1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Тиловат саждасига оид масалалар

15:45 / 08 май 3420 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шартлари: таҳорат қилиш, қиблага юзланиш ҳамда аврат жойларини беркитиш.

Вожиб бўлишининг сабаби: сажда оятини ўқиш ёки эшитиш.

Сажда ояти намоздан бошқа пайт ўқилганида, дарҳол сажда қилиш шарт эмас. Фақат кечиктирилиши танзиҳан макруҳдир. Форсча бўлса ҳам бошқа тилда сажда оятини ўқиган киши сажда қилиши лозим. Сажда калимасини ўзидан аввалги ва кейинги калималардан бири билан ўқиш, оятни тўла ўқишнинг ҳукми бир хил.

Сажда ояти бор суралар:

– Аъроф сураси, 206-оят;

– Раъд сураси, 15-оят;

– Наҳл сураси, 50-оят;

– Исро сураси, 109-оят;

– Марям сураси, 58-оят;

– Ҳаж сураси, 18-оят;

– Фурқон сураси, 60-оят;

– Намл сураси, 27-оят;

– Сажда сураси, 15-оят;

– Сод сураси, 24-оят;

– Фуссилат сураси, 38-оят;

– Нажм сураси, 62-оят;

– Иншиқоқ сураси, 21-оят;

– Алақ сураси, 19-оят.

Кимларга вожиб?

Сажда оятларидан бирини эшитган кишига, эшитишни қасд қилмаган бўлса ҳам, тиловат саждаси вожиб бўлади. Сажда оятини ўқиш ва эшитиш билан, ҳайз ва нифосдаги аёлларга сажда қилиш вожиб бўлмайди. Иқтидо қилган киши сажда оятини ўқиса, имомига ҳам, жамоатига ҳам сажда қилиш вожиб бўлмайди. Фақат имом ва жамоат сажда оятини намоз ўқимаётган бир кишидан эшитсалар, намоздан сўнг сажда қилишлари лозим. Бу ҳолда намоз асносида сажда қилинадиган бўлса, зиммадаги сажда ўрнига ўтмайди, аммо намоз ҳам бузилмайди. Ҳанафий мазҳабининг асл манбаига кўра, маъносини тушуниш шарти билан, сажда ояти бошқа тилда эшитилса ҳам, сажда қилиш вожиб бўлади. Ухлаётган киши, ёш бола, ҳайз ё нифосдаги аёл сажда оятини ўқиганида ҳам сажда қилиши вожиблиги хусусида ихтилоф бор. Қуш ва акс-садодан эшитилган сажда ояти туфайли сажда қилиш вожиб бўлмайди.

 

Вақти ва шакли

1. Намозда сажда ояти ўқилганида, тиловат саждаси учун рукуъ ё сажда қилиш билан адо этилади.

2. Сажда оятидан сўнг иккидан ортиқ оят ўқимай тиловат саждасини ният қилиб намознинг рукуъсига борса ёки уни ният қилмасдан, намознинг саждасини қилса, бу сажда тиловат саждаси ўрнига ўтади.

3. Киши имомдан сажда оятини эшитиб, у имомга иқтидо қилмаса ҳам, ёки (сажда ояти ўқилган ракъатдан) бошқа ракъатда мазкур имомга иқтидо қилса ҳам, намоздан сўнг тиловат саждасини адо этади.

4. Имом сажда ояти ўқиган ракъатда ҳали имом тиловат саждасини адо этмай унга иқтидо қилган киши имом билан бирга сажда қилади. Аммо шу ракъатда имом ўқиган оят саждасини қилганидан сўнг имомга иқтидо қилса, тиловат саждаси адо этилмайди.

5. Намоз асносида қилиниши лозим бўлган тиловат саждаси намоз ичида адо этилмаган бўлса, намоздан кейин адо қилинмайди. Чунки намоз ичида қилиниши лозим бўлган тиловат саждаси учун шундай улуғ даража борки, намоздан кейинги саждалар унинг ўрнига ўтмайди.

6. Киши намоздан бошқа пайт сажда ояти ўқиб (ёки эшитиб) сажда қилгач, айни жойда намозни бошлаб, ўша оятни ўқиса, такрор сажда қилади. Агар аввал айтилган саждани қилмаган бўлса, намоздаги сажда иккала сажданинг ўрнига ўтади.

7. Айни жойда бир сажда оятини икки ёки ундан кўп бора ўқиган киши бир марта тиловат саждаси қилади.

8. Фақат бошқа-бошқа жойларда бир сажда оятини ўқиган киши учун бир марта тиловат саждаси қилиш кифоя эмас.

 

Жойни ўзгартирадиган сабаблар

Турган ё ўтирган жойидан зарурат учун бўлса ҳам ажралиш, дарахтда бир шохдан бошқа шохга ўтиш, анҳор ёки каттароқ ҳовузда (сажда ояти ўқилган) жойдан бошқа жойга сузиб ўтиш билан, жой ўзгарган ҳисобланади.

 

Жойни ўзгартирмайдиган сабаблар

1. Бир хонанинг ёки катта бўлса-да, масжиднинг ичида сажда ояти ўқилгач, бир бурчакдан бошқа бир бурчакка ўтиши.

2. Қуръон тиловат қилаётган пайт кеманинг юриши.

3. Сажда ояти ўқилгач, бир ёки икки ракъат намоз ўқирлик вақтнинг ўтиши.

4. Бир қултум сув ичиш, бир-икки луқма таом ейиш ёки бир-икки қадам юриш.

5. Бир нарсага суяниш, ўтириш, ёки ўрнидан туриш.

6. Сажда ояти ўқилган жойда уловга миниш ёки тушиш.

7. Устида намоз ўқилаётган уловнинг юриши. Бундай ҳолларда бир марта сажда қилиш кифоя.

8. Сажда ояти ўқиётган киши ўрнида қолгани ҳолда, эшитаётган кишининг жойи ўзгарса, эшитаётган киши такрор сажда қилиши лозим.

9. Бир жойда бир сажда оятини кўп эшитган кишининг такрор сажда қилиши шарт эмас. Фақат ўқиган киши жой ўзгартиргани туфайли, такрор сажда қилиш керак.

 

Турли масалалар

Сажда ояти бўлган сурани ўқиётганда сажда оятини ўқимай ташлаб кетиш макруҳдир.

Сажда оятига бир ёки бир неча оят қўшиб ўқиш мустаҳабдир.

Ўтирган кишининг тиловат саждасини қилиш учун ўрнидан туриб, саждани адо этиши мандубдир.

Сажда оятини эшитган кишининг ўқиган кишидан аввал бошини саждадан кўтармаслиги ҳам мустаҳабдир.

Сажда ояти бир жамоат ичида ўқилиб, ҳамма бирдан сажда қилиши лозим бўлганида, оятни ўқиган кишининг имомга ўхшаб олдинроққа ўтиши ва жамоатнинг саф тортиши шарт эмас. Ҳар ким ўтирган жойида, хоҳлаганидек сажда қилади.

 

Саҳиҳ бўлиш шартлари

Тиловат саждасининг саҳиҳ бўлиш шартлари намознинг саҳиҳ бўлиш шартларидир (такбири таҳримадан ташқари).

 

Адо этиш тартиби

Сажда оятини ўқиган ёки эшитган киши ўтирган бўлса, ўрнидан туради. Қўлни кўтармай такбир айтиб, саждага боради ва яна такбир айтиб, ўрнидан туради. Шу тартибда бир марта сажда қилади. Ташаҳҳуд ўқилмайди ва салом берилмайди.

 

«Нурул изоҳ» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллома Қози Байзовий роҳимаҳуллоҳ ҳақида қизиқ ривоят бор .Байзовий ўзининг .Анворут танзил ва асрорут таъвил, номли тафсирини ёзиб битиргач, уни султонга давоми...

1507 11:00 / 25.07.2023
Эй дўстим, қаранг, ўлим келмасдан олдин ишларингизни ислоҳ қилиб олинг. Чунки сиз қачон ўлим келиб қолишини билмайсиз. Билингки, умр оз, ҳасрат эса узоқдир. Эй давоми...

5292 16:00 / 19 февраль
Али ибн Аби Ҳарора айтади .Онам йигирма йил бўлибдики, юра олмас, шол эдилар. Бир куни менга дедилар Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ҳузурига бор. Ундан мен учун дуо қилишини давоми...

1238 11:00 / 17.01.2023
Ўйлаб кўринг, таҳоратдан олдин .бисмиллах, айтилса, унга қанча меҳнат, вақт сарф бўлади, қанча пул тўланади Лекин ушбу кичкинагина амал инсоннинг зоҳирию давоми...

859 15:54 / 15 октябрь