1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: «Эътиқод – мангу ҳақиқатдир»

16:49 / 03 май 1410 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

– Муҳтарам муфтий! Қайта қуриш, янгича тафаккур шарофати туфайли мамлакатимизда содир бўлаётган хушбахт ўзгаришлардан яхши хабардорсиз. Шууримизга муҳрланиб қолган жуда кўп қарашлар бугун ўзгармоқда. Янгиланиш шабадалари диний эътиқод эгаларига бўлган муносабатларда ҳам сезилаётир. Номзодингиз СССР халқ депутатлигига кўрсатилганлигининг ўзи фикримизга далил бўла олади. Кўп сонли муштарийларимизнинг талаб ва илтимосларига биноан бугунги мулоқотимизни Сиз билан танишувдан бошласак.

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ўзим ҳақида гапириш бир оз ўнғайсиз. Аммо зарурат тақозо этса, начора. 1952 йили Андижон вилотидаги Булоқбоши қишлоғида, диндор оилада таваллуд топдим.

Шу йил 6 февраль куни бўлиб ўтган воқеалардан хабарингиз бор. Бошқарма диний ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси вазифасини вақтинча бажариб туриш масъулияти каминанинг зиммасига юклатилди. 14-15 март кунлари бўлиб ўтган IV Қурултой қатнашчилари эса каминага билдирилган ишончни тўла маъқуллаб, мени Бошқарма ҳайъатининг раиси этиб сайладилар ва «муфтий» унвонини бердилар. Билдирилган ишончни оқлаш, халқимиз саодати йўлида ҳалол хизмат қилиш – олий муддаомдир.

– Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташкил топганига 45 йил бўлди. Бошқарма фаолияти тўғрисида батафсилроқ сўзлаб берсангиз.

– Диний бошқармамиз амалга ошираётган ибратли ишлар ҳақида ҳар қанча сўзласак арзийди. Диний бошқарма зиммасига Ўрта Осиё ва Қозоғистон ҳудудида истиқомат қилувчи мусулмонларнинг диний ишларига раҳбарлик қилишдек улкан вазифа юклатилган. Ислом қонун-қоидаларини тарғиб қилиш, мўмин-мусулмонларга ҳар жиҳатдан кўмаклашиш, уларни тинчлик, адолат, раҳм-шафқат ва ҳалоллик йўлида бирлаштириш – бизнинг бурчимиздир.

Чет эллардаги Ислом эътиқодида бўлган биродарларимиз билан алоқаларимиз узлуксиз кенгайиб бормоқда. Ҳозирги кунда 80 дан ортиқ хорижий мамлакатлардаги диний ташкилотлар билан турли алоқалар ўрнатганмиз. Ўйлайманки, бу алоқаларимиз дунё халқлари дўстлиги ва ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ишига хизмат қилади.

Диний идорамиз ташаббуси ва фаол иштирокида халқаро Ислом анжуманлари ҳам ўтказиб турилади. 1974 йили Самарқанд шаҳрида буюк муҳаддис Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий роҳматуллоҳи алайҳ таваллудларининг 1200 йиллиги муносабати билан «Имом Бухорий ва ҳозирги замон» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди, унда 33 мамлакатдан келган нуфузли уламолар иштирок этдилар. Бу анжуман ҳадис илми равнақига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

1980 йили Тошкентда «XV ҳижрий асри – халқлар ўртасида дўстлик, тинчлик ва биродарлик асри бўлсин» шиори остида ўтган халқаро анжумани ҳам Ислом оламида таъсирли воқеа бўлди. Бошқармамиз «Инсониятни ядро ҳалокатидан қутқазиш» Москва кенгашининг фаолларидан бири эканлигини ҳам айтиб ўтишим лозим.

Ҳозирги қайта қуриш, ошкоралик ва демократия шароитида бу алоқаларни янада ривожлантириш эҳтиёжи яққол сезилиб турибди. Қурултойимиздан сўнг ўтган қисқа муддат ичида чет эллардаги атоқли Ислом намояндалари ва ташкилотлар бизга номалар йўллаб, ишимизга ривож тилаш билан бирга икки томонлама манфаатли алоқаларни янада кучайтириш ниятида эканликларини изҳор қилдилар. Улар, айниқса, диндорларга қайтариб берилган ҳалифа Усмон ибн Аффоннинг мусҳафларини зиёрат қилиш, ундан ҳеч бўлмаса бир неча варақ фотонусха олишга қизиқмоқдалар.

Икки оғиз сўз нашр ишларимиз хусусида. Бошқармамиз Қуръони Каримни бир неча бор чоп этди. «Саҳиҳул-Бухорий», «Ал-Адабул муфрад», «Сулосийтул Бухорий», «Аш-Шамоилун набавий» каби қатор диний китоблар қайта нашрдан чиқди. Йиллик диний тақвим, бир неча тилларда чиқадиган «Совет Шарқи мусулмонлари» журнали даврий нашрларимиз ҳисобланади. Бу соҳадаги ишларни янада ривожлантириш, журналимизни ўзбек ҳамда тожик тилларида ҳам чиқариш ниятимиз бор.

Хуллас, бу борадаги ниятларимиз анча катта. Яқин келгусида Қуръони Каримнинг янги нашри, Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган «Мишкотул масобиҳ», «Жомеъут Термизий» китоблари босмадан чиқади.

– Бухорода Мир араб мадрасаси, Тошкентда Имом Бухорий номидаги Ислом олий маъҳади диний ходимлар тайёрлаш борасида фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари Яқин Шарқ мамлакатларида, хусусан, Қоҳира, Дамашқ ва Қобулда қатор диний университетлар мавжуд. Улардан бирини ўзингиз тугатгансиз. Кўпчилик бу даргоҳлари фаолиятларидан тўла хабардор эмаслар. Талабаларни танлаш, қабул қилиш шартлари, илоҳиёт билан бирга ўқитиладиган дунёвий илмлар, уларнинг асосий йўналишлари ҳақида ҳам тасаввуримиз кам.

– Мадрасада толиби илмлар Қуръони Карим ва унинг тафсирини, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларини, Ислом тарихи ва фиқҳини, араб тили ва қоидаларини ҳамда бошқа зарурий илмларни ўрганадилар. Маъҳадимизда эса бунга қўшимча равишда улумул Қуръон, улумул Ҳадис, усулул Фиқҳ ва ақоид каби фанлардан билим берилади.

Диний илм даргоҳларига қабул қилиш шартлари диёримиздаги бошқа ўқув юртларига қабул қилиш шартларига деярлик мос келади. Бироқ, қўшимча шулки, диний илм даргоҳида таълим олишни ният қилган ёш мусулмон ўзи яшайдиган жойдаги масжиддан йўлланма ҳам олиши керак. Мир Араб мадрасасига кириш учун бошланғич диний таълимотдан, Қироатдан ҳамда тарих ва жуғрофиядан имтиҳон топширилади. Шунингдек, толибнинг умумий мафкуравий доираси ҳам ҳисобга олинади.

Тошкент ислом маъҳадига кирувчи талабалар бирмунча жиддийроқ синовдан ўтадилар. Улар араб тилида ўқиш ва таржима қила олиш маҳоратларини, фиқҳ ва тафсир каби диний фанлардан олган билимларини намойиш этишлари керак.

Ислом оламидаги диний ўқув юртларида Исломга оид илмлар билан бир қаторда илмул ижтимо (социология), илмун нафс (психология), ахлоқ (эстетика) каби фанлар ҳам ўқитилади. Эндиликда толиби илмларга Ислом билан биргаликда тиббиёт, механика каби замонавий фанлардан сабоқ бериш, уларни диний арбоблик билан бирга халқ хўжалиги учун зарур бўлган турли мутахассислик эгалари қилиб тайёрлаш режалари тузилмокда.

– Яна икки кундан кейин сайлов. Программангизда «Жамиятнинг руҳий эҳтиёжларини янада тўлароқ қондириш» деган жумла бор. Бунда Сиз нимани назарда тутмоқдасиз?

– Эзгу ниятим – халқимиз саодати йўлида хизмат қилишдир. Жамиятимизда содир бўлаётган салбий ҳодисаларнинг сабабларини аниқлаш ва уларни тугатиш йўлида ҳаракат қилмоқчиман. Салбий ҳодисаларнинг сабаблари – маънавий тарбиянинг сустлигида, деб биламан. Ислом фалсафасига кўра, инсон жисм ва руҳдан иборатдир. Жисм тарбияга нечоғли муҳтож бўлса, руҳ ҳам тарбияга шунчалик ташнадир. Руҳий тарбия топмаган инсон маънавий қашшоқ бўлиб, раҳму шафқат, адолат ва эзгулик туйғуларидан маҳрум бўлади. Бундай кишилар эртами-кечми ахлоқий нопоклик ва маънавий тубанлик чоҳига дучор бўладилар. Балоғат остонасида турган ёшлар тарбиясига ғоят зарарли таъсир кўрсатадилар. Бу ҳолни тўғри изга солиш учун ахлоқий-маънавий тарбияни умумхалқ ишига айлантириш, мактабларда, ўқув юртларида, корхоналарда, маҳалла ва жамоат жойларида бутун имконият ва воситалардан фойдаланмоқ зарур.

– Яна бир ниятингиз – ҳаж сафарини ихтиёр қилганларга ҳар жиҳатдан ёрдам кўрсатиш. Бу борадаги тартиботлар қандай?

– Ҳа, режаларимдан яна бири – ҳаж сафарини ихтиёр этган биродарларимиз орзуларининг ушалишига ёрдам кўрсатишдир. Маълумки, ҳаж сафари Ислом дини беш арконининг бири. Шунингдек, бу сафар – мамлакат фаровонлиги даражасини кўрсатувчи ибодат ҳамдир. Зеро, ҳаж сафарига ўзига тўқ мусулмонларгина боришади. Таассуфки, узоқ йиллар давомида диёримиз мусулмонларининг бу йўлдаги орзу-ниятларига етарли эътибор берилмади. Ҳаж сафарига асосан масжид ва диний бошқарма ходимлари юборилиб, оддий мусулмонлар камситилди. Сафар ижозати мураккаблашди. Қиёслаб айтишим мумкинки, мусулмонлари сони биздан бир неча бор кам мамлакатлардан, масалан Хитой Халқ Республикасидан хар йили минглаб киши ҳаж сафарига отланадилар.

– Ўзингиз шундай сафарда бўлганмисиз?

– Камина 1984 йили Аллоҳнинг иродаси билан муборак ҳаж сафарида бўлиб, Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварадаги муқаддас жойларни зиёрат этиб, Аллоҳ фарз қилган ҳаж рукнини адо этганман.

– Мусулмон хуқуқшунослиги, шариат қонун-қоидалари билан шуғулланувчи Ислом илоҳиётининг фиқҳ соҳаси тўғрисида сўрамоқчиман. Илмий манбаларда Ислом кенг тарқалган мамлакатларда дунёвий ҳуқуқ системалари мавжудлиги боис бу соҳа муайян даражада торайиб бормоқда, деб таъкидланади. Ҳозир ҳам шундайми? Бурҳониддин Марғилоний, Абу Лайс Самарқандий каби машҳур фиқҳчиларнинг муаллафотларига эҳтиёж борми?

– Дунёвий ҳуқуқ тартиботларнинг жорийлиги Ислом фиқҳни суриб чиқармоқда, деган фикр тўғри эмас. Чунки шахсий, яъни, гражданлик масалаларининг барчаси Ислом фиқҳи асосида олиб борилади. Боз устига баъзи мамлакатлар ўз қонунларини Ислом фиқҳига яқинлаштириш, соф Ислом ҳукми асосида иш юритишга интилмоқдалар. Шунинг ўзи ҳам фиқҳга бўлган эҳтиёжни оширмоқда. Кўпгина Ислом давлатларидаги олий ўқув юртларида ватандошларимиз Бурҳониддин Марғилоний, Абу Лайс Самарқандий каби машҳур фиқҳчиларнинг талифотлари чуқур ўқитилмоқда. Ҳорижий олимларнинг таъкидлашларича, мусулмон бўлмаган мамлакатларда ҳам фиқҳга эътибор катта.

– Дин қонун йўли билан давлатдан ажратилган. Аммо биз узоқ вақт дин ва диндорлар наинки давлатдан, улар жамиятдан ҳам ажратилган, деб ҳисоблаб келдик. Дин – бу турмуш тарзи, эътиқод, ижтимоий воқелик эканлигини анг-ламадик ёки англашни истамадик. Дунёвий ва илоҳий қарашлар йўлидаги кишиларни умуминсоний ахлоқ меъёрлари, маънавий қадриятлар, адолат ва муҳаббат туйғулари бирлаштириб туришини ҳисобга олмадик. «Коммунист» журналининг ёзишича, миллатлар ва динлар, миллий ўз-ўзини англаш ва диний қарашларнинг ўзаро алоқалари масаласи олимларимизнинг назаридан мутлақо четда қолиб кетди… Сизнинг фикрингиз қандай?

– Дин турмуш тарзи эканлиги, ҳаётга катта таъсир ўтказиши ҳамда диндорлар жамиятнинг ажралмас бир қисми эканлиги хақиқат. Лекин бу ҳақиқатдан кўз юмилди. Диндорларга иккинчи навли кишилар сифатида қараб келинди. Дин вақтинчалик нарса, эрта-индин йўқ бўлиб кетади, деган тушунча кишилар онгига мажбуран сингдирилди. Лекин ҳақиқат – мангулиги билан ҳақиқатдир. Бинобарин, диндорлик кишилар қалбини тарк этмади. Аксинча, жамиятда ўз ўрнини топди.

Шукрлар бўлсинким, ҳамма нарсани ўз номи билан атайдиган, фикрни очиқ изҳор этадиган давр етиб келди. Дин ўткинчи нарса эмас, балки инсоният ҳаёти давомида унга йўлдош мафкура эканлиги, у билан ҳисоблашиш зарурлиги маълум бўлди.

– Хитой халқининг ажойиб мақоли бор: «Дераза очилганда хона ичига майин шабада билан бирга чанг-ғубор кириб келади». Бу ҳикмат бизнинг ҳозирги кунларимизга жуда жоиз. Қайта қуриш шарофати ила йиллар давомида қулфланиб ётган эшиклар очилди, сунъий тўсиқлар, кони зарар ғовлар олиб ташланди. Руҳиятимиз, енгил тортди. Аммо таассуфлар бўлсинким, биз покланиш шабадаси билан бирга маънавий қадриятларимизга мутлақо зид хуш-нохуш воқеаларга ҳам гувоҳ бўлиб турибмиз. Айрим кимсалар миллий ва миллатлараро муносабатлардаги мавжуд муаммоларни ниқоб қилиб халқлар дўстлигига раҳна солишга интилмоқдалар. Бу Сизни ҳам ташвишлантирса керак?

– Албатта, бу ҳолат барча мусулмонларни ҳам ташвишлантирмоқда. Эътироф этганингиздек, қайта қуриш, демократия ва ошкораликни суистеъмол қилиш ҳоллари учраб турибди. Бу ҳолат, айниқса, Қорабоғ атрофидаги воқеаларда яққол кўзга ташланди. Баъзи бир шахслар бунда Исломни айблашга ҳам уриниб кўрдилар. Аслида эса Ислом миллатчилик тушунчасидан йироқдир. Шайхулислом Оллошукур Пошшозода раҳбарлигидаги Кавказорти мусулмонлари диний бошқармаси мусулмон аҳолини тинчлантириш ва тартибга чақиришда фаол иш олиб бордилар. Баъзи туманларда уламолар ғазабланган жамоатнинг йўлига пешвоз чиқиб тўхтатиб қолдилар.

Очиғини айтиш керак, яқин-яқинларгача Ислом миллатчиликнинг асосий манбаси сифатида айблаб келинди. Бу адолатдан эмас, ҳақиқатга зид. Ислом миллатчилик кайфиятларидан устун туради. Динимиз инсонларни миллати, насаби ёки тусига қараб эмас, балки тақозоси ва руҳий маънавиятига қараб баҳолайди. Ислом қора танли Билол Ҳабашийни ажойиб инсон қилиб тарбиялади, муқаддас Каъба устида азон айтишдек улкан мартабага сазовор этди. Айни чоғда чин асилзода ҳисобланган, аммо бирор бир кишига яхшилик қилмаган пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Абу Жаҳл ва Абу Лаҳабларни қоралади.

Ислом таълимоти диндорларни ўзга динларга ҳурмат ва эҳтиром билан қарашга чорлайди. Мисол учун христиан ёки яҳудий динларини олиб кўрайлик. Қуръон ва суннат таълимотларига кўра христиан дини асосчиси Исо алайҳиссалом – Аллоҳнинг пайғамбари ҳисобланади. Агар бирор мусулмон бунга шак келтирса, мусулмонлиги қолмайди. Шунингдек, Инжилни илохий китоб деб тан олмаган киши ҳам мусулмон бўла олмайди. Бу ҳукм Мусо алайҳиссалом ва Тавротга ҳам дахлдор.

Ислом пайғамбар ва илохий китоблар ҳурмати билан чегараланиб қолмайди, балки уларга эътиқод қилувчиларга ҳам яхши муомалада бўлишни тарғиб этади. Динимиз ўзга динга эътиқод қўйган аёлларга уйланиш, таомларидан (ҳалол ҳайвонларнинг гўштидан тайёрланган ноз-неъматларидан) тановул қилишни ҳам ман этмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Моида сурасининг 5-оятида мусулмонларга хитоб қилиб бундай дейди: «Бугунги кунда сизга пок нарсалар ҳалол қилинди. Аҳли китобнинг таоми сиз учун ҳалол қилинди ва сизларнинг таомингиз улар учун ҳалол қилинди. Шунингдек, покиза мўмина аёллар ва аҳли китоб аёллар ҳам…»

Ғарблик шарқшунос ва тарихчилар Исломнинг миллатлараро муносабатларга доир қарашлари тўғрисида кўп ёзишган. Хусусан, Томас Орланднинг «Исломга даъват» китобида мусулмонларнинг бошқа дин вакиллари билан яхши муомалалари ёрқин мисоллар билан баён этилган.

Қуръони Каримдаги мана бу оят билан бу борадаги фикримни якунламоқчиман: «Эй мўъминлар! Ҳеч бир қавм бошқа бир қавм устидан кулмасин! Чунки улардан қайси бирлари афзалроқ эканлиги Аллоҳнинг ўзигагина аёндур» (Ҳужурот сураси, 11-оят).

– Биз юқорида айтганимиздек, диндорларга бўлган муносабат ўзгармоқда. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Анча кўнгилсиз бўлса ҳам айтишим лозимки, баъзи кишилар бу ўзгаришларни бошқачароқ тушунганлар чоғи. Баъзи жойларда ноўрин, жамият, умумхалқ манфаатларига тўғри келмайдиган, Исломни обрўсизлантирадиган талаблар билан ҳукуматга ошкора тазйиқ ўтказиш, варақалар тарқатиш, дўқ-пўписа қилиш ҳоллари ҳам учраб турибди. Бу ҳолни Сиз қандай баҳолайсиз?

– Надоматлар бўлсинким, Сиз зикр қилган кўнгилсиз ҳоллар ҳозиргача ҳам учраб турибди. Бундан диний бошқарма ва мусулмонлар оммаси жуда ҳам хижолатда. Узоқ вақт кутилган адолат онлари етиб келган, кўксимизга шамол тегди, деган бир пайтда бундоқ ҳодисалар Ислом ва мусулмонлар тўғрисида носоғлом фикр туғилишига сабаб бўлмасмикин, деган ҳадикдамиз.

Ҳозирги кунда давлат билан диндорлар opaсидаги муносабат кундан кунга яхшиланиб бормоқда, кўплаб янги масжидлар очилмоқда, диндорларнинг бошқа эҳтиёжларини қондириш режалари тузилмоқда. Лекин баъзи бир кишилар ҳамма нарса бамаслаҳат, келишилган ҳолда бўлиши зарурлигини унутиб қўйишганга ўхшайди. Улар дўқ-пўписа, намойиш, очиқчасига қўполлик йўли билан муддаоларига эришмоқчи бўлишяпти. Бу – истиқболсиз йўл.

Афтидан, баъзи муаммолар юқорида зикр қилинган ҳаракатлардан сўнг ҳал бўлганлиги ҳамма ишлар ҳам шу йўсинда ҳал қилинар экан-да, деган нотўғри фикр туғдирганга ўхшайди. Бу ҳолни соф диний масалаларда ҳам кўриб турибмиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барча диндор биродарларимизни ҳамжиҳатликка, оқилона тасарруфга, турли ихтилофларни четга қўйиб биргаликда динимиз, халқимиз, ватанимиз равнақи йўлида фаолият кўрсатишга чорламоқчиман. Агар Аллоҳ кўрсатмасин, ҳозирги ножўя баъзи бир ҳаракатлар туфайли жамиятимизга, динимизга зарар етадиган бўлса, келажак авлодлар олдида юзимиз шувит бўлади.

– Баъзи жойларда айрим кишилар диндорлар номидан гапириб, турли хил «кароматлар» қилмоқдалар. Мана бу хатларга эътибор беринг: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. 10 ёшли бола тушида авлиёни кўрибди. Ул киши айтибдиларки, яқинда Наманганни сув олади. Худони ёддан чиқарма…» ёки: «9 ёшли боланинг тушида аён бўлибди. Яқинда ер силкинади. Худони унутганларнинг ҳаммасини ер ютади…» Бу кароматларни ўқиб «Чала мулла – дин бузар», деган мақол ёдимга тушди.

– Дарҳақиқат, мишмишлар ниҳоятда кўпайиб кетди. Авваллари мен бу нарсаларга эътибор бермай юрдим. Лекин сўнгги пайтларга келиб эътибор бермасликнинг иложи бўлмай қолди. Масжидларда бир неча бор бу ҳақда гапиришга мажбур бўлдик. Мана энди бўлса обрўли газетамиз саҳифаларида жавоб беришга тўғри келмоқда. Сиз эслатиб ўтган «каромат» деб аталмиш бу сафсата мишмишларнинг бир тури, холос. Жумлаларнинг тумтароқлиги ва мантиқсизлигидан кўриниб турибдики, бундай васиятномаларни саводсиз, бетайин кимсалар ўйлаб чиқарган. Шуниси қизиқки, мазкур «каромат»лар бошқа тилларда ҳам тарқалган ва соддадил биродарларимиз уларни ўқиб ташвишга тушишибди. Ташвишга тушишнинг ҳожати йўқ. Буни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди.

«Васиятнома» хатларнинг тутуруқсизлигини бир далил билан исботлаш мумкин. Уларда ким кўпайтириб тарқатса яхшилик кўриши, агар ундоқ қилмаса ёмонлик кўриши ҳақида сўз кетади. Исломда энг эътиборли сўз – Аллоҳнинг сўзи, яъни Қуръон ҳисобланади. Лекин ҳеч ким ҳозиргача Қуръонни кўчириб тарқатмаса фалон кунда ёмонлик кўради ёки аксинча, кўчириб тарқатса фистон кунда яхшилик кўради, деб айтмаган. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Қуръон қаёқдаю бетайин муаллифнинг қуруқ сафсатаси қаёқда.

Қизиғи шундаки, «Васиятнома» тарафдорлари шу йўл билан динни тарғиб қилишни даъво қиладилар. Исломда тарғибот бу йўл билан олиб борилмайди, унинг ўз йўли бор. Бу ҳақда пайғамбар алайҳиссалом «Башоратли (севинчли) сўзларни айтинглар, нафратлантирувчи сўзларни айтманглар», деганлар.

Кези келганда, бошқа мишмишлар ҳақида ҳам бир оз тўхталиб ўтсак. Ҳозир сайловчилар билан ўтаётган учрашувларда: «Сочи кесилган қизларга мусулмонлар пичоқ ўқталаётганмиш, шу ростми?» ёки «Муфтий депутат бўлса, аёлларга паранжи ёптирар эмиш, бунга нима дейсиз?» каби саволлар тушиб турибди.

Менингча, бу мишмишлар дин ва дин аҳлига зарардан бошқа ҳеч нарса келтирмайди. Бундай асоссиз гаплар кишиларимиз асабига тегаётгани турган гап. Энг яхши илож ҳеч қандай мишмишларга ишонмасликдир. Бу ҳақда «Қуръон»да: «Эй мусулмонлар, агар бир фосиқ сизга хабар келтирса аниқлаб олинг, билмасдан бировга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишингизга надомат қилиб юрманг», деган оят бор (Ҳужурот сураси, 6-оят). Ҳар бир хабарни аниқлаб, тагига етиб, сўнгра ишонмоқ керак.

– Баъзи диндорлар қилган тоат-ибодатларни кўз-кўз қилишга ҳаракат қиладилар. Шу йўл билан ўзларига алоҳидалик, улуғлик сифатини берадилар. Шу йўл тўғрими? Эътиқод дилда бўлиши керак эмасми?

– Қилган ибодатини кўз-кўз қилиш – Исломда риёкорлик дейилади. Риёкорлик эса катта гуноҳ. Ибодат фақат Аллоҳ учун қилинади. Аллоҳ эса махфий ибодатни хуш кўради. «Ўнг қўлинг билан қилган хайри садақангни чап қўлинг сезмасин», деган ҳадис бор.

«Эътиқод дилда бўлиши керак эмасми?» – деган саволингизга пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг: «Тақво – бу ердадир», деб кўксиларини кўрсатганликларини ривоят қилувчи ҳадис жавоб бўла олади.

– Муҳтарам муфтий!  Самимий ва ошкора суҳбатингиз учун ташаккур!

– Халқимиз, ватанимиз саодати йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилаётган севимли ҳафталигимиз «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»нинг барча ходимларига, таҳрир ҳайъати ва муштарийларига энг яхши истаклар тилайман.

Суҳбатни Аҳмаджон Мелибоев ёзиб олди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1989 йил, 12 май.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Манбаларда келтирилишича, Қўқон хони Шералихон 17971845 тахтга келгунга қадар Қирғизистоннинг Талас водийсида тоғасининг қўлида улғаяди. У болалигидан қирғизлар давоми...

1828 11:27 / 01.01.2022
МУҲАММАДГА СОДИҚ МУҲАММАД СОДИҚЯНГИ ХОТИРА КИТОБИДАН БОБЛАР1980 йили Ливия дорилфунунини муваффақиятли тугатиб қайтган Муҳаммад Содиқни ўзлари таҳсил олган Имом давоми...

6876 17:55 / 19.06.2017
Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф хотиралари Устоз Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф 1954 йил 17 май куни Андижон вилояти Марҳамат тумани Қорақўрғон қишлоғида дунёга келди. У давоми...

1422 15:28 / 19 апрель
У зотнинг тўлиқ исмлари Тожуддийн Абулфазл Аҳмад ибни Муҳаммад ибни Абдилкарим ибни Абдур Роҳман ибни Абдуллоҳ ибни Аҳмад ибни Ийсо ибни Ҳусайн ибни Атоуллоҳ ас давоми...

5731 22:15 / 27.04.2017
Аудиолар

137661 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57723 14:35 / 11.08.2021