1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 04 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ота-онанинг розилиги жаннатдан жой олишдир

13:47 / 22 май 944 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Албатта, ҳар бир банданинг асосий мақсадларидан бири жаннатдан жой олишдир. Зотан, бу дунё ҳаётидан мақсад ҳам шу. Шунинг учун банда борки, ўзининг жаннатга киришига сабаб бўладиган амални қилиш пайидан бўлади. Ота-онага яхшилик қилиш мазкур амаллар ичида энг кўзга кўринганларидан бири ҳисобланади.

عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ - وَهُوَ سَعْدٌ - قَالَ: قُلْتُ لِابْنِ عَبَّاسٍ: إِنِّي رَجُلٌ حَرِيصٌ عَلَى الْجِهَادِ، وَلَيْسَ أَحَدٌ مِنْ قَوْمِي إِلَّا وَقَدْ لَحِقَ بِالْجِهَادِ - أَوْ قَالَ: بِالْأَمْصَارِ - إِلَّا أَبَوَايَ، وَإِنَّ أَبَوَايَ أَوْ أَبِي كَارِهٌ لِذَلِكَ؟ فَقَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ: لَا يُصْبِحُ رَجُلٌ لَهُ وَالِدَانِ فَيُصْبِحُ وَهُوَ مُحْسِنٌ. قَالَ: قُلْتُ: إِلَيْهِمَا؟ قَالَ: نَعَمْ، إِلَّا فَتَحَ اللهُ لَهُ بَابَيْنِ مِنْ أَبْوَابِ الْجَنَّةِ، وَلَا يُمْسِي وَهُوَ مُحْسِنٌ إِلَّا فَتَحَ اللهُ لَهُ بَابَيْنِ مِنْ أَبْوَابِ الْجَنَّةِ، وَإِنْ كَانَ وَاحِدًا، وَلَا يُصْبِحُ وَهُوَ مُحْسِنٌ إِلَّا فَتَحَ اللهُ لَهُ بَابًا مِنَ الْجَنَّةِ، وَلَا يُمْسِي وَهُوَ مُحْسِنٌ إِلَّا فَتَحَ اللهُ لَهُ بَابًا مِنَ الْجَنَّةِ، وَلَا يَغْضَبُ عَلَيْهِ وَاحِدٌ مِنْهُمَا فَيَرْضَى اللهُ عَزَّ وَجَلَّ عَنْهُ حَتَّى يَرْضَى. قَالَ: قُلْتُ: وَإِنْ كَانَ ظَالِمًا؟ قَالَ: وَإِنْ كَانَ ظَالِمًا.

Саъд ибн Масъуддан ривоят қилинади:

«Ибн Аббосга: «Мен жиҳодга ҳарис одамман. Қавмимдан жиҳодга қўшилмаган ёки турли юртларга бормаган ота-онамдан бошқа ҳеч ким қолмаган. Ота-онам – ёки отам – буни ёқтирмайди», дедим.

Шунда Ибн Аббос: «Ота-онаси бор одам уларга яхшилик қилмасдан тонг оттирмасин», деди.

«Иккисигами?» дедим.

«Ҳа! Аллоҳ унга жаннат эшикларидан иккитасини очади. Ким яхшилик қилган ҳолда кеч киритган бўлса, Аллоҳ албатта унга жаннат эшикларидан иккитасини очади. Агар биттаси бўлса, унга яхшилик қилиб тонг оттирса, Аллоҳ албатта унга жаннат эшикларидан бирини очиб қўяди ва улардан бирига яхшилик қилган ҳолида кеч киритса, Аллоҳ албатта унга жаннат эшикларидан бирини очиб қўяди. Улардан бири ундан (боласидан) ғазабланса, у рози бўлмагунича Аллоҳ рози бўлмайди», деди.

«Золим бўлса ҳамми?» дедим.

«Золим бўлса ҳам», деди».

Шарҳ: Ушбу ривоятнинг қаҳрамони Саъд ибн Масъуд жиҳодга қаттиқ қизиққан одам бўлган. Аммо ота-онаси уни бу ишдан қайтарганлар. Уларнинг қавмидаги барча кишилар жиҳод ёки бошқа юртларга сафар қилишда қатнашган. Саъд ибн Масъуднинг ота-онасидан бошқа қабиланинг барча одамлари мазкур ишларни қилишган. Саъд ибн Масъуд ўзича бундан уялиб, ўзига нуқсон бўлиб кўринаётган нарсадан оиласини халос қилмоқчи, бошқаларнинг олдида уялишга чек қўймоқчи бўлган. Аммо ота-онаси ўзларининг қилмишлари етмагандек, фарзандлари Саъд ибн Масъудни ҳам бу савобли ишдан қайтармоқдалар.

Ана шундай бир пайтда Саъд ибн Масъуд катта саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига шикоят қилиб келди. Сўнг нима бўлганини у кишининг ўзидан эшитамиз:

«Мен жиҳодга ҳарис одамман. Қавмимдан жиҳодга қўшилмаган ёки турли юртларга бормаган ота-онамдан бошқа ҳеч ким қолмаган. Ота-онам – ёки отам – буни ёқтирмайди», дедим».

Бу саволнинг зимнида «Ота-онам ёқтирмаса ҳам, ўзбошимчалик қилиб жиҳодга кетаверайми?» деган гап бор. Хўш, бу саволга Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу қандай жавоб берар экан? Ахир у киши «Ислом умматининг илм денгизи» лақабини олган улуғ олим саҳобийдир. Жавоб қандай бўлганини Саъд ибн Масъуднинг ҳикояси давомидан билиб оламиз.

«Шунда Ибн Аббос: «Ота-онаси бор одам уларга яхшилик қилмасдан тонг оттирмасин», деди.

«Иккисигами?» дедим».

«Ҳа! Аллоҳ унга жаннат эшикларидан иккитасини очади».

Ота-онага яхшилик қилган ҳолда тонг оттириш жаннатнинг бир йўла икки эшигининг очилишига сабаб бўлар экан.

«Ким яхшилик қилган ҳолда кеч киритган бўлса, Аллоҳ албатта унга жаннат эшикларидан иккитасини очади».

Ота-онасига яхшилик қилган ҳолда кунни кеч қилиш билан фарзандга жаннатнинг яна икки эшиги очилар экан. Фарзанд ота-онасига яхшилик қилгани учун унга жами бўлиб бир кеча-кундузда жаннатнинг тўрт эшиги очилар экан. Бундай бахт ҳар кимга ва ҳар қандай амал учун ҳам насиб бўлавермайди.

Ота-онанинг икковлари бўлмай, фақат бирлари бўлса ва бола ўша борига яхшилик қилса ҳам, бебаҳра қолмайди.

«Агар биттаси бўлса, унга яхшилик қилиб тонг оттирса, Аллоҳ албатта унга жаннат эшикларидан бирини очиб қўяди ва улардан бирига яхшилик қилган ҳолида кеч киритса, Аллоҳ албатта унга жаннат эшикларидан бирини очиб қўяди».

Фарзанд ота-онадан бирига яхшилик қилгани учун бир кеча-кундузда жаннатнинг иккита эшиги очилишига эришар экан. Демак, доимий равишда ота-онага яхшилик қилиш пайидан бўлиш керак экан.

Шу билан бирга, ота-онанинг ёки улардан бирининг ғазабига дучор бўлмаслик пайидан бўлиш лозим.

«Улардан бири ундан (боласидан) ғазабланса, у рози бўлмагунича Аллоҳ рози бўлмайди».

Ҳа! Ота-онасининг ёки улардан бирининг ғазабига учраган бола Аллоҳ таолонинг ҳам ғазабига учраши турган гап.

Ота-она ҳам банда, уларнинг ғазаби ҳақдан ҳам, ноҳақдан ҳам чиқиши мумкин. Агар ота-она фарзандидан ноҳақ равишда ғазабланса ҳам, юқоридаги гапларга тўғри келаверадими? Ана шу мулоҳаза ривоят қаҳрамони Саъд ибн Масъуднинг хаёлига ҳам келди. Буни ҳам аниқлаб олиш учун:

«Золим бўлса ҳамми?» деди.

«Золим бўлса ҳам», деди».

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг бу жавоблари замирида, «Албатта, Аллоҳ таолога маъсият бўлмаган нарсаларда», деган истисно ҳам бор. Чунки бу умумий ва ҳаммага маълум қоидадир.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Бирор аҳамиятли ишга қўл урмоқчи бўлган одам илмли кишидан сўраб, билиб олиши кераклиги.

2. Ота-онанинг фарзандга қилаётган муомаласида шубҳа бўлса, фарзанд улардан илмли одамга шикоят қилиши жоизлиги.

3. Қадимда боласининг жиҳодга боришига тўсиқ бўлган ота-оналар бўлгани.

4. Ота-онаси бор одам кундузи иккисига яхшилик қилса, Аллоҳ унга жаннат эшикларидан иккитасини очиши.

5. Ота-онаси бор одам кечаси икковларига яхшилик қилса, Аллоҳ унга жаннат эшикларидан иккитасини очиши.

6. Ота-онасидан бири бор одам кундузи унга яхшилик қилса, Аллоҳ унга жаннат эшикларидан бирини очиши.

7. Ота-онасидан бири бор одам кечаси унга яхшилик қилса, Аллоҳ унга жаннат эшикларидан бирини очиши.

8. Ота-онадан бири боладан ғазабланса, у рози бўлмагунича Аллоҳ рози бўлмаслиги.

9. Ота-она зулм қилса ҳам, фарзанд сабр қилиши кераклиги.

عَنْ كَعْبٍ الْأَحْبَارِ قَالَ: قَالَ لُقْمَانُ لِابْنِهِ: يَا بُنَيَّ، مَنْ أَرْضَى وَالِدَيْهِ فَقَدْ أَرْضَى الرَّحْمَنَ، وَمَنْ أَسْخَطَهُمَا فَقَدْ أَسْخَطَ الرَّحْمَنَ، يَا بُنَيَّ، إِنَّمَا الْوَالِدَانِ بَابٌ مِنْ أَبْوَابِ الْجَنَّةِ، فَإِنْ رَضِيَا مَضَيْتَ إِلَى الْجَبَّارِ وَإِنْ سَخَطَا حُجِبْتَ.

Каъбул Аҳбордан ривоят қилинади:

«Луқмон ўғлига шундай деди: «Эй ўғлим, ким ота-онасини рози қилса, Раҳмонни рози қилган бўлади. Ким ота-онасини норози қилса, Раҳмонни норози қилган бўлади.

Эй болам, ота-она жаннат эшикларидан биридир. Агар рози бўлсалар, Жаббор сари борасан. Агар аччиқлари чиқса, маҳрум бўласан».

Шарҳ: Луқмони ҳаким ва унинг ўғлига қилган насиҳатлари Қуръони Каримда ҳам зикр қилинган. Бу ривоятдан Луқмони ҳакимнинг ўғлига қилган насиҳатлари ҳадисларда ҳам баён қилинганини билиб оламиз.

«Эй ўғлим, ким ота-онасини рози қилса, Раҳмонни рози қилган бўлади».

Ота рози – Худо рози, она рози – Худо рози, деган гаплар мана шу ҳадислардан олиниб, мақолга айланиб кетган. Шунинг учун фарзандлар ота-оналарининг розилиги учун ҳаракат қилишлари, бу масалада ниҳоятда эҳтиёт бўлишлари лозим.

«Ким ота-онасини норози қилса, Раҳмонни норози қилган бўлади».

Ота-онанинг розилигини топиш учун ҳаракат қилиш билан бир қаторда уларнинг норозилигига учрашдан ҳам сақланиш лозим бўлади. Чунки ота-онанинг норозилиги Аллоҳнинг норозилигига сабаб бўлади.

Ушбу икки ишнинг ўзи фарзанднинг жаннатга киришига сабаб бўлиши турган гап. Аммо, шу билан бирга, яна ҳам таъкидлаш учун қуйидаги жумла ҳам келтирилмоқда:

«Эй болам, ота-она жаннат эшикларидан биридир. Агар рози бўлсалар, Жаббор сари борасан. Агар аччиқлари чиқса, маҳрум бўласан».

Юқорида ўтган ривоятлардан бирида «ота-она жаннат эшигининг очилишига сабаб», дейилган бўлса, бу ривоятда улар айнан «жаннат эшиги» деб аталмоқда. Бу ибора яна ҳам таъсирчан чиққан.

Шундай экан, ҳар бир фарзанд ота-онасининг розилигини топиб, улар орқали жаннатга кириш пайидан бўлсин.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Ота-онасини рози қилган фарзанддан Аллоҳ таоло ҳам рози бўлиши.

2. Ота-онасининг ғазабини чиқарган фарзанддан Аллоҳ таолонинг ҳам ғазаби чиқиши.

3. Ота-она жаннат эшикларидан бири экани.

4. Ота-онасини рози қилган фарзанд Аллоҳ таолонинг ҳузурига очиқ юз билан бориши.

5. Ота-онасининг ғазабига учраган фарзанднинг йўли тўсилиб қолиши.

عَنْ عَمْرَةَ بِنْتِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ: أَنَّ النَّبِيَّ r قَالَ: بَيْنَا أَنَا نَائِمٌ إِذْ رَأَيْتُنِي فِي الْجَنَّةِ، فَسَمِعْتُ قَارِئًا فَقُلْتُ: مَنْ هَذَا؟ فَقَالُوا: حَارِثَةُ بْنُ النُّعْمَانِ، كَذَلِكُمُ الْبِرُّ، كَذَلِكُمُ الْبِرُّ، وَكَانَ مِنْ أَبَرِّ النَّاسِ بِأُمِّهِ».

Амрата бинти Абдурраҳмондан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тушимда ўзимни жаннатда кўрибман. Бир қорини эшитдим ва: «Бу ким?» деб сўрадим. «Ҳориса ибн Нуъмон. Яхшилик шунақа бўлади. Яхшилик шунақа бўлади», дейишди. У одамларнинг онасига энг кўп яхшилик қиладигани эди», дедилар».

Шарҳ: Ҳориса ибн Нуъмон розияллоҳу анҳу онасининг розилигини олган, хизматини қилган фарзандлардан экан. Ана шу сабабли у кишининг жаннатга тушиш башорати Расулуллоҳга тушларида кўрсатилган экан. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тушларида жаннатда юриб, Ҳориса ибн Нуъмон розияллоҳу анҳунинг у ерда қироат қилаётганларини эшитиб, сўраб, у кишининг кимлигини билган эканлар.

Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, Ҳориса ибн Нуъмон розияллоҳу анҳу онасининг бошини қараб қўяр ва ўз қўли билан у кишига таом берар экан. Бирор гапларини англамай қолса ҳам, «Нима дедингиз?» деб сўрамас, ташқарига чиққанда, бошқалардан «Онам нима дедилар?» дея сўрар эканлар.

Албатта, эркак киши бировнинг бошини қараб, уни сирка ва шунга ўхшаш нарсалардан тозалаши осон иш эмас. Бу ишни қилиш учун сабр билан бирга чексиз ихлос ҳам керак бўлади. Шунингдек, катта одамга доимий равишда қўли билан таом егизиб бориш ҳам мислсиз чидам билан бирга беназир муҳаббат ва эҳтиромни ҳам тақозо қилади.

Она гапирганида бирор сўзни англамай қолган фарзанд онасининг ўзига индамай, ташқарига чиқиб, «Ҳозир онам нима дедилар?» деб сўраши онага бўлган эҳтиромнинг олий намунаси десак, муболаға бўлмайди.

Албатта, зикр қилинган нозик ишларни қойилмақом қилиб ўринлатган одам улардан бошқаларини гўзал тарзда жойига қўйган бўлади. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳориса ибн Нуъмон розияллоҳу анҳуга жаннат башоратини берганлар.

Ҳориса ибн Нуъмон розияллоҳу анҳунинг оналарига кўрсатган хизматлари ҳар бир мўмин-мусулмон фарзандга яхши ўрнак, гўзал намуна бўлиши лозим.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушларида жаннатни кўришлари.

2. Жаннатда қорилар қироат қилиши.

3. Ҳориса ибн Нуъмон розияллоҳу анҳунинг фазллари.

4. Онанинг розилиги ва хизмати ила жаннатий бўлиш мумкинлиги.

عَنْ عَمْرَةَ، عَنِ النَّبِيِّ r، بِمِثْلِهِ.

Амрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан худди юқоридагидек ҳадис ривоят қилинади».

Шарҳ: Худди шунга ўхшаган ривоятни бошқа одам ҳам айтган экан. Аввалги гапни тасдиқлаш учун, кучли эканлигини билдириш учун ҳадис илми уламолари ривоятни такрор келтириб қўйишади.

عَنِ الْقَيْسِيِّ قَالَ: قَدِمْتُ أَبَا هُرَيْرَةَ فَقُلْتُ: يَا أَبَا هُرَيْرَةَ، إِنَّ الْجِهَادَ قَدْ فَضَّلَهُ اللهُ، وَإِنِّي كُلَّمَا رَحَلْتُ رَاحِلَتِي جَاءَ وَالِدَايَّ فَحَطَّا رَحْلِي. قَالَ: هُمَا جَنَّتُكَ، فَأَصْلِحْ إِلَيْهِمَا، ثَلَاثًا.

Қайсийдан ривоят қилинади:

«Абу Ҳурайрага: «Эй Абу Ҳурайра, Аллоҳ жиҳодни фазилатли қилиб қўйган. Мен қачон юкимни юкласам, ота-онам келиб, юкимни уловдан туширишади», дедим.

Шунда у уч марта: «Икковлари сенинг жаннатинг, уларга яхшилик қилавер», деди».

Шарҳ: Ушбу ривоятнинг соҳиби Қайсий ўзича жиҳодда иштирок қилиб, савобини кўпайтириб, жаннатга кириш иштиёқида экан. Аммо қачон мазкур ниятни амалга оширишга киришиб, сафар анжомларини уловига юкласа, ота-онаси унинг юкларини тушириб, ўзини сафардан қайтарар эканлар.

Қайсий ўзини жаннатга эришиш йўлидаги ишдан қайтараётган ота-онаси устидан катта саҳобийлардан бўлган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга шикоят қилишга қарор этди. У кишининг ҳузурига бориб: «Эй Абу Ҳурайра, Аллоҳ жиҳодни фазилатли қилиб қўйган. Мен қачон юкимни юкласам, ота-онам келиб, юкимни уловдан туширишади», деди.

Аммо Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг жавоби Қайсий орзу қилгандек чиқмади. У киши арзни тинглаганидан кейин ота-онасидан шикоят қилаётган, жаннатга киришига сабаб бўладиган амалдан қайтаришда уларни айблаётган фарзандга: «Икковлари сенинг жаннатинг, уларга яхшилик қилавер», деди».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шу гапни уч марта қайта-қайта такрорладилар. Демак, ҳаттоки жиҳодга отланиб турган одам учун ҳам ундан кўра ота-онанинг розилиги, уларнинг хурсандчилиги афзал экан.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Ота-онанинг қилаётган ишини тушуниб етмаган бола илмли кишилардан сўраб, аниқлаб олиши кераклиги.

2. Қадимда ҳам боласини жиҳоддан қайтарган ота-оналар бўлгани.

3. Ота-она рози бўлмаса, жиҳодга бориш мумкин эмаслиги.

4. Керакли гапни уч марта такрорлаб айтиш мумкинлиги.

5. Ота-она фарзанднинг жаннати экани.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саудиялик бир йигит кекса отаси билан кичик бир уйда яшар эди. Йигит корхонада оддий ходим бўлиб ишлар, уйланиш учун маошидан йиғиб борар, ота ва ўғилнинг ҳаёти давоми...

1527 17:00 / 07.07.2022
1. Отанг сени айблаб уришаётган пайтда сени ёмон кўрганидан уришмайди.2. Отанг сенга босим ўтказаётган пайтда энг яхши нарсалар сен учун бўлишини умид қилади. 3. давоми...

3451 11:00 / 05 январь
. Аввом ибн Ҳавшабдан ривоят қилинади .Мужоҳид менга .Бола ўзидан отасининг қўлини қайтармайди. Ота уни нима қилса, тек қўяди,, деди,. Шарҳ Агар ота давоми...

590 10:37 / 03 ноябрь
44. Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади.Абу Ҳурайра икки кишини кўриб қолиб, улардан бирига.Бу киминг бўлади, деди..Отам бўлади,, деди у..Ундай бўлса, уни исмини давоми...

3641 08:45 / 26.01.2019
Аудиолар

133448 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53791 14:35 / 11.08.2021