1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Ўрнингиздан қимирламанг!

14:30 / 03.06.2024 2274 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қурайш мушриклари Бадр ғазотидан синган ҳолда чиқди. Ислом уларнинг кибриёсини тупроққа белади. Унда кофирларнинг энг кўзга кўринган бошлиқларидан бир қанчаси ҳалок бўлди.

Мана шу жиҳатдан Уҳуд ғазоти ҳақ ва ботил ўртасидаги кураш маъносида Бадрнинг иккинчи бўлими бўла олмайди.

Уҳуд мушриклар учун қасос олиш бўлса, мусулмонларга нисбатан ислом тарихидаги энг етук дарслардан бири бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайш қўшинининг ўнг томонида Холид ибн Валид (у ҳали мусулмон эмасди) бошчилигидаги лашкарларни кўрдилар. Улар тоғнинг орқасидан бостириб келиб, мусулмонлар қуршовда қолишидан қўрқдилар. Шунинг учун етмишта (бошқа бир ривоятда элликта) камончини тоғнинг тепасида қўйдилар. Уларга очиқ ҳарбий буйруқ бердилар:

«Ўрнингиздан қимирламанг. Гарчи мағлуб бўлаётганимизни кўрсангиз ҳам бизга ёрдам берманглар. Ғалаба қилаётганимизни кўрсангиз ҳам бизга шерик бўлманглар!»

Уруш бошланди. Мусулмонлар чиройли ҳаракат қилишди. Қурайш Бадрда кўрган азобларини яна кўра бошлади. Мушриклар қоча бошлади. Мусулмонлар уларни қува бошлади. Ҳалиги тоғда турган камончилар ҳам ғалаба ва ўлжадан насибадор бўлиш учун тоғдан тушишди. Ана шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўрққан ишлари содир бўлди. Холид орқа томондан ҳужум қилди. Мусулмонлар ўртада қолишди. Ғалаба мағлубиятга чалиниб йиқилди.

Бу итоатсизликдан яхши дарс олиниши керак:

«Бу уммат Пайғамбари ва қўмондонининг амрини бажармас экан,  ғалабага эриша олмайди».

Бугун Уҳуд жанги тугаган бўлса-да, мусулмонларнинг ортини химоя қиладиган камончилар хатоси тўхтагани йўқ.

Барча майдонларда бу динни ҳимоя қиладиганларга шарафлар бўлсин!

Бош эгиш ва турли рангларда тусланишдан воз кечиб, чўғни тутиб турганларга шарафлар бўлсин!

Улар заифлашганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ўрнингиздан қимирламанг!», деган овозларини эшитадилар.

Фарзандларини намоз, рўза ва гўзал ахлоқ ила тарбия қилаётган азиз оналар! Сиз бизнинг орқа томондан ҳимоя қиляпсиз. Ўрнингиздан қимирламанглар!

Фарзандларидан «Амма ятаса’алун» порасини сўраётган азиз оталар! Сиз бизни ортдан келиб зарба берадиганлардан ҳимоя қиляпсиз. Ўрнингиздан қимирламанглар!

Бу авлодни тарбияласа яна Абу Бакрлар, Умарлар, Усмонлар чиқишига ишонадиган карамли устозлар! Сиз бизни орқа томондан ҳимоя қиляпсиз. Ўрнингизда маҳкам туринглар!

Бошлиқларидан олдин ўзларини Аллоҳ кузатиб турганини билиб, сидқидилдан, виждонан ишлаётган вазифадорлар! Сизлар бизни орқа томондан ҳимоя қиляпсиз. Ўрнингиздан қимирламанглар!

Ҳеч бир алдовсиз-хиёнатсиз бино қураётганлар, кўприк, метро ва йўллар бино қилаётган азиз муҳандислар! Сиз бизни орқа томондан ҳимоя қиляпсиз. Ўрнингиздан қимирламанглар!

Фарзанд парваришига тайёргарлик ўлароқ ўзларини иффат асосида тарбиялаётган мастура қизлар! Сизлар бизни орқа томондан ҳимоя қиляпсиз. Ўрнингизда маҳкам туринглар!

Бомдод намозининг ёшлари! Қуръон дарслари ишқибозлари! Илм мажлислари ошиқлари! Сизлар бизнинг мустаҳкам қалқонимизсиз. Ўрнингиздан қимирламанглар!

Ҳар биримиз ўзимиз ҳақимизда ўйлаб кўрсак, бу диннинг ходими ва аскари эканимизни англаймиз. Ҳар биримиз муҳим бир ўриндамиз. Қандайдир бўшлиқни тўлдирамиз, хатарни даф қиламиз. Аллоҳ бизнинг ҳар биримизни муҳим бир ўринга қўйган. Гарданимизга омонат ва масъулият юклаган.

Ўрнимиздан қимирламайлик!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сенегал давлатидаги Ислом тарихи 1000 йилдан ортиқ бўлиб, 913 асрларда Ғарбий Африканинг кичик давлатларидан бири бўлган Текрур қироллигидан келиб чиққан. Унинг давоми...

2330 11:02 / 21.06.2022
Эйнштейн айтади .Осмонга кўтарилиш асносида ҳаво етишмаслиги ортиб ва ортиб бораверади. Ҳатто, ҳаво етишмаслик сабаб бўғилиш юзага келади,.Қуръони Карим эса бу давоми...

2427 11:00 / 27.07.2021
Эҳтиёт бўлиш лозим бўлган қалб хасталикларининг яна бири бидъат ҳисобланади..Бидъат, сўзи луғатда .бир нарсани янгитдан пайдо қилиш, деган маънони давоми...

6922 20:24 / 03.07.2017
Аллоҳ раҳматига олсин, устоз Аҳмад Муҳаммад Турсун бир куни суҳбат асносида ўзлари бевосита иштирок этган араб диёрларидан биридаги бадавлат бир хонадонда давоми...

1651 15:55 / 26.04.2024
Аудиолар

230193 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148771 14:35 / 11.08.2021