.

Мусонинг олдида фақат битта йўл қолган эди – араб шаҳри Мадянга кетиш. Чунки у ерга Фиръавннинг қўли етмасди.

Саҳрода жойлашган бир қанча қишлоқлардан иборат бу араб диёрида Мисрдагидек ҳашаматли саройлар, катта-катта боғлар йўқ эди. Умуман, Миср маданияти Мадян учун бегона ҳисобланарди.

Шундай бўлса-да, Фиръавн зулмидан озод Мадян бахтли ҳаёт кечирарди.

Адолат ва эркинлик ҳукм сурган қолоқлик адолатсиз тараққиётга қараганда нақадар яхши!

Хорлик ва қуллик билан бўлган маданият кимга ҳам керак?

Мадян аҳли Фиръавн зулмидан бехавотир яшарди. Улар Фиръавн жаллодларидан қўрқмасдан тинч ухлардилар.

Мадянда болалар сўйилмасди!

Мусо «Орқамдан ҳеч ким қувиб келмаяптимикан» деган хавотир билан қўрқа-писа йўлга тушди.

«Бисмиллаҳ» деб Аллоҳдан мададлар сўраб Мисрдан чиқиб кетди. Ва қачонки Мадян (шаҳри) томонга юзлангач, деди: «Шояд Парвардигорим мени тўғри йўлга ҳидоят қилса...».

 

15. Мадянда

Мусо ўзи учун тамомила бегона бўлган Мадян ерларига қадам қўйди.

Бу кеча Мусога ким бошпана беради?

У ҳеч кимни танимаса, билмаса, қаерда ухлайди?

Мана шу каби саволлар Мусонинг бошидан кечса-да Аллоҳнинг Ўзи мададкор эканига заррача шубҳа қилмасди.

Мусо бир қудуқдан мол-ҳолларини суғораётган одам ёнида тўхтади.

У ерда одамларнинг молларини суғориб бўлишини кутиб иккита қиз ўз қўйларига қараб турарди.

Меҳрибон қалбли Мусо улардан сўради:

- Нега сизлар қўйларингизни суғормаяпсизлар?

- Биз то одамлар молларини суғориб бўлмагунича қудуққа яқинлаша олмаймиз. Чунки улар кучли, биз эса ожизмиз. Улар эр кишилар. Бизлар заифалармиз. «Отамиз кекса чол»,- деди улар.

Оиласида ишга ярайдиган эр кишиси бўлмаган бу қизларга Мусо ёрдам берди. Уларнинг қўйини суғориб, оталари ҳузурига жўнатиб юборди.

Ҳўш, энди Мусонинг ўзи қаерга боради? Бу бегона шаҳарда унинг бирорта ҳам таниши йўқ-ку?

«Сўнгра (бир четдаги дарахт) соясига бориб (ўтириб) деди: «Парвардигорим! Мен Ўзинг мен учун нима яхшилик (яъни ризқ) туширсанг ўшанга муҳтождирман».

 

16. Қизларнинг отаси Мусони ҳузурига чорлайди

Қизларининг бугун барвақтроқ қайтганини кўриб отаси ажабланди.

- Бугун эртароқ келибсизларми? Қандай қилиб қўйларни тез суғориб бўлдингиз?

- Аллоҳнинг Ўзи бизга бир солиҳ кишини етказди. У қўйларимизни суғориб берди.

Қизларининг жавобини эшитган чол таажжубга тушди ва билдики, қўйларни суғориб берган киши бу ерлик эмас. Чунки шу кунгача ҳали ҳеч ким қизларга ёрдам бермаганди.

- У йигит қаерда қолди?

- Ўша жойда. У бошпанасиз бир мусофир одам экан.

- Қизларим, сизлар яхши иш қилмабсизлар. Бир бечора мусофир сизларга ёрдам берибди. Унинг бу ерларда ҳеч кими йўқ экан. Бу кеч у қаерда тунайди? Биз уни меҳмон қилмоғимиз лозим. Сизлардан бирингиз бориб уни чақириб келинг.

«Бас, улардан бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам сени бизларга (қўйларимизни) суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда», деди».

Дуосини Аллоҳ ижобат қилганини, унга бошпана берганини Мусо тушунди-да, индамай қизнинг олдига тушди.

Қизга кўзи тушиб қолмаслиги учун олдинда кетаётган Мусо улуғвор қадам ташларди.

Улар қизнинг отаси ҳузурига келдилар.

Чол Мусонинг исми, ватани ва нималар қилиб юргани ҳақида суриштирди.

Мусо бошидан ўтганларини бирма-бир ҳикоя қилиб берди.

Мусони жим туриб сабр билан охиригача тинглаган қария деди:

- «Қўрқмагин. Сен золим қавмдан нажот топдинг».

 

17. Уйланиш

Мусо қизларникида катта ҳурмат-иззат кўрди. Улар бу ғариб йигитни худди ўз фарзандларидек кўриб иззат-икром қилишди.

Кунларнинг бирида қиз отаси ҳузурига келиб маъсумалик билан шундай деди:

- «Эй ота, уни (ишга) ёллагин. Зеро сен ёллаган энг яхши киши кучли, ишончли кишидир».

Чол деди:

- Эй қизим. Унинг кучли ҳамда ишончли эканлигини сен қаердан биласан?

- У одамлар бир неча кишилашиб кўтарадиган қудуқ қопқоғини бир ўзи кўтариб қўйди. Шундан билдимки, у жуда кучли йигит. Энди ишончлигига келсак, уни чақириб келаётганимда олдинда юрди ва йўл бўйи бирон марта менга қарагани йўқ.

Хизматкор кучли ва омонатдор бўлмоғи шарт. Чунки заиф хизматкор яхши ишлай олмайди. Садоқатсиз хизматкор эса кучли бўлса ҳам хиёнати сабабли хожасига зарар етказади.

Қизининг таклифи отасининг ҳам кўнглидан ўтганди. Лекин у масалага ота сифатида, кўпни кўрган кекса киши сифатида ёндошарди.

Чол ўз-ўзига деди:

«Мана шу йигитни ўзимга куёв қилиб олсам-чи?! Ахир ундан муносиброқ йигитни яна қаердан топаман.

Мадянда бундай йигит йўқ.

Шояд Аллоҳ менга уни куёв ва кўмакчи бўлсин, деб юборган бўлса!»

Чол секин, виқор билан сўз бошлади.

«(Эй Мусо, агар рози бўлсанг) менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман. Энди, агар ўн йилни тўлатсанг (яъни тўлиқ ўн йил ишлаб берсанг) сен томонингдан (бизга марҳамат бўлур). Мен сени қийнашни истамайман. Иншааллоҳ, сен менинг солиҳ кишилардан эканлигимни кўрурсан».

Чол ўзининг ёлғиз қолиб кетишидан чўчиди. У Мусони яхшилаб билиб олмоқ ниятида эди.

Аллоҳ таъоло Мусони Мадянга, бу нуроний кексага ўзи етказди.

Унинг қалбида бу ғариб йигитга нисбатан муҳаббат ва меҳрибонлик уйғотди.

Мусо чолнинг таклифига рози бўлди. У ўз ҳаққини муҳофаза қилиш ниятида ақл ва ҳикмат билан шундай деди.

«(Мусо) деди: «Мана шу сен билан менинг ўртамиздаги (битимдир). Икки муддатдан қай бирини адо қилсам бас, менга зўрлик қилинмас. Аллоҳ айтаётган сўзимизга гувоҳдир».

 

18. Яна Миср сари

Мусо келишилган муддатни ўтаб бўлгач, аҳли оиласи билан Миср томон йўлга тушди.

Қизнинг отаси билан хайр-хўшлашдилар. Чол уларни кузатиб қолди:

- Аллоҳ паноҳида асрасин, эй болаларим! Сафарингиз бехатар бўлсин.

Қоп-қоронғу, совуқ бир кечада Мусо аҳли оиласи билан йўлда борарди.

Саҳрода милт этган олов кўринмасди. Улар йўлни ёритишга, исинишга олов топа олмасалар нима қиладилар?.

Мусо баногоҳ Тур тоғи тарафда бир ёлқинни кўриб қолди.

«У аҳли оиласига: «Сизлар кутиб туринглар. Аниқки мен бир оловни кўриб қолдим. Шояд сизларга бирон хабар ёки исиниб олишларингиз учун у оловдан чўғ олиб келсам», деди».

Мусо узоқда кўринаётган олов томон кетди.

«Энди қачонки унинг олдига етиб келгач у муборак жойдаги водийнинг ўнг тарафидан - дарахтдан унга нидо қилинди: «Эй Мусо, албатта, Мен барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳдирман».

«Мен сени (Пайғамбарликка) танладим. Бас, (ўзингга) юбориладиган ваҳийга қулоқ тут: Дарҳақиқат Мен Аллоҳдирман. (Ҳеч қандай) илоҳ йўқ, фақат Мен бордирман. Бас, сен Менгагина ибодат қил ва Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил! Токи ҳар бир жон қиладиган саъй-ҳаракати сабабли жазоланиши учун (қиёмат) соати албатта келгувчидир».

Мусо алайҳис-саломнинг қўлида асо бор эди, Аллоҳ таъоло деди:

- «Ана у - қўлингдаги нарса нимадур. Эй Мусо?».

Мусо алайҳис-салом соддадиллик билан «У асойим (ҳассам)» деди.

Сўнг у Аллоҳ таъоло билан иложи борича узоқроқ суҳбатлашмоқ ниятида асонинг фойдалари ҳақида батафсил гапириб кетди:

«У асойим. Унга таянурман ва у билан қўйларимга барг қоқиб берурман. Яна унда бошқа ишларим ҳам бор».

«(Аллоҳ) айтди: «Уни ерга ташлагин, Эй Мусо. Бас, (Мусо) уни ташлаган эди, баногоҳ у юрадиган-жонли илон бўлиб қолди. (Аллоҳ) деди: «Уни ушла! қўрқмагин, Биз уни аввалги ҳолига қайтарурмиз». Аллоҳ таъоло Мусо алайҳис-саломга яна бир оят-аломат берди: «Қўлингни қанотинг-қўлтиғингга тиққин, у ҳеч қандай зиён-заҳматсиз оппоқ-нурли бўлиб чиқур. Бу иккинчи мўъжиза (бўлур)».

 

19. Сен Фиръавн олдига боргин! Дарҳақиқат у ҳаддидан ошди

Шундан сўнг Аллоҳ таъоло Мусо алайҳис-саломга фаолиятга киришишни амр қилди. Аслида, Мусо мана шу иш учун яратилган эди.

Фиръавн ер юзида ҳаддидан ошиб, туғёнга тушди, бузғунчилик қилди.

Унинг қавми Аллоҳга куфр келтирди. Улар ҳам ерда бузғунчилик билан машҳур эдилар.

Аллоҳ таъоло эса бандаларига куфрни хоҳламайди. Пок Парвардигор ер юзида бузғунчиликнинг ёйилишига рози бўлмайди.

Аллоҳ таъоло Мусони Фиръавн ва унинг қавми олдига боришни буюрди.

«Албатта улар фосиқ қавм бўлган эдилар».

Лекин Мусо қандай қилиб улар олдига бора олади?!

Қандай қилиб у золимга рўбарў бўлади?! Ахир Мусо кечагина бир қибтийни ўлдириб қўймаганмиди?!

Мисрдан қўрқа-писа яширинча чиқиб кетмаганмиди?!.

Фиръавн жаллодлари ҳам, қаср аҳли ҳам уни яхши танийди-ку?!.

«(Мусо) деди: Парвардигорим! албатта мен улардан бир жонни ўлдириб қўйганман. Бас (энди) мени ўлдиришларидан қўрқаман».

Мусо тилининг дудуқлигидан Парвардигорига шикоят қилди.

«(Мусо) деди: «Парвардигорим, қалбимни кенг қилгин; ишимни осон қилгин; тилимдан тугунни-дудуқликни ечиб юборгин. (Токи) улар (қалбим) сўзини англасинлар. Менга ўз аҳлим-уруғимдан бўлган Ҳорун оғамни вазир қилгин. У билан белимни маҳкам қилгин. Ва уни ишимда (яъни пайғамбарлик ишида) шерик қилгин».

«Парвардигорим, мен улардан бир жонни ўлдириб қўйганман. Бас, улар мени ўлдиришларидан  қўрқурман».

«(Аллоҳ) деди: «Қўрқманглар. Шак-шубҳасиз мен сизлар билан биргаман, эшитиб, кўриб турурман».

«Бас, сизлар унинг олдига бориб; биз Парвардигорнинг элчиларидурмиз. Сен Бани Исроил (қавмини) биз билан бирга қўйиб юборгин, уларни азобламагин» деб айтинг».

Аллоҳ таъоло Мусо ва Ҳорунга Фиръавн билан юмшоқ муомалада бўлишни буюрди:

«Бас унга юмшоқ сўз сўзланглар! Шояд панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан қўрқса)».

Аллоҳ таъоло ҳатто Фиръавндек ҳақ душманлари билан ҳам маълум чегарада туриб мулойим муомалада бўлишни хуш кўради.

 

20. Фиръавн ҳузурида

Мусо ва Ҳорун Фиръавн олдига келдилар. Сарой аъёнлари даврасида уни ҳаққа даъват қилдилар.

Мусо алайҳис-саломнинг бу журъатини кўриб мутаккабир Фиръавн ғоят дарғазаб бўлди.

- Эй бола! Сен ким бўлибсанки, менинг мажлисимда туриб менга ақл ўргатасан?! Сен дарёда оқиб келган ўша гўдак эмасмисан?! Биз сени сувдан қутқариб олиб тарбия қилдик, едирдик, ичирдик. Орамизда анча вақт яшадинг. Сўнг бир кишимизни ўлдириб бизга куфрони неъмат қилдинг.

Мусо ғазабланмади.

Мусо ёлғон гапирмади.

Мусо тонмади.

Мусо ҳар-хил узр-баҳоналар келтирмади.

Мусо қўрқмасдан, яширмасдан, виқорли туриб деди:

- Ҳа. Мен адашганлардан бўлиб мана шу ишни қилиб қўйдим. Сўнг сизлардан қўрқиб қочиб кетдим. Парвардигорим менга ҳукм ато этди. Мени Пайғамбарлардан қилди.

Мусо алайҳис-салом сўзларини давом эттирдилар:

- Эй Фиръавн! Сен мени боқиб олганингни миннат қиляпсан. Лекин, бир ўйлаб кўргин; Мен сенинг қўлингга қандай тушиб қолдим?!.

- Агар сен Бани Исроил гўдакларини қатлиом қилишга буюрмаганингда онам мени Нилга оқизмасди ва мен сенинг қўлингга тушмасдим.

- Сенинг шунчалик зулмларинг, зўравонликларинг олдида наҳот мана шу кичкина марҳаматинг эслашга арзиса?!

- Сен қавмимни ҳайвон қаторида кўрдинг.

- Уларни итдек ҳайдадинг, хорладинг! Даҳшатли азобларга солдинг. Энди мана шу қавмдан бир болани боқиб олган бўлсанг нима бўпти?!

- Яна тағин сен бу ишни ўзинг билмаган ҳолда қилгансан.

 

21. Аллоҳга даъват

Мусонинг ҳақ сўзларига ҳеч қандай эътироз билдира олмаган Фиръавн бошқача йўл билан мунозарада ютиб чиқмоқчи бўлди:

- Эй Мусо! Сен айтаётган барча оламлар Парвардигори ким ўзи?

Мусо деди:

- У осмонлару ер ва улар ўртасидаги барча нарсаларнинг Парвардигоридир!

Бу жавобни эшитиб дарғазаб бўлган Фиръавн давра аҳлини ҳам гиж-гижлай бошлади.

- «Бас (Фиръавн) атрофидагиларга деди: (Унинг нималар деяётганини) эшитяпсизларми?».

Лекин Мусо ўз сўзини тўхтатмасдан Фиръавнга иккинчи зарбани берди.

«(Мусо) деди: «(У) сизларнинг, сизларнинг Парвардигорингиз ва аввалги оталарингизнинг (ҳам) Парвардигоридир».

Мана шу ерда ғазабланган Фиръавн ўзини тўхтата олмади:

«Албатта сизларга юборилган расулларингиз аниқ мажнундир».

Мусо алайҳис-салом эса ўз сўзини ҳамон давом қиларди: «(Мусо) деди: Агар сизлар ақл юргизиб кўрсангизлар, (Аллоҳ) мағрибу машриқ ва улар ўртасидаги (барча) нарсанинг Парвардигоридир».

Фиръавн Мусо алайҳис-саломни ўзи учун аччиқ бўлган бу масаладан чалғитишни ният қилди.

У халқни Мусога қарши қилиб қўймоқчи бўлди.

«(Фиръавн) деди: «У ҳолда авваги авлодларнинг ҳоли недур?» (Яъни Парвардигоринг уларни ҳам азоблаганми?)

Фиръавн ўзича ўйлади; Агар Мусо «аввалги авлодлар ҳақ устида бўлганлар» деса, «улар ҳам бут-санамларга сиғинишган» дейман.

Агар «улар адашган нодон кимсалар бўлган» деса, мажлис аҳлининг ғазаби келади ва у кишилар оталарини ҳақоратланган ҳисоблайдилар.

Лекин Мусо Фиръавндан ақллироқ эди. Парвардигори унга илм ва ҳикмат берганди:

«(Мусо) айтди: «Улар ҳақидаги билим Парвардигорим ҳузуридаги Китобда - Лавҳул Маҳфуздадир. Парвардигорим адашмас ва унутмас».

Сўнг Мусо шу пайтгача Фиръавн қўрқиб-қочиб келаётган масала ҳақида сўз бошлади:

«У зот ерни сизлар учун бешик-қароргоҳ қилиб қўйди ва унда йўллар пайдо қилди ҳамда осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдирди».

Лом-лим дея олмай қолган Фиръавн ғазабланган ва жавобдан ожиз қолган шоҳлар томонидан айтиладиган маълум жумлаларни яна бир бор такрорлади. «(Фиръавн) деди: «Агар мендан ўзга илоҳни (ўзингга илоҳ қилиб) олсанг, албатта мен сени зиндонбандлардан қилурман!».

 

22. Мусонинг мўъжизалари

Фиръавн ўзининг ғазаб ўқларини бўшатгач, Мусо уни Аллоҳ ўқи билан отмоқчи бўлди.

«(Мусо) деди» Ёки мен сенга очиқ-ойдин нарса келтирсам-чи?!»

«(Фиръавн) деди: «Агар ростгўй кишилардан бўлиб, оят-мўъжиза билан келган бўлсанг, қани уни келтир».

«Шунда (Мусо тутиб турган) асосини ташлаган эди, баногоҳ у асо ростакам аждарга айланди. Кейин қўлини (чўнтагидан) чиқарган эди, баногоҳ у қараб турганларга (кундан ҳам) оқ бўлиб кўринди. (Ҳолбуки, Мусо қорамағиз одам эди)».

Фиръавн яна гап топди.

«(Фиръавн) атрофидаги кишиларга деди: «Албатта бу билимдон сеҳргардир».

Мажлис аҳли ҳам унинг сўзини қувватлаб тушди:

«Бу очиқ сеҳр» дедилар».

«Мусо деди: «Сизларга ҳақиқат келган вақтда («Бу сеҳр»), дейсизларми?! Сеҳрми шу? Ахир сеҳргарлар муваффақият қозонолмайдилар-ку?!»

«Улар дедилар: «Сен бизларни ото-боболаримизни амал қилган ҳолда топган динимиздан буриш учун ва икковингиз еримизга эга бўлиб олиш учун келдингми?! Биз сизларга иймон келтиргувчи эмасмиз!».

Фиръавн халқни Мусо алайҳис-саломга қарши қайрамоқчи бўлди:

«Фиръавн айтди: «У сизларни ўз ерингиздан чиқармоқчи, нима дейсизлар?»

Шунда кишилар Фиръавнга қуйидагича маслаҳат бердилар:

- Сен мамлакатингдаги жами ўткир сеҳргарларни тўплагин. Улар Мусони мағлуб қилсинлар.

Шундай қилиб бутун Миср бўйлаб жарчилар тарқатилди:

- «Огоҳ бўлингизким, кимда-ким сеҳр (қилиш)ни билса, шоҳ ҳузурига борсин».

Мисрнинг турли бурчакларидан сеҳргарлар йиғилди.

Мусо алайҳис-салом билан сеҳргарлар байрам куни чошгоҳда учрашадиган бўлди.

«Одамларга айтилди: «Сизлар тўплангувчимисизлар? Шояд биз, агар улар ғолиб бўлсалар, сеҳргарларга эргашсак».

 

23. Майдонга

Ваъда куни чошгоҳда одамлар тўп-тўп бўлиб майдонга чиқишди.

Эркагу аёл, ёшу қари барча майдонга ошиқарди.

Уйда беморлар ва юра олмайдиган кишилардан бошқа ҳеч ким қолмади.

Бутун шаҳар фақат сеҳр ҳақида гаплашар эди;

- Усвоннинг энг катта сеҳргари ҳам келибдими?

- Ҳа, яна тағин Уқсур, ва Жийзанинг машҳур сеҳргарлари ҳам шу ерда.

- Нима деб ўйлайсиз - ким енгар экан?

- Мисрнинг энг зўр сеҳргарлари йиғилган бўлса, уларга ким ҳам бас кела олади?!

- Мусо ва унинг оғаси сеҳр қилишни қачон-қаерда ўрганибди-ки, бу машҳур сеҳргарлардан устун чиқса?!

- Мусо саройда катта бўлган бир йигит. Сўнг Мадянга қочиб кетганди. У Мисрда сеҳргарликни ўрганмаган эди. Мадянда эса сеҳрдан таълим берадиган ҳеч ким йўқ.

Майдонда Бани Исроил ҳам юрагини ҳовучлаб турарди. Уларда умидга қараганда қўрқув ҳисси кўпроқ эди. Имрон ўғлига Аллоҳнинг ўзи раҳм қилсин!

Бани Исроилга Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин!

Майдонга кибру ғурур билан сеҳргарлар кириб келишди. Турфа либосларга бурканган бу зотларнинг қўлларида асо ва иплар бор эди.

Улар «бу кун бизнинг кунимиз» дея шўх-шодон келар эдилар:

- Бугун шоҳ бизнинг нималарга қодир эканимизни кўради. Одамларнинг ўзи бизнинг афзаллигимизга гувоҳ бўлади!

«(Шундан кейин) сеҳргарлар Фиръавн олдига келишиб: «Агар биз ғолиб бўлсак,албатта (катта) мукофот (берурсан)» дейишди».

«У: «Ҳа, (агар ғолиб бўлсангизлар) албатта сизлар менинг яқинларимдан бўлурсизлар» деди.

Шоҳлар берадиган мукофот мана шундай бўлади.

Кишилар шу мукофот билан алданади.

Ботир-паҳлавонлар шу мукофот билан овланади.

Сеҳргарлар Фиръавннинг ваъдасини эшитиб беҳад шод бўлдилар.

 

24. Ҳақ ва ботил

«Мусо уларга деди: «Сизлар ташлайдиган нарсангизни ташлангизлар».

«Бас (сеҳргарлар) иплари ва асоларини ташладилар ва «Фиръавн иззатига қасамки, албатта биз ғолиблардирмиз», дедилар».

Шунда кишилар ғалати нарсанинг гувоҳи бўлдилар; Майдонда илонлар судралиб юрарди. Ҳамма даҳшатга тушди. Ҳамма «Илон, илон» дея қичқириб ўзини орқага отди.

Мусо ҳам буларни кўриб турарди.

«(Улар қўлларидаги асо ва ипларни ташлаган эдилар) баногоҳ иплари ва асолари сеҳр қилганлари сабабли (Мусога) юриб кетаётгандек туюлди».

Мусонинг қалбига қўрқув кирди.

Ахир қандай қилиб ҳам қўрқмасин?!

Бу кун ечим-синов кунидир.

Имтиҳон соатларида киши ё ҳурмат топади ва ё хорланади.

Худо кўрсатмасин, агар сеҳргарлар ғолиб чиқса-чи?!

Тўсатдан Мусо мағлуб бўлиб қолса-я?! –Аллоҳ бунга изн бермаган.

Унда нима бўлади?! Аллоҳ асрасин!!!

Бу ерда бир кишининг ғалабаси ҳақида гап бораётгани йўқ. Бу кунги ғалаба диннинг Фиръавн устидан қозонган ғалабасидир.

Аллоҳ таъоло ўз набийсига далда берди.

«Қўрқмагин. Албатта сен ўзинг ғолиб бўлувчисан. Қўлингдаги нарсани (яъни асойингни) ташлагин, улар ясаган нарсаларни ютиб юборур. Уларнинг ясаган нарсалари фақат бир сеҳргарнинг макри-ҳийласи холос. Сеҳргар эса қаерда бўлмасин зафар топмас».

«Қачонки улар (қўлларидаги нарсаларини) ташлаганларида (ва у арқон, асолар илонларга айланиб қолганида) Мусо деди: «(Мана шу) сизлар қилган иш сеҳрдир. Албатта Аллоҳ уни ботил қилур. Зеро, Аллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламайди. Ва гарчи жиноятчи кимсалар истамасалар-да, Аллоҳ ўз сўзлари (яъни амру фармонлари) билан ҳақиқатни рўёбга чиқарур».

«Биз Мусога «Асойингни ташлагин», деб ваҳий юбордик. Баногоҳ у (аждарга айланган ҳасса) уларнинг «уйдирма»ларини юта бошлади. Бас, ҳақиқат қарор топди, уларнинг қилган ҳаракатлари эса ботил бўлди».

Энди сеҳргарлар даҳшатга тушдилар;

- Бу нима ўзи?! Сеҳр нималигини, унинг аслини ва турларини биз яхши биламиз.

- Сеҳр қилишда бизнинг олдимизга тушадигани йўқ! Биз шу соҳанинг энг моҳирларимиз!

- Мусо кўрсатган нарса сеҳр эмас!

- Сеҳр эмас!

- Агар сеҳр бўлганида, биз ҳам унга қарши сеҳр қилардик, сеҳрга сеҳр билан жавоб берардик!

- Бизнинг ҳунаримиз унинг олдида ерпарчин бўлди. Худди қуёш қаршисида намлик қуриб битганидек буткул йўқолди.

- Бу қаердан, ким томонидан бўлиши мумкин?!

- Бу ёлғиз Аллоҳ томонидандир!

Сеҳргарлар Мусо алайҳис-саломнинг пайғамбарлигига ва Аллоҳ томонидан унга мўъжиза берилганига тўла амин бўлдилар.

«(Шу пайт) у сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида ерга ташланиб; «Барча оламларнинг Парвардигорига – Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига иймон келтирдик», дедилар».

 

25.Фиръавн таҳдид қилади

Фиръавн ғазаб отига минди.

Фиръавн жойида ўтиролмай қолди.

Момоқалдироқ бўлиб гулдиради, яшин бўлиб чақнади..

Бечора Фиръавн! Бугун у кутмаган нарсалар бўлди.

У Мусони сеҳргарлар билан мағлуб қилмоқчи эди. Сеҳргарлар эса энди Мусонинг қўшинига айланди.

Фиръавн сеҳргарларни халқни Мусо алайҳис-саломга эргашишидан қайтаришлари учун йиққан эди. Ваҳоланки Мусога биринчи бўлиб шу сеҳргарлар иймон келтиришди.

Фиръавн отган ўқлар унинг ўзига келиб тегди...

Фиръавн ўзини кишиларнинг ақлига ҳам, қалбига ҳам ҳукмрон деб биларди. Фақат жасадлар ва тилларга ҳукми ўтишини унутиб қўйганди.

Унингча, Мисрда ҳеч ким Фиръавн изнисиз ҳеч нарсага иймон келтирмаслиги керак эди. Шу боис у кибр билан деди;

- «Мен изн бермай туриб унга иймон келтирдингизми? Шак-шубҳасиз у сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир».

«Шубҳасиз бу (қилмишингиз) ушбу шаҳардан унинг аҳолисини чиқариш учун қилган макрингиздир».

Ва ниҳоят Фиръавн ўзининг садоғидаги сўнгги заҳарли ўқини отди.

- «Энди яқинда билурсиз - албатта оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига (ўнг қўл, чап оёғингизни) кесурман, сўнгра барчангизни дорга осурман».

Мўминлар Фиръавн отган заҳарли ўқларни иймон ва сабр қалқони билан тўсдилар.

- «Улар дедилар; «Зарари йўқ. Зеро, бизлар Парвардигоримизга қайтувчидирмиз. Албатта бизлар (Мусога биринчи иймон келтирган кишилар бўлганимиз сабабли) Парвардигоримиз хато-гуноҳларимизни мағфират этишини умид қилурмиз».

Улар иймонлари билан собит туриб қизғинлик ила дедилар:

«Бизлар эса хатоларимизни ва сен бизларни мажбур қилган сеҳргарликдан иборат (гуноҳимизни) мағфират қилиши учун Парвардигоримизга иймон келтирдик. Аллоҳ(нинг савоби) яхшироқ ва (азоби) узунроқдир». Ҳеч шубҳа йўқки, кимда-ким Парвардигорининг (ҳузурига) жиноятчи-кофир бўлган ҳолда келса, у ҳолда албатта унинг учун жаҳаннам бор бўлиб, (у кофир) у жойда на ўла олур ва на яшай олур. Ким У зотга яхши амаллар қилган мўмин ҳолида келса, бас, ана ўша (кишилар) учун юксак даражалар - остидан дарёлар оқадиган, улар абадий қоладиган жаннатлар бўлур. Бу (ширку-куфрдан) пок бўлган кишиларнинг мукофотидир!».

 

26. Нодон Фиръавн

Фиръавннинг ҳаловати йўқолди, уйқуси ўчди. Еган-ичгани ўзига татимай қолди.

Сарой аъёнлари Фиръавн ғазабини яна алангалатдилар:

- «(Эй Фиръавн), Мусо ва қавмининг ерда бузғунчилик қилиб юришига ҳамда сени ва худоларингни тарк этишига қўйиб берасанми?!».

¢азабланган Фиръавн деди;

- «Уларнинг ўғилларини ўлдириб, аёлларини тирик қолдиражакмиз. Албатта биз уларнинг устида ғолибдирмиз».

Фиръавн Бани Исроил ва Миср аҳлини Мусодан ажратиб олиш учун турли макр-ҳийлаларни қўллади.

- Эй қавмим! Кўрмаяпсизларми, Миср мулки ва оёқларим тагидан оқувчи мана бу анҳорлар меники эмасми?!

- Ёки мен мана бу хор кимсадан яхшироқ эмасманми?!

«Фиръавн; «Эй одамлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа бирон илоҳ борлигини билган эмасман. Бас сен эй Ҳомон, лойни пишириб, (ғишт қуйиб) мен учун бир баланд қаср бино қил, шоядки мен (унинг устига чиқиб) Мусонинг худосини кўрсам. Албатта мен уни ёлғончи кимсалардан деб ўйламоқдадирман».

Ҳомон усталарни йиғиб лойни пишириб баланд қаср қуришга киришди. Лекин ожиз инсон боласининг чиранишлари қаерга ҳам етарди?!

Ҳомон ҳам, усталар ҳам ҳолдан тойишди. Лой, ғишт тамом бўлди.

Фиръавн ой нари турсин булутга ҳам етмади.

Қуёш нари турсин ойга ҳам етмади.

Юлдуз нари турсин қуёшга ҳам етмади.

Осмонлар нари турсин юлдузга ҳам етмади.

Бечора Фиръавн! Наҳот у юксак осмонлару ерни Аллоҳ таъоло яратганини билмаса?!

«У самода ҳам илоҳ, ерда ҳам илоҳ бўлган зотдир».

Фиръавн Мусо алайҳис-саломни ўлдиришдан бошқа йўл топа олмади. У «Мусо ер юзида бузғунчилик, фасод тарқатяпти», дея ҳужжат келтирди.

«Фиръавн деди: «Мени қўйинглар, Мусони ўлдирай. (Қани) у Парвардигорига дуо-илтижо қилсин-чи, унга нажот берармикин. Дарҳақиқат мен (Мусо) сизларнинг динингизни ўзгартириб юборишидан ёки ер юзида бузғунчилик авж олдиришидан қўрқмоқдаман».

 

1. Фиръавн хонадонидаги мўмин киши

Фиръавн Мусо алайҳис-саломни ўлдирмоқчи бўлди.

«(Шунда) Фиръавн хонадонидан бўлган, ўзининг иймонини яшириб юрадиган бир мўмин киши деди: - «Бир кишини «менинг Парвардигорим Аллоҳдир, дегани учун ўлдирурмисизлар?!» ҳолбуки у сизларга Парвардигорингиз томонидан аниқ ҳужжатлар келтиргандир».

- Нима учун Мусога қарши чиқяпсиз, унга озорлар бераяпсиз?! Агар иймон келтирмасангизлар ҳам, майли, уни тинч қўйинглар. Индаманглар, ўз йўлида кетаверсин. «Агар у ёлғончи бўлса, ёлғони ўз бўйнига. (Аммо) агар ростгўй бўлса (у ҳолда) сизларга у (кофирлар учун) ваъда қилаётган (азоблардан) айримлари етиб қолади-ку! Албатта Аллоҳ ҳаддан ошгувчи, ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмас».

- Азиз оғаларим! Бу кун сиз молу мулкингиз, куч-қувватингиз ва беҳисоб қўшинларингиз билан мағрурланиб, алданиб қолмангиз.

«Эй қавмим, бугун-ку мулку давлат сизларники, мана шу ерда ғолибсизлар. Энди агар Аллоҳнинг азоби келар бўлса ким бизларга (ундан нажот топишимиз учун) ёрдам берур?!» Фиръавн айтди; «Мен сизларга фақат ўзим раъй қилаётган нарсани (яъни Мусони ўлдиришни) маслаҳатларинигина кўрсатурман ва мен сизларни фақат тўғри йўлга етакларман».

Мўмин киши қавмини золимларнинг оқибати нақадар ёмон бўлишини айтиб огоҳлантирмоқчи бўлди.

Иймон келтирган киши деди: «Эй қавмим ҳақиқатан мен сизларнинг устингизга ҳам худди Нуҳ қавми, Од, Самуд (қабилалари) ва улардан кейинги (куфр йўлини тутган) кимсаларнинг иши тушиб қолишидан қўрқурман. Ҳолбуки, Аллоҳ ўз бандаларига зулм қилишни истамас (яъни Аллоҳ ўша фирқаларни ҳалок қилиши билан уларга зулм қилгани йўқ, балки улар ўзларини куфру туғёнлари сабабли ҳалокатга мустаҳиқ бўлдилар)»

Мўмин уларни даҳшатли қиёмат куни билан қўрқитарди.

У кун қандай кун бўлишини биласизми?!

«У кунда киши ўз оға-инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотину бола-чақасидан ҳам қочур! (Чунки) улардан ҳар бир киши учун у кунда ўзига етарли ташвиш бўлур».

«Дўстлар у кунда бир-бирларига душмандир. Магар тақво эгаларигина (бундай эмаслар)».

«У кунда улар ўртасида насаблар бўлмас ва (улар) бир-бирларидан сўрамаслар».

У кунда барча нарсанинг эгаси, якка-ю ягона подшоҳ нидо қилур:

«Бу кун мулк-эгалик кимники?!

«Ягона ваҚқаҳҳор Аллоҳникидир».

У кунда борлиқ даҳшат ичида қолади. Инсонлар дод-вой солиб бир-бирларини ёрдамга чақирадилар, ўзларича дўзах азобидан қочиб қутулмоқчи бўладилар. Лекин, Аллоҳ азобидан асраб-тўсиб қолгувчи бирон паноҳ топилмас!

«Эй қавмим, ҳақиқатан мен сизлар ҳақингизда (кишилар бир-бирларига) нидо қилиб қоладиган кундан (яъни қиёмат кунида дўзах азобига дучор бўлиб, дод-вой қилиб қолишингиздан) қўрқурман».

«У кунда сизлар (жаҳаннам даҳшатларидан) юз ўгириб қочурсизлар, (аммо) сизлар учун Аллоҳ(нинг азобидан) сақловчи-тўсувчи бўлмас».

«Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас унинг учун бирон ҳидоят қилувчи бўлмас».

Аллоҳ сизларга неъмат ато этганида, унинг қадрига етмадингиз. Қачон ўша неъмат йўқолган эди, афсус-надомат чекдингиз. Юсуф алайҳис-салом келганида уни тан олмаган эдингиз, қадрига етмаган эдингиз.

Лекин у дунёдан ўтиб кетгач, «Унақа пайғамбар, унақа адолатли шоҳ, унақа улуғ инсон йўқ эди», дея надомат чеккансиз.

Сизлар «Энди Юсуфдақаси бўлмайди», деб пушаймон қилгансиз.

«Дарвоқе илгари Юсуф сизларга (ўзининг пайғамбар эканлигини исботлайдиган) аниқ ҳужжатлар келтирганида ҳам, у сизларга келтирган нарсалардан шубҳа-гумон қилиб туриб олган эдинглар. То қачон у ҳалок бўлганида эса: «(Энди Юсуфдан) сўнг Аллоҳ ҳаргиз пайғамбар юбормас, дединглар».

Худди шунингдек, мана шу пайғамбардан кейин ҳам афсусланиб қоласизлар.

 

2. Панд-насиҳат

Мўмин киши қавмдошларига астойдил панд-насиҳатлар қиларди.

«Иймон келтирган киши деди: Эй қавмим! Сизлар менга эргашинглар, мен сизларни тўғри йўлга етаклайман».

Киши билдики, қавмдошлари ҳали дунё ҳаёти билан маст-аласт юришибди.

Фиръавн молу давлати ва куч қуввати билан мағрур, алданган.

Мана шу дунё мастлиги одамларни Мусо алайҳис-саломга эргашишдан тўсиб турибди.

Зеро маст кишиларнинг ҳуши ўзида бўлмайди.Улар на эшитадилар ва на ҳис қиладилар.

Мўмин қавмини мана шу ғафлатдан уйғотишга қасд қилди:

«Эй қавмим, бу ҳаёти дунё фақат бир (арзимас) матодир. Албатта охиратгина (мангу) қароргоҳ бўлган диёрдир».

Жоҳил одамлар мўмин кишини куфр ва ширкка чорладилар. Ота-боболари дининга қайтишни маслаҳат бердилар. Уларга «Аллоҳга қайтингиз!», дейилса, улар «Ота-боболаримиз динини ушлайлик», дея жавоб беришди.

Қавмдошлари ҳадеб залолатга чақиравергач, мўмин киши деди;

«Эй қавмим, нега мен сизларни нажотга-жаннатга чорласам, сизлар мени дўзахга чақирмоқдасизлар-а? Сизлар мени Аллоҳга кофир бўлишга ва (ўзим илоҳ эканлигини) билмайдиган нарсаларни У зотга шерик қилишга чақирмоқдасизлар. Мен эса сизларни қудратли, бениҳоя мағфиратли зотга чақирмоқдаман».

- Сизларнинг олиҳаларингиз тарафидан бирон бир пайғамбар келдими? Маъбудаларингиз қайси китобни нозил қилишди? Улар фақат сизлар ҳамда оталарингиз ўзларича тўқиб олган номлар холос. Аллоҳ таъоло ҳеч қачон бут-санамлар ҳақида ҳужжат туширмаган.

Пайғамбарлар: Иброҳим, Юсуф, Мусо... фақат Аллоҳга дават этганлар. Зеро ҳар бир  нарса Аллоҳ талонинг борлигига далолат қилади. Борлиқнинг ҳамма бурчагидан ёлғиз унга қайтишликка даъват келади.

«Шак-шубҳа йўқки, албатта сизлар мени (ибодат қилишга) чақираётган бутларингиз (жонсиз нарсалар бўлгани сабабли) на дунёда ва на охиратда (бирон кимсани ўзларига ибодат қилиш учун) даъват қила олмас».

Қавмининг ҳидоятга келишидан буткул ноумид бўлгач, мўмин уларни тарк қилди. Ва дедики: «Ҳали (бошларингизга азоб тушганида албатта ҳозир) мен сизларга айтаётган сўзларни эслайсизлар. Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир».

Дарғазаб бўлган Фиръавн малайлари мўминни ўлдиришга қарор қилдилар.

Лекин Аллоҳ таъоло уни ўз ҳимоясига олди. Душманларини эса ҳалок қилди.

«Бас, Аллоҳ у (иймон келтирган киши)ни уларнинг макр-ҳийлаларидан сақлади ва Фиръавн хонадонини ёмон азоб ўраб олди».

 

3. Фиръавннинг хотини

Ўзини ақллар ва қалбларга ҳам ҳукумрон ҳисоблайдиган Фиръавн Мисрда бирон кишининг ундан бошқага иймон келтиришини тасаввур қила олмасди.

Агар Мисрнинг узоқ чеккасидаги бир киши Мусо алайҳис-саломга иймон келтирса, ўша куни Фиръавн ухлай олмасди.

Гоҳ ўтириб, гоҳ туриб, момақалдироқдек гулдираб, яшиндек чақнаб ёниб безовта бўларди.

- Қандай қилиб мендан бесўроқ Мусога иймон келтиради?!

- Менинг мамлакатимда яшаб туриб менга бўйсунмаса! Мен берган ризқ-неъматларни еб, яна менга куфрони неъмат қилса-я!

- Ахир, Мисрдаги ҳар бир кишига ўзидан ҳам кўра мен ҳақдорроқ эмасманми?!

Лекин Фиръавн ўзининг Аллоҳ ерида яшаб туриб у зотга исён қилаётганини ўйламасди. Аллоҳ берган ризқ-рўзни еб, сўнг яна унга куфр келтираётганини унутиб қўйган эди.

Аллоҳ таъоло унга ўз уйида, аҳли оиласида бир оят-аломат кўрсатиб қўйди.

Аллоҳ таъоло ақлларга ҳам, қалбларга ҳам - худди жасад ва тилларга ҳукмрон бўлгани каби ҳоким эканлигини намоён қилди.

Аллоҳ таъоло агар хоҳласа киши билан аҳли оиласи ўртасини ажратиб қўяди. Хоҳласа инсон билан унинг қалби орасига тўсиқ ташлайди!

Иймон Фиръавн хонадонига ҳам кириб келди. Фиръавннинг ўзи ҳали ҳеч нарсадан хабарсиз эди. Унинг қўлидан бирон иш келмасди.

Эри Миср мамлакатининг султони бўлишига қарамасдан Фиръавннинг аёли Мусога иймон келтирди.

Фиръавннинг энг суюкли кишиси унинг Парвардигорлик даъвосини рад этди.

Бу ерда шоҳнинг қарғадек шум айғоқчилари ҳам, жаллодлари ҳам ожиз қолдилар. Улар ҳеч нарсани сезмадилар.

Энг яқин кишисининг Аллоҳга иймон келтирганидан Фиръавн ҳануз бехабар эди.

Хўш, агар хабар топганида нима қила оларди?

Чунки унинг ҳукми жисмга ўтиши мумкин, тилларга тушов солиши мумкин. Лекин, ақлларга ва қалбларга асло ҳукмронлик қила олмайди.

Тўғри, аёл эрига итоат этиши керак. Лекин, Аллоҳга исён бўладиган ишларда инсон боласига итоат қилинмайди.

Фарзанд ота-онасига қулоқ солмоғи, уларга меҳрибон-мушфиқ бўлмоғи лозим.

Фақат агар улар ширкка даъват қилсалар, сўзлари эътиборга олинмайди.

«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишига буюрдик (яъни ота-она хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, хоҳ мусулмон, хоҳ кофир бўлсин уларга яхшилик қилиш фарзанднинг бурчидир, аммо) агар улар сен ўзинг билмаган нарсаларни (яъни сохта «худо» ларни) менга шерик қилишинг учун зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этмагин! (Барчангиз) менга қайтурсиз, бас (ана ўша кунда) мен сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман».

Иймон неъматига мушаррар бўлган аёл Аллоҳ душманининг уйида туриб Аллоҳга ибодат қила бошлади.

У Фиръавннинг ярамас кирдикорларидан безор эди. Аллоҳга илтижолар қилиб бу золимдан нажот беришини сўрарди.

Аллоҳ таъоло Фиръавннинг аёлидан рози бўлди ва уни эри ҳамда унинг ёмон амалларидан қутқарди.

Бу аёл иймони ва шижоати учун Қуръонда барча мўминларга намуна қилиб келтирилди.

«Аллоҳ иймон келтирган зотлар (ва улар ўзлари ҳақиқий мўмин бўлсалар, яқин одамларининг кофир ҳолда бўлиши уларга зиён қилмаслиги) ҳақида Фиръавннинг аёлини мисол келтирди. Ўшанда (яъни Фиръавн у аёлнинг Мусо пайғамбарга иймон келтирганини билиб қолгач азоблаган чоғида) у: «Парвардигорим ўзинг мен учун ҳузурингда - жаннатда бир уй бино қилгин, менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин ва менга бу золим қавмдан нажот бергин», деди».

 

4. Бани Исроилнинг бало-синовга солиниши

Бани Исроилга нисбатан Фиръавннинг қандай муомала қилаётганини кўрган халқ ҳам Исроил фарзандларига зулм-зўравонлик қила бошлади.

Ҳатто ёш болалар уларни сўкар, маҳалла итлари эса олдига солиб қувлар эди.

Ҳар куни янги бир бало, ҳар куни ташвишли бир хабар Бани Исроил бошида ҳозиру нозир бўларди.

Мусо алайҳис-салом қавмини сабр қилишга чорлаб тасалли берар эди;

- «(Эй қавмим) Аллоҳдан мадад тилаб, сабр-тоқат қилингиз! Бу ер шак-шубҳасиз Аллоҳникидир. Уни ўзи хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берур. Оқибат-натижа эса тақводорларники бўлур».

Лекин Бани Исроил бу синовни ёмон қабул қилди. Улар Мусо алайҳис-саломга «Сен бизга ҳеч қандай фойда беролмадинг. Бизга ёрдаминг тегмади» дея маломат қилишди.

«Улар айтдилар: «Сен бизга (пайғамбар бўлиб) келишингдан илгари ҳам (яъни ўшанда ҳам Фиръавн ўғилларимизни ўлдириб, аёлларимизни тирик қолдириб, зулм қилган эди), Сен келганингдан кейин ҳам озор кўрдик».

Фақат Мусо алайҳис-салом умидсизликка тушмади.

«У (Мусо) деди: «Шояд Парвардигорингиз душманларингизни ҳалок этиб, сизларни бу ерга халифа қилса ва қандай амаллар қилишингизни кўрса».

«Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон келтирар экансизлар, демак мусулмон бўлсангизлар, Унинг ўзигагина суянинглар-таваккул қилинглар!»

«Бас, улар айтдилар: «Аллоҳнинг ўзига таваккул қилдик. Парвардигоро, бизларни бу золим қавмга мафтун-алданувчи қилиб қўйма. Ва ўзинг раҳм айлаб бизларни бу кофир қавмдан қутқар».

Фиръавн Бани Исроилни Аллоҳга ибодат қилишдан қаттиқ қайтарар, агар улар ибодат этсалар ғоятда дарғазаб бўлар эди.

У Аллоҳнинг ерида масжидларнинг Аллоҳ учун бўлишини хоҳламасди. Аллоҳнинг ерида Аллоҳга ибодат қилинса ғазаби келарди?!

Ё тавба! Бу қандай нодонлик?!

Ахир ер - Фиръавнники эмас - Аллоҳнинг мулки-ку!?

Аллоҳнинг қулларини Аллоҳнинг ерида Аллоҳга ибодат қилишдан тўсган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?!!

Аллоҳ ерида туриб бандаларни ўзига ибодат қилишга чақираётган кимса энг золим кимса эмасми?!!

Лекин, Фиръавн барибир ожиз қолди. У ҳеч кимни ўз уйида хоҳлаган ишини қилишдан қайтара олмасди.

Аллоҳ таъоло Мусо алайҳис-салом орқали Бани Исроилга қуйидагича амр этди;

«Қавмларингиз учун Мисрда уйлар тайёрланглар ва бу уйларингизни қибла-намозгоҳ қилиб (у уйларда) намозни тўкис адо қилинглар».

Фиръавн ҳам, унинг жаллодлари ҳам Бани Исроилни Аллоҳ ибодатидан тўса олмади.

Ахир банда билан унинг Парвардигори ўртасини тўсиб бўларканми?!

Мусулмонни Аллоҳ ибодатидан ким тўса олади?!

 

5. Очарчилик

Фиръавн туғёнга келиб ғафлат ва куфр қайсарлигига қаттиқ туриб олгач, Аллоҳ таъоло унга ўзини ўнглаб олиши учун танбеҳ бермоқни ирода қилди.

Аллоҳ таъоло ер юзида фасоднинг ёйилишини хоҳламайди.

У зот бандаларининг кофир ҳолда юришларига асло рози бўлмас!

Фиръавн жуда нодон подшоҳ бўлганлигидан панд-насиҳатлар унга таъсир қилмасди.

Эшак то урмагунингизча ўз ҳолатини ўзгартирмай ётаверади.

Аллоҳ таъоло Фиръавнни ғафлат уйқусидан қўзғатмоқни ирода этди.

Миср ям-яшил диёр! У турли лазиз мевалар, дон-дунларга бой ўлка.

Юсуф алайҳис-салом замонидаги очарчилик йилларида Шом ва Канъон аҳолиси Мисрдан дон ташиб кун кечирганларини яхши биласиз.

Нил дарёси Миср ерларини суғориб туради.

У Мисрда саодат ва хайр булоғи ҳисобланади.

Бутун Миср аҳли Нилни ризқ-рўз калити деб билишарди.

Мана шу серсув дарё туфайли мисрликлар ёмғир сувига қараб қолмаганлар. Инсонлар аслида ризқ-рўз калитлари Аллоҳ ҳузурида эканлигидан ғофилдирлар.

Зеро У зот ўзи хоҳлаган бандасига мўл-кўл ризқ бериб неъматлантиради. Аллоҳ кимгадир кам, кимгадир кўп ризқ ато қилади.

Нил ҳам Унинг амри билан қирғоқларидан тошиб оқади.

Аллоҳ таъоло Нилга қуримоқликни амр этди.

Нил суви ерга сингиб кетди.

Энди Миср аҳолисининг экин-тикини қаердан сув ичади?!

Ҳосилдан барака кетди. Ҳирмон тўлмади. Натижада очлик кетидан очлик бошланди.

Фиръавн ҳам, Ҳомон ҳам нима қилишни билмай ҳайрон эди. Шоҳнинг кўп сонли лашкари ҳам очарчилик қаршисида ожиз қолганди.

Миср аҳолиси Фиръавннинг ҳеч қанақа илоҳ эмаслигини ва ризқ-рўз бериш ёлғиз Аллоҳ ихтиёрида эканини англай бошладилар.

Лекин бу на Фиръавнга ва на Миср аҳлига бирон фойда бермади.

Улар ўзларини ўнглаб олмадилар, ғафлат уйқусидан бош кўтармадилар. Шайтон Миср аҳлини мавъизага кар, ибрат олишдан кўр қилиб қўйганди.

Мисрликлар мана шу балоларга Мусони, Бани Исроилни сабабчи қилдилар.

- Мана шу очарчиликка Мусо ва унинг қавмининг шум қадами сабаб бўлди!

Во ажабо! Ахир Мусо Мисрга кеча келгани йўқ эди-ку!

Бани Исроил ҳам узоқ йиллардан буён шу ерда яшаб келарди-ку!

Йўқ! Бу балолар Мусо ва унинг қавмининг шум қадамлигидан эмас, балки Миср аҳолисининг машъум қилмишлари-ю куфру исён ботқоғига ботганлиги сабабдандир.

Фиръавн ва унинг қавми ҳануз ўзларининг куфроний қайсарлигидан кечмаганди.

«Улар (Мусога): «Бизларни сеҳрлаш учун қандай оят-мўъжиза келтирсанг ҳам биз сенга ҳаргиз иймон келтиргувчи эмасмиз», дедилар».

 

6. Беш оят-аломат

Аллоҳ таъоло кофир қавмга кетма-кет балолар юбора бошлади.

Парвардигор улар устига сув балосини юборди. Осмондан ёмғир қуйди. Нил тўлиб тошди. Ёмғир ёғаверди, ёғаверди, ёғаверди. Экин майдонларини сув босди. Боғлар, экинзорларга қаттиқ талофат етди. Аслида раҳмат бўлган ёмғир уларга бало бўлиб келганди. Авваллари мисрликлар қурғоқчиликдан шикоят қилган бўлсалар, энди сув тошқинидан нолир эдилар.

Сўнг улар устига чигирткалар юборилди. Мўр-малахдай бостириб келаётган қоп-қора тўлқин ҳеч нарсани қолдирмай еб, йўлда давом этар эди.

Фиръавн қўшинлари Аллоҳ қўшини олдида ожиз қолишди. Ахир улар чигирткаларга қарши қандай ҳам жанг қилсинлар?!

Чигирткага найза санчиб бўлмаса! Уларга қарши қилич кўтариш ҳам бефойда эди.

Ҳозир яна бир бор барчанинг кўз олдида Фиръавн ва унинг хизматкорлариниг ожизлиги очиқ кўриниб қолди. Лекин Миср аҳли ҳали ҳам бу балолардан ибрат олмасдилар. ¢афлат уйқусида тош қотиб ётар эдилар.

Аллоҳ улар устига яна бир қўшин юборди. Бу сон-саноқсиз битлар лашкари эди. Мисрнинг ҳамма ёғини бит босиб кетди. Тўшакларда, кийимларда битлар ғужғон ўйнарди. Сочлар, баданлар битлар билан тўлди.

Фиръавн қавми тун бўйи ухламасдан қашланиб, тирноқлари билан бит ўлдириб чиқарди. Одатдагидек Фиръавининг беҳисоб қўшини бу ерда ҳам фақат томошабин бўлишга ярарди. Қиличлар, найзалар, ўқ-ёйлар билан битларга қарши ҳеч нима қилиб бўлмасди.

Кейин, кейин Миср аҳли устига қурбақа ёғдирилди. Овқатлар ичи қурбақа, сувлар қурбақа, кийимлар қурбақа...

Яшашнинг ҳаловати қолмади.

Одамлар уйларининг қай бурчагига қарамасин, бақрайиб турган қурбақани кўрардилар.

Уйлар қурбақаларнинг қуриллашию вақиллашига тўлиб кетди.

Одамлар битта қурбақани ўлдирсалар, ўрнига яна ўнтаси пайдо бўларди. Уйдан битта қурбақа ирғитилмасдан туриб, янги-янги қурбақалар овоз берарди.

Хизматкорлар ҳам, қўриқчилар ҳам қурбақалардан чарчашди...

Аллоҳ таъоло бу кофир қавмга ибрат бўлсин деб бешинчи оят-аломатни – қон балосини юборди.

Одамлар бурунларидан тинимсиз қон келиши оқибатида жуда ҳолсизланиб қолишди.

Ҳеч қандай дори-дармон қонни тўхтата олмасди. Табиблар бу ғалати дард олдида ожиз эдилар.

Кофир қавм ҳар гал бошига бало келганида Мусо алайҳис-саломга ёлворардилар;

- Парвардигорингга дуо қил. Биздан бу балони кўтарсин! Энди тавба этиб биз ҳам мўминлардан бўламиз. Бани Исроилни сен билан қўшиб юборамиз...

Лекин, бошларидан бало аригач, яна аҳдларидан қайтар эдилар.

«(Улар) устига тўфон (сел), чигиртка, бит, бақа ва қон (балоларини) очиқ оят-мўъжизалар қилиб юбордик. (Лекин) улар кибр-ҳаво қилдилар ва жиноятчи-осий қавм бўлдилар. Қачонки уларнинг устига бу азоб тушгач; «Эй Мусо, сенга берган ваъдаси ҳаққи-ҳурмати, Парвардигоринга дуо қил. Қасамки, агар бизлардан шу азобни кўтарсанг, албатта сенга (Пайғамбарлигинга) иймон келтирурмиз ва Бани Исроилни сен билан бирга (Ўз ватанларига) жўнатурмиз,» дедилар. Энди улардан бу азобимизни (улар) етиб боргувчи бўлган муддатгача (яъни қиёмат кунигача) кўтарганимизда эса, баногоҳ (ичган қасамларини) бузиб турибдилар».

 

7. Бани Исроилнинг Мисрдан сафар қилиши

Мисрнинг кенг ерлари Бани Исроил учун торлик қилиб қолди. Ахир, ҳар куни минг турли азоб ва хўрлик кўрувчи Исроил фарзандларига Мисрнинг ям-яшил водийлари қандай ҳам қувонч бағишласин?!

Бани Исроил токайгача сабр қилади? Улар ҳам жони оғрийдиган одамлар-ку!?

Аллоҳ таъоло Мусо алайҳис-саломга тунда Бани Исроилни олиб Мисрдан чиқиб кетишни ваҳий қилди.

Лекин шоҳнинг узунқулоқ айғоқчилари бу хабарни Фиръавнга етказдилар.

Мусо алайҳис-салом Бани Исроилни олиб муқаддас замин - Шом томон тунда йўлга чиқди. Бани Исроил 12 гуруҳга бўлинган бўлиб, ҳар бир гуруҳнинг ўз амири бор эди.

Шом йўлидан Мусо алайҳис-салом аввал ҳам икки марта юрган эди. (Бир гал Мадянга боришда, иккинчиси Мисрга қайтишда).

Лекин Мусонинг хоҳлагани эмас, Аллоҳнинг хоҳлагани бўлади.

Мусо алайҳис-салом тақдири азалда ёзилганидек, билган йўлидан адашиб кетди.

У Бани Исроил билан шимол томонга кетяпман, деб ўйласа-да, тун қоронғусида ўзининг шарққа қараб юраётганлигини сезмасди.

Кутилмаганда улар мавж уриб ётган қизил денгиз қаршисидан чиқиб қолдилар.

- Ё Аллоҳ, ё Парвардигор! Биз қаердамиз ўзи?!!

Бани Исроил ортларига бурилиб узоқдан кўтарилган қалин ғуборни кўрдилар.

Орқадан уфқни тўсиб Фиръавннинг катта қўшини таъқиб қилиб келарди.

Исроил фарзандлари умидсизликка тушиб дод-фарёд кўтаришди.

Эй Имроннинг ўғли! Биз сенга нима ёмонлик қилувдик? Фиръавн бизни худди сичқон боласидек ўлдириб ташлаши учун денгиз қирғоғига олиб келдингми? Ахир бу ердан ҳеч қаёққа қочиб кетиб бўлмайди-ку!?

Нима учун биздан интиқом оляпсан? Сенга бирон ёмон сўз дедикми?

Шу пайтгача сен сабабли кўрган жабру ситамларимиз каммиди? Энди шу ерга бошлаб келдингми?

Олдинда пишқирган денгиз, ортда эса қутурган душманлар.

Бу кун биз аниқ ҳалок бўламиз.

Бани Исроил кўзига дунё қоронғу бўлди. Кўзлар даҳшатдан дум-думалоқ бўлиб қолди. Овозлар бўғилди. Умидсизлик Исроил қавмини тўла қамраб олди.

Бугун саросимага тушмаган одам қолмади. Ҳа, ҳатто азим тоғлар ҳам бу қўрқув қаршисида ларзага келиши мумкин.

Лекин Мусонинг Парвардигорига бўлган иймони заррача сусаймади – ларзага келмади.

Инсонлар нубувват нури ёғилиб турган сўзни эшитдилар.

«Йўқ, аниқки мен билан бирга Парвардигорим бор. Албатта у мени (нажот) йўлига бошлар».

Аллоҳ таъоло Мусога асоси билан денгизни уришга амр қилди. Мусо Парвардигори амрини бажарди. Шунда денгиз ёрилиб сув худди тоғдек бўлакланиб қолди.

Ўн икки гуруҳ учун ўн икки йўл пайдо бўлди.

Бани Исроил денгиздан эсон-омон ўтиб кетди.

 

8. Фиръавннинг ғарқ қилиниши

Бани Исроилнинг денгиз ўртасидан очилган йўлдан соғ-омон ўтиб кетганини кўрган Фиръавн ўз қўшинига қараб қичқирди;

Қаранглар! Қочоқларни тутмоғим учун менинг амримга бўйсуниб денгиз ёрилди!

Фиръавн қўшини билан олға интилди. Бани Исроилни яна қўрқув қамради.

Золим душман улар томон денгиз ўртасидан эмин-эркин келмоқда эди.

Тамом, биз қўлга тушдик.

Фиръавн ҳозир бизни яна хорлаб, асир қилиб Мисрга олиб кетади ёки мана шу кимсасиз ерда қилич тиғидан ўтказади.

Мусо алайҳис-салом денгиз қайтадан аслига келиши учун асоси билан ерни урмоқчи бўлди.

Шунда Аллоҳ таъоло ваҳий қилди;

Эй Мусо, денгизга тегинма «албатта улар ғарқ қилинувчи қўшиндир».

Фиръавн ва унинг қўшини йўл ўртасига етгач денгиз ҳаракатга келди. Улар тўлқинлар тагида қолишди.

Ўлишини аниқ билгач, Фиръавн ўзининг куфр-кибр мастлигидан уйғонди.

«Энди унга (Фиръавнга денгизда) ғарқ бўлиш (пайти) етганида эса, у деди; ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Бани Исроил иймон келтирган зот - Аллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен ҳам мусулмонлардан - Аллоҳга бўйсинувчиларданман».

Лекин, энди Фиръавн учун тавба қилиш фурсати ўтган эди.

«На гуноҳ ишларни мудом қилиб юриб, қачонки бировларига ўлим келганида «энди тавба қилдим» дейдиган ва на кофир ҳолда ўлиб кетадиган кимсаларнинг тавбалари қабул қилинмас».

«Парвардигорингизнинг айрим оятлари келадиган кунда эса илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган) иймони фойда бермас».

Фиръавнга шундай дейилди.

- «Энди-я! Ахир сен илгари (яъни шу пайтгача) итоатсизлик қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку!».

Фиръавн денгизга ғарқ бўлди.

Минглаб гўдакларни қатл қилдирган қонхўр ўлди!

Минг-минглаб кишиларни зиндонбанд қилиб чиритган, осган, сўйган золим жон таслим этди!

Миср подшоҳи тахтидан, кошонасидан, салтанатидан йироқда жон берди.

Унинг бошида на даволовчи табиб, на меҳрибон дўст ва на йиғловчи бир кўз турмади!

Бани Исроил ҳали ҳам Фиръавннинг ўлганига шубҳа қиларди. Улар «Фиръавн ўлмайди» дейишарди.

- Ахир у неча кунлаб емасдан, ичмасдан юрар эди-ку?!..

Фақат денгиз унинг жасадини қирғоққа чиқариб ташлаганидан кейингина «Фиръавн аниқ ўлибди» дедилар.

Аллоҳ таъоло Фиръавнга хитобан шундай деди:

«Мана бугун ўзингдан кейинги кишиларга оят-ибрат бўлишинг учун сени жасадингни қутқарурмиз».

Фиръавн жасади инсон фарзандларига оят-ибрат бўлиши учун асраб қўйилди.

Бани Исроилни таъқиб этган қўшиндан бирон киши ҳам омон қолмади.

Шундай муаззам Миср мамлакатидан уларга етарли қабр насиб қилмади.

«Улар қанчадан-қанча боғларни, чашмаларни, экинзорларни ва улуғ-гўзал жойларни қолдириб (ўзлари ғарқ бўлиб) кетдилар ва (қанчадан-қанча) ўзлари вақтичоғлик қилган неъматларни (қолдириб кетдилар)! Мана шундай! Биз у (неъматларни бошқа) бир қавмга мерос қилиб бердик. Бас, уларга осмон ҳам, ер ҳам (аза тутиб) йиғламади, уларга (тавба-тазарруъ учун) муҳлат ҳам берилмади!».

 

9. Саҳрода

Фиръавн таъқибидан соғ-саломат қутулган Бани Исроил бехавотир ерга етганларида озод кишилардек енгил нафас олдилар.

Бу ерда уларга на Фиръавн ва на Ҳомон хавф соларди.

Энди Фиръавн жаллодларидан қўрқмасдан эмин-эркин, хотиржам юришлари мумкин эди. Лекин, ям-яшил водийда ўсган Бани Исроил саҳро қуёшидан озор чекарди.

Ҳозир Исроил фарзандлари Аллоҳнинг меҳмони эдилар.

Сиз шоҳларнинг ўз меҳмонларига қандай иззат-икром кўрсатишни биласизми? Албатта, азиз меҳмонларни жазирама офтобдан эҳтиёт қилиб шоҳона чодирлар тикилади...

Аллоҳ иззат-икроми эса ҳар қандай меҳмоннавозликдан юқори бўлади.

Пок Парвардигор амри билан Бани Исроилга булут соябон қилинди.

Исроил фарзандларини қуёш тиғидан сақловчи бу булутлар улар билан ҳамиша бирга юрарди.

Мусонинг қавми тўхтаса, булут ҳам тўхтар, юрсалар, у ҳам самода суза бошлар эди.

Саҳрода на бир қудуқ ва на бир кўл кўзга ташланмасди.

Бани Исроил Онасидан ёрдам кутган гўдак мисоли Мусога ташналик азобидан шикоят қилди.

Мусо алайҳис-салом Парвардигорига илтижо этди.

Ахир ундан ўзга мададкор борми?!

«Эсланг (эй бани Исроил) Мусо ўз қавми учун сув тилаганида, «Асоингни тошга ургил», дедик. Бас, ундан ўн икки чашма отилиб чиқди ҳар бир қабилага (улар ўн икки уруғ эдилар) ўз суви маълум бўлди».

Қорни очган Исроил фарзандлари яна Мусо алайҳис-салом олдига югуришди:

- Сен бизни турли лазиз меваларга бой бўлган ҳушманзара Миср еридан олиб чиқдинг. Энди, мана бу қуп-қуруқ саҳрода бизга ким бирон егулик беради?!

Мусо яна Парвардигорига дуо-илтижолар қилди. Ахир ундан бошқа кимга ҳам илтижо қилинади?!

Аллоҳ таъоло уларга егуликлар туширди.

Ҳолва каби лазиз ширинликлар дарахт баргларига қуйилиб туширилди.

Улар дарахтлар устидаги қушларни сира қийналмасдан ушлар эдилар.

Мана шу Аллоҳ томонидан берилган «ширинлик ва беданалар» эди.

Мана шу – яйдоқ саҳрода Бани Исроилнинг Аллоҳ томонидан меҳмон қилиниши эди.

 

10. Куфрони неъмат

Лекин узоқ давом этган қуллик Бани Исроилга ўз таъсирини ўтказган, уларнинг хулқ-атворини анча ўзгартган эди.

Бани Исроил бола табиатли бўлиб қолганди. Улар ҳеч бир нарсада узоқ вақт тура олмасдилар. Бесабр, беқарор кишиларга айланишган эди.

Шукри кам, нолиши кўп, ноз-зерикиши хўб бу қавм таъқиқланган нарсани хуш кўриб, берилган неъматларни ёқтирмасди.

Ҳали ҳеч қанча ўтмасдан туриб улар яна нолишга ўтдилар:

Эй Мусо, бир хил таом жонимизга тегди. Гўшту ҳолвалардан зерикдик.

Ерда ўсадиган кўк-сабзавотлардан егимиз келяпти.

- «Эй Мусо, бир хил таомга ҳеч қаноат қила олмаяпмиз. Парвардигоринга дуо қил, бизга ерда униб-ўсадиган сабзавотлардан, бодринг, саримсоқ, мош, пиёзга ўхшаган ўсимликлардан чиқариб берсин».

Мусо уларнинг бу ғалати сўровларидан таажжубга тушиб ҳам инкор, ҳам танбеҳ, ҳам ҳайрат оҳангида деди;

- «Яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни истайсизларми?»

- Қуш гўштлари, ҳолвалар каби инсон қўли тегмаган ноз-неъматларни ташлаб кўк-сабзавотларни орзу қиласизларми?

- Шоҳлар таомини деҳқонлар егулигига алмашасизларми?

- Эҳ сизларнинг орзу-ҳавасларингиз?!

Лекин Бани Исроил ўз талабида туриб олиб қайта-қайта сўрайвергач, Мусо алайҳис-салом уларга деди:

- Хоҳлаган шаҳрингиздан айтаётган нарсаларингизни топасиз.

«Қайси шаҳарга тушсангизлар сўраган нарсаларингиз турибди-ку?».

 

11. Қайсар Бани Исроил

Исроил фарзандлари ўжар табиатли болага ўхшардилар.

Улар буюрилган ишнинг тескарисини қилишни яхши кўришарди.

Бу қавм ўзларига айтилган нарсани албатта алмаштириш керак, деб турарди.

Худди ўжар болалар каби: Агар сиз уларга «Тур!», десангиз ўтириб олишади. «Ўтир!», деган буйруқни эшитишлари билан сакраб туришади. «Жим бўл!», дейилганда гапириб, «Гапир!», дейилса жим туришади.

Бани Исроилнинг ўжарлигида нодонлик, жинниларча ҳатти-ҳаракат ва мараз ишоралар ҳам бор эди.

Улар бир қишлоққа тушиб унинг сабзавотларидан емоқчи бўлдилар. Лекин Аллоҳ таъоло изн бергач:

«Ушбу қишлоққа (Қуддусга) кирингларда, ундан хоҳлаган жойларингизда еб-ичинглар. Дарвозадан сажда қилган ҳолингизда киринглар ва «авф эт» денглар, биз хатоларингизни мағфират қиламиз ва яхшилик эгаларига зиёда неъматлар ато қиламиз».

Бани Исроил ушбу илоҳий амрдан ўзларича дарғазаб бўлдилар. Улар шаҳарга хоҳламасдан истеҳзо қилиб орқалари билан ер супириб-судралиб кирдилар.

«Шунда золим кимсалар уларга айтилган сўздан бошқа сўзни алмаштириб айтдилар».

Аллоҳ таъоло улар устига вабо балосини юборди.

Қавм итдек ўлиб кетди.

Агар уларга бир нарса буюрилса, титкилаб қайта-қайта савол беришаверарди.

Киши бир ишни қилгиси келмаса, турли баҳоналар билан вақтни чўзиб юраверарди. Ҳадеб саволлар беради.

Бани Исроил орасида қотиллик содир бўлди. Одамлар ҳар қанча уринмасинлар ҳақиқий қотилни топиша олмади. Сўнг Мусо алайҳис-салом ҳузурига келдилар:

- Эй Аллоҳнинг Пайғамбари! Мана шу масалада бизга ёрдам бергин. Парвардигорингга дуо қил. Қотилнинг кимлигини билдирсин.

 

12. Сигир воқеаси

Мусо алайҳис-салом Аллоҳга дуо қилди.

Пок Парвардигор Бани Исрол қавмига бир сигир сўйишни ваҳий орқали буюрди.

Худди мана шу ерда масала чигаллашди. Бани Исроил яна масхараомуз саволларини бошлаганди.

«Эсланг! Мусо ўз қавмига:

- «Аллоҳ бир сигир сўйишларингни буюрди, деганда улар:

- «Устимиздан куляпсанми?» –дедилар.

Мусо деди:

- «Ундай жоҳиллардан бўлиб қолишдан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман».

Улар дедилар:

- «Парвардигорингга дуо қил, унинг қандайлигини баён қилсин».

(Мусо деди):

- «У зотнинг айтишича, у қари ҳам, ёш ғунажин ҳам бўлмаган ўрта бир сигирдир. Энди фармонни адо этинглар».

Улар шу ерда ҳам тўхташмади. Энди сигирнинг рангини суриштира бошлашди.

Улар дедилар:

- «Парвардигорингга дуо қил. Унинг рангини баён қилсин».

(Мусо) айтди:

- «У зотнинг айтишича, у очиқ-малларанг сигир бўлиб, кўрганларнинг кўнгли чоғ бўлади».

Ҳеч қандай савол топа олмаганларидан кейин умумий қилиб яна бир марта сўрашди:

Улар айтдилар:

- «Парвардигоринга дуо қил, унинг қандайлигини баён қилсин, бу мол бизга иштибоҳли бўлиб қолди. Иншаоллоҳ, энди йўлимизни топиб оламиз».

(Мусо) айтди:

- «У зотнинг айтишича, у шундай бир сигирки, хор бўлиб ер ҳайдамайди, у билан (сув ташиб) экин суғормайдилар, айбу нуқсонсиз, унда ўз рангидан бошқа ранг-бўёқ йўқ».

Улар:

- «Энди ҳақиқатни айтдинг», дедилар».

Лекин Бани Исроил ўзига-ўзи оғир қилиб қўйганди. Агар улар ҳадеб савол беравермасдан тўғри келган бир сигирни сўйганларида ҳам кифоя қилган бўларди.

Ўзлари қаттиқ олганидан кейин, Аллоҳ ҳам уларга қаттиқ қилиб қўйди.

Бани Исроил айтилган сигирни узоқ қидирди. Чунки юқоридаги сифатларга эга бўлган сигир жуда ҳам кам учрарди.

Бир сигир очиқ малларанг бўлса-да, ўрта ёшли бўлмасди.

Яна бирида кўп сифатлар топиларди-ю, лекин у ер ҳайдарди ёки сув таширди...

Қидиравердилар, қидиравердилар.

Ниҳоят ўзларининг хато қилганликларини тушундилар.

Аллоҳ таъоло бир етимнинг бахтини очди. Ваҳийда таърифланган сигир фақат мана шу етимда бор эди.

Бани Исроил сигирни жуда катта пулга сотиб олдилар.

Аллоҳ таъоло ўлдирилган кишини сигирнинг бир бўлак гўшти билан уришни буюрди. Шунда ўлик тирилиб қотилининг номини айтади.

Худди шундай бўлди....

 

13. Шариат

Бани Исроил энди одамлардек яшай бошлади. Улар чўлда ҳур, эркин эдилар.

Энди бу қавмга илоҳий бир шариат лозим эди. Токи улар мана шу шариат билан ҳукм қилсинлар, ҳаёт йўлларини ёритсинлар.

Инсон фақат илоҳий шариат нури остидагина инсондек яшаши мумкин.

Олам тим қора зулмат. Бу ерда Парвардигор томонидан берилган машъала зарур.

У Пайғамбарлар қўлидаги машъаладир.

Кимда-ким мана шу нур ортидан эргашмас экан, ҳаётда мудом кўр туядек адашиб юради.

Илоҳий нурдан ташқарида туриб тўқилган ақидалар болаларга эрмак бўладиган хурофотлардан бошқа нарса эмас.

Сиз мушрику кофирлар - турли адашган кимсалар ақидаларини, хурофотларини эшитмаганмисиз?

Уларнинг илми жаҳолат, тахмин ва шубҳа-гумон асосига қурилган.

«Улар фақат гумон-тахминга эргашурлар холос. Аниқ-ки, гумон ҳақиқатдан бирон нарсанинг ўрнига ўтмас!».

Жоҳилий ахлоқ бу исроф, қосирлик, ҳаддан ошишлик ва сусткашликдир.

Пайғамбарлар йўлига эргашмаган кимсалар ўзгалар ҳақ-ҳуқуқини бемалол ҳазм қилиб юборадилар. Улар ҳавои нафсларига эргашиб ўз чегараларидан ташқарига чиқиб кетишади.

Ҳукм юргизиш, сиёсат эса зулм, истибдод ва кишилар моли-ю ҳақ-ҳуқларини топташдан иборат бўлади.

Аллоҳдан қўрқмайдиган подшоҳлар ўз фуқаролари қонини беҳуда тўкишлари, ҳақ-ҳуқуқларини поймол этишлари, оманатларга ҳиёнат қилишларини наҳот билмасангиз?!

Қанча-қанча кишилар қуллик занжирига солинди. Инсонлар гуруҳ-гуруҳга ажратиб юборилди. Аёллар тирик қолдирилиб эрлар қилич тиғидан ўтказилди

Сиз биринчи ва иккинчи жаҳон урушларида неча миллион инсоннинг ёстиғи қуритилганини биласизми?!

Дунё тим қора зулмат.

«(Улар) устма-уст зулматлардир. У ўз қўлини чиқариб (қараса) кўришга яқин бўлмас. Кимга Аллоҳ нури (иймон) бермаса, бас, унинг (учун) ҳеч қандай нур бўлмас».

Пайғамбарлар инсонларга қандай ибодат қилиш кераклигини ўргатиш билан бир қаторда уларга ўзаро муомала-муносабат ҳақида ҳам таълим берган.

Аллоҳ таъоло элчиси дин одобидан ҳам, ҳаёт одобидан ҳам таълим берувчи муаллимдир. У инсонларга барча одобларни – ейиш, ичиш, ўтириш, ухлаш... одобларини ўргатади.

Гўё меҳрибон ота бўлиб ўзининг азиз жигарбандларига панд-насиҳат қилади.

Инсонлар Пайғамбарлар қаршисида гўдак мақомида турадилар. Улар гўдакликда оталари тарбиясига қанчалик муҳтож бўлган бўлсалар, эр етган чоғларида Пайғамбар тарбиясига шунчалик муҳтождирлар.

Нубувват таълим-тарбиясидан бебаҳра қолган мана шу кимсалар ёввойи ҳолда ўсган дарахтга ўхшайдилар. Зеро парваришсиз катта бўлган ўсимлик қинғир-қийшиқ бўлиб ўсиши мумкин.

 

14. Таврот

Аллоҳ таъоло Бани Исроилни китобсиз-ҳидоятсиз қавмлар каби адашиб-улоқиб кетишни истамади.

Уларни кўр туядек тентираб юришдан асрамоқни ирода этди.

Аллоҳ таъоло Мусо алайҳис-саломга покланиб 30 кун рўза тутишни, сўнгра Тур тоғига келишни буюрди. Аллоҳ таъоло Тур тоғида Мусо алайҳис-саломга хитоб қилиши ва айнан шу ерда унга китоб нозил этиши керак эди.

Мусо алайҳис-салом қавмидан 70 кишини гувоҳ бўлсин деб ўзи билан бирга олиб кетди. Чунки ўжар, ҳадеб ҳар нарсани кавлаштираверадиган Бани Исроил учун тирик гувоҳлар зарур эди.

«Мусо акаси Ҳорунга деди: «Қавмим устида менинг ўринбосарим бўлгин ва (агар ёмон амал қилсалар) тузатгин».

«Бузғунчи кимсалар йўлига эргашмагин».

Албатта, жамоани йўлбошчисиз ташлаб кетиб бўлмайди.

Мусо алайҳис-салом Тур тоғига ҳаммадан илгари етиб келди.

«Тур тоғи томон кетаётган Мусо йўлда улардан илгарилаб кетади. Шунда Аллоҳ деди;

- «Қавмингдан мунчалар кўп илгарилаб кетдинг, эй Мусо!»

У айтди:

- «Улар ана изимдан келурлар. Мен эса сен рози бўлишинг учун шошдим, Парвардигорим!».

Аллоҳ таъоло Мусо алайҳис-саломга аҳдлашилган қирқ кунни тўлиқ қилишни буюрди. Мусо Тур тоғида Парвардигори билан гаплашди.

Аллоҳ таъоло уни Ўзига яқин кишилардан қилди. Бундан тўлқинланиб кетган Мусо Аллоҳдан жамолини кўрсатишни сўради.

Лекин Мусо бунга дош беролмасди. Зеро, «Кўзлар уни идрок қилолмас, У эса кўзларни идрок этар! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) огоҳ зотдир».

Ҳатто буюк тоғлар Аллоҳ жамолини қўя туринг, Унинг каломини кўтаришга дош бера олмайди:

«Агар биз ушбу Қуръонни бирон тоғга нозил қилганимизда албатта сиз у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан эгилиб, ёрилиб кетган ҳолда кўрган бўлур эдингиз».

- «Сен Мени (бу дунёда) ҳаргиз кўролмайсан. Аммо мана бу тоққа боқ (Мен унга кўринурман). Бас, агар у (Мен кўринганимда) ўрнашган жойида тура олса, сен ҳам мени кўражаксан».

Қачонки, Парвардигори у тоққа кўринган эди, уни майда-майда қилиб ташлади ва (бу ҳолни кўрган) Мусо ҳушсиз ҳолда йиқилди. Ўзига келганидан кейин эса деди:

- «Пок Парвардигор (ноўрин савол сўрашдан) Ўзингга тавба қилдим. Энди мен (сенинг нақадар буюк зот эканлигингга) иймон келтирувчиларнинг аввали - пешқадамиман».

Аллоҳ айтди:

- «Эй Мусо, ҳақиқатан мен сени одамлар устида Пайғамбарим бўлишингга ва (бевосита) каломимни эшитишингга танлаб олдим. Бас, сенга ато этган нарсамни (яъни Пайғамбарликни) олгин ва шукр қилгувчилардан бўлгин!».

Мусо алайҳис-салом Бани Исроилга зарур бўлган батафсил баён ва маърузалар битилган лавҳларни олди. Аллоҳ таъоло уларни етказишга амр қилган эди.

Мусо танлаб олган 70 киши ёнига қайтиб Аллоҳ инъоми ҳақида сўз бошлаганида улар сурбетлик билан шундай дедилар;

- «Эй Мусо, Аллоҳни очиқ равшан кўрмагунимизча ҳаргиз сенга ишонмаймиз!».

Шунда уларни қараб турган ҳолларида чақмоқ урди.

Аллоҳ таъоло яратган чақмоқни кўтара олмаган кишилар у зотнинг нурига бардош бера олармидилар?!

Мусо алайҳис-салом Парвардигорига илтижо қилиб деди:

- «Парвардигорим, агар хоҳласанг уларни ҳам, мени ҳам илгари ҳалок қилсанг бўлур эди. Орамиздаги ақлсиз кимсаларнинг қилмишлари сабабли (энди) бизларни ҳалок қиласанми?!

Аллоҳ таъоло Пайғамбарининг илтижоларини қабул қилди. Уларга қайтадан ҳаёт бахш этди. Шояд энди шукр қилсалар?!

 

10. Бузоққа сиғиниш

Бани Исроил Мисрда анча вақт мушриклар билан қўшни яшаган эди. Қибтийларнинг жуда кўп нарсага сиғинишларини улар ўз кўзлари билан кўрардилар.

Шу боис Исроил фарзандлари аста-секин ширкдан нафратланмай қўйдилар. Худди эски уй деворларидан сув сизиб кирганидек улар қалбига ҳам ширк муҳаббати уй қура бошлади.

Озгина фурсат топилиши биланоқ мисли пастликка югураётган сувдек ширкка қараб чопишарди.

Қалблар бузилган, хоҳиш-истаклар нотўғри йўналишга бурилган эди. Ҳақ йўлни кўра-била туриб ташлаб кетардилар. Залолатга мудом қучоқ очардилар.

Бани Исроил Фиръавн таъқибидан қочиб Қизил денгиздан ўтиб кетди.

«Сўнг улар бутларга сиғиниб турган бир қавм олдидан ўтдилар ва: «Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер», дедилар».

Уларнинг бу ноўрин тилакларидан Мусонинг жаҳли чиқди.

- «Албатта сизлар билмайдиган қавмдирсизлар!».

Во ажаб! Бу не зулм?! Бу не кўрнамаклик?! Ахир Аллоҳ уларга ҳали ҳеч кимга берилмаган неъматларни бермади-ми?

Ахир Аллоҳ таъоло уларни бутун оламлардан афзал қилиб қўймадими?!

Мусо деди:

- «Мен, сизларни бутун оламлардан афзал қилиб қўйган Аллоҳдан ўзгани (яъни жонсиз бутни) сизларга худо қилиб бераманми?».

Мусо Парвардигори билан сўзлашмоқ учун Тур тоғига қараб кетди. Бани Исроил Мусо кетганидан сўнг шайтоннинг ўлжасига айланди.

Уларнинг орасида Сомирий деган бир бадбахт кимса ҳам яшарди.

«Сўнг (Сомирий ўша зеб-зийнатларни оловда эритиб, худди тирик бузоқ каби) овози бор ҳайкал-бузоқ (ясаб) чиқариб берди. Сўнг (Сомирий ва унинг шериклари): «Сизларнинг ҳам, Мусонинг ҳам илоҳи шу эди, (Мусо) унутиб, (уни бошқа ердан излагани кетибди»), дедилар».

Бани Исроил қавми мана шу бузоқ билан фитналанди.

Улар кўрларча бузоққа юкина (сиғина) бошладилар.

«Ахир унинг ўзларига бирон сўз қайтара олмаётганини ва бирон зиён ҳам, фойда ҳам етказишга қодир эмаслигини кўрмайдиларми?!

Ҳолбуки (бузоққа сиғинишларидан) илгари Ҳорун уларга:

- «Эй қавмим, сизлар бу билан фақат имтиҳон қилиндинглар холос, (бас, у бузоққа сиғинманглар!) Шак-шубҳа йўқки, сизларнинг. Парвардигорингиз ёлғиз Раҳмон Марҳаматли Аллоҳдир. Бас, менга эргашинглар ва амримга итоат қилинглар!»- деганди».

Лекин Сомирийнинг сеҳри билан алданган Бани Исроил бу залолатидан қайтмади.

«Улар: «То бизларга Мусо қайтмагунича, унга (шу бутга) ибодат қилиб–сиғинишдан ҳаргиз ажралмаймиз», деган эдилар».

 

16. Жазо-уқубат

Аллоҳ таъоло Мусога қавмининг Сомирий сеҳри билан фитналанганини маълум қилди.

Мусо ғоят хафа бўлиб, ғазабланиб қайтди.

У Аллоҳ учун қавмига ва оғаси Ҳорунга ғазаб қилди.

«(Мусо қайтиб келгач) деди:

- «Эй Ҳорун, сен уларнинг йўлдан озганларини кўрган пайтингда менинг ортимдан боришингдан (ва менга бу ҳақда хабар беришингдан) сени нима тўсди?! Менинг амримга итоатсизлик қилдингми?!»

- «Эй онамнинг ўғли, сен менининг соч-соқолимдан тортмагин. Мен (агар бузоққа сиғинаётганларни қўйиб, йўлдан озмаган кишилар билан сенинг ортингдан борсам) менинг сўзимни кутмай, Бани Исроилни бўлиб юборибсан, дейишингдан қўрқдим».

«(Ҳорун) деди:

- «Эй онамнинг боласи-биродарим», бу қавм мени хўрлаб, ўлдиришларига оз қолди, энди сен ҳам бу душманларни менинг устимдан кулдирмагин ва мени бу золим қавм билан бирга деб билмагин».

(Мусо) деди:

- «Парвардигорим, мени ва биродаримни ўзинг мағфират қилгайсан ва бизни ўз раҳматингга доҳил қилгайсан.

Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғисан».

Сўнг Мусо Сомирийга юзланди;

- Эй Сомирий! Бу нима қилганинг?!

Сомирий ўз гуноҳига иқрор бўлди:

«Менга нафсим ана шундай қилишни чиройли кўрсатди».

(Мусо) деди:

- «Бас йўқол! Энди сен учун ҳаётда «Менга тегманглар», дейишгина бордир, (яъни умрингнинг охиригача яккамохов бўлиб қолурсан)».

Мусо уни шундай жазолади.

Энди Сомирий то ажали етгунича ваҳший ҳайвондай одамлардан йироқда бир ўзи юради.

Инсон учун бундан ҳам қаттиқ жазо борми дунёда?!!

Минглаб кишиларни ширк балчиғи ила булғатган кимсадан ҳазар қилмоқ лозимдир. Аллоҳ билан бандалари ўртасини ажратмоқчи бўлган кас (одам) яккамохов қилинмоғи шарт.

Аллоҳ ерида туриб унга ўзгаларни шерик қилишга чақирган кимса учун бутун ер юзи зиндон бўлмоғи керак.

Мусо Сомирий ясаган лаънати бузоқни ўтда ёндириб, сўнг кулини денгизга сочиб юборишни буюрди.

Бани Исроил ўзларига маъбуда бўлган бузоқнинг охир-оқибат бир ҳовуч кул эканини кўрдилар.

Мусо Бани Исроилга хитоб қилди:

«Қавмим, сизлар бузоққа ибодат қилиш билан ўзингизга зулм қилдингиз. Энди ўзингизни (бир-бирингизни) ўлдириш билан сизни бор қилгувчи зотга тавба қиласиз. Бор қилгувчи зот наздида мана шу (қатл) сизлар учун хайрлироқдир».

Бузоққа сиғинмаган кишилар бузоққа сиғиниб кетганларни қатл қилдилар. Аллоҳ таъоло улар тавбасини мана шундай қабул этди.

«Шубҳасиз, бузоқни («худо» қилиб) ушлаган кимсаларга Парвардигорлари тарафидан ғазаб ва ҳаёти дунёда хор-зорлик етар. (Аллоҳ шаънига) ёлғон тўқувчи кимсаларни мана шундай жазолаймиз».

Аллоҳдан ўзгага қул бўлган кимсаларнинг ҳоли то қиёматга қадар мана шундай бўлади.

 

17. Бани Исроилнинг қўрқоқлиги

Мисрда Бани Исроил қул эди. Уларинг болалари ҳам қул бўлиб ўсди. Хорлик ва озорларга кўникиб кетган Бани Исроил йигитларининг қони қайноқ эмасди.

Улар жанг қилишни, ўзлари ўзларига ҳоким бўлишни унутиб юборган эдилар. Исроил фарзандлари хор-зор бўлиб, беватан юришга одатланишди. Аллоҳ ваҳийси билан Мусо алайҳис-салом орзу қиларди: қани энди Исроил фарзандлари муқаддас заминга қадам қўйсалар.

Шунда Бани Исроил ҳам озод ҳаёт кечирарди.

Лекин қавмининг табиатидаги қўрқоқликдан Мусо бехабар эди.

Муқаддас заминни куч-қувватли, зўравон кимсалар эгаллаб олган эди.

Мусо қавмини шаҳарга-муқаддас заминга киришга ундай бошлади. Уларга Аллоҳнинг Бани Исроилга берган неъматларини эслатди. Бутун оламлардан муфаззал қилинганликларини айтди. Зора Бани Исроил бу хор ҳаётдан кечиб Аллоҳ йўлида жиҳодга отланса!

Лекин то шаҳардан зўравон кимсалар чиқиб кетмагунича яҳудийлар у ерга киришга рози бўлмасди.

«Мусо қавмига деди:

- «Эй қавмим, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини - орангиздан пайғамбарлар чиқарганини, яна сизларни мулку давлат эгалари қилиб, барча оламлар ичра бирон кишига бермаган инъомларни сизларга ато этганини ёдга олингиз».

- Қаршингизда муқаддас замин турибди. Сизлар уни душманларингиздан тортиб олмоғингиз лозим. Агар Аллоҳ кишининг пешонасига бир неъматга етишишни ёзган бўлса, ҳеч ким бу кишини қайтара олмайди. Зеро Аллоҳ тақдирини қайтаргувчи йўқдир.

- «Эй қавмим, Аллоҳ сизлар учун ёзиб қўймиш бу муқаддас ерга (шаҳарга) кирингиз! Ортларингизга қайтиб кетмангиз, акс ҳолда зиён кўрувчиларга айланиб қолурсиз», деганида улар;

- «Ё Мусо, у ерда зўравон одамлар бор. То улар чиқмагунларича биз у ерга зинҳор кира олмаймиз. Агар улар чиқиб кетсаларгина биз дохил бўлурмиз», дедилар.

(Шунда ўн икки бошлиқ орасидан) Аллоҳдан қўрқадиган ва унинг инъом-марҳаматига муяссар бўлган икки киши:

- «Уларнинг устига дарвозадан тўсатдан кирингиз, ундан кириб олишингиз биланоқ шубҳасиз ғолиб бўлурсиз. Агар мўмин бўлсангизлар, ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар!» дедилар».

Лекин бу гап ҳам Бани Исроилга таъсир қилмади.

- Эй Мусо,- дейишди улар - Агар шу шаҳарга киришимиз жуда шарт бўлса, сен ўзинг бир мўъжиза билан кириб ола қол. Агар сенинг кирганигни эшитсак, кейин биз ҳам эмин-эркин кираверамиз.

«(Қавм) айтди:

- Ё Мусо, модомики улар шу жойда экан, биз ҳеч қачон кира олмагаймиз. Бас, боргин, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан уришаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб кутурмиз».

Мусо алайҳис-саломнинг қавмидан ҳафсаласи пир бўлди.

«Мусо айтди:

- Парвардигорим, мен фақат ўзимга ва биродарим (Ҳорунга) эгаман холос. Бас, Ўзинг биз билан бу итоатсиз қавмнинг орасини ажратгин.

Аллоҳ деди:

- «Энди қирқ йил мобайнида бу ер улар учун ҳаромдир. Улар ерда (саҳроларда) адашиб-улоқиб юрурлар. Сен бу итоатсиз қавм қилмишидан маҳзун бўлмагин».

Мана шу муддат ичида Мисрда қуллик ва хорликда ўсиб улғайган авлод дунёдан ўтиб кетарди.

Сўнг янги авлод дунёга келади. Бу авлод саргардонликда қийналиб катта бўлади. У келажак авлод.

Яҳудийлар оқибати ҳамиша мана шундай. Улар мудом адашиб-улоқиб хорликда яшаб ўтадилар.

 

18. Илм йўлида

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан қуйидаги мазмунли ҳадис ривоят қилинган:

Бир куни Мусо Бани Исроил орасида хутба қилаётганда ундан «Дунёда энг илмли ким?», деб сўрашди. Мусонинг «Энг илмли зот Аллоҳдир!» демаганлиги учун Парвардигори олам унга танбеҳ берди.

Аллоҳ таъоло Мусога ваҳий қилди:

- Икки денгиз қўшиладиган жойдаги бир бандам сендан илмлироқ.

Мусо сўради:

- Парвардигор, мен у бандангни қандай топаман?

Унга айтилди:

- Сен саватга бир балиқ солиб йўлга туш. Қаерда балиқни йўқотсанг уни (Ҳизрни) ўша ердан топасан.

Мусо Юша ибн Нун исмлик йигити билан саватда балиқ кўтариб йўлга тушди. Улар бир қоятош олдида тўхтаб уйқуга кетдилар. Шунда балиқ саватдан чиқиб денгизга шўнғиди.

Мусо ҳам, хизматкор йигит ҳам ҳеч нарсани сезмади. Улар яна йўлларида давом этишди.

Тонг отгач, Мусо Юша ибн Нунга буюрди:

- Нонуштамизни келтир! Дарҳақиқат биз бу сафаримизда жуда толиқдик.

Улар тўхташлари керак бўлган жойдан ўтиб кетмагунларига қадар сира қийналмаган эдилар.

- Қоятош ёнида тўхтаганимизни эслайсизми?- деди Юша – Ана ўша ерда балиқни унутиб қолдирибман.

- Ахир, биз излаётган нарса ҳам шу эди-ку! -деди Мусо.

Улар келган излари бўйлаб орқага қайтдилар.

Дам олган қоятошлари ёнига етганларида у ерда кийимига ўралган бир кишини учратишди.

Мусо унга салом берди.

- Сенинг юртингда (бу) салом қаердан бўлсин?, -деди ҳалиги киши.

- Мен Мусоман.

- Бани Исроилнинг Мусосими?

- Ҳа. Сизга билдирилган илмдан менга ҳам таълим беришингиз учун сизга эргашсам майлими?

- Мен билан бирга юришга сабр қилолмайсан. Эй Мусо, Аллоҳ менга шундай бир илм берганки, сен уни билмайсан. Сенга ҳам бир илм берилганки, мен уни билмайман.

- Иншаоллоҳ, сиз менинг сабрли кишилардан эканимга ўзингиз амин бўласиз. Мен ҳеч бир ишда сизга қарши чиқмайман.

Мусо билан Ҳизр соҳил бўйлаб юриб кетишди.

Баногоҳ денгизда кема кўринди. Улар кемадагилардан ўзлари билан бирга олиб кетишларини сўради.

Кемадагилар Ҳизрни таниганликлари учун ҳеч қандай ҳақ олмасдан Мусо иккисини кемага ўтқиздилар.

Иттифоқо, кема четига бир чумчуқ келиб қўнди-да, денгиз сувидан бир-икки чўқинди.

Шунда Ҳизр Мусога деди:

Эй Мусо, сенинг ҳам, менинг ҳам илмим Аллоҳ илми олдида мана шу денгиздан чумчуқнинг бир чўқишичалик холос.

Тўсатдан Ҳизр кема тахталаридан бирини суғуриб олиб кемани тешиб қўйди.

Мусо деди:

- Улар биздан ҳеч қандай ҳақ олмасдан кемаларига чиқарсалар-у, сиз одамларни чўктириш учун кемани тешасизми?

- Мен сенга «Мен билан юришга сабр қилолмайсан,» демабмидим?!

- Унутиб қўйганим учун мени айбламанг ва бу ишим сабабли мени оғир ҳолга солманг.

Бу Мусонинг биринчи унутиши эди.

Улар кемадан тушиб йўлларида давом этишди.

(Қаршиларидан бир тўп бола чиқди.) Баногоҳ Ҳизр ўйнаб юрган болаларнинг бирини бошидан ушладида, шартта узиб ташлади.

- Ҳеч кимни ўлдирмаган, бегуноҳ бир боланинг қонини тўкдингиз-ку?!

Мен сенга «Мен билан бирга юришга сабр қилолмайсан,» демабмидим?

Мусо яна узр сўради.

Улар бир қишлоққа кириб боришди. Қишлоқ аҳлидан таом сўраган эдилар, уларни меҳмон қилишдан бош тортишди. Қишлоқда  йиқилиб кетай деб турган бир деворни Ҳизр алайҳис-салом тиклаб қўйди.

Мусо алайҳис-салом яна ўзларини тўхтата олмадилар:

- Агар хоҳлаганингизда, бу ишингиз учун улардан ҳақ олсангиз бўларди.

- Мана шу сен билан менинг ажрашишимиздир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:

«Аллоҳ Мусони Ўз раҳматига олсин. Қани эди, Мусо сабр қилганида-ю, иккисининг қиссаси бизга (тўла) ҳикоя этилганда».

 

19. Шарҳ

Сўнг Ҳизр алайҳис-салом Мусога деди:

«Энди мен сени сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвили (шарҳи)дан огоҳ қилурман.

Кема хусусига келсак, у денгизда ишлайдиган мискин-бечораларники эди. Бас, мен уни айбли қилиб қўймоқчи бўлдим. (Чунки) уларнинг (кемадагиларнинг) ортида (кўзлаб кетаётган манзилларида) барча (бутун) кемаларни талон-тарож қилиб, тортиб олгувчи бир подшоҳ бор эди.

Ҳалиги боланинг эса ота-оналари мўмин кишилар эдилар. Бас, биз у (бола) туғён ва куфр билан уларни қийнаб қўйишидан қўрқдик.

Шу сабабдан, уларга Парвардигор (бола)дан кўра покизароқ, ундан кўра меҳрибонроқ (бошқа бир болани) бадал-эваз қилиб беришини истадик.

Энди девор эса шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина бор эди. Уларнинг оталари жуда яхши киши эди.

Бас, улар вояга етиб, парвардигорингнинг раҳмат-марҳамати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини Парвардигоринг ирода қилди.

Мен бу (ишларнинг биронтасини) ўз-ўзимча қилганим йўқ. Мана шу сен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидир».

Аллоҳ таъоло илмини қамраб олишга ҳеч ким қодир эмаслигини Мусо алайҳис-салом тушунди.

Парвардигори олам ҳар кимга ҳар хил илмни билдирди. Шубҳа йўқки, ҳар қандай илм эгаси устида барча нарсадан огоҳ Аллоҳ туради.

 

20. Бани Исроил Мусо алайҳис-саломдан кейин

Бани Исроил қилмишига яраша жазо олиб саҳрода улоқиб юрганида, Мусо алайҳис-салом вафот этди.

Аллоҳ таъоло уларга хор-зорликни зарб қилиб қўйди. Улар Аллоҳ ғазабига учрадилар.

Парвардигори олам Бани Исроилга ўз даврида ҳеч кимга берилмаган неъматларни берганди. Уларни бой-бадавлат қилиб, ораларидан пайғамбарлар чиқарган эди.

Фиръавн бани Исроилни даҳшатли азобларга соларди. Эрларини ўлдириб, аёлларини тирик қолдирарди. Аллоҳ таъоло уларни Фиръавн зулмидан қутқарди.

Денгизни ёриб уларга йўл очди. Кўз ўнгиларида Фиръавн ва унинг қўшинини ғарқ қилди.

Бани Исроил устига булутларни соябон этди. Осмондан ширинликлар ва бедана гўшти ёғдирди.

Ейиш-ичишларини кенг қилди. Ерларида зилол булоқларни оқизиб қўйди.

Мана шу неъматларнинг барчасига улар куфр билан, исён билан жавоб бердилар.

Бани Исроил уларга энг кўп ачинадиган пайғамбарлари Мусо алайҳис-саломни ҳам дарғазаб қилишди.

Йўқса Мусо уларга ота-оналаридан ҳам меҳрибонроқ эди.

Меҳрибон она етим гўдаги атрофида парвона бўлгани каби Мусо ҳам Бани Исроилга парвона эди.

Уни ҳақорат қилсалар, уларни дуо қиларди. Устидан кулсалар, уларга ачиниб йиғларди. Ҳар қанча озор берсалар ҳам уларга қайғурарди.

Фиръавн қуллигидан, Миср зиндонидан, бадбахт қуллик ҳаётидан уларни озодликка, ҳур инсонлар ҳаётига олиб чиққанди.

Аллоҳ олдида эътиборли бўлган Мусо алайҳис-саломни ўзларича паст кўрар, масхара қилар эдилар.

Мана шундай қавм хорликка, азобга, доимий адашиб-улоқишга лойиқ эмасми?!!

Ҳа, улар ўзларининг қилмишлари сабабли бундан ҳам қаттиқроқ жазога лойиқлар.

«Аллоҳ уларга зулм қилмади. Ва лекин улар ўзларига (ўзлари) зулм қилдилар».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар ки жуз моҳи, зи обаш сер шуд,Ҳар ки берўзист, рўзаш дер шуд. Сувга ким тўйди балиқдан бошқа ҳеч Кимки бўлса бенасиб, кун бўлди кеч .Балиқдан бошқа барча махлуқот давоми...

1153 04:13 / 28 март
Оврўподаги миллатчилик Черковнинг мағлубияти мутаассиблик, миллатчилик ва ирқчиликнинг кучайишига сабаб бўлдиМиллатчилик, ирқчилик, халқ ва жўғрофий давоми...

5165 05:00 / 11.03.2017
Охирги пайтларда коммунистик тузум халқимиз бошига келтирган мусибатлар ҳақида кўп гапирмоқдамиз. Шубҳасиз, бу мусибатлар ичида миллатимизни ўз динидан жудо давоми...

3052 05:00 / 07.03.2017
Халқ орасида .Сўфи Оллоёр, номи билан машхур .Саботуложизин, асари Мовароуннаҳр ўлкаларида XX асрга қадар мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилган. Ўкувчилар давоми...

8171 05:00 / 07.03.2017