1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

«Боғларингни узиб, озод бўл, эй ўғил!..»

13:05 / 06 май 942 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Жалолиддин Румий «Маснавий»ига шарҳлар)


Банд бигсил, бош озод, эй писар!

Чанд боши банди сийму банди зар?!

Эй ўғил, кўп сийму зарга бандисен,

Бандларинг уз, бўлғил озод энди сен!

Атоқли Нақшбандия Шайхи Саййид Маҳмуд Асъад Жўшон (раҳматуллоҳи алайҳ) ёзадилар: «Тасаввуфда нафсини енга олган кишиларни «Аҳрор» дейдилар. Масалан, ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор. Бундаги «Аҳрор» – «ҳурлар» демакдир.

Мавлоно Жалолиддин Румий бир шеърида айтадики:

«Эй фарзанд! Кишанларингни узиб, озод бўл, ҳур бўл! Қачонгача олтину кумушга боғланиб, асир бўлгайсан?! Узгил бу боғларни, озод бўл!»

Демакки, инсон олтинга боғлиқ, кумушга боғлиқ, пулга боғлиқ, манфаатга боғлиқ! Маъмур, яъни буюрилган киши амирининг олдида «миқ» этолмайди. Дўкон соҳиби харидорни ишонтириш учун минг бир ҳунар кўрсатади. Мижознинг бирор сўзига қарши чиқмайди. «Нима қилсанг-қил, кетсанг-кет!» деёлмайди... Инсонлар кўпгина нарсаларнинг асиридир. ...Ҳар ким бир нарсага асир, биров хотинига асир, биров нафсига асир. Тағин тубанроғи – шайтонга асир бўлганлар бор! Мавлоно Жалолиддин Румий айтади: «Узгил бу кишанларни, ҳур бўл, эй ўғлон! Эй фарзанд! Узгил бу боғларни! Ҳурриятингни бир олгил қўлингга! Ҳур бўл, озод бўл!».

Демак, тасаввуфнинг бош ғояларидан бири инсонни, инсоннинг нафси асоратидан, тутқунликдан қутқармоқдир. Мавлоно ана шуни баён қиляптилар.

Моддий неъмат каби маънавий неъмат ҳам ризқдир

Гар бирези баҳрро дар кўзае,

Чанд ғунжад? Қисмати якрўзае!

Гар бутун денгизни бир кўзангга сол,

Қанча сиғсин? Кундалик ризқингни ол!

«Агар бир денгизни бир кўзага тўксанг, қанча сиғади? Сенга тақсим қилинган бир кунлик ризқинг сиғади, холос!».

Моддий неъматлар каби, илм-маърифат, иззат, мартаба маънавий неъматлар ҳам Аллоҳнинг тақсимотидир. Хоҳ моддий неъмат бўлсин, хоҳ маънавий неъмат бўлсин, ҳар ким наcибасига яраша олади, холос.

 

Маънавий ҳарислик – маърифатга ташналик

Кўзаи чашми ҳарисон пур нашуд,

То садаф қонеъ нашуд – пурдур нашуд.

 

Лек ҳарислар кўзаси ҳеч тўлмагай,

То садаф қонмас, у пурдур бўлмагай.

 

«Лекин ҳарисларнинг кўзи ҳаргиз тўймайди, то садаф қонмагунича, у дурга тўлмайди».

Моддий неъматларга ҳарислик – қораланган хислат. Маънавий неъматларга ҳарислик эса – мақталган хислат. Бу ўринда маънавий ҳарислик кўзда тутилган.

Бу байт шарҳида ҳазрати Мавлоно Жалолиддин Румий билан ҳазрати Шамси Табрезийнинг Кўнё шаҳридаги илк учрашувларини ва ўртада бўлган савол-жавобни эслаш ўринлидир. Ўша илк суҳбатнинг зубдаси – ўзак ҳикмати ушбу сўздир:

«Боязиднинг чанқоғи биттада қонди ва у серобликдан дам урди. Унинг идрок кўзаси шу билан тўлди. Ва ул нур (маърифат нури) билан унинг кулбасининг туйнуги тўлган эди. Аммо ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳоллари улуғ бўлиб, ишлари чанқоқлик устига чанқоқлик эди! Муборак кўкслари: «Алам нашроҳ лака содрок?» («Биз сенинг кўксингни кенг – мунаввар қилиб қўймадикми?») оятининг шарҳи билан ва яна: «Ва арзуллоҳи восиъатун» («Аллоҳнинг ери кенгдир» ояти сирига зоҳир) бўлган эди! Шу боис ичган сари яна ташналикдан дам урдилар ва ул зот тобора қурбат – Аллоҳга яқин бўлиш илтижосида эдилар!..

Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ё Раббим! Мен Сени маърифатингга ҳаққига лойиқ тўлиқ таний олмадим» деганлар. Мана шу маънавий ҳарисликдир.

Вужуд – руҳнинг либоси

Ҳар киро жома зи ишқе чок шуд,

Ў зи ҳирсу айб куллий пок шуд.

 

Кимки ишқдан гар либоси чок бўлур,

Ҳирсу ҳар айбдан у буткул пок бўлур.

«Ҳар кимнингки ишқдан тўни, яъни кийими йиртилган бўлса, бадани ошкор бўлса, яъни сири очилса, у ҳар қандай ҳирс ва айбдан пок бўлди».

Исмоил Ҳаққий Бурсавий «Руҳул-Маснавий» китобида айтадилар: «Гарчи иттисол, яъни бир-бирига боғлаш филжумла важҳдир, яъни Зотдир, чок бўлишни, йиртилиш, очилиш, ошкор бўлишни тўн, яъни либосга нисбат қилинди. Чунки ишқи ҳақиқийнинг ғалабасидан суратий либос – зоҳирий кийим чок бўлади (яъни, сир фош бўлади), бамисоли фироқдан кўкси илма-тешик бўлганидек (Ишқ сурат либосига сиғмай қолади). Бу ўринда «жома»дан – «либос»дан мурод – вужуд жомаси, борлиқ либосидирки, (асл маънода) руҳ жуббаси – руҳ либосидир. (Яъни, тан руҳнинг либосидир. Маъшуқ – дўст, вужуд – пўстдир). Пўстдан мурод – вужуддир.

...Жома, жубба, тўн, яъни либосдан мурод – борлиқ-коинот оламидир. Чунки борлиқ-олам Яратган Зотга гўё либосдек бўлган (яъни, Унинг Зотини яшириб тургандир).

Демак, байт маъноси қуйидагича бўлади: «Ҳар кимнинг ишқи ҳақиқий таъсири билан вужуди худди либоси чок бўлганидек чок бўлса, умрни фано деб топса, фақат ҳирсдан эмас, балки ботиний айблардан, ёмон хулқлардан, қабиҳ сифатлардан, разил ҳоллардан поклик, тозалик ва покизалик, назофат ва нақоват, яъни софликни қабул этади. Чунки бу умр вужуд боғлиқлигидан йўқ бўлувчидир. Вужуд бўлмаган жойда унинг музофоти – боғлиқлиги ва алоқадорлиги ҳам бўлмайди».

Мирзо Кенжабек

«Ҳилол» журналининг 10(55) сони

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуёш порлаб чиқди гўё Бани Ҳошим бошидан,Бир марҳамат келди Раҳмондин аларнинг қошида.Олам ғарқ бўлмоқ узра турарди қизлар ёшидан,Икки олам раҳмати мушфиқ давоми...

1265 14:18 / 11.10.2023
Охирги пайтларда коммунистик тузум халқимиз бошига келтирган мусибатлар ҳақида кўп гапирмоқдамиз. Шубҳасиз, бу мусибатлар ичида миллатимизни ўз динидан жудо давоми...

3053 05:00 / 07.03.2017
Қайтадир Канъонга ул Юсуфи сарсон, ғам ема, Бир куни ғам кулбаси бўлгай гулистон, ғам ема Бўлма бадбин, ғамзада кўнглинг иши ўнглангуси, Тоабад савдоли бош қолмас давоми...

1171 16:59 / 07 июнь
Тоҳир Маликнинг мазкур китоби .Меҳмон туйғулар, китобининг тузатилган, тўлдирилган иккинчи нашридир. Мазкур китоб орқали ёзувчининг фикрий оламига меҳмон давоми...

16813 05:00 / 07.03.2017