1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Беморликка сабр қилиш

10:35 / 27 май 1002 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Банда бемор бўлиб қолса ёки сафарга чиқса, Аллоҳ таоло унга соғлик ва муқим вақтида қиладиган амалларнинг ажрини ёзади», дедилар».

Аҳмад, Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу Аллоҳ таолонинг бандаларига меҳрибонлигининг бир намунасидир. Банда бемор бўлиб қолса соғлигимда қиладиган савоб ишларим, нафл рўза, намоз, зикрларим қолиб кетди, деб ўксимаслиги учун унга худди соғлигида қилиб юрган амалларининг савоби каби савоблар ёзилади. Буни билган банда беморликка сабр қилади. Шу билан бирга, мазкур қоидани яхши билган банда соғлик пайтида яна ҳам кўпроқ нафл ибодатлар қилиши турган гап.

Ўлим ва касалликка сабр қилиш, бу ишларга чин қалбдан рози бўлишда ҳам мусулмон уммати, бу умматнинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари дунё тарихида нодир мисолдирлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жигаргўшалари, биттаю битта ўғиллари Иброҳимнинг ўлимига қандай сабр қилганликлари барчамизга маълум.

Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадича онамиз, баъзи қизлари, Зайнаб исмли қизларининг боласи, амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳу ва бошқа яқинларининг ўлимида кўрсатган сабрлари ва илоҳий ҳукмни розилик билан қабул қилиб олишлари мисоли ҳамма учун ўрнакдир.

Энди у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг касалликка сабрлари қандай бўлганига биргина мисол келтирайлик.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кирса, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам иситмалари кўтарилиб ётган эканлар. Устиларига ёпинчиқ ёпилган экан. (Абу Саъийд) қўлини ёпинчиқнинг устига қўйиб кўриб:

«Иситмангиз бунча ҳам баланд, эй Аллоҳнинг Расули?!» деди.

«Биз шундаймиз, биз учун бало шиддатли қилинади, ажр кўпайтирилади», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар ичидан энг шиддатли балога учрайдиганлар кимлар?» деди.

«Набийлар», дедилар.

«Сўнгра кимлар?» деди.

«Уламолар», дедилар.

«Сўнгра кимлар?» деди.

«Солиҳлар. Баъзилари битга мубтало бўлиб, ўлиб ҳам кетар эди. Баъзилари эса фақирликка мубтало бўлиб, киядиган чопонидан бошқа нарсаси қолмас эди. Албатта, уларнинг ҳар бири ўзига берилган атодан кўра балога кўпроқ хурсанд бўлар эди», дедилар.

Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ҳам бу борада бошқа умматларга ўрнакдир. Мусулмонлар ичидан беморлик пайтида ва яқин кишиси ўлганда сабр ва розиликнинг нодир намуналарини кўрсатган кишилар сон-саноқсиз.

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг оёқларига қорасон тушганлиги учун бир оёқлари сонидан кесиб ташланган куни ўн етти ёшли ўғиллари отдан йиқилиб, ўлибди. Катта-кичик, ёшу қари у кишига таъзия билдириш учун оқиб келаверибди. Ҳар ким ўз билганича таъзия изҳор қилибди.

Аҳли фазллардан бирлари «Бир оёғингни олиб, жонингни омон қолдиргани учун, битта болангни олиб, бошқаларини соғ қолдиргани учун Аллоҳга шукр қил», дебди.

Шунда Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу «Менинг мусибатимда сендан яхшироқ таъзия айтган одам бўлмади», деган эканлар.

Имом Шофеъий дўстларидан бирининг фарзанди вафот этганида «Сен каби кишиларга бундай пайтларда насиҳат қилиш ноўрин, аммо сенга савоб олишинг учун қулай фурсат келганини эслатиб қўймоқчиман», деб хат ёзган эканлар.

Бунга ўхшаш тасарруфлар барча мусулмонларга доимий ўрнак бўлиши керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Абу Ҳумайд ёки Абу Усайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қачон бирортангиз масжидга кирса, Набий давоми...

2631 15:00 / 02.05.2021
. . Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси таҳажжудга давоми...

1364 15:54 / 20.08.2023
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, мўмин бўлмагунингизча, жаннатга давоми...

7316 19:16 / 23.11.2018
. . . .Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинни беш ракат ўқидилир. Бас, у зотга.Намозда давоми...

2759 14:00 / 21.02.2021