1446 йил 18 жумадис сони | 2024 йил 20 декабрь, жума
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Ҳаким Термизий ва касб масаласи (2-қисм)

18:39 / 26.10.2017 4173 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ молнинг аҳамиятини ва у динга қувват эканини баён қилиб айтади:

«...Аллоҳ сизларга (ҳаёт) тиргаги қилиб қўйган молларингизни эсипастларга берманг...» (Нисо сураси, 5-оят).

Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ризқ талабини тарк қилишга ҳужжат йўқлигини алоҳида таъкидлайди. Баъзи дин ишига берилганлар «Ризқнинг кафолатини Аллоҳ Ўз зиммасига олган» дея талабни тарк қилишларини танқид қилади. Бу борадаги уларнинг далилларини келтиради.

Муаллиф: «Улар ўтириб олиб, ризққа ва кафилнинг бу борада уларга вафо қилишига интизор бўладилар», дейди ва уларни «ризқ талаб қилмай, ўтириб олганлар» деб атайди.

Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ бандаларни ризқ талаби масаласида иккига – «ишончсизлик ила ўтирганлар»га ва «ўтирғизилганлар»га бўладилар ҳамда уларнинг орасидаги фарқ ҳақида сўз юритадилар. Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ «ўтирганлар» деганда, ўзича нотўғри фикр юритиб, «Ризқ ўз-ўзидан келаверади» деган фикр билан ризқ талаб қилмасдан, ўтириб олганларни тушунади. Уларни туришга, ризқ талаб қилишга чорлаб, қуйидагиларни айтади:

«Агар улар ўтирган бўлсалар, туришлари ва талаб қилишлари лозим. Ана шундагина тамадан ва қалбнинг бузилишидан сақланадилар, нафснинг фитнасидан ҳимояланадилар. Муҳтожлик уларни шубҳали нарсани олишга ва бойларга лаганбардорлик қилишга олиб бормайди».

Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг фикрича, ҳалол ризқ учун касб қилиш ҳар қандай нафл ибодатдан афзалдир: «Қайси ибодат бундан афзал?! Унга (нафл) рўза ва намоз ёки бошқа хайрли ишлар яқин кела оладими?! Батаҳқиқ, тамангнинг шиддати ва қувватини босдинг. Энди бундан кейин аҳли яқийннинг амалларига етишасан».

«Ўтирганлар»нинг сифати ҳақида сўз юритар экан, Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни ёзади: «Яқийн қарор топишидан олдин ризқ талаб қилишни тарк қилсанг, нафсинг сени ҳалокатлар водийсига отган бўлади. Сен эса буни сезмайсан, хотинингни, болаларингни зое қиласан. Уларнинг ризқлари Аллоҳнинг зиммасида, деган даъвони қиласан».

 Ушбу гўзал жумлаларни ўқиганда, беихтиёр бугунги кунда худди шу ҳолатни такрорлаб юрган сохта сўфийлар ёдга тушади. Муаллиф дангасалик билан оила таъминотидан ўзини олиб қочганларни сифатлаш билан бирга уларнинг зиддига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан далил ҳам кетиради:

«Анави тўғри йўл ва суннатни тарк қилувчидир, у қийинчиликда яшайди. Шу билан бирга, золим, тамагир ва аҳлининг ҳаққини поймол қилувчи ўлароқ вафот этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинмиш:

«Кишига таъминоти бўйнида бўлган кимсани зое қилиши гуноҳ учун кифоя қилур».

Шариат талаблари асосида ризқ-рўз касб қилиш ҳар бир мўминнинг бурчи бўлиши билан бирга мақтовли сифатларни ҳосил қилишда ҳалол касбнинг таъсири ҳам борлигини муаллиф алоҳида таъкидлайди.

Замон ва касбларнинг бузуқлигини баҳона қилиш ила касбдан қочиш мўмин бандага тўғри келмаслиги таъкидланади: «Уларга қарши «Сизлар нафсга қарши курашдан кўп қочувчисизлар, нафсга қарши курашдан, шиддатга қарши туришдан ва Аллоҳнинг дини учун қийналишдан қочган кимса қандай қилиб салоҳиятли бўлади?!» деймиз».

Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолога итоат қилиб, ризқ талабида шариат кўрсатмаларига оғишмай амал қилиб, ибодатларини адо этиб, нафл ибодатларни кўпайтириб, Аллоҳ таолонинг розилигини топган бандага У Зот ризқни ҳеч қандай машаққатсиз келиб турадиган қилиб қўйишини таъкидлайди ва уларни «ўтирғизилганлар» деб атайди. Ана шу «ўтирғизилганлар»нинг сифатларини ҳам баён қилиб беради.

 Бошловчиларнинг ризқ талабидаги ўрни ҳақида сўз юрита бориб, у киши айтадилар: «Унга дейилади: «Сен ризқни ўзингга буюрилганидек талаб қилдингми?! Сенга уни Аллоҳ азза ва жалладан тилашинг амр қилинмаган, балки «Уни Аллоҳ азза ва жалланинг фазлидан тила», дейилган эди. Яъни «Ер юзида бундоқ, бундоқ қилиб жавлон уриб, турли-туман талабларни қилгин. Зотан, У Зот қалбларни айлантириб турувчидир. Ҳидоятга бошлайди, етаклаб келади, ташлаб қўяди, кўпайтиради ва қалбларни эгаллаб, ўшани (ризқни) сенга етказади», дейилган эди. Мана шу сен учун У Зотнинг фазлидир».

Сўнгра сиддиқларнинг ризқ талабидаги макони ҳақида сўз юритилади: «Албатта, У Зот таъминотсиз ва талабсиз ризқни фақатгина ризқни унутган, Робби ила машғул бўлиб, уни эсдан чиқарган ва Унга кафолат жиҳатисиз ўта ишонган кимсага беради».

Зоҳидларнинг ризқ талабидаги макони ҳам ўзига ярашадир. Зоҳидлар ризқ борасида Роббларига тўлиқ ишончдадирлар. Уларнинг қалблари сокин бўлади ва етарли ризққа ишонади. Лекин (бу қалбда) беқарорликнинг қолдиғи бордир.

Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ризқлари ҳақида ҳам батафсил сўз юритиб, бу масаланинг учта ҳолати борлигини айтганлар.

Кейин Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ осонлик ва қийинчилик кўплик ва озликдан эмаслигини баён қиладилар, «Нима учун Аллоҳ ризқнинг кафолати учун қасам ичган?» деган саволга жавоб бериб, бу масалада икки маънони батафсил шарҳ қиладилар.

Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу рисоласи ҳажми кичик бўлгани билан, қадри улуғ асарлардандир. Унда доимо мусулмонларнинг ҳожати тушиб турадиган ҳассос ва нозик масала усталик билан баён қилингандир. Камина ходимингизнинг фикрича, ушбу ажойиб асар ёзилган вақтдагидан кўра ҳозирги вақтда аҳамиятлироқдир.

Аллоҳ таоло Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳга бу улуғ иши учун ажрини, савобини кўпайтириб берсин. У зотга жаннатдан жой олишларини ва унинг неъматларидан баҳраманд бўлишларини насиб этсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Касбнинг баёни китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини олим ўлароқ биламиз, сиз у кишини оила бошлиғи, яъни ота сифатида таърифлаб берсангиз. Бисмиллаҳир роҳманир давоми...

1514 12:00 / 17.05.2023
Ушбу суратда кўриб турганингиз муборак зот mdash шайх Ҳасан ибн Абдулҳамид Ал Бухорий. Боболари бизнинг диёрлардан бўлган шайх Ҳасан ал Бухорий Маккаи Мукаррамада давоми...

1853 14:00 / 25.07.2023
Мусайяб ибн Возиҳга Абу Утба Хаввос айтганлар .Иброҳим ибн Адҳамнинг .Кимки тавбаси қабул бўлишини истаса, зулм қилишдан сақлансин, одамларнинг ишларига давоми...

1633 16:00 / 21.02.2021
Зиёрат рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида ўзбек қориларидан бири бўлмиш Исмоил қори Исмоил ўғлининг уйларига ташриф буюрдик.Исмоил қори Исмоил давоми...

6386 02:05 / 05.06.2018
Аудиолар

137393 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7538 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57467 14:35 / 11.08.2021