1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Васатия ва уни идрок этиш ҳамда чегаралашда ақлнинг роли

12:56 / 06.05.2018 3704 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бағрикенглик ва осонлик Ислом шариатининг энг улкан мақсадидир. Бу маънони таъкидловчи ҳужжат ва далиллар кўп. Бағрикенглик инсон табиатига боғлиқ нарсадир. Аллоҳ инсонни худди шу табиат ила яратган. Соф табиат шиддат ва қийинчиликни ёқтирмайди. У доимо осонлик ва юмшоқликка мойил бўлади.

Аллоҳ таоло:

«Агар қўполқалби қаттиқ бўлганингдаатрофингдан тарқаб кетар эдилар», деган (Оли Имрон сураси, 159-оят). 

Исломнинг бағрикенглик ва осонлик сифати унинг ўзи етиб борган ерларда тарқалиши ва боқий қолишига таъсир қилган. Айнан шу осонлик сифатига биноан, кишиларни қудрати етадиган нарсага таклиф қилиш жорий бўлган. Тоқат етмайдиган нарсага таклиф қилиш йўқ.

Аммо таклиф қилинадиганларнинг иродаси таклифда эътиборга олинмайди. Чунки бу ерда мақсад ҳавойи нафсга мослашиш эмас. Балки мақсад шариат тақозо қилган бузуқ нарсаларни ботил қилиш ва фойдаларни қарор топтириш каби инсон фаолиятини мўътадиллаштирадиган нарсаларга иродани кўниктиришдир.

Бу борадаги умумий қоида: «Нафсни ҳалол бўлмаган нарсага мойил бўлишдан жиловлаш ва ҳалол нарсага мўътадиллик ила қўйиб юбориш»дир (Шотибий. «Мувафақот», 2-жуз, 109-бет).

«Ислом бағри кенг ва осон бўлса ҳам, унда машаққат тамомила йўқ қилинган эмас. Чунки осонлик шариатнинг мақсадларидан бўлгани каби, машаққат ҳам унинг мақсадларидандир. Бунинг далили савоб олиш машаққатга боғлиқлигидир» (Шотибий. «Мувафақот», 1-жуз, 329-бет).

«Бу ерда алоҳида эътибор бериш лозим бўлган бир иш бор. У ҳам бўлса, машаққат таклифни таклиф қилинувчининг тоқатидан ташқарига чиқариб юбормаслигидир. Агар баъзи сабабларга кўра тоқатидан ташқари бўлиб қоладиган бўлса, истисновий рухсатлар келиб, уни енгиллатади ва тоқат чегарасига қайтаради. Бунда эътиборга олинадиган нарса – шариатнинг бурилмай, эгилмай, нуқсонга ва ҳаддан ошишга йўл қўймай, васат – ўртача йўлда юришидир. Ана шу у келтирган сироти мустақиймдир» (Шотибий. «Мувафақот», 4-жуз, 258-бет).

«Мана шу васатийлик унинг шариатни соф табиатга мослаган руҳидир. Шунинг учун табиат унга мойил бўлди, ақл унга гувоҳлик берди. Бас, васатийлик – мўътадиллик шариат, ақл ва одатдаги муштарак нарсадир. Шунинг учун ҳам агар шариатнинг умумий қоидасига назар соладиган бўлсанг, яхшилаб ўйлаб кўр, албатта васатийликни топасан» (Шотибий. «Мувафақот», 2-жуз, 167-бет).

Шотибийнинг фикрича, шариатнинг иши хоҳ қаттиқ олиш бўлсин, хоҳ енгил олиш бўлсин, васатийликдан қайси тарафга чиқиш бўладиган бўлса, у шариатнинг жавҳаридаги оғиш эмас, балки тарафкаш шахснинг бир тарафга оғишидан бошқа нарса эмас. Ушбу ҳақиқатнинг баёнида у киши қуйидагиларини ёзади:

«Қачон тарафлардан бир тарафга оғишни кўрсанг, унинг воқеликка ёки бошқа тарафдан кутилган нарсага қарши эканлигини билгин. Одатда шиддатли нарсалар динга бўш қарайдиганларга қарши хавф солиш, қўрқитиш ва дўқ қилиш учун ишлатилади. Енгиллик тарафи эса умидворлик қўзғаш, тарғиб қилиш ва рухсат бериш орқали шиддат-ла ноқулайликка учраганларга қарши ишлатилади. Униси ҳам, буниси ҳам бўлмаса, васатийликнинг равшан, мўътадиллик йўлини очиқ кўрасан. Бу эса асл мақсаддир» (Шотибий. «Мувафақот», 2-жуз, 168-бет).

«Ҳақ дин ушбу васатийликни лозим тутишдан иборатдир. Чунки халойиқнинг манфаати унинг ила қоим бўлур. Ундан ташқарига чиқувчи, хоҳ қаттиқ тарафга бўлсин, хоҳ юмшоқ тарафга бўлсин, шариат эгасининг мақсадидан четга чиқувчи ҳисобланади» (Шотибий. «Мувафақот», 2-жуз, 168-бет).

Шариат эгаси қай тарзда ушбу васатия ила халойиқ манфаатларини рўёбга чиқарганини Шотибий моҳир табибнинг ишига ўхшатиб, қуйидагиларни ёзади:

«У дастлаб мўътадиллик ила ғизонинг мижозини ғизоланувчининг мижозига мослаб беради. Сўраганларга ғизоланувчи билмайдиган баъзи озуқаларнинг хабарини ҳам беради. Унинг ғизо ёки заҳар, ёхуд бошқа нарса эканини баён қилади. Агар баъзи аралаш-қуралаш нарсалар сабабидан унга иллат етадиган бўлса, уни мўътадилликка қайтариш чораларини кўради. Чунки асосий мижоз мўътадиллик ва зарур соғломликдир. Бундай бўлиши Аллоҳ таолонинг ўта мулойимлиги, эҳсони ва инъомидандир» (Шотибий. «Мувафақот», 4-жуз, 258-бет).

Имом Шотибийнинг шариат эгасини табибга ўхшатиши фатво ишини ўзига эп кўрганларни ушбу мўътадил йўлни тутишга чақиради. Чунки муфтий ҳам нафснинг бетоблигини даволовчи табибнинг айнан ўзидир. Унинг бу борада ишлатадиган табобати шариатдир. У ўзидан фатво сўраб келган кишини шиддатли ёки ўта юмшоқ тарафдан бирига буриб юборишдан ҳазир бўлсин.

«Албатта, шиддатга олиш тарафи ҳалокатдир. Ўта енгил олиш тарафи ҳам худди шундай. Чунки фатво сўровчини машаққат ва танглик тарафига олиб борилса, унга дин ёмон кўринади ва охират йўлига юришдан кесилиб қолади. Бу кўриниб турган нарса. Агар уни ўта беписандлик йўлига бошланса, нафси ҳаво ва шаҳват йўлига юриб кетиши хавфи туғилади. Шариат эса айнан ҳаводан қайтарган. Ҳавога эргашиш ҳалокатдир. Бунинг далиллари кўп» (Шотибий. «Мувафақот», 4-жуз, 259-бет).

Шаръий матнларни диққат билан ўрганиш васатийлик Исломни ундан бошқа барча йўллардан ажратиб турадиган асосий имтиёз эканини кўрсатади. Шунингдек, ушбу васатийликни лозим тутиш нафсни беркилиш ва мутаассибликдан даволайди ҳамда ҳақни талаб қилишга чорлайди» (Шотибий. «Мувафақот», 4-жуз, 260-бет).

Шотибий муфтийларга юзланиб, уларни одамларга шариат эгасининг мақсадига мувофиқ мўътадиллик ила фатво беришга чақирганидан сўнг муқаллид – эргашувчиларга мазҳаблардан мўътадилини танлашни тавсия қилади:

«Васатийлик шариат эгасининг мақсади ва салафи солиҳнинг тутган йўли бўлгани учун, муқаллид қайси мазҳаб ушбу йўлда юришига назар солсин, ана ўшаниси эргашишга лойиқроқ ва эътиборга сазоворроқдир» (Шотибий. «Мувафақот», 2-жуз, 168-бет).

Шотибийнинг назарида шаръий мазҳаблар ушбу эътибордан, яъни васатийлик – мўътадиллик нуқтаи назаридан бир-биридан афзал бўлиши мумкин. Умуман олганда эса ҳамма мазҳаблар ҳам Аллоҳга элтувчи йўллардир.

Сўнгра имом Шотибий уламоларнинг ҳаддан ошиб, васатийликдан чиқиб кетган мазҳаблар ҳақидаги ҳукмини баён қилади:

«Улар Довуднинг мазҳаби ҳақида, фақатгина зоҳирга бино қилингани учун: «Икки юзинчи йилдан кейин пайдо бўлган бидъат», деганлар. Рай соҳиблари мазҳаби ҳақида: «Қиёсга ғарқ бўлса, Суннатдан ажрайди. Агар мазҳаб юқоридаги икки мазҳабнинг ўртасида бўлса, ўшанга эргашиш яхши бўлади», деганлар» (Шотибий. «Мувафақот», 4-жуз, 260-бет).


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(«Васатия – ҳаёт йўли» китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам....Сўнгра эса ndash Сенга ишнинг боши, устуни ва ўркачининг чўққиси ҳақида хабар давоми...

4185 19:25 / 19.05.2018
Ва сенга Китобни ҳақ ила, ўзидан олдинги барча китобни тасдиқловчи ва уларнинг устидан назорат этувчи қилиб нозил айладик. Бас, улар орасида Аллоҳ нозил қилган давоми...

4213 17:46 / 06.01.2018
Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Мута ғазотида шаҳид бўлдилар. У кишидан икки фарзанд қолди. Эри шаҳид бўлганидан сўнг Асмо бинт Умайс фарзандларини Набий давоми...

759 17:03 / 26 август
Инсониятни Аллоҳ таоло яратди. Улар ягона бир оиладир. Уларни бирбирлари билан аҳилиноқ яшашга ундади. Миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқишига қарамай, улар давоми...

10116 16:18 / 21.06.2017