1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Ўзбекистонда исломий молия тизимига оид қонун лойиҳаси парламент муҳокамасига қўйилади

17:06 / 20.05.2024 2120 pdf Ўқиш режими + -

«Бу йил Ўзбекистонда исломий молия тизимини жорий этишга оид қонун лойиҳаси парламент муҳокамасига қўйилади» дейди Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев.

– Ўзбекистонда исломий молиялаш тизимини йўлга қўйиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжат қабул қилинса, қонунчиликка жуда кўп ўзгартиришлар киритиш талаб этилади.

18 май куни бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида «Ўзбекистон-2030» стратегиясида республикада ислом молияси қонуний асосларини шакллантириш ҳамда тартибларини жорий этиш белгилангани эслатилди. Беҳзод Ҳамраевнинг айтишича, ислом молиясини йўлга қўйиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, ҳужжатни 2024 йил якунигача парламент муҳокамасига киритиш режалаштирилган.

Ислом молияси янги ва мураккаб соҳа бўлгани учун қонунчиликка жуда кўп ўзгартиришлар киритишни талаб қилади. Масалан, гаров, ссуда йўналишларида, «Марказий банк тўғрисида»ги қонунлардан тортиб «Банклар фаолияти тўғрисида»ги қонун ва бошқа ҳужжатларга ўзгартириш киритиш керак. Ҳозир ушбу қонун лойиҳаси тайёр. Жорий йилда биргаликда ишлаб, парламент муҳокмасига киритиш асосий вазифаларимиздан бири, – деди Марказий банк масъули.

Мажлисда Беҳзод Ҳамраев ҳозирда айрим тижорат банкларида бир нечта исломий молия хизматлари кўрсатилаётганини айтди.

«Кредит ва микромолия ташкилотлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритилган ва ҳужжатда алоҳида тартиблар мавжуд. Ҳозиргача фақат низом кутилаётганди. Айни пайтда Марказий банк томонидан «Исломий молия хизматларини кўрсатиш тўғрисида”ги низом ишлаб чиқилди. Ҳозир у давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим қилинган. Рўйхатдан ўтгач, бу соҳада ишлаш бошланади. Амалдаги қонунчилик доирасида «Агробанк», «Саноатқурилишбанк», «Микрокредитбанк», «Ипак йўли» банклари Хусусий секторни ривожлантириш бўйича ислом корпорациясининг кредит линиялари ҳисобидан муробаҳа хизматларини кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, Трастбанк ҳузуридаги «Трастмуомалат» МЧЖ томонидан исломий лизинг ва муробаҳа насияга савдо операциялари хизматлари амалга оширилмоқда. «Ҳамкорбанк» томонидан ҳам исломий лизинг хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Базавий қонунларимизни 2024 йилда якунига етказсак, ўйлайманки, қолган банкларда ҳам бу хизматлар оммалашиб кетишига талаб бор, шароит ҳам яратилади, — деди раис ўринбосари.

Аввалроқ Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов ҳам Ўзбекистонда исломий молия тизимини йўлга қўйиш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилганини айтганди.

Биз давлат раҳбарининг топшириқлари билан Марказий банк ва ҳукумат томонидан исломий молия бўйича қилиниши керак бўлган ишлар юзасидан тегишли қарор лойиҳасини ҳукуматга киритганмиз. Яъни, қумдон ташкил қилиб, мазкур йўналишдаги ишни бошламоқчимиз. Бу билан маълум фуқароларимиз учун ислом молиясига шароит яратиш ниятидамиз. Ислом молиясининг иқтисодий ўсишимизга бевосита бўлмаса ҳам, билвосита таъсири бўлади. Чунки ислом молияси орқали харид қилинган ёки кўрсатилган қиймат охир-оқибатда қўшилган қиймат билан ялпи ички маҳсулотимизга ўз ҳиссасини қўшади. Албатта, бундан фақат ижобий натижалар кутиш мумкин, – деган раис.

Анъанавий банк бошқа, исломий банк тизими бошқа. Қонунчилигимизнинг қурилиши анъанавий банк тизимига мослашган. Агар исломий банкни жорий қилмоқчи бўлсак, қонунчиликни тўлиқ қайта кўриб чиқишга тўғри келади. Яъни асосий қонунларимиз — Фуқаролик кодекси, суд, солиқ, божхона нуқтаи назаридан кўп ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш зарур бўлади. Бу бўйича биринчи қадам қўйилган. Исломий банк тизимини ривожлантириш масаласи ўйланмоқда. Ҳукумат комиссияси тузилган бўлиб, ислом молиясини нафақат банкларда, балки бошқа соҳаларда ҳам ривожлантириш режа қилинган, – деган у.

Ўзбекистонда исломий банк ва молия инфратузилмасини яратиш режалари ҳақида 2018 йилдан бери айтиб келинади. 2023 йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро форумда «Apex банк» бошқаруви раиси Баҳром Нўмонов: «Ўзбекистон аҳолисининг 20 фоизи диний сабаб билан анъанавий кредит тизимидан фойдаланмайди», деб айтганди.

 

Манба
Daryo.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугун, 29 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти магистратура йўналишига ва янги очилган Имом давоми...

1582 13:32 / 29.08.2024
Шавкат Мирзиёев Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳроқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб давоми...

1679 01:59 / 09.04.2024
Замонамизнинг етук алломаси, фақиҳи, устоз, шайх Муҳаммад Аднон ибн Ёсин Дарвиш фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар. Шу муносабат билан марҳумнинг барча давоми...

2891 18:51 / 31.10.2024
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳар йили ўтказиладиган Минтақавий молия конференциясидаги видеомурожаати чоғида 2022 йилда Истанбул халқаро молия маркази давоми...

2155 18:41 / 31.10.2021