1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Қандай қилиб Декарт имом Ғаззолийнинг назариясини ўзиники қилиб олди

15:57 / 20 май 1945 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дин Халверзондан олинган иқтибосга кўра: «Файласуф Рене Декарт (1596-1650) «пирронизм» деб аталган ҳаракатни танқид остига олиб, Черковни ҳақиқат манбаидан яна ҳам узоқлаштириб юборди. Пирронизм (милоддан аввалги 365-275 йилларда яшаган юнон скептик файласуфи Пирроннинг номи билан аталган) мутлақо ҳамма нарсани шубҳа остига олувчи назария бўлиб, ишончсизликнинг ўтакетган ашаддий кўриниши эди. Унга кўра ҳеч нарсага ишонч билан қараш мумкин эмас эди. Декартнинг сogito ergo sum («Фикрлаяпман, демак, мавжудман») деган машҳур иборасининг маъноси шунда эдики, у Пирроннинг ўз усулини – ҳамма нарсани шубҳа остига олиш усулини унинг ўзига қарши қўйган, яъни инкор қилиб бўлмас бир фактни: шубҳаланаётган одам ўзининг мавжудлигига ишончи комил бўлиши мумкинлигини исботлаган эди. Декарт динни ислоҳ қилувчи деган ном олиб, шуҳрат таратмоқчи бўлмаган, бироқ ҳақиқатни топишнинг у таклиф этган янги усули насронийликнинг туб-тубигача ларзага солди. Бирон нарсага комил ишонч билан ишонишнинг асоси Худо эмас, инсон бўлиб қолди».

Дин Халверзоннинг ушбу сатрларини ўқиган одамнинг кулгиси келади. Дунёнинг ишлари қизиқ-да. Файласуф Рене Декартни дунёга машҳур қилган назариясининг ҳақиқий тарихини билганим учун кулгим келмоқда, дунёнинг ишларига ҳайрон бўлмоқдаман. Келинг, сиз муҳтарам ўқувчини қийнаб гапни чўзмасдан бундан бир неча йиллар олдин чоп этилган китобимдаги бу назария ҳақидаги қиссанинг хулосасини келтириб қўяқолай.

«Ақийда илми ва унга боғлиқ масалалар» номли китобимда бу борада қуйидагилар ёзилган:

«Имом Ғаззолийнинг жаҳон фалсафасида тутган ўрнини тушуниб олиш учун дунёда донғи кетган мусулмонмас бирорта файласуф билан солиштириб кўриш лозим бўлади.

Келинг, ўша файласуф уларнинг энг каттаси, «янги фалсафа отаси» унвонини олган франциялик машҳур файласуф Рене Декарт бўлсин.

Декартни машҳур қилган асосий нарса унинг шак назариясидир. У ҳақиқий маърифатга эришишдан олдин шак зарурлигини таъкидлайди. Унинг бу назарияси имом Ғаззолийнинг шакларига жуда ҳам ўхшайди.

Ғарбда имом Ғаззолийни билмаганлари учун, шак назарияси фақат Декартга тегишли, деган эътиқод ила уни кўкларга кўтариб мақтайдилар.

Шарқда имом Ғаззолийни билганлари учун, буюк файласуф Декартнинг назариясига ўхшаш гапни айтган шахс ҳам борлигини эслаб қўядилар.

Баъзи бирлари журъат қилиб Декарт ва имом Ғаззолийнинг шакларини солиштириб ҳам қўядилар.

Аммо бу борадаги ҳақиқатни ҳеч ким билмайди. Ушбу ҳақиқатни бу сатрларнинг котиби устоз Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутийнинг «Шахсиётун иставқафатни» номли китобларидан билди. У киши мазкур китобнинг 99, 100-бетларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Сўнгра бу масалада барча иккиланиш ва ноаниқликка чек қўядиган васийқа – ҳужжат юзага чиқди. Уни устоз Маҳмуд Бийжу доктор Зақзуқдан нақл қилди. Унда айтилишича, тунислик тадқиқотчи Усмон ал-Каок раҳматуллоҳи алайҳи Декартнинг кутубхонасида имом Ғаззолийнинг «Мунқиз миназ Золал» китобининг таржимасини топган. Унда имом Ғаззолийнинг «Шак яқийн – ишончли илмнинг биринчи поғонасидир» деган машҳур ибораси Декартнинг эътиборини жалб қилгани белгиси бор эди. Декарт ўша иборанинг тагига қизил қалам билан чизиб қўйган ва унинг тўғрисига, ҳошияга «Бу бизнинг назариямизга кўчирилади», деб ёзиб қўйган экан.

Энциклопедиячи ва тарихий тадқиқотчи устоз Усмон ал-Каок раҳматуллоҳи алайҳи мелодий 1975 санада Жазоирнинг Аннаба шаҳрида бўлиб ўтган Ислом фикрининг ўнинчи учрашувида маъруза қилди. Унда қандай қилиб Декарт имом Ғаззолийнинг назариясини ўзиники қилиб олгани ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Декартнинг ўз қўли билан ҳошияга ёзган нарсасини ўқиганини ҳам гапириб ўтди. Мен ўша учрашувда иштирок қилган ва унинг мазкур маърузасини эшитган юзлаб одамлардан бири эдим».

Ана холос! Ислом оламида, 1058-1111 мелодий йилларда яшаган имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳининг «Мунқиз миназ Залол» – Залолатдан қутқарувчи номли китобининг бир четида айтиб ўтилган фикри ва бошқа оламшумул фикрлари учун «Ҳужжатул Ислом» номини олиб, дин ва диёнат, иймон ва эътиқод ҳимоячиси бўлсаю, имом Ғаззолийдан қариб беш юз эллик йил кейин, мелодий (1596-1650) саналарда яшаган ва у кишининг фикрини ўзлаштириб олиб, «янги фалсафа отаси» унвонини олган франциялик машҳур файласуф Рене Декарт насронийликнинг туб-тубигача ларзага солса ва бирон нарсага комил ишонч билан ишонишнинг асоси Худо эмас, инсон бўлиб қолишига сабаб бўлса.

Бундай ажабтовур ҳолатнинг асосий боиси имом Ғаззолий эътиқод қилган ҳақ дин Ислом ва Рене Декарт нафрат қилган бузуқ дин асосидаги черковдир. Мусулмон олами имом Ғаззолийнинг фикрларини ўзларининг ҳақ дин Ислом ақийдасига мос равишда қабул қилдилар ва динга бўлган эътиқодлари яна ҳам мустаҳкам бўлди. Европа олами эса Рене Декартнинг имом Ғаззолийдан ўзлаштириб олган гапларини бузилган дин черковига бўлган нафратларини яна ҳам зиёда бўлиши учун ишга солдилар.

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 30 ноябрь 03-07/9089-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таниқли сиёсатчи ва ёзувчи Буюк Британиядаги машҳур шахслардан бири бўлмиш Лорд Ҳедли Ал Форуқ Жорж Аллансон 1855 йилда туғилган. 1877 йилда Кембриж дорилфунини давоми...

2807 14:00 / 28.11.2018
бешинчи мақола Андалусия Колумб Американи очиши билан деярли бир вақтда йўқ бўлди. Тарихдан маълумки, 1492 йилда испанияликлар Гранадани ишғол қилдилар ndash бу бир давоми...

1152 16:00 / 29.07.2023
Алексей I нинг мурожаатидан фойдаланган папа ҳокимияти Роббнинг мақбарасини озод қилиш учун муқаддас урушни ташкиллаштириш ташаббусини ўз қўлига олди. 1095 йил 27 давоми...

3577 14:12 / 22.09.2023
Сиҳатсаломатлик соғлом кишиларнинг бошидаги бир тож бўлиб, уни дардмандларгина кўра оладилар. Офият кишида бардавом бўлар экан, ундан жоҳил қолинур. Йўқотилар давоми...

2128 10:00 / 17.03.2021