1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ота-онанинг фарзандига қилган дуоси тўсиқсиз қабул бўлади

14:07 / 31 май 2146 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ثَلَاثُ دَعَوَاتٍ مُسْتَجَابَاتٍ لَا شَكَّ فِيهِنَّ: دَعْوَةُ الْمَظْلُومِ، وَدَعْوَةُ الْمُسَافِرِ، وَدَعْوَةُ الْوَالِدِ عَلَى وَلَدِهِ.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч дуо мустажобдир. Уларда шак йўқ: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзандига дуоси», дедилар».

Шарҳ: Демак, зулм қилишдан ва мазлумнинг дуойибадига учрашдан эҳтиёт бўлиш лозим. Имкони бўлса, мазлумларга ёрдам бериб, уларнинг хайрли дуосини олишга ҳаракат қилиш керак.

Шунингдек, мусофирларга ёрдам бериб, кўнглини кўтариш, сафарда ҳожатманд бўлиб юрган пайтларида уларнинг дуосини олиб қолиш яхши.

Энг муҳими, ота-онанинг дуосини олиб қолиш керак.

Ота-онанинг дуосини олиб, қарғишидан эҳтиёт бўлиш ҳар бир фарзанд учун ғоятда муҳимдир. Бу маъно кейинги саҳифаларда батафсил баён қилинган.

Мусофир одам ҳам ўзининг сафардаги ҳолати ила Аллоҳ таолога яқин бир вазиятга ўтиб қолади. Шунинг учун унинг дуоси ҳам қабул бўлиши аниқ бўлиб қолади.

Мазлум одам зулмда қолгани туфайли Аллоҳ таолога илтижоси кучайган ва дуоси мақбул бўладиган бўлиб қолади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч тоифанинг дуолари рад қилинмас: рўзадорники то оғзини очгунича; одил имомники; мазлумники. Мазлумнинг дуосини Аллоҳ булут устига кўтаради ва унга осмон эшикларини очади. Сўнгра Робб: «Иззатим ила қасамки, сенга кейинроқ бўлса ҳам нусрат берурман», дейди», дедилар».

عَنْ مُجَاهِدٍ يَرْفَعُهُ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: كُلُّ شَيْءٍ بَيْنَهُ وَبَيْنَ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ حِجَابٌ إِلَّا شَهَادَةَ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَدَعْوَةَ الْوَالِدِ.

Мужоҳиддан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарса билан Аллоҳ азза ва жалланинг орасида парда бор. Фақатгина «Лаа илааҳа иллаллоҳ» шаҳодати ва ота-онанинг дуоси бундан мустасно», дедилар».

Шарҳ: Мана шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмон «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни тарк этмаслиги, шунингдек, ота-онанинг дуосини олишга ҳаракат қилиши керак. Ана шунда жуда улуғ ва буюк бир фазлга, марҳаматга, бахтга, саодатга сазовор бўлади.

عَنْ مُجَاهِدٍ قَالَ: دَعْوَةُ الْوَالِدِ لَا تُحْجَبُ عَنِ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ.

Мужоҳиддан ривоят қилинади:

«Ота-онанинг дуоси Аллоҳ азза ва жалладан тўсилмайди».

Шарҳ: Яъни ота-онанинг фарзандига қилган дуоси тўсиқсиз қабул бўлади. Шунинг учун фарзанд ота-онадан яхши дуо топиш пайида бўлиши, Аллоҳ сақласин, ёмон дуо қилишларига сабабчи бўлиб қолмаслиги керак.

عَنِ الْحَسَنِ قَالَ: كَانَ رَجُلٌ مِمَّنْ قَبْلَكُمْ كَانَتْ لَهُ عِبَادَةٌ، وَكَانَ يُصَلِّي فِي مِحْرَابٍ لَهُ، فَأَتَتْهُ أُمُّهُ فَجَعَلَتْ تُنَادِيهِ، فَيَنْظُرُ إِلَيْهَا، فَقَالَتْ: يَا جَرِيُّ، يَا جَرِيُّ. قَالَ: صَلَاتِي وَأُمِّي. فَكَرِهَ أَنْ يَقْطَعَ صَلَاتَهُ مِنْ أَجْلِ أُمِّهِ، فَغَضِبَتْ فَدَعَتْ عَلَيْهِ فَقَالَتْ: اللَّهُمَّ لَا تُمِيتَنَّ جَرِيًّا حَتَّى تُقِيمَهُ مَقَامَ الزُّنَاةِ. وَإِنَّهُ كَانَ رَاعٍ يَرْعَى غَنَمًا لَهُ فِي بِرْيَةٍ، فَإِذَا أَمْسَى دَخَلَ فِي غَارٍ فَكَانَ فِيهِ، وَأَنَّهُ نَكَحَ امْرَأَةً، فَلَمَّا كَانَ حِينَ وِلَادَتِهَا قِيلَ لَهَا: مِمَّنْ وَلَدُكِ هَذَا؟ قَالَتْ: مِنْ جَرِيٍّ، وَأَنَّهُ أُتِيَ جَرِيٌّ فَقَالَ: مَا شَأْنُكُمْ؟ فَقَالُوا: أَنْتَ شَأْنُنَا، وَأَنْتَ حَاجَتُنَا، وَأَنْتَ طَلْبَتُنَا. فَقَالَ جَرِيٌّ: مِمَّنْ وَلَدُكِ هَذَا؟ قَالَتْ: مِنْكَ. قَالَ: مِنِّي! قَالَتْ: نَعَمْ. فَأَرَادُوا أَنْ يَنْطَلِقُوا بِهِ لِيَحْبِسُوهُ، فَقَالَ: أُنْشِدُكُمْ بِاللهِ لَمَّا أَنْظَرْتُمُونِي لَيَالِيَ لِكَيْمَا أَدْعُو رَبِّي وَأَسْأَلُهُ. فَأَنْظَرُوهُ لَيَالِيَ، اللهُ أَعْلَمُ كَمْ هِيَ، وَأَنَّهُ أُتِيَ فِي الْمَنَامِ فَقِيلَ لَهُ: إِذَا اجْتَمَعَ النَّاسُ فَاطْعَنْ فِي بَطْنِ الْمَرْأَةِ وَقُلْ: أَيَّتُهَا السَّخْلَةُ مَنْ أَنْتَ أَوْ مَنْ أَبُوكَ؟ فَإِنَّهُ سَيَقُولُ لَكَ: أَبِي رَاعِي غَنَمٍ. قَالَ: فَاجْتَمَعَ النَّاسُ فَعَمَدَ جَرِيٌّ فَطَعَنَ فِي بَطْنِ الْمَرْأَةِ فَقَالَ: أَيَّتُهَا السَّخْلَةُ تَكَلَّمِي مَنْ أَنْتَ وَمَنْ أَبُوكَ؟ قَالَ: أَبِي رَاعِي غَنَمٍ. قَالَ الْحَسَنُ: فَذُكِرَ لِي أَنَّ مَوْلُودًا لَمْ يَتَكَلَّمْ فِي بَطْنِ أُمِّهِ غَيْرَهُ وَغَيْرَ عِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ.

Ҳасандан ривоят қилинади:

«Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши бўлган эди. У доимий ибодатда эди. Ўзининг меҳробида намоз ўқирди. Бир куни онаси келиб, уни чақирди. У онасига қаради. У (онаси): «Ҳой Жарий! Ҳой Жарий!» деди.

У «Намозимми, онамми?» деб иккиланди. Онаси учун намозни бузгиси келмади. Шунда онанинг ғазаби чиқди ва уни қарғаб, «Аллоҳим! Жарийни зинокорлар мақомида турғизмагунингча ўлдирмагин!» деди.

Бир қўйчивон ҳам бор эди. Қўйларини саҳрода боқиб, кечаси ғорда ётар эди. У бир аёл билан бирга бўлди. Аёл туғадиган бўлганда унга: «Бу боланг кимдан?» дейишди. У эса: «Жарийдан», деди. Жарийнинг олдига боришди. У: «Нима ишингиз бор?» деди. «Ишимиз сенсан! Ҳожатимиз сенсан! Талабимиз сенсан!» дейишди. Жарий (аёлга): «Боланг кимдан?» деди. «Сендан!» деди хотин. «Менданми?!» деди. Аёл: «Ҳа!» деди. Уни олиб бориб қамамоқчи бўлишди. Шунда у: «Аллоҳ ҳаққи, менга бир неча кун муҳлат беринглар. Роббимга дуо қилиб, сўраб олай», деди. Унга бир неча кун муҳлат беришди. Неча кунлигини Аллоҳ билади. Унга тушида: «Одамлар тўпланганда хотиннинг қорнига бир ниқтагин-да, «Ҳой ҳомила, сен кимсан [ёки отанг ким]?» дегин. Шунда у: «Отам қўйчивон», дейди», дейилди.

Одамлар тўпланишди. Шунда Жарий хотиннинг қорнига бир ниқтаб, «Ҳой ҳомила, қани гапир-чи, сен кимсан, отанг ким?» деди. Шунда (Она қорнидаги ҳомила) «Отам қўйчивон», деди».

Ҳасан айтади: «Менга шу бола билан Ийсо ибн Марямдан бошқа ҳеч ким онасининг қорнида гапирмагани зикр қилинди».

Шарҳ: Бизлардан олдин ўтганлардан, яъни мусулмон умматидан аввалги ўтган умматлардан бирининг ичида бир одам бор экан. Ўша одам ўзининг серибодат эканлиги билан ном чиқарган экан.

Ўзининг бир намозхонаси, меҳроби бор экан. Доим ўша ерда намоз ўқиб вақтини ўтказар экан. Бир куни онаси келиб, уни чақириб қолибди. Қараса, онаси: «Ҳой Жарий!» деб уни чақиряпти. Демак, ҳалиги одамнинг исми Жарий экан. Шунда у: «Намоз ўқияпман, бир томондан онам чақиряпти. Нима қилсам экан?» дебди-да: «Кел энди, онам учун намозимни бузмай», деган хаёлда намозида давом этибди.

Шунда онанинг ғазаби чиқибди-да, боласини қарғаб: «Аллоҳим, шу ўғлим Жарийни зонийларнинг мақомида турғизмагунингча ўлдирмагин», деб дуо қилиб юборибди...

Мазкур ривоятда обид, ибодат қилиб турган ҳалол-пок одам намозни ўқиб олай, деб онасининг чақириғига вақтида жавоб бермаганлиги учун онанинг ғазабланиб қилган дуоси юзага чиққани, туҳматга қолгани, ҳар хил гаплар тарқалгани, лекин поклиги эвазига Аллоҳ таоло уни бадномликдан сақлаб қолгани ҳикоя қилинмоқда.

Демак, оналарнинг дуолари ана шундай нозик даражада экан. Шунинг учун оналар ҳам болаларнинг ҳаққига ҳар хил салбий маънодаги дуоларни қилиб юборишдан эҳтиёт бўлишлари керак.

عَنْ حَزْمِ بْنِ مِهْرَانَ قَالَ: سَمِعْتُ رَجُلًا سَأَلَ الْحَسَنَ، فَقَالَ: يَا أَبَا سَعِيدٍ، مَا تَقُولُ فِي دُعَاءِ الْوَالِدِ لِوَلَدِهِ؟ قَالَ: نَجَاةٌ، وَقَالَ بِيَدِهِ هَكَذَا - كَأَنَّهُ يَرْفَعُ شَيْئًا مِنَ الْأَرْضِ - قَالَ: فَمَا دُعَاؤُهُ عَلَيْهِ؟ قاَلَ: اسْتِئْصَالٌ. وَقَالَ بِيَدِهِ - كَأَنَّهُ يُخَفِّضُ شَيْئًا -.

Ҳазм ибн Меҳрондан ривоят қилинади:

«Ҳасандан бир кишининг сўраганини эшитдим: «Эй Абу Саъид! Отанинг боласи ҳаққига қиладиган дуоси тўғрисида нима дейсан?» деди. «У нажотдир», деди ва «бундай», деб қўли билан ердан бир нарсани кўтаргандек қилиб кўрсатди.

«Унинг зиддига қилган дуоси-чи?» деди. «Таг-туги билан қўпорилишдир!» деди ва қўли билан бир нарсани ерга пастлатгандек қилиб кўрсатди».

Шарҳ: Демак, отанинг яхши дуоси – фарзанднинг нажоти, унинг юқори даражаларга кўтарилишига сабаб экан. Отанинг қарғиши эса фарзанднинг таг-туги билан қўпорилишига, тупроққа қорилишига сабаб бўладиган ҳолат экан.

Шунинг учун фарзандлар ҳар доим ота-онанинг яхши дуоларини олиш пайидан бўлиб, дуойи бадидан эҳтиёт бўлиб, қўрқиб юришлари лозим. Ота-оналар ҳам ҳар доим фарзандларига яхши дуо қилиш пайидан бўлиб, иложи борича уларни қарғашдан, уларнинг ҳаққига дуойи бад қилишдан четда бўлишлари лозим бўлар экан.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ثَلَاثُ دَعَوَاتٍ مُسْتَجَابَاتٍ لَا شَكَّ فِي ذَلِكَ: دَعْوَةُ الْوَالِدِ عَلَى وَلَدِهِ، وَدَعْوَةُ الْإِمَامِ الْعَادِلِ، وَدَعْوَةُ الْمُسَافِرِ.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч дуо мустажобдир. Бунда шак йўқ. Отанинг боласига дуоси, одил имомнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси», дедилар».

Шарҳ: Яъни уч дуо борки, уларнинг қабул бўлишида ҳеч қандай шак йўқ, шубҳа йўқ.

Биринчиси – ота-онанинг фарзандига қилган дуоси.

Ота-она боласи учун қандай дуо қилса, ҳеч бир шубҳасиз қабул бўлар экан. Шунинг учун фарзанд доимо ота-онанинг яхши, хайрли дуосини олишга ҳаракат қилиши, ота-она эса ҳар доим хайрли дуо қилиб, дуойи бад қилишдан ўзини сақлаб, фарзандидан маълум бир хатолар ўтса, камчиликлар содир бўлса, сабр қилиб, ёмон дуо қилишга шошилмасликлари керак бўлади.

Иккинчиси – адолатли имомнинг дуоси.

Адолат қилиш улуғ фазилатдир. Адолат соҳиби ҳам фазилатли инсон бўлиши турган гап. Адолат йўлидаги хизмат Аллоҳ таолонинг бандаларига яхшилик қилиш йўлидаги хизматдир. Шунинг учун ҳам адолатли имомнинг дуоси мустажоб бўлади. Бинобарин, ҳар бир киши адолатли имомнинг яхши дуосини олиб қолишга ва ёмон дуосидан сақланишга ҳаракат қилиши лозим.

Учинчиси – мусофирнинг дуоси.

Мусофир инсоннинг ҳам дуоси қабул бўлар экан. Чунки сафарда юрганда Аллоҳга яқин бўлади, аҳл-аёлдан, қавм-қариндошдан, бошқа қулайликлардан ва ўрганиб қолган жойларидан узоқда, маълум бир қийинчиликни зиммасига олиб, Аллоҳ таолога таваккул қилиб юрган бўлади. Ўша вақтда банданинг Аллоҳга яқинлиги кучли бўлади. Шунинг учун соф қалбли, ибодатли, эътиқодли, Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб юрган, шариатни маҳкам тутган мусофирнинг дуоси мақбул.

Мусофирларга нон-сув бериш, уларга ёрдамдан бўйин товламаслик мўмин-мусулмонларга одат бўлганлигининг сабаби ҳам шудир. Мусофирнинг дуосини олиб қолиш, унинг кўнглини қолдирмаслик, дуойи бадига учрамаслик учун мўмин-мусулмонлар ҳамиша мусофирларга яхши муомала қилиб келганлар. Уларга ўз уйларидан жой берганлар. Ўзлари емай, уларга едирганлар. Мусофир муҳтож бўлган барча ёрдамларни беришга уринишган ва ҳоказо.

Мана шу уч дуодан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак. Шу уч тоифадан фақат яхши дуо олишга ва уларнинг ёмон дуосидан эҳтиёт бўлишга ҳаракат қилиш керак.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Дуоларнинг ичида шак-шубҳасиз қабул бўладиганлари борлиги.

2. Ота-онанинг фарзандига қилган дуоси шубҳасиз қабул бўлиши.

3. Одил имомнинг дуоси шубҳасиз қабул бўлиши.

4. Мусофирнинг дуоси шубҳасиз қабул бўлиши.

عَنْ جَعْفَرِ بْنِ مُحَمَّدٍ، عَنْ أَبِيهِ قَالَ: ثَلَاثَةٌ لَا يُسْتَجَابُ لَهُمْ: الرَّجُلُ يَدْعُو عَلَى ذِي رَحِمِهِ وَقَدْ أُمِرَ بِصِلَتِهَا، وَالرَّجُلُ يَدْعُو عَلَى امْرَأَتِهِ أَنْ يُرِيحَهُ اللهُ مِنْهَا، وَقَدْ جَعَلَ اللهُ طَلَاقَهَا بِيَدِهِ، وَالرَّجُلُ يَكُونُ لَهُ الْمَالُ عَلَى الرَّجُلِ فَلَا يَكْتُبُ وَلَا يَشْهَدُ.

Жаъфар ибн Муҳаммад отасидан ривоят қилади:

«Уч тоифа одамнинг дуоси қабул бўлмайди: ўз қариндошининг зиддига дуо қиладиган одамнинг, ҳолбуки, унга силаи раҳм қилиш буюрилган эди.

Бир киши хотинини дуойи бад қилиб, Аллоҳдан ўзини ундан қутқаришини сўрайди. Ҳолбуки, Аллоҳ унинг қўлига анинг талоғини бериб қўйибди.

Бировнинг зиммасида моли бор-у, уни ёзмаган ва гувоҳи ҳам йўқ одамнинг».

Шарҳ: Бу ривоятдан ўзаро яқин ва бир-бирида ҳаққи бор кишиларнинг дуойи бадлари қабул бўлмаслигини билиб оламиз. Мисол тариқасида улардан уч тоифаси зикр қилинмоқда.

Биринчиси – ўз қариндошининг зиддига дуо қиладиган одамнинг дуоси қабул бўлмайди.

Қариндошлик бурчи, вазифаси юзасидан, Аллоҳ таолонинг амрига кўра бу кимса унга силаи раҳм қилиши, яхшилик кўрсатиши керак эди. Бу одам эса қариндошининг зиддига дуо қиляпти. У Аллоҳ таолонинг амрига хилоф иш қилгани учун дуоси қабул бўлмайди.

Иккинчиси – бир одам ўз хотинини дуойи бад қиляпти. «Аллоҳим, шундан мени қутқаргин», деяпти. Бу одамнинг ҳам дуоси қабул бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло унинг қўлига талоқни бериб қўйган. Хоҳламасанг, қўйвор, уни қарғаб нима қиласан?! «Аллоҳим, буни олгин, мени бундан қутқаргин», дейишнинг нима кераги бор? Аллоҳ сенинг қўлингга талоқни бериб қўйибди. Бировни қарғаб, унга ёмонлик тилаб дуо қилишдан кўра, шундай номаъқул даражага етган бўлсанг, ажраш, аёл ҳам ўз кунини кўрсин.

Демак, осон йўли бўла туриб, бировга ёмонлик тилаб дуо қилиш ҳам дуонинг қабул бўлмаслигига олиб келар экан.

Яна бошқаси, яъни бошқа бировга қарзга мол берган одам бор экан. Ўша қарзни ёзиб ҳам қўймаган, гувоҳ ҳам қилмаган. «Молимни еб кетди», деб шикоят қилиб, дуойи бад қилиб юрибди. Ахир буни ёзиб қўйса бўлармиди?! Гувоҳ бўлса, гувоҳ билан бориб сўрайсан. Ёзиб қўйган бўлсанг, ёзганингни кўрсатиб, «Мана, қарзингга имзо қўйгансан, бер», дейсан. Демак, чорасини, тадбирини кўрмай туриб, орқасидан дуойи бад қилиш ўринсиздир.

Мана шу ерда ота-оналарга бир ишора бор: болаларингизнинг ҳаққига дуойи бад қилмангиз, чунки улар ўзингизнинг болаларингиз. Уларга доим яхшилик қилиш, тарбия бериш сизларнинг ўзларингизга топширилган эди. Энди боладан бир нарса ўтаётган бўлса, ўзингизда ҳам бир гап бордирки, мана шу нарса келаётгандир...

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Дуоси қабул бўлмайдиган одамлар борлиги.

2. Қариндоши зиддига қилинган дуо қабул бўлмаслиги.

3. Қариндошларга силаи раҳм қилиш зарурлиги.

4. Эрнинг хотини зиддига қилган дуоси қабул бўлмаслиги.

5. Бировга қарз бергандан сўнг уни ёзиб қўймаган ёки гувоҳ қилмаган одамнинг қарздорнинг зиддига қилган дуоси қабул бўлмаслиги.

6. Қарз олди-бердисини ёзиб қўйиш ва бу ишни гувоҳлар иштирокида қилиш кераклиги.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Отаонага яхшилик қилиш маъсият бўлмаган нарсаларда бўлиши лозимлиги ҳақидаги масаладаги асосий далиллар қуйидаги оят ва ҳадиси шарифлардир. 1. Аллоҳ таоло давоми...

1295 15:27 / 28 июль
биринчи мақола....Қачонки у вояга етиб, қирқ ёшга етганида .Роббим, Ўзинг менга ва отаонамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Сен рози бўлган солиҳ амал давоми...

2417 16:00 / 29.01.2021
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи отаона, қавму қариндош ва болачақа билан олиб бориладиган муомала маданиятига оид боблардан кейин қўниқўшни муомаласи давоми...

1693 15:10 / 17.08.2019
. ,.Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангизнинг ходими таомини олдига олиб келса, уни ҳам ўзи билан ўтирғизсин. давоми...

1680 11:00 / 30.11.2020