1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Имом Мотуридий яшаган давр

16:36 / 28 май 1193 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир шахснинг ҳаётини ўрганишда у яшаган даврни ҳам ўрганиш алоҳида аҳамият касб этади. Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳаёти ва фаолиятларини ўрганар эканмиз, у киши яшаган даврга бир назар ташлашимиз керак бўлади. Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи мусулмон оламида аббосийлар давлати ҳукм сурган пайтда, яъни аббосийлар даврининг иккинчи ярмида яшаб ўтганлар. Бу давр ҳижрий 248 йилдан бошланади. Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 333 йилда вафот этганлари аниқ, лекин туғилишлари тахминан 260 йилларга тўғри келиши айтилади. Ўша пайтларда сиёсий майдонда аббосий халифаларнинг заифлашиши, турк ва форс халқларининг кучайиши, ушбу  ва шунга ўхшаш бошқа омиллар туфайли турли давлатлар пайдо бўлиши юз берган.

Ана шу давлатлардан бири сомонийлар давлати бўлиб, имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи айнан ушбу давлат ҳукм сурган даврда яшаб ўтганлар.

Сомонийлар давлати Мовароуннаҳр минтақасида ташкил топган ва ҳукм сурган давлатлардан биридир. Бу минтақа Жайҳун – Амударёнинг икки қирғоғидаги ерлардан иборат бўлиб, бир тарафида туркий, иккинчи тарафида форсий халқлар истиқомат қилган. Ўша вақтларда Мовароуннаҳрга қўшни бўлган минтақалар Хуросон ва Сижистон деб номланган.

Ўша пайтларда Мовароуннаҳрнинг Бухоро, Самарқанд, Шош, Фарғона, Кеш, Насаф, Соғниён, Хатал, Термиз каби шаҳарлари машҳур бўлган.

Сомонийлар сулоласи қадимдан машҳур бўлган оилага мансубдирлар. Уларнинг катта бобоси Баҳром ибн Жур деб аталган.

Бу оила умавийлар даврида Исломга кирган. Ўша вақтларда уларнинг юртида умавийларнинг волийси Холид Қасрий деган киши бўлиб, у аслзода оилаларни Исломга жалб қилишга алоҳида аҳамият берар эди. Холид Қасрий ўзига Сомонни яқин олиб, ҳурматини жойига қўйди. Сомон унинг қўлида Исломни қабул қилди. Вақти келиб, Холид Қасрий Сомонни Балхга волий этиб тайинлади. Сомон ўғил кўрди ва унга Асад деган исм қўйди.

Асад ибн Сомоннинг тўрт ўғли бўлиб, уларнинг барчаси халифа Маъмуннинг даврида сиёсат майдонига кирдилар. Ҳижрий 204 санада Нуҳ ибн Асад Самарқандга волий бўлди. Аҳмад ибн Асад Фарғонага, Яҳё ибн Асад Шошга, Илёс ибн Асад Ҳиротга волий бўлишди.

Аҳмад ибн Асаднинг ўғиллари ичида Исмоил ва Наср машҳур бўлишди. Отасидан сўнг Наср Самарқанд ва унинг атрофларига волий бўлди. Кейин, ҳижрий 261 санада халифа Мўътамид уни Мовароуннаҳрга волий этиб тайинлади. Шундай қилиб, сомонийлар давлатига асос солинди. Наср ўзининг туғишган укаси Исмоилни Бухорога волий қилди. Аммо ака-укалар орасида низо чиқиб, бу низо урушга бориб тақалди. Уруш ҳижрий 275 санада Исмоилнинг ғалабаси билан якунланди. Аммо Исмоил акасига катта ҳурмат кўрсатди. Уни узоқдан кўриши билан уловдан тушди, олдига пиёда юриб бориб, узангисини ўпди ва: «Мен хато қилганимга иқрор бўлдим, ҳамма айб менда», деди. Наср укасининг вафодорлигини кўриб йиғлади ва уни Бухорога ноиб қилиб, Самарқандга қайтди.

Нуҳ ибн Аҳмад Сомонийнинг вафотидан кейин, ҳижрий 279 санада сомонийлар давлатининг барча ишлари унинг укаси Исмоил ибн Аҳмад Сомонийга ўтди. Тарихчилар Исмоил ибн Аҳмад Сомонийни сомонийлар давлатининг ҳақиқий асосчиси деб атайдилар. Унинг даврида давлат ҳақиқий қувватга эга бўлди ва шиа мазҳабидаги саффорийлар давлатини йўқ қилишда асосий ўрин тутди.

Уста сиёсатчи ва саркарда бўлмиш Исмоил Сомоний бутун Мовароуннаҳрни ўзига бўйсундирди, Хуросонни қўшиб олиб, Бухорони пойтахт қилди.

Машҳур тарихчи Ибн Асир Исмоил Сомонийни «У жуда яхши одам бўлиб, илм ва дин аҳлларини яхши кўрар ва уларни икром қилар эди», деб таърифлайди. 

Ибн Асир Исмоил Сомоний ҳақида жумладан, яна қуйидагиларни ёзади: «У оқил ва одил зот бўлиб, ўз халқи ичида гўзал сийрати ила танилганди, ҳалим одам эди. Ҳикоя қилинишича, унинг Аҳмад исмли ўғлининг тарбиячиси бор эди. Бир куни амир Исмоил ўтиб кетаётса, тарбиячи болани «Сенга ҳам, сени туққанга ҳам Аллоҳ барака бермасин», деб сўкаётган экан. У тарбиячининг олдига кириб: «Ҳой одам, биз сен сўкадиган айб иш қилганимиз йўқ, бизни сўкишингдан афв қилиб, айбдорнинг ўзини сўксанг бўладими?» деди. Тарбиячи қаттиқ қўрқиб кетди. Исмоил унинг олдидан чиқиб, қўрққанини қоплаш учун ато беришга амр қилди».

Сомонийлар давлати билан аббосийлар халифалиги орасидаги алоқа яхши бўлган. Расман халифаликка бўйсунишлари эълон қилинган бўлса ҳам, ўзлари мустақил сиёсат олиб борганлар. Сомонийлар аббосийлар каби, Аҳли сунна мазҳабини маҳкам тутиб, унга хизмат қилганлар, бошқа мазҳабдагиларга эса қарши бўлганлар. Аббосийларнинг номига хутба ўқитиб, уларнинг номлари билан пул ҳам зарб қилганлар. Ўз навбатида аббосийлар ҳам сомонийларни ўзларига яқин олиб, қадрлаганлар. Сомонийлар аббосийларга саффорийлар ва зайдийларга ўхшаш қарши чиққан давлатларни йўқ қилишда ёрдам берганлар.

Амир Исмоил Сомоний даврида Бухоро сомонийларнинг пойтахти бўлган. Бу шаҳарда ўша даврда ажойиб қасрлар, улкан иншоотлар ва илм даргоҳлари қурилган. Илм ва фан учун барча керакли шароитлар мавжудлиги учун кўпчилик доимий равишда Бухорога интилиб турган.

Амир Исмоил Сомоний сомонийлар давлатига ўттиз йилдан ортиқ раҳбарлик қилган. Бу давлат фуқаролари учун яхшилик қилувчи сифатида донг таратган.  Исмоил Сомоний ўз давлатида адолат ва яхшилик асосларини қурди ва мустаҳкамлади. У халққа зулм ўтказган волийларига қарши қаттиқ жазо чораларини кўрар эди.

Ўша даврда сомонийлар давлати Мовароуннаҳр ва Хуросон минтақаларини ўз ичига олган бўлиб, Мовароуннаҳр минтақаси тўрт вилоятдан иборат эди.

Сўғд вилоятининг икки пойтахти бўлиб, улар Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари эди. Шунингдек, Хоразм, Соғниён, Фарғона ва Шош вилоятлари ҳам бўлган.

Хуросон эса тўрт қисмдан иборат бўлиб, биринчисининг пойтахти Нийсобур, иккинчисиники Марв, учинчисиники Ҳирот, тўртинчисиники Балх шаҳарлари эди.

Сомонийлар давлати мазкур минтақаларда бир ярим аср давомида ҳукм сурган. Бу давлат ўзи ҳукм сурган давр ва жойларда кўплаб яхшиликларни амалга оширган. Жумладан:

– Сомонийлар давлати даврида Ислом тамаддуни жуда ҳам ривожланган ва кенг тарқалган. Бухоро, Самарқанд, Балх каби шаҳарлар халқаро катта илмий марказларга айланган. Аҳли илмлар бу жойларга турли диёрлардан илм излаб келганлар.

– Сомонийлар даврида эл, юрт фаровонлиги юқори даражага чиққан. Улар ҳукм юритишда ҳақ йўлда бўлганлар. Машҳур тарихчи Мақдисий ўша пайтда мазкур диёрларни зиёрат қилиб, яқиндан танишган ва ўзининг «Аҳсанут-тақосим фии маърифати ақолийм» номли китобида у ерлар аҳолиси ҳақида: «Улар ҳақни тутишда одамларнинг энг кучлисидир. Яхши ва ёмонни энг яхши билувчисидир», деб ёзган.

– Сомонийлар давлати фақат диний илмлар билан чегараланиб қолмай, табиий ва адабий илмларга ҳам катта аҳамият берган. Бу давлатнинг саройларидан Рудакийга ўхшаш Ислом-форс адабиётининг буюк намояндалари, илмий ишлари билан Мансур ибн Нуҳ Сомоний даврида кўзга кўрина бошлаган Абу Али ибн Сино каби буюк алломалар етишиб чиқди.

Тўртинчи ҳижрий асрнинг 345 санасида подшоҳ Мансур ибн Нуҳ Сомоний туркистонлик катта уламолардан бир жамоасини Қуръони Каримнинг ҳаммасини форс, шарқий ва ғарбий турк тилларига таржима қилишга амр этди.

Ўша таржимага Табарий тафсирининг хулосасини зиёда қилишга ҳам фармон берди. Аллоҳга ҳамд бўлсин, бу таржималар бизгача етиб келди ва улар Теҳрон ҳамда Истанбулда чоп этилди.

Аллома Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи айни сомонийлар давлати даврида туғилганлар ва яшаб, илмий фаолиятлар олиб борганлар ҳамда ўзларининг буюк асарларини битганлар.

«Ҳидоят имоми» китоби

 Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2023 йил 11 декабрдаги 03-07/9264-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Усмонжон қори Болтабоев 1886 йил Қўқон хонлиги ҳудудидаги Қашқар маҳалласи, ҳозирги Наманган вилояти Наманган шаҳри Саноат маҳаласи Машаддаги Эргашкан давоми...

2515 14:00 / 22.08.2022
У киши имом, ҳофиз, муҳаддис, тарихчи бўлиб, асл исмлари Исмоил ибн Умар ибн Касир адДимашқий ашШофиий, кунялари эса Абулфидодир. 700ҳижрий, милодий 1301 йилда Шомдаги давоми...

8366 22:16 / 27.04.2017
Камина чорак аср давомида у зоти муборакнинг суҳбатларига мушарраф бўлдим. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг энг улуғ фазилатлари илм тарқатиш, давоми...

7755 14:43 / 10.06.2017
Шайх, аллома Солим Шотрий раҳимаҳуллоҳ деди .Шайх, аллома Алавий ибн Аббос Моликий раҳимаҳуллоҳ шундай дегандилар .Кўпчилик инсонлар бирон ҳадис агар Бухорий ёки давоми...

2372 09:00 / 28.12.2021
Аудиолар

210801 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

10427 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130066 14:35 / 11.08.2021