1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг фазилатлари: Кўприк жанги (ўн биринчи мақола)

13:34 / 22 май 1353 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саъд ибн Абу Ваққос Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида асосан шуро мажлиси аъзоси сифатида сиёсий раҳбарлик ишларида қатнашдилар. У киши кўпгина масалаларни ҳал қилишда оқилона маслаҳатлари билан мажлиснинг кўзга кўринган аъзоларидан бири бўлдилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида турли жабҳаларда фатҳ ишлари олиб борилди. Энг муҳим жабҳалардан бири Форс жабҳаси эди. Уни ўша вақтнинг истилоҳи билан Ироқ деб аташар эди. Бу жабҳада мусулмонлар катта ютуқларга эришиб, форсларни бир неча бор турли жангларда енгдилар. Аммо кўприк жанги деб аталган жангда улар форслардан енгилдилар. Бу ўз навбатида форсларни руҳлантириб юборди.

Форслар ўзларининг кетма-кет мағлубиятларини бирликнинг йўқлигидан деб билдилар. Маслаҳат қилиб, Кисронинг авлодидан бўлган Яздажирни подшоҳ этиб сайладилар. Улар катта аскар тўплаб, мусулмонларга қарши ҳал қилувчи жангга тайёрлана бошладилар.

Ўша пайтдаги мусулмонлар лашкарбошиси ал-Мусанна бу хабарларни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга етказди. У киши ҳамма тарафда лашкар тўплашга амр қилдилар. Турли вилоятлардаги волийларга амр юбориб, лашкар тўплаб, юборишни талаб қилдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу 13‑ҳижрий сана ҳажини қилиб қайтганларида Мадинага кўплаб лашкар тўпланган эди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу тўпланган кўп сонли лашкарни олиб, Зирор номли жойга лашкаргоҳ ташкил этдилар ва одамлар ила шуро мажлиси қурдилар. Шуро ҳазрати Умарнинг ўзлари жангга чиқмасдан, Мадинада қолишлари кераклиги, етук кишилардан бирини лашкарбоши этиб тайинлашлари лозимлиги ҳақида қарор чиқарди.

Демак, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ўринларини босадиган салмоқли одамни мусулмонларнинг Форсдаги жабҳасига бош қўмондон қилиш керак эди. Бу масала бўйича шуро мажлиси анча бош қотирди.

Охири Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу:

«Мен топдим!» деди.

«Кимни топдинг?» дедилар ҳазрати Умар.

«Чангали зўр Арслонни! Саъд ибн Молик аз-Зуҳрийни!» деди Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тоғалари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни лашкарбоши этиб тайинладилар ва у кишига қуйидаги тавсияни қилдилар:

«Онасининг боласи Саъд! «Расулуллоҳнинг тоғаси», «Расулуллоҳнинг саҳобаси» дейилиши сени ғурурга кетказмасин. Албатта, Аллоҳ ёмонликни ёмонлик билан ювмайди. У Зот ёмонликни яхшилик билан ювади. Аллоҳ билан бировнинг ўртасида У Зотнинг тоатидан ўзга насаб йўқ. Одамларнинг барчаси Аллоҳнинг динида тенгдирлар. Улар У Зотнинг бандаларидир ва У зотнинг ҳузурида офият ила фазл топарлар, У зотнинг ҳузуридаги нарсани У зотнинг тоати ила оларлар. Назар солиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лозим тутган ишни ўзингга лозим тут».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга қилган бу ваъзлари жамият бошлиғининг янги тайин қилинган жамият мансабдорига насиҳати эди. Унинг мансаб туфайли ҳовлиқиб кетмаслиги учун айтилган гаплар эди.

Сўнгра Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Саъд ибн Абу Ваққосни тўрт минг кишилик лашкар ила йўлга солдилар. Кейинроқ ортидан яна шунча лашкар билан аҳднома юбордилар. Аҳдноманинг матни қуйидагича эди:

 

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

Аммо баъд: Албатта, мен сени ва сен билан бўлган жангчиларни ҳар қандай ҳолда ҳам Аллоҳга тақво қилишга чақираман.

Албатта, Аллоҳга тақво қилиш душманга қарши афзал тайёргарлик ва урушдаги энг кучли ҳийладир. Мен сени ва сен билан бўлганларни душманингиздан кўра кўпроқ эҳтиёт бўлишга амр қиламан.

Албатта, лашкарнинг гуноҳи улар учун душманларидан кўра хавфлидир. Мусулмонларга душманларининг Аллоҳга қилган маъсиятлари туфайли нусрат берилади. Агар ўша нарса бўлмаса, бизнинг уларга қувватимиз етмайди. Чунки бизнинг ададимиз уларнинг ададича, тайёргарлигимиз уларнинг тайёргарлигича эмас. Агар улар билан гуноҳда тенг бўлиб қолсак, улар биздан қувватда афзал бўладилар. Бизга улар устидан фазлимиз ила нусрат берилур. Биз уларга қувватимиз ила ғолиб келганимиз йўқ.

Билиб қўйинглар, юрганингизда устингизда Аллоҳнинг ҳафазалари бор. Улар сизнинг нима қилганингизни билурлар. Бас, улардан ҳаё қилинглар. Аллоҳнинг йўлида юриб туриб, Аллоҳга маъсият қилманглар. «Душманимиз биздан ёмон, биздан устун бўла олмаслар», деманглар. Баъзи қавмларга улардан кўра ёмонлар устун бўлганлар. Бани Исроил маъсиятлар қилганларида устиларидан мажусий кофирлар устун бўлганидек. Бас, диёрларни кездилар ва амал қилинган ваъда бўлди. Аллоҳдан душманингизга қарши нусрат сўраганингиздек, ўз ҳавои нафсингизга қарши ҳам ёрдам сўранг. Аллоҳдан буни ўзимизга ҳам, сизга ҳам сўрайман.

Мусулмонларга юришларида меҳрибон бўл. Уларни чарчатадиган йўлга бошлама. Уларга меҳр кўрсатадиган манзилда камчиликка йўл қўйма. Улар душманларига етиб боргунларича йўл уларнинг қувватларини қирқиб қўймасин. Чунки улар муқим турган, ўзлари ҳам, туёқлари ҳам ҳимояда турган душман сари юриб борувчилардир. Ҳар ҳафта бир кечаю бир кундуз муқим бўл. Токи, одамлар роҳат олиб, жонларини тирилтирсинлар, силоҳларини ва матоҳларини қўйсинлар. Уларнинг турар жойларини аҳли сулҳ ва зиммаларнинг шаҳар ва қишлоқларидан четда қил. У ерларга сенинг соҳибларингдан фақат ўзинг ишонадиганларинггина кирсин. Ҳеч ким уларнинг аҳлига тега кўрмасин. Уларнинг ўзларига яраша ҳурматлари ва зиммалари бор. Сизлар уларга вафо қилишга мажбурсизлар. Улар эса сабр қилишга. Модомики, сабр қилар эканлар, улар ҳақида яхши ният қил. Уруш ҳолидагиларга қарши аҳли сулҳларга зулм қилиш ила ёрдам берманглар.

Қачон душман ерига қадам боссанг, ўзинг билан улар орасида кўзларни тийрак қил. Уларнинг иши сенга махфий бўлмасин. Ҳузурингда араблардан ва ўша ер аҳлидан сен насиҳатига ва садоқатига ишонадиган одамлар бўлсин. Албатта, ёлғончининг яхшилиги, агар баъзида сенга ростгўйлик қилса ҳам, сенга манфаат бермайди. Душман ерига яқинлашганингда улар билан ўзингнинг орангда кичик жангчи гуруҳлар ва хабарчиларни кўпайтир. Жангчи гуруҳлар уларга ёрдам ва таъминот келишини кесади. Хабарчилар эса уларнинг сирларини билади. Хабарчиларга ўз одамларингдан фикрли ва кучли одамларни танла. Уларга чопқир отларни бер. Агар душманга йўлиқиб қолсалар, уларга куч зоҳир қиладилар. Жангчи гуруҳларга жидду жаҳд ва сабр аҳлларидан қўй. Ҳавои нафсига берилиб, сенинг фикринг ва ишингни зое қиладиганларни қўйма. Ғалаба, йўқотиш ва зарбадан хавфсираган томонингга зинҳор жангчи гуруҳ ҳам, хабарчилар ҳам юборма.

Душманни кўз билан кўрганингда четдаги, жангчи гуруҳдаги ва хабарчи гуруҳлардаги одамларингни ўзингга жамла. Ўзингга ҳийлаларингни ва қувватингни жамла. Токи, душманингнинг айбларини ва нозик жойларини ўрганиб олмагунингча, уруш мажбур қилмаса, у билан тўқнашишга шошилма. Ер билан худди унинг аҳли билан танишганинг каби, яхшилаб танишиб ол. Душман сенга нима қилса, сен ҳам унга шуни қиласан. Сўнгра аскарингнинг қоровулларини сергак қил. Бутун имкониятинг ила қўққисдан ҳужум бўлиб қолишидан ҳушёр бўл. Ақди йўқ асирни келтирилса, албатта, бўйнига ур. Аллоҳнинг душманини ва ўзингнинг душманингни қўрқитасан. Сенинг ишингнинг ва сен билан биргаларнинг валийси Аллоҳдир. У Зот сизларга душманингиз устидан нусрат берувчи ҳамдир. Аллоҳ ёрдам сўраладиган Зотдир».

Ушбу бир минг тўрт юз йил аввалги тарихий ҳужжат бугунги кунимиз ҳарбий мутахассисларининг ҳам таҳсинига ва қойил қолишига сабаб бўлмоқда. У ўша пайтдаги Ислом жамиятининг раҳбари ва лашкарининг олий бош қўмондони Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳарбий салоҳиятидан далолат бериб турибди. У ўша пайтдаги мусулмон фотиҳларнинг шонли лашкарининг дунёни ларзага солган зафарлари бежиз эмаслигини кўрсатиб турибди.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Зарвадага етиб келганларида Мусанна розияллоҳу анҳунинг кўприк жангида олган жароҳатлари тузалмай, вафот этганликлари ҳақида хабар келди. У кишининг лашкарлари ҳам Саъднинг лашкарларига қўшилди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрларига биноан, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу лашкарни ягона қўмондонлик остида қайтадан тузиб чиқдилар. Ўнбошилар, байроқдорлар, олд, орт, чап, ўнг ва бошқа тараф бошлиқларини тайинладилар.

Лашкарга қози ва котиб ҳам тайин қилинди. Лашкарнинг дуогўйи Салмон Форсий розияллоҳу анҳу эдилар.

Ислом лашкари Қодисия номли жойда бир ой туриб қолди. Сўнгра форсларнинг Рустам бошчилигида катта аскар билан келаётганлиги ҳақида хабар келди.

(Саъд ибн Абу Ваққос) буни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга етказган эди, у кишидан:

«Улар ҳақидаги хабар сени ташвишга солмасин. Аллоҳдан ёрдам сўра ва Унга таваккал қил. Мунозара, фикр ва қувват аҳлидан уни тарғиб қилгани одам юбор. Аллоҳ уларнинг чақириғини осон қилади», деган хабар юбордилар.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумонинг тўлиқ исми Нўъмон ибн Башир ибн Саъд ибн Саълаба Ансорий Ҳазражий бўлган бу саҳоба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи давоми...

1224 09:38 / 10 сентябрь
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу ёки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу каби фақир бўлмаганлар. Аммо улардан афзал эдилар.Абу Бакр Сиддиқ давоми...

4012 11:00 / 17.05.2022
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳуни бош қилиб бир жойга қўшин жўнатдилар. Улар қайтаётиб араб маҳаллаларидан давоми...

8044 13:00 / 04.01.2022
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга убу нарса бериб турар эдилар. Мен эса .уни мендан фақирроққа беринг,, дер давоми...

2708 12:30 / 19.01.2022