Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Замон талаблари
«Бугунги кунда араб тили уни ўрганмоқчи бўлганларга асосан уч хил услуб (йўналиш)да ўқитилади, – дейди «GRAND» таълим маскани ходими, ўқитувчи Абдулмажид Абдумаликов. – Булар – Классик араб тили йўналиши (халқ тили билан айтганда «мадрасача» усул). Ушбу йўналишда бир неча аср аввал яратилган бошқа асарлар асосида ёзилиб, чоп этилган «Мабдал қироат», «Шифоҳия», «Сарф» каби китоблардаги қоидалар ёдлаттирилади. Ўқишга урғу берилади. Гапириш ва ёзишга унчалик эътибор қаратилмайди. Атама-терминлар араб тилида келтирилади.
Иккинчи йўналиш, яъни Шарқшунослар йўналиши (Шарқ давлатлари халқлари, тарихи, адабиёти, санъати, дини ва маданиятини ўрганувчи олимлар тилни ана шу усулда ўзлаштиргани сабабли мазкур йўналишга шартли равишда шундай ном берилган). Бундан 150–200 йил аввал ишлаб чиқилган ушбу йўналишда грамматик терминлар ўзга тил, масалан, рус тилида берилади. Барча қоидалар қатъий тартиб билан, айтайлик, рус грамматикасига мослаб ишлаб чиқилган. Бу ҳолатда ўзбек тилида таҳсил олувчи талаба ўзбек тили ва рус тили грамматикасини билмаса, икки карра қийналиши, шу тариқа араб тили грамматикасини тушунолмай қолиши мумкин.
Учинчи йўналиш – Замонавий йўналиш – ўз она тили араб тили бўлмаган ўрганувчилар учун араблар томонидан ишлаб чиқилган ва айни кунда кўплаб ўқув курсларда ўқитилаётган замонавий йўналиш. Ушбу йўналишда сарф ёки наҳвга у даражада эътибор қаратилмаслиги мумкин, лекин кундалик ҳаётда ишлатиладиган (актуал) мавзулардан кенг фойдаланилади. Қоидалар ҳам секин-аста ўргатиб борилади. Талаба бу йўналишда тилни амалий ўрганади.
Нима бўлганда ҳам, талаба тилни қандай йўналишда ўрганишидан қатъи назар, кўп нарса устозга боғлиқ.
Муҳими, ўрганувчи ҳеч қачон устоз берган материал билан чекланиб қолмаслиги керак! Кўпчилик араб тилини энг қийин тил, деб билади. Ҳамма тил қийин бўлиши мумкин, агар у яхши ўзлаштирилмаса.
Матнлар билан ишлаш муҳим аҳамиятга эга: шу тариқа араб тили структураси билан танишиб, уни ўрганиб борасиз. Эътиборни қаратиш керак бўлган жиҳат: ҳаракатсиз (ҳарфлар устига ва остига қўйиладиган замма, фатҳа ва касра белгиларсиз) ўқишга ўрганиш лозим.
Ўқиш малакасини оширмоқчи бўлсангиз, бошланғич даражадаги енгил китобларни ўқишингиз керак. Шунда қўрқувингиз йўқолади.
Материални тушуниб эшитиш ҳам кўп ёрдам беради. Муҳими, бу тинглаш дарсларини бошқа ишларингизни қилиб, қулоқчинни тақиб олган ҳолда эшитиб бажаришингиз ҳам мумкин. Мультфильмларни кўриш мумкин. Қаҳрамонларнинг гапи ёд бўлиб кетган, бадиий фильмларнинг араб тилига таржима қилинган вариантини томоша қилиш мақсадга мувофиқ».
«Араб тили ижтимоий мулоқот бошқа тилларда бўлгани каби – тинглаб эшитиб тушуниш, ўқиб тушуниш, ёза олиш, гапира олиш, грамматик қоидаларни билиш, яъни хатоларни топа олиш каби 5 та маҳорат(хусусият)да намоён бўлади, – дейди «GRAND» таълим маскани бошқа бир ўқитувчиси Аллаёр Элмуратов. – Шуларни билган талаба араб тилидан ўтказиладиган ҳар қандай имтиҳонни топшира олади. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган илм толиби, тилни мукаммал билганлар қаторидан ўрин олади. Ҳар қандай тилни, жумладан, араб тилини ўрганаётганда ижтимоий мавзулар бўйича билим олиш мақсадга мувофиқ. Бу ҳолатда талаба турли хилдаги йўналишлар бўйича ўз фикрини билдира олиш имкониятига эга бўлади. Зеро, баъзи одамлар тилни яхши билса-да, жамоа олдида гапиришга уялади, истиҳола қилади. Тил ўрганмоқчи бўлган одам аввало ўз тилида мустақил фикрлашни ўрганиши керак. Шунда чет тилида гапиришга ҳам қийналмайди. Аммо биз, айниқса араб тилини ўрганиш давомида қоидалар билан, уларни ўрганиш билан ўралашиб қоламиз... Бошқача айтганда китобни бутунлигича ёдлаб олганлар ижтимоий мавзуда бирон гап гапира олмайди. Ҳеч қайси билимни битта китоб билан қамраб бўлмайди. Араб тилини ўргатадиган қайси китоб борки (имкони борича албатта), уларни ўқиш керак. Жонли мулоқот керак! Энг катта хатомиздан бири: қоидаларни тушунмай ёдлаб олишимиздир.
Тил ўрганаётган ўқувчиларни қийнайдиган асосий нарса – улар ёзиш ва гапиришда муаммоларга дуч келадилар. Исботланган қоида: чет тилида гапира оладиган одам ёза олмаслиги мумкин, лекин ёза олган одам гапира олиши аниқ. Чунки кўп нуқсонлар оғзаки нутқда кечирилади. Лекин ёзмада ҳаммаси жой-жойида туриши, эга-кесим жойида бўлиши керак. Энг қийини – ёзиш. Тинглаб тушуниш, умуман бошқа нарса. Янги сўзларни фақат жумлада ишлатганингиз маъқул. Қуруқ луғатдаги сўзларни ёдлаш унчалик наф бермайди. Баъзи устозлар матнларни ёдлашга эътибор қилишади, аммо менинг фикримча бу хато. Аслида биринчи ўринда жумла тузишни ўрганиш керак. Чунки матн жумлалардан иборат бўлади».
Асосийси – кўпроқ мулоқот қилиш
«Араб тилини тезроқ ўрганиш учун, – дейди «GRAND» таълим масканининг яна бир муаллими Бахтиёр Ишанжанов – фикримча, арабшунослар орасида оқсаётган йўналиш – муҳовара (мулоқот қилиб ўрганиш) йўналишига эътибор қаратиш зарур.
1997–1999 йилларда Бухородаги Олий маъҳадда муҳоварадан дарс берганман. Лекин у пайтда бу илмга эътибор нисбатан сустроқ бўлиб, бу ачинарли ҳолат эди. Бизнинг юртимиздан ҳам диний, ҳам дунёвий илмлардан кўплаб олимлар чиққан. Биз уларнинг зурриётларимиз. Муҳоварада қарс икки қўлдан чиқади. Устоз савол берса, сиз дарров жавоб беришингиз керак. Талабани икки оғиз бўлса ҳам гапиртириш керак. Бўлмаса араб тили очилмайди. Масалан, мен дарсга кечга қолган ўқувчидан нимага кеч қолганини араб тилида сўрайман. У ўзбекчада сабабини айтади. Мен унга шу гапни араб тилида айтсанг, дарсга кирасан, дейман. У ва бошқалар дарсга кечга қолмасликка ҳаракат қилади ва бордию кечга қолса нима дейиш кераклигини ўйлаб қўяди.
Арабларда: «Кимки қайсидир қавмнинг тилини ўрганса ўша қавм макридан омон қолади» деган гап бор. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам Мадинага ҳижрат қилганларида баъзи саҳобаларга яҳудий тилни ўрганишни талаб қилганлар. Икки томонлама шартномалар тузилаётганда, мулоқотларда алданиб қолмайлик деганлар. Табиийки, қайси давлатга борсангиз, ўша давлат тилини билсангиз, ишингиз осон ҳал бўлади. Алданиб қолмайсиз, муаммога дуч келмайсиз.
Ачинарли ҳолат шуки, талабалар тушунмаган нарсаларини сўрашга, савол беришга уялади. Уялмаслик керак. Дарсларда «Хато бўлса ҳам гапираверинглар» дейман уларга. Бир марта хато қиласиз. Иккинчи марта хато қиласиз. Кейин ўрганасиз. Оддий кундалик ҳаётдаги гаплардан бошлаб кейин мураккаброқ гапларни мулоқотда қўллашга ўтиш керак. Ажабланарлиси, бугун ҳам суралар тафсирини билмайдиган қориларимиз бор. Мен бу ҳолатни тансиқ таомни кўзини бойлаб еган одам тушган ҳолатга ўхшатаман. Кўриб, есангиз мазза қиласиз. Оятни ўқиётганингизда тушуниш муҳим. Бунинг учун тилни яхшилаб ўрганиш керак».
Маълумот ўрнида
1. Араб диалектлари, яъни шеваларининг камида 5 гуруҳи мавжуд. Энг кўп тарқалган шевалар мисрликлар гуруҳи шеваларидир. Бинобарин, араб тилида сўзлашувчи аҳолининг энг салмоқли қисми (70 миллиондан зиёд) Мисрда яшайди.
2. Замонавий араб тили БМТнинг олти расмий тилларидан бири ҳисобланади. Мазкур тилда мунтазам равишда катта ҳажмдаги босма маҳсулотлари, ҳар хил адабиётлар нашр қилинади. Талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда замонавий араб тили адабий мулоқот, халқаро алоқалар ва ишбилармонлик тилига айланган.
3. Араб тили дунёдаги энг бой тиллардан бири бўлиб, мазкур тилдаги бир қанча сўзларни бошқа тилларга таржима қилиб бўлмайди. Араблар азалдан бошқа тиллардан янги сўзларни ўзлаштиришга шошилмаганлар, аксинча ўша каломнинг араб тилидаги муқобилини топишга ҳаракат қилганлар ёхуд араб сўзларидан янги сўз ясаганлар.
4. Араб тили замонавий испан тилига қанчалик таъсир кўрсатганини кўпчилик билмаса керак. Пиреней яримороли узоқ вақт Араб халифалиги қўл остида бўлгани сабаб ҳозирги кунда испанлар 10 фоизи араб тилидан ўзлаштирилган тилда ўзаро гаплашмоқдалар. Аҳамиятлиси, араб тили испан тили грамматикаси ва фонетикасига ҳам ўз таъсирини ўтказган.
5. Араб ёзуви алоҳида мавзу бўлиб, ушбу ёзув ёрдамида турфа маънога эга чиройли сўзларни тузиш, шунингдек, санъат даражасига етган хаттотлик ёрдамида бир-биридан гўзал нақш ва безакли суратларни яратиш мумкин.
6. Араб тилида бош ҳарфлар йўқ, тиниш белгилари ҳам ўнгдан чапга ёзилади (аммо сонлар чапдан ўнгга ёзилади). Сўзлар тагига чизиқ тортиш мумкин эмас, бунга эҳтиёж сезилса чизиқ сўз тепасига чизилади. Қизиғи, ғарб тилларини ўрганаётган араблар кўп ҳолларда бир хатога йўл қўядилар – гап бошига бош (катта) ҳарфни қўйишни унутадилар.
7. Араб ёзувида ёзилган сўзларни бўғинларга бўлиб, кейинги қаторга кўчира олмайсиз. Бордию сатр охиригача анча жой қолган бўлса, сўнгги ҳарфлар «чўзиб» қўйилади. Аксинча сўз қаторга сиғмай қолса, унинг давоми сатр тепасига (ёки ҳошиянинг бўш жойига) ёзиб қўйилади.
Юқорида эътиборингизга мутахассисларнинг баъзи ҳолатларда тилни ўрганиш борасида бир-бирига зид бўлиб қолган фикрлари тақдим этилди. Демак, танлаш имкониятига эгасиз. Кимгадир бир усул ёқса, бошқага иккинчи йўналиш бўйича ўқиш қулай.
Хулоса қилиб айтганда, мўъжизавий мукаммал араб тилини ҳар ким, ўзи хоҳлаган услубда ўрганиши мумкин. Бунинг учун ҳамма шароитлар бор. Истак бўлса бас. Тилни қанча вақтда ва қай даражада ўрганиш бу ўзингизга боғлиқ. Фақат мазкур тилни ўрганаётганда унинг ўзига хос жиҳатларига эътибор беришни ёддан чиқарманг. Акс ҳолда хато қилувчилар сафига қўшилиб қолишингиз мумкин...
(Тамом)
Шуҳрат Хўжаев
«Ҳилол» журнали 11(56) сон